Жеки Чан


Жеки Чан – хитойлик ва америкалик актёр, каскадёр, кинорежиссёр, продюсер, сценарий муаллифи.

    Дунёдаги энг машҳур Осиё актёри ва режиссёри ҳамда машҳур жангари қаҳрамонлардан бири - Жеки Чан ўзининг акробатик жанг услуби ва комедия мойил истеъдоди билан танилган бўлиб, 100 дан ортиқ фильмда бош ролларни ижро этган. У Британия империяси ордени соҳиби ва кино санъатига қўшган ҳиссаси учун фахрий "Оскар" мукофоти соҳибидир.
    Жеки Чан 1954 йилнинг 7-апрель куни Ҳонгконгда туғилган. Унинг ота-онаси шунчалик камбағал эдики, ҳатто болани дояга сотишни ўйлашган, аммо бахтга қарши, бу фикрдан воз кечишган.
   Бироз вақт ўтгач, улар АҚШнинг Австралиядаги элчихонасида ишга жойлашишга муваффақ бўлишган. Жеки етти ёшга тўлганида, уни Ҳонгконгдаги Пекин опера мактабига ўқишга юборишган. Бу мактаб жуда нуфузли бўлиб, унда жанг санъати, актёрлик маҳорати, қўшиқчилик, акробатика ва рақс ўргатиларди. Жекининг айтишича, у ерда ирода кучини ривожлантирган ва ғалабага интилишни ўрганган. Айнан ўша пайтда у Кунг-фу жанг санъатига ҳам қизиқиб қолган.
    1971 йилда мактабни тугатгач, Жеки каскадёр бўлиб ишга кирган. Айнан шу соҳада у кинодаги фаолиятини бошлаган. Баъзан уни эпизодларда ва кичик ролларда ҳам ўйнатишарди. Кунг-фу, акробатика, яхши пластика ва саҳна маҳорати кўникмаларига эга бўлган Чан 1970 йилларнинг ўрталаридан бошлаб каттароқ ролларни ижро эта бошлаган. Кейинчалик эса ўзи ҳам фильмлар суратга олишни бошлаган. У асосан кўнгилочар фильмлар яратарди.
    Чаннинг дастлабки эътиборга лойиқ ишлари орасида "Бургут соясидаги илон", "Маст уста", "Маъбуд совути" каби фильмларни санаб ўтиш мумкин. Шундан сўнг у тез орада Ҳонгконгнинг энг кўп ҳақ оладиган актёрга айланди. У ўзини сценарий муаллифи сифатида ҳам синаб кўрди ва ўз фильмларига режиссёрлик қилиб, мусиқа ёзган ҳамда барча хавфли машқларни ўзи бажарарди.
    Бутун Осиёни забт этгач, у Америка ҳақида орзу қила бошлади. АҚШда намойиш этилган дастлабки фильмлари унчалик омманинг эътиборини ўзига тортмади. Ўшанда Жеки бироз умидсизликка тушган. Аммо 1994 йилда унга кино санъатига қўшган улкан ҳиссаси учун MTV мукофоти берилиши уни Американи забт этишга иккинчи марта уринишга ундади.
     Ҳақиқий муваффақият Чанга 1995 йилда "Бронксдаги тўполон" фильми билан келди. Кейин "Жиноят тарихи", "Маст уста – 2", "Биринчи зарба", "Момақалдироқ", "Шанхай пешинидаги воқеа", "Тиғиз пайт", "Дунё бўйлаб 80 кун", "Жосус қўшни", "Шаолин", "Маъбуд совути – 2", "Маъбуд совути: Хазина излаб" ва бошқа фильмлар ҳам томошабинлар томонидан жуда яхши кутиб олинди ва эътироф этилди. Жеки ўзининг ҳазиллари, хавфли машқлари ва жанг саҳналари билан томошабинларни ўзига ром қиларди. Айнан шу жиҳатлар актёр ва режиссёрнинг ўзига хос услубига айланди. У 100 дан ортиқ фильмда бош ролларни ижро этган.
    Чан муваффақиятли поп-қўшиқчи сифатида ҳам танилган – 1984 йилдан бери у 20 та альбомда 100 дан ортиқ қўшиқ ёзган. Бундан ташқари, у хитой, япон ва инглиз тилларида куйлайди, кўпинча фильмлари учун асосий қўшиқларни ўзи ижро этади. Шунингдек, у мультфильмларни овозлаштиришда ҳам иштирок этган.
    Автоспортнинг катта мухлиси сифатида Жеки пойгачи Дэвид Чен билан бирга Хитойнинг Jackie Chan DC Racing пойга жамоасининг ҳаммуассиси ҳисобланади.
    Чан ўзининг хайрия борасидаги фаолияти билан ҳам машҳур бўлиб, кўпинча турли акциялар ва тадбирларда ЮНИСЕФнинг хайрия элчиси сифатида қатнашади. У ҳақда кўплаб китоблар ёзилган. У Британия империяси ордени соҳиби ва кино санъатига қўшган ҳиссаси учун фахрий "Оскар" мукофотини қўлга киритган.
    Бугунги кунда дунёдаги энг машҳур Осиё актёрлари ва режиссёрларидан бири бўлган Жеки Чан ижодий режаларга тўла ҳолда фаол ишлашда давом этмоқда.

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР тайёрлади.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот