Санжай Датт

Санжай Датт (ҳиндча: **संजय दत्त**, инглизча: Sanjay Dutt; 1959 йил 29 июлда Ҳиндистоннинг Бомбей шаҳрида туғилган) — ҳинд киносининг таниқли актёри. У асосан ҳинд тилида суратга олинадиган фильмлардаги роллари билан машҳур. Машҳур киносанъаткорлар — актриса Наргис ва актёр Сунил Даттнинг ўғли. Filmfare мукофотининг «Энг яхши эркак роли» ҳамда «Энг яхши комик роль ижроси» йўналишлари бўйича ғолиб бўлган.
Санжай Датт оилада уч фарзанднинг тўнғичидир. Унинг Прия ва Намрата исмли икки синглиси бор. Онаси Наргис 1981 йили, Санжайнинг илк фильми экранга чиқишидан бир неча кун аввал вафот этган.
1993 йили Маврикийда «Қасос» фильмининг суратга олиш ишлари давомида Санжай Датт ноқонуний равишда қурол сақлаганликда айбланган. Тергов маълумотларига кўра, у террорчилик ҳаракатларини ташкил этганликда гумон қилинган Абу Саломдан АК-47 автомати ва тўппонча сотиб олган. Суратга олиш гуруҳи самолёти Бомбейдаги Саҳар аэропортига қўниши биланоқ актёр полиция томонидан ҳибсга олинган.
Санжай Датт қуролни фақат ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида харид қилганини айтган. Суд жараёни бир неча бор қайта кўриб чиқилгани боис у маълум муддат фильмларда ишлашда давом этган. Бироқ 2005 йили суд уни айбдор деб топиб, олти йиллик қамоқ жазосини тайинлади. 2007 йили у 18 ой жазо муддатини ўтаб, гаров эвазига озодликка чиққан.
2013 йил март ойида Ҳиндистон Олий суди ҳукмни яна бир бор қайта кўриб чиқилган. Натижада жазо муддати беш йил этиб белгиланган. Шу билан бирга, актёрга бир ой ичида қамоққа қайтиб, қолган уч ярим йиллик жазо муддатини ўташ мажбурияти юклатилган. Бу қарор мамлакатда кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, жамоатчилик икки қарама-қарши қарашга бўлинган: айримлар уни афв этишни талаб қилган бўлса, бошқалар суд қарорини қўллаб-қувватлаган.
Санжай Даттнинг кино соҳасидаги илк қадами — «Рокки» (1981) фильми бўлган. Мазкур сценарий айнан унинг дебюти учун ёзилган ва катта умидлар билан экранга чиққан бўлса-да, кутилган муваффақиятни қозона олмади. Унинг ҳақиқий ижодий юксалиши режиссёр Маҳеш Бҳатт суратга олган «Исм» (1986) фильмидан бошланган. Бу фильм актёрга таниқлилик ва шуҳрат келтирган. Кейинги йилларда «Таъқиб» (1991) ва «Менинг севгилим» (1991) каби фильмлардаги роллари унинг мавқеини янада мустаҳкамлаган.
2009 – 2010 йилларда Санжай Датт сиёсат майдонида ҳам ўз кучини синаб кўрган. У Самажвади партияси бош котиби лавозимида фаолият юритган. Бироқ кўп ўтмай сиёсатдан кўнгли совиб, ушбу лавозимни тарк этган. 2012 йили эса Ҳиндистонда аралаш яккакураш спорт турларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалардан бирига сармоя киритган.
Санжай Датт ижодидаги энг ёрқин экран образлари «Исм» (1986), «Менинг севгилим» (1991), «Таъқиб» (1991), «Ёвуз одам» (1993), «Гўзал қиз» (1999), «Ҳақиқий ҳикоя» (1999), «Муннабой: Бахт улашувчи» (2003), «Муннабой — 2» (2006), «Юз миллион изидан» (2007) ҳамда «Барчаси аъло: Қувонч энди бошланади» (2009) фильмларида намоён бўлган.
2017 йили у «Арвоҳ» фильми билан қамоқдан кейинги фаолиятини қайта бошлаган. Бироқ фильм прокатда кутилган натижага эриша олмади. Шунингдек, у «Saheb, Biwi Aur Gangster – 3» фильмида ҳам рол ижро этди.
Шахсий ҳаёти
Санжай Датт биринчи марта 1986 йили актриса Рича Шарма билан оила қурган. Уларнинг Тришала исмли қизи дунёга келди. Рича 1996 йили мия саратони туфайли вафот этган. Кейинчалик суд қарори билан қизига васийлик ҳуқуқи отасига эмас, балки она томонидан бобоси ва бувисига берилган.
1998 йили у фотомодель Рея Пиллай билан турмуш қурган. Бу никоҳ 2005 йили ажралиш билан якунланган.
2008 йил 11 февралда Санжай Датт Дилнавоз Шайх (тахаллуси — Маньята) билан никоҳдан ўтган. 2010 йил 21 октябрда уларнинг эгизак фарзандлари — ўғли Шаҳрон ва қизи Иқро дунёга келган.
Ранбир Капур Санжай Даттнинг ҳаётини акс эттирувчи фильмда Санжай ролини ўйнаган.
Санжай Датт 2020 йил ўпка саратони билан хасталанган ва даволаниб келмоқда.
Интернет хабарлари асосида Музаффар Муҳаммадназар тайёрлади.