Камья Панжобий


 
  Камья Панжобий Ҳиндистон телевидениеси актрисаси. 
 Ҳинд сериалларида кўплаб ролларни ижро этиш билан бирга  махсус ҳажвий кўрсатувларда ҳам қатнашиб келади.
   У 1979 йилнинг 13 августида Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида дунёга келган. 
Панжобий аслида 1996-2002 йилларда модель сифатида танилган ва дастлаб, ҳинд киноларида ҳам кичик ролларни ижро этган.  Жумладан, унга Ракеш Рошан суратга олган Хритик Рошан ва Амиша Патель ижросидаги "Севаман деб айт” (Kaho Naa Pyaar Hai) деб номланган фильмда эпизодик рол насиб этган. 
  Шоҳрух Хон ва Жухи Чавла иштирокидаги "Қалбан Ҳиндистонлик” фильмида янгиликлар мухбири - Мари қиёфасида намоён бўлган.
  Камья реалити-шоуларда ҳам қатнашиб, "Цирк комедияси” ва "Катта босс” комедияли сериалларда кулгили қиёфаларни гавдалантирган.

Салбий қаҳрамони учун мукофот олган

  "Ёшлар” телеканалида эфирга узатилган  "Келин” сериалида асосий салбий қаҳамон – Синдура Сингх роли орқали барчага яхши таниш.
   У 2007 йилда айнан шу учун "Салбий ролни ўйнаган энг яхши актриса” тоифасидаги номинацияда ғолиб бўлган. Камья Ҳиндистоннинг энг обрўли мукофоти "Олтин шер” мукофотининг соҳибаси ҳамдир.
  Ижодда омади чопган актрисанинг оилавий ҳаёти ҳавас қиларли эмас. Камьянинг биринчи турмушидан 2009 йилда туғилган Ара исмли қизи бор. 2013 йилда у эри Банти Неги билан ажрашгач, ўзидан тўрт ёш кичик актёр Каран унга уйланмоқчи бўлган. Аммо у Анкита Бхаргава билан  унаштирилган эди. Қолаверса бир қизли бева аёлга ўғилларининг уйланишига ота-она ҳам тиш-тирноғи билан қарши турди. 

Ҳазилкаш ва шўх жувон баджаҳл аёлга айланди

   Камья Панжобий Синдура ролида баджаҳл ва ёвуз аёл сиймосини гавдалантирган бўлса-да, ҳаётда шўх-шодон, шу билан бирга  қайсар ҳамдир. Икки маротаба севгида омади чопмаган актриса Караннинг бошқага уйланганидан қаттиқ тушкунликка тушади. Ҳиндистонда ўзига яраша таниқли актриса бўлгани сабабли, маҳаллий ОАВ у ҳақида турли миш-мишлар тарқатади. Бу эса уни қаттиқ асабийлашишига олиб келади. 

Қўйдек ювош, арслондек қўрқмас актриса

    Камья кўплаб ҳиндистонликлар каби буржларнинг инсон тақдирига таъсирига қаттиқ ишонади. У қўй мучалида туғилган, бироқ Арслон буржида дунёга келгани сабабли, бу ҳақда унинг ўзи журналистларнинг бирига берган интервьюсида жумладан шундай дейди: "Мен зоҳиран қўйдек ювош бўлсам-да, жаҳлим чиққанда чинакам арслонга айланаман. Ҳаётда мустақил бўлишни, ҳар бир нарсани ўзим ҳал қилишни, севган кишимнинг фақат менигина севишини истайман! Ўлгудек рашкчиман. Шу сабабли бўлса керак, севги ва оила қуриш борасида омадим юришмади, яъни аҳду паймон қилган кишилар менга содиқ қола олишмади. Энди ягона овунчоғим ва ишонганим – бу қизалоғим! Айни вақтда эркаклардан кўнглим қаттиқ совигани учун турмуш қуриш фикридан йироқман. Балки келгусида муносиб кишини учратсам, турмуш қурарман. Унгача ижодий фаолият ва қизим – мен учун асосий ўринни эгаллайди”.
     
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР тайёрлади.
Манба: "Сабо" газетаси. 2016 йил. 
   Қўшимча: Камья Панжобий 2020 йили Деҳлилик доктор Шалабҳа Дангага турмушга чиққан. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот