МАШҲУРЛАРНИНГ СЕВИМЛИ "ХОББИ"ЛАРИ
Актёр, актриса, хонандаларимиз роллар ижро этиш ва қўшиқ куйлаш баробарида бўш вақтларида қандай севимли машғулотлар билан шуғулланишларига қизиқдик. Айниқса, карантин пайтида уларда бунга янада кўпроқ имкон бўлди. Марҳамат, юлдузларимизнинг хоббилари билан танишинг:
"Помидорни зўр тузлайман..."
Элёр Носиров – Ўзбекистон халқ артисти, актёр ва дубляж устаси:
“Мен рўзғорим, уйим-жойим дейдиган одамман. Роллар ва дубляждан ортиб, вақт топганимда, тузламалар тайёрлаш, хусусан помидорларни тузлашни жуда яхши кўраман. Кейин келинойингиз билан биргалашиб бонкага ёпамиз. Қишга яқин, кузнинг октябр ойларида 2 та бочкага помидор солиб, тузлайман. Тузламаларни янги йилда очамиз. Ўзимиз есак озгинасини еймиз. Қолганини салафанга солиб, қўни-қўшни, қариндош-уруғларга тарқатаман. Ҳамма бу одатимга ўрганиб ҳам қолишган. Шунақа нарсаларни жуда яхши кўраман. Помидорим шунақа зўр чиқадики, асти қўяверасиз! Таъми оғзингизда қолади. Ўзим тайёрладим десам, кўпинча кўпчилик ишонмайди. Энди, энди таниган ва билганлар ишонишаяпди”.
"Чевар Юлдузхон"
Юлдуз Абдуллаева – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хонанда:
“Хоббим – мусиқа ёзиш аслида. Шунингдек, шеърлар ёзаман, уйда лайв хак қилишни яхши кўраман. Чеварчилик билан ҳам шуғулланаман”.
"Ғазал ўқиш ёқади" Мирза Азизов – Ўзбекистон халқ артисти, актёр:
“Китоб, шеър-ғазалларни кўпроқ ўқийман. Усмон Азимнинг бахшиёналарини бот-бот мутолаа қиламан. Яна кўпроқ пьесалар ўқиш билан машғул бўламан. Ғазалларни таҳлил қилишни яхши кўраман. Шеърларни ҳам мағзини чақишга ҳаракат қиламан”.
"Ошхонада чаққонман!"
Сайёра Қозиева – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хонанда:
Севимли машғулотим - қўшиқ айтиб, репетиция қилиш, уйдаги ишларни бажариш, тозаликка риоя этиш. Ошхонада ишлашни ёқтираман. Ҳамма нарсани тартиб билан қилишни, тартиб-интизомни ёқтираман. Яхши кўрган салатларимни ўзим тайёрлаб ейишни яхши кўраман. Гардеробимдаги кийимларни ҳам қайси бири қайсига мос тушиши, рангига қараб, алмаштириб тураман”.
"Саёҳат - жону дилим" Феруза Собитова - актриса:
“Севимли машғулотим - спорт билан шуғулланиш, от миниш, сайр қилиш, пишириқлар пишириш, китоб мутолаа қилиш. Кўпинча, аудио китоблар эшитаман, чунки ўқишга унчадик вақтим бўлмайди. Шунинг учун машинада ёки ётишдан аввал эшитаман. Имконият бўлса, саёҳатга чиқишни ҳам ёқтираман”.
"Пишириқ пиширишни қотираман" Барно Қодирова - актриса, дубляж устаси:
“Менинг ҳоббим - пишириқлар пиширишни яхши кўраман. Кўнглимдагидек қилиб тайёрласам, ўзим ҳам мазза қиламан. Ошхонада турли-туман, тансиқ таомлар тайёрлашни ёқтираман. Ҳамма таомларимга меҳр бераман. Мен учун пишириш жараёнининг ўзи завқ бағишлайди. Кейин барча аёллар каби ва ишимиз туфайли ҳам сериаллар кўришни ёқтираман”.
"Китоб ўқишга нима етсин?" Ҳусан Мусабоев – комик актёр:
“Менинг савимли машғулотим фақат китоб ўқиш бўлиб қолди. Ёшлигимдан фақат китоб ўқишни яхши кўрардим. Ёшлигимда ўзи ёзувчи бўлишни орзу қилардим. Яқинда Саъдулла Зиёевнинг битта китоблари қўлимга тушиб қолди, аниқроғи ўзлари совға қилдилар. “Яссавийнинг қайтиши” деб номланган роман. Шу қадар зўр ёзилганки, асар мен учун Американи очиб бергандек бўлди. Мазза қилиб ўқидим. Танганинг иккинчи тарафи бўлганидек, овқат пиширишни ҳам яхши кўраман. Ҳеч ким ҳалақит бермаса, ўзим сокин гўшада, исталган масаллиқларни солишни ёқтираман. Мисол учун баъзилар мошхўрдага бир хил масаллиқ солишади. Мен қалампир ҳам соламан. Агар ловия солинса, ундан-да зўр, ширин бўлади. Мошкичирига арпа ёрмасидан ҳам аралаштирилса, жуда ҳам мазали бўлиб, таъми оғзингизда қолади”.
"Боғда ишлайман" Илмира Раҳимжонова – актриса:
“Хоббим – фильмлар томоша қиламан. Китоб ўқийман, боғда ишлайман. Уйларни йиғиштираман. Айниқса, карантин пайтида интернетдан кўп фильмлар кўряпман. Илгари фильм ва сериаллар, спектакллар билан деярли вақтим бўлмасди. Мутола қилаётган китобларим: Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун”, биттаси русча асар, яна бири исломий китоб бўлиб, Иброҳим Ҳожимийнинг “Оқ падарлик оқибатлари” деб номланади. Ҳозирги кунда саҳоба аёллар ҳаёти ҳақида ўрганяпман. Лекин энг асосий вақтим аёллик бурчим: уй йиғиштиришга кетаяпди”.
"Хоббим - рақс тушиш" Наргиза Абдуллаева – актриса:
“Рақс тушишни, гуллар ўстиришни, Настарин ва атиргул турларини яхши кўраман. Кейин ривоятлардан ҳам кўпроқ ўқиб ўтираман”.
"Янгисидан бор..." Ғайрат Аҳмедов – қизиқчи, актёр ва режиссёр:
“Китоб мутолаа қилиш, спорт билан шуғулланиш, Афоризмлар ўқияпман. Ҳикматли сўзларни ҳам мириқиб ўқийман. Латифа айтиб, одамларни кулдириш ҳам севимли машғулотим”.
""Оскар" олган фильмларни кўраман" Гулхумор Абдуллаева - актриса, дубляж устаси:
“Спорт билан шуғулланаман, китоб ўқийман, сериал ва фильмлар кўришни яхши кўраман. Асосан, Канн ва Оскар мукофотига муносиб топилган ва шу танловларда қатнашган фильмларни кўришни ёқтираман”.
Маҳфуза Шербоева – қизиқчи, актриса:
“Мутолаа ва китоб йиғиш - менинг асосий ҳоббим”.
"Бичиб-тикаман" Маърифат Ортиқова – актриса:
“Севимли машғулотим - ҳар хил нарсалар ёпишни яхши кўраман. Ҳозирда яна тикиш-бичиш билан ҳам шуғулланяпман”.
"Хўроз уриштираман" Раҳмонали Суропов – қизиқчи, актёр, “Қалпоқ” ҳажвий кўрсатувининг ижодкори:
“Менинг ҳоббим - хўроз уриштириш. Яна яқинда қулупнайнинг ҳам корейсча навини экдим. Деҳқончилик қилишни ҳам ёқтираман”.
"Сокин жойда китоб ўқийман" Эркин Жўллиев – актёр, қизиқчи, “Шўрданак” ҳажвий кўрсатувининг ижодкори:
“Ҳар бир инсоннинг хоббиси бўлади. Мен тинчлик ҳукм сурган, сокин ва сўлим гўшада баддий асарлар ўқишни яхши кўраман. Хусусан, табиат қўйнида ва манзарасини томоша қилган ҳолда ўқиш жуда ёқади. Масалан, ёмғир ёғаётган бўлса, деразадан қараб туриб, шундай вазиятда китоб ўқишни ёқтираман. Инсон шунда эркин фикрлайди, тарихни эслайди, хаёлот дунёсига ғарқ бўлади. Менга шуниси ёқади. Ўзимизнинг адиблардан - Тоҳир Малик, Саид Аҳмад, Ўткир Ҳошимовнинг асарларини севиб ўқийман. Ўткир Ҳошимов худди менинг болалигимни, менинг ҳаётимни олиб ёзганга ўхшайди. Инсон ҳақиқатдан ўз болалигига қайтгандек бўлади адибнинг асарларини мутолаа қилиш асносида.Жаҳон адабиётидан - Азиз Несиннинг ҳажвий ҳикояларини севиб ўқийман. У аслида турк бўлса ҳам, ҳикоя қаҳрамонларининг дарди, иллатлар, урф-одатлари ўзимизнинг миллий менталитетимизга тўғри келади ва унинг асарлари орқали миллатимизга хос оғриқ нуқталарни кўраман”.
"Таом тайёрлашда менга тенг келадигани йўқ!" Шаҳноза Ҳожимуродова – актриса:
“Севимли машғулотларим кўп. Ёшлигимдан кўп нарсага қизиққанман: тикувчиликка, китоб ўқишга, пишириқлар пиширишга, шифокор бўлиш, актрисаликка. Санаб ўтилганлардан қайси соҳага бўлишидан қатъи назар, эплаб кетишимга ишонаман. Ҳозир севимли машғулотим янада кўпроқ: тикиш-бичишга қизияпман, овқатлар тайёрлашни ҳам жуда яхши кўраман. Мақтаниш бўлса ҳам, овқат пиширишда менга тенг келадигани йўқ! Уйнинг пардаларини, ёстиқ-кўрпаларни ўзим тикаман. Укам ва акам уйланганда кўрпа, ёстиқ ва пардаларни ҳаммасини ўзим тикдим.Пишириқларни жуда севаман. Карантинда эса ҳижомани ўргандим. Хоразмда ҳижомага доир хусусий клиника очдик. Ҳозир шу ишларни юритиш билан ҳам шуғулланяпман.Ўзи ёшлигимдан врач бўламан дердим. Шу қизиқишимга содиқ қолган ҳолда, санъат соҳасидан ажралмаган ҳолда, тиббиётга ҳам қўл урдим”.
"Чавандоз Баҳора" Баҳора Арслонова - актриса:
“Севимли машғулотларим - от спорт тури, яъни чавандозлик. Ҳозирги кунда кашта тикиш, кино кўриш ва китоб ўқиш билан бандман”.
Музаффар Муҳаммадназар тайёрлади.
Манба: "Бекажон" газетаси.
2020 йил.