Вақт - қадрли бойлигим
Ўзбекистон ва Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист, “Мени кечир” кўрсатуви орқали кўплаб араздаги инсонларни яраштириб қўйган латофатли бошловчи, рақс санъати билан танилиб, “Водиллик келин”, “Масхарабоз”, “Новда” фильмлари, “Гулхан атрофида” сериалларидаги роллари орқали мухлислар қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллаган латофатли актриса - Раъно Зокирова билан бўлган суҳбатимиз кўпчилик журналхонларни ҳам қизиқтирган оила хусусида бўлди.
– Раънохон, санъатсевар халқимиз сизни ва сиз яратган турфа образларингизни яхши билади. Бу гал оилангиз борасида суҳбатлашиш илинжида келдик.
– Тўнғич ўғлим Умиджон Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида “Бремень созандалари” спектаклини саҳналаштиргани ва мазкур спектакль учун мукофотга муносиб кўрилганидан хабардорсиз. Яқинда “Миллий” телеканалида “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувининг бир нечта сонларини режиссёр сифатида тасвирга олди. Кўрсатувлардан бири пойга ҳақида. Ўзим Умиджоннинг онаси, ҳам холис томошабин, ижодкор сифатида кўрсатувни кузатдим. Ҳали меҳнат қилиб, маблағ топмаган, отасининг давлатига ишониб, жарақ-жарақ пулларни ўртага тикиб, пойгада баҳс бойлашадиган, пиар илинжидаги бойвачча болаларнинг номақбул қилиғи, пировардида, бу ҳолатлар қандай аянчли оқибатларга олиб келиши ишонарли кўрсатилган.
Режиссурадаги ўзгача бир услубий изланишларни сездим.
Ижтимоий тармоқлардаги изоҳларда ҳам мухлислар: “Бу – “Оталар сўзи”ми ё бадиий фильмми?” – деган саволларни ҳам ёзишди.
– Отасининг изидан бориб, спортчи бўлган кенжа ўғлингиз мусобақаларда ютуқларга эришаётган экан.
– Кенжатойимиз Аслиддин Тожиев уч йилдан буён мусобақаларда қатнашиб келяпти.
Баъзида ютди, айримларида ютқазди. Вазни оғирлиги сабабли ўзидан уч-тўрт ёш катта рақиблар билан рингга тушишга тўғри келяпти.
Шу сабаб ўғлимни имкон қадар парҳез тутишга ундайман. Миллий кураш тури бўйича шуғулланаётган ўғлимнинг ютуқларини кузатар эканман, Фарғона мактаби спортнинг бу тури бўйича анча кучли эканлигига амин бўлдим. Уларнинг 90 фоиз тарбияланувчилари республика миқёсида ўтказилаётган мусобақаларда ғолибликни қўлга киритишаётганининг ўзи сўзимнинг яққол далилидир. Ҳавас қилдим.
Кенжамиз яна баскетболга ҳам қаттиқ қизиқади. Бизда спортнинг баскетбол тури унчалик яхши ривожланмагани сабабли, шу соҳада ютуқларни қўлга киритиш, жаҳон майдонига олиб чиқиш орзусида.
Спорт унинг ҳаёти мазмунига айланган. Бирдан-бир орзуси – жаҳон мусобақаларида ғалаба қозониб, халқимизнинг эътирофига эришиш.
– Қизингиз нега сиз каби актрисаликни эмас, мусаввирликни танлади?
– Қизим Аслия Тожиева 8-синфга ўтди. Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабига кириш учун тайёргарлик кўрмоқда. Жуда чиройли суратлар чизади. Унинг истеъдодига тан берган ҳолда, ўз устида тинимсиз ишлашга ундайман! Рассомлик бўйича мураббийлари ҳам бор. Ўзига яраша кескин феъл-атворга эга.
– “Мени кечир” кўрсатуви нима сабабдан эфирга узатилмаяпти?
– Ҳозирча бироз танаффус жараёнидамиз. Кўча-кўйда мухлисларимиз ҳам “Куни ўзгардими, соатими ё бошқа телеканалда бериляптими, ўтказиб юбордимми, ҳар гал кўрардим”, дейишганча, кетма-кет саволларга кўмиб ташлашяпти. “Мени кечир” кўрсатуви орқали қанчадан-қанча одамларни яраштириб қўйдик ва эзгуликка хизмат қилдик.
Барча вилоятларда сафарларда бўлдик, кўпчилик хонадон эгаларининг пушаймонлик дил изҳорларини тинглаб, кечирим сўрамоқчи бўлган инсонлари билан учраштириб, бир-бирларини тушунишларига имкон яратдик.
Мухлисларимнинг аксарияти барча ролларимни ёддан билишмас, лекин “Мени кечир” кўрсатувимни ҳамма билишидан севинаман.
– Ёшариш ва гўзалликнинг сунъий усуллари, хусусан, пластик жарроҳлик амалиётисиз табиий гўзаллигингизни сақлаб қолганингиз сири бир пайтлар рақс билан шуғулланганингиздами ё муайян муолажалар қиласизми?
– Ёлғон бўлмасин, бир маротаба ўзим учун нотабиий муолажага бордим. Тушундимки, улар мен орқали ўз клиникаларини реклама қилишмоқчи.
Лазерь, нур деган алламбало нарсалари бор экан.
Хуллас, у қилишди, бу қилишди, бўйнимда қандайдир тиббий амалиёт ўтказишди. Аммо ярим соатлик йўл, яна бир соат у ерда бўлиш анча вақтимни олиб қўяркан.
Қуёш нурида юрмаслигимни тайинлашди. Хўп, деганча машинамга ўтирдим. Гул харид қилиш учун бозорга кирдим. Истасам, истамасам , қуёшни четлаб ўтолмайман-ку. Қарабсизки, бўйин остидаги соҳамда сепкилга ўхшаш доғлар пайдо бўлди. Улар огоҳлантиришганди, аммо қуёш нури бирпасда таъсир қилишини билмабман. Шу тариқа бу каби муолажалардан узил-кесил воз кечдим. Фалон доллар тўлаб ботокс қилдиришади. Табиий ниқоблар юз фоиз бўлмаса ҳам, 80 фоиз атрофида ўша ботокснинг натижасини беради. Табиий малҳамларга етадигани йўқ.
– Сизга мухлис бўлган журналхон опа-сингилларимизга ҳам бу борадаги сирларингизни илинсангиз...
– Албатта. Дафна япроғи бор (лавр барги). Шундан ўн донасини оламан. Уни ўн дақиқа давомида қайнатаман. Кўк чой тусидаги ранг ҳосил қилади. Совигач, унга атиргул, чиннигул, ширинбодом, сабзи мойлари, глицеринни беш-олти томчидан томизиб қўшаман. Юзимга сураман, терим уни бирпасда шимиб олади ва озиқланади: таркиби турли дармондориларга бой. Бу ниқоб терини таранг қилиб, барвақт ажин тушиш, қуруқшаб қолишдан асрайди.
– Ўйлайманки, сизни экрандан севадиган мухлисларингиз тинч оилангиз билан танишиб, самимиятингизни яқинроқдан билиб, ихлослари яна ҳам ортди. Ҳаммаси учун раҳмат!
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.
Манба: "САОДАТ" журналининг 2022 йилги №8 сони.