"СИРЛИ ОЛАМ"ДА УЛҒАЙГАН АДИБА
"СИРЛИ ОЛАМ"ДА УЛҒАЙГАН АДИБА
У ноанъанавий усул – фантастика жанрида ижод қилди. Умрини сирли ҳодисалар, инсондаги яширин қобилиятни тадқиқ этишга бағишлади. Шунинг ҳосиласи сифатида “Сўнгги кун”, “Телепат ёхуд у дунёдан қайтган йигит” хаёлий қиссалари, “Қора қизнинг кўз ёшлари”,“Аросатда қолган қиз”, “Хотинимни мен ўлдирмадим”, “Севги шарпаси”, “Замонлар аро дарбадар” каби фантастик-мистик қиссалари китобхонларга тақдим этилди.
Адиба инсон руҳиятини теран тадқиқ этади, боқий олам ҳақидаги ҳикоялари ҳақиқатга яқинлиги, ўринли топилма ва ташбеҳлари туфайли китобхоннинг эсида қолади. Мавлуда Иброҳимованинг аёлларни матонатли бўлишга чорлаган ҳикоя ва мақолалари “Саодат” журналида чоп этилган. Унинг ижод усули, воқеалар қурилиши, образлар ишланиши ўзига хослиги билан ажралиб туради.
Журналимизнинг доимий ҳамкори бўлган ижодкорни қутлуғ 60 ёши билан муборакбод этар эканмиз, сиз азиз муштарийларимизга унинг кўнгил номаларини илиндик.
- Мавлудахон, аждодларингиз ичида шоир ёки ёзувчилар, умуман ижод билан машғул бўлганлар борми? Қайси фазилатларини кўпроқ қадрлайсиз?
- Айтишларига қараганда, бувамнинг оналари Шаҳодат ойи шоиртабиат аёл бўлганлар. Увайсий, Нодирабегим, Машраб, Муқимий шеъриятини яхши билганлар. Ўзлари ҳам шеърлар тўқир эканлар.
Шаҳодат ойи жуда ширин сўз, раҳмдил, бировдан ёрдамини аямайдиган аёл бўлганлар. Сабрли, кўнгиллари кенг бўлган. Ҳам саришта, ҳам пазанда, ўз даврининг илғор аёлларидан бўлганлари боис фарзандларини ҳам илмли қилганлар. У кишининг умр йўлдошлари Иброҳим бувамиз ювош, бироз бўшроқ одам бўлиб, савдогарлик билан шуғулланган эканлар. У кишида воқеаларни илгаридан ҳис қилиш қобилияти бўлган. Бувим, отамнинг оналари Жаннатбону ўн йил фарзанд кўрмаганлар. Шаҳодат ойимиз бундан ташвишга тушиб, Ҳамиджон бувамизни қайта уйлантириш пайига тушганларида Иброҳим бувамиз “Жаннатбону ҳали шундай ўғиллар туғиб берадики, ҳаммалари илмли, замонасининг олд фарзандлари бўлади” деганлар. Чиндан ҳам бир амакимиз шифокор, иккинчиси давлат ташкилотларида раҳбарлик лавозимида ишлашган. Менинг дадам олим, кейинги амаким инженер, кичиги инженер-лойиҳачи бўлганлар. Ҳамиджон бувам катта ҳофизлар билан қўшиқ куйлаганлар. Бу иқтидор кичик Алимжон амакимга ўтган. Улар муҳандис-лойиҳачи бўлиш билан бирга мумтоз қўшиқларни жуда чиройли куйлайдилар. Хуллас, шажарамизда санъатга яқин инсонлар бўлган.
- Илк асар қувончлари ёдингиздами? Бадиий ижодга қай тариқа кириб келгансиз?
- Кўнглимда нафис туйғулар уйғонганида жуда кичкина эдим. Баҳор чоғи гулларни, булутларни, қушларни томоша қилишни яхши кўрардим. Момақалдироқ гулдираб, шаррос ёмғир қуйиб берса, кўнглим яшнаб кетарди. Ичимда бир нималарни ўйлаб, хаёл суриб юрарканманки, кичик амаким хавотирга тушиб, “қизингиз ғалатими, ўзи билан ўзи гаплашадими-ей, хаёл суриб юрадими-ей” дер эканлар. Онамга шеър ёдлатинг, деб жанжал қилардим. Уйга меҳмонлар келса, деразанинг тагига туриб олиб, билган ҳамма шеъримни айтаверар эканман. Мактабга чиққач, Илёс Муслим, Қуддус Муҳаммадий шеърларини ўз-ўзимдан ёд олганман. Мактабда қандай ҳодиса юз берса, шуни шеър қилиб ёзар эдим. Аммо бу ижодга ҳавасмандлик эканини тушунмаганман. Ота-онам мендаги бу иқтидорга эътибор қилишмаган. Ўткинчи ҳавас, деб ўйлашган. Фақат адабиёт ўқитувчиларимгина қобилиятимни сезиб, мен билан алоҳида шуғулланишган ва бунинг учун ҳеч нарса талаб қилишмаган.
“Қуёш бобом бор жойда” номли илк шеърим 1978 йилда “Ленин учқуни”, ҳозирги “Тонг юлдузи” газетасида чоп этилган. Сал ўтиб, “Қобилият” ҳажвиям шу газетада чиққан ва мактабимизга менинг номимга элликдан зиёд хат келган.
Мактабда “Фан ва турмуш” журналини кўп ўқирдим, негадир сирли ҳодисаларга жуда қизиқардим. Георгий Мартиновнинг “Каллисто” асарини ўқиганимдан сўнг, руҳимда бир катта ўзгариш рўй берди. Ҳар кеча осмонга, юлдузларга тикилиб ўтирар ва у ерда ҳам биз каби инсонлар борлигини ҳис қилар, ҳаяжонланар эдим. Дунё, Коинот мен учун сирлар уммони эди.
Мактабда ўқиб юрган чоғларимда ёзган илк фантастик ҳикоям “Номаълум гуруҳ НЗКнинг сири” деб аталар, у болаларни ўғирлаб, турли тажрибалар ўтказган ўзга сайёраликлар ҳақида эди. Аммо бу ҳикоям чоп этилмаган. Ундан кейин болалар учун “Илмус сайёрасига ғаройиб сафар” номли саргузашт-фантастик қиссамни ёздим. Бу асарим аввал умумий тўпламда, ундан кейин алоҳида китоб ҳолида чоп этилди. Ҳозирда бу асарнинг қайта ишланган нусхасини “Электрон бола, Ёвуз малика ва биз” номи билан яна нашрга тайёрлаяпмиз.
Биринчи китобим “Руҳсиз одамлар” 1989 йилда чоп этилди. 1991 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзоликка қабул қилиндим.
- Бадиий ижод кўнгил ёзар соҳами ёки қисматми?..
- Дунёга келган ҳар бир кишининг ўз илоҳий вазифаси бор. У новвой бўладими, ошпаз, қурувчи - бу вазифалар инсонга илоҳийдан берилади, деб ўйлайман. Акс ҳолда ҳамма бир касбни эгалламасмиди?!
Боғчага борадиган пайтимда онамдан шеърлар ёдлатишларини сўрардим. Меҳмонлар келиши билан билган шеърларимни ёддан айтаверар эканман. Болалигимда қоғозларни жуда яхши кўрардим. Бир сафар ҳатто, дадамнинг имий ишлари қўлёзмасини қўйнимга яшириб, боғчага олиб кетган эканман. Гап қоғоздами ёки бошқа нарсадами, билмайман, ёзувчи бўлишим ўшандаёқ тақдиримга битилган бўлса ажаб эмас.
Балки бу соҳага адашиб кириб қолганлар буни кўнгил ёзиш учун қилишар...
- Қайси асарингиз кўпчилик эътирофига сазовор бўлди?
- Фантастика, мистика, детектив жанрининг ўз ихлосмандлари бор. Шу каби орамизда сирли ҳодисаларга қизиқадиган юртдошларимиз ҳам кам эмас. Аслида фақат оиласи атрофида ўралашиб қолмай, дунёнинг яралиши, Коинот сирлари ҳақида мушоҳада юрита олган инсон бахтли инсондир. Фантастика жанрини қабул қилиш, уни ўқиш учун китобхонда етарлича билим бўлиши керак. Табиийки, бу ёзувчидан ҳам алоҳида тайёргарликни талаб этади. Аслида менинг “Полвон қиз” номли қиссам адиблар ва танқидчилар томонидан илиқ кутиб олинган ва у 90-йилларда “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилган эди. Аммо “Сўнгги кун” асари менга кўп сонли муҳлислар эътирофини олиб келди.
- Нима учун сирли олам, инсон психологияси сизни кўпроқ ўзига жалб этади? “Сўнгги кун” асарингизда ҳам у дунёдаги ҳаёт ҳақида ишонарли, мароқли ҳикоя қиласиз...(Асар ҳ да маълумот: нима туртки берган, воқеалар ҳаётда юз берганми?)
- Қизиқарли савол. Инсон ўз ички салоҳиёти ҳақида, латиф ва ёндош оламлар ҳақида кўп нарсани билмайди. Биз сирли ҳодисаларни тадқиқ этувчи ва уни қаламга олувчи ижодкорлар шу нарсани одамларга тушунтиришга зўр бериб урунамиз. Аксарият кишилар кўз кўра оладиган нарсалар тўғрисидагина фикр юрита оладилар. Аммо дунё бу билан чегараланмайди, у биз билмаган сир-синоатларга тўла. Бу жуда катта илм. Улардан бири ўлимдан кейинги ҳаёт ҳақидаги илмдир. Бу ҳақда кўплаб тадқиқот ва кузатишларни Моуди “Ўлимдан кейинги ҳаёт” асарида талқин этган. Бу мавзу мени ҳам жуда қизиқтирарди ва “Сирли олам” журналида ишлаб юрган кезларим, ўлимдан кейинги ҳаётга доир воқеаларни кўп эшитганман. Улар асосида “Маҳумлар ҳикояси” номли туркум мақолаларни ёзганман. Кейинчалик уларни бир асарга жамлаш фикри туғилди. Не ажабки, “Сўнгги кун” асаридаги кўпгина воқеаларни мен гувоҳлар тилидан эшитганман. Улардан бири “Уч кун қабрда ётган одам” ҳикоясидир. Аслида мен кўзи кўр бўлган ва болалигида ногаҳон кўмиб қўйилган одам билан ўзим учрашганман. У уч кун қабрда ётганида қабр ичида шам ёниб тургани ва уч кун оқ кўйлак кийган аёл келиб, уни овқатлантириб кетгани ҳақидаги ҳикояни шу одамнинг ўзидан эшитганман. Тирик қабрга қўйлган отин аёл ҳақидаги воқеани унинг қизидан эшитганман. Кунларнинг бирида бир аёл таҳририятимизга ташриф буюриб, оналари бундан бир ой илгари вафот этганини ва марҳум уларни ўша кундан бери таъқиб этаётгани ҳақида гапириб берган, шунинг учун аёл “онамизни тирик кўмиб қўймадикмикин?” деган шубҳага бораётганди ва биздан марҳум қабрида тинч ётиши учун нима қилиш кераклиги ҳақида маслаҳат сўрагани келган эди.
Журналистик фаолиятим мобайнида мен гўрковлар билан кўп суҳбатлар қурганман. Улардан юқоридаги каби сирли воқеаларни кўп эшитганман. Шу билан бирга мен у дунёдаги ҳаёт ҳақида ҳикоя қилувчи кўплаб адабиётларни ўқиб чиқдим. Улардан бири Азизиддин Насафийнинг тасаввуф ҳақидаги асари эди. “Сўнгги кун” асари ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотиши билан бирга қатор баҳс-мунозараларга ҳам сабаб бўлди. Шу боис мен бу асарни фантастик асар сифатида қабул қилишларини, у дунёдаги ҳаёт борасида якдил фикрга келиш шояд мушкул эканини кўп таъкидлайман.
- “Бекажон” газетасида ишлаш жараёнида жуда кўп таниқли инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлдингиз? Нималарнидир улардан ўргандингиз, қайси жиҳатларига тан бердингиз?
- “Бекажон” газетаси ҳеч шубҳасиз ижодимда катта ўрин тутади. Мен бу ерда одамларга яқин бўлишни, улар дардини ҳис қилишни ва уни бадиий талқинлар ёрдамида ёритишни ўргандим. Аммо санъаткорлар, хонанда ва актёрлар билан бўладиган суҳбатлардан кўп нарса ўргандим дея олмайман. Катта авлод вакиллари, масалан Гавҳар Зокирова, Муқаддас Ҳолиқова, Саида Раметова, Раъно Ярашева, Саидкомил Умаров каби устоз санъаткорлар билан мароқли суҳбатлар қурганмиз. Аммо ёш авлод ҳақида бундай дея олмайман. Халқ уларни жуда эъзозлайди. Бироқ айрим санъаткорлар негадир муҳлислардан панада бўлишни афзал кўришади. Шу билан бирга ёш авлоднинг китоб ўқимаслиги, билими жуда саёзлиги мени қаттиқ ташвишга солади.
– Ўзбек аёллари ҳақида сўз очилса, дилингиздан қандай ўйлар ўтади? Қувончли ва оғриқли нуқталар...
- Очиғи, уйни ҳам, ишни ҳам эплаган аёлларга ҳавас қиламан. Афсуски, бугунги кунда аёлларимиз ўз устида ишлаши учун шароит кам. Улар кўпроқ рўзғор юмушларига ўралашиб қоляптилар. Таассуфки, аксарият қизларимизни уй бекаси қилиб тарбиялаяпмиз. Шунинг учундир, ярқ этиб кўринган шоираларимиз, турмушга чиқиб, бирпасда сўниб қоляптилар.
Биз имкон қадар қизларимизни олийгоҳларда ўқитишимиз, улар ўқишни битирганларидан кейингина турмушга беришимиз керак, деб ўйлайман.
Аёл – аввало инсон. Унинг ҳам ўзига яраша орзу-истаклари, салоҳиёти бор. Унга фақат уй бекаси, фарзандларини, қайнота-қайнонани парваришловчи киши сифатида қараш керакмас. Унга ҳам ўз иқтидорини намойиш этишга имкон бериш керак, деб ўйлайман.
- Кейинги йилларда ўзбек адабиётида яхши асарлар ёзилмаётганига нима сабаб деб ўйлайсиз? Нима учун илгаригидай қўлма-қўл ўқиладиган, оғизга тушадиган асарлар ёзилмаяпти?
- Илгариги пайтларда бир асар қирқ беш минг, етмиш минг нусхада босиларди. Агар бир янги асар чиқса, уни саксон фоиз одам ўқиб чиқарди. Ёзувчилар шунга ярашар рағбатлантирилар эди. У даврларда ёзувчилар китоблари учун катта-катта қалам ҳақи олар эдилар. Бу пулга машина ёки уй-жой сотиб олса бўларди. Афсуски, биз танқид остига олган мустабид тузум идеологияга катта эътибор қаратар эди. Аслида ҳам қайси соҳага эътибор қилинса, рағбатлантирилса, шу соҳа ривожланади. Мана спортчиларимизни олайлик. Уларга яхши шароитлар яратиб берилди. Шу билан бирга уларга катта-катта пул мукофотлари, уй-жой, машиналар совға қилинди. Шундан кейин улар жаҳон бўйича ўтказиладиган мусобақалардан медаллар билан қайтадиган бўлишди. Менимча, бугунги кунда ёзувчи ва шоирларга етарлича эътибор қилинмаяпти. Ёзувчилар боғини барпо этиш, уюшмага янги бино тақдим этиш билан иш битмайди, деб ўйлайман.
Бугунги кунда ёзувчилар асарларини ўз ёнларидан пул тўлаб чоп эттиряптилар. Бола-чақа боқиш учун бошқа касб қилишга мажбур бўлишяпти. Газета-журналлар ўқийдиганлар ҳам камайиб кетди. Тўғри, сиз бунга Интернет сабаб, дейишингиз мумкин. Аммо чет элда ҳам бор шу Интернет! Аммо биргина “АИФ” газетасининг ўзи бир миллиондан ошиқ нусхада чоп этилади. Ден Браунни олинг ёки Жожо Мойес, Кадзуо Исигурони олинг. Ахир уларнинг асарларини бутун дунё ўқияпти. Улар бунга қандай эришяптилар? Уларда Интернет тизими биздан ҳам ривожланиб кетган-ку! Мен бу китобларни ўқиётиб бир нарсага эътибор қилдим. Бу китоблар ҳақида энг нуфузли газеталарда мақолалар чоп этилган. Интернет сайтларида эълонлар берилган. Китоб муқовасига “Бу интеллектуал бестселлерни бутун дунё ўқияпти! Бу роман жоиз бўлса жуда катта триумфдир!” деган жумлалар битилган. Шунингдек Европада, жумладан, Англияда ҳар йили насрий асарлар танлови ўтказилади ва турли номинацияларда мукофотлар эълон қилинади. АҚШда ҳам шундай. Ҳар бир жанр бўйича танловлар ўтказилади ва адибларга миллий мукофотлар топширилади. Яхши асарлар асосида фильмлар ишланади. Бизда шу нарса етишмаяпти. Янги ёзилган асарларни реклама қилиш масаласи, ёзувчиларни рағбатлантириш масаласи очиқ қоляпти. Масалан, мен бизда насрий асарлар учун бериладиган қандай мукофотлар борлигини билмайман. Ваҳолангки, биз ёзаётган асарлар уларникидан кам эмас, деб ўйлайман. Шунингдек, ўзбек асарларини таржима қилиш масаласи, ўзбек ёзувчи ва шоирларини дунёга танитиш масаласи ҳам оқсаяпти. Ёзувчилар буни ҳам ўз ёнларидан қилишяпти. Таржимонлар адибдан асарини таржима қилиб бериш учун долларда қалам ҳақи сўрашади. Буни ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтармайди. Бизда китоб ўқиш тарғиб қилингани билан янги ёзилган асарлар тарғиб қилинмаса, адабиётнинг ривожланиши қийин масала. У орқага кетаверади ва газеталарни ҳам “газета сериали” деб номланадиган хом-хатала асарлар босиб кетаверади.
- ХХI аср бадиий эстетик тафаккур тараққиётига қайси шоирлар, адибалар ижоди кучли таъсир кўрсатади; қайси хусусиятлар устуворлик касб этади, деб биласиз? Нега?
- Адабиётнинг асосий вазифаси тафаккурни ўстириш, деб биламан. Шубҳасиз, Ницше, Акуттагава, Борхес, Кафка, Альбер Камью асарлари инсон тафаккури юксалиши учун хизмат қилади. Шунингдек, Урсула Ле Гуин асарларини алоҳида қадрлайман. Шунингдек, ўзбек шоираси Ҳалима Худойбердиева шеърияти ихлосмандиман.
Чунки улар асарларида теран фалсафа, онгни фикрлашга мажбур қиладиган шакл ва фикрлар, ўзига хос сюжет тизими ва биз кутмаган ечимлар бор. Улар инсон руҳияти ва тафаккурини ҳали тадқиқ қилинмаган жиҳатларини очиб беришга, буни маъжоз орқали ифодалашга интиладилар. Нафақат сатрларда, ибораларда, балки бутун сюжетни маъжоз устига қурадилар.
Ҳалима Худойбердиева шеъриятида ҳолат ва туйғуларнинг янги ташбеҳлари, юрак пўртаналари ўзига хос тилда, исёнкорона руҳда баён қилиниши, шиддатли фикрлари, жасурона иборалари мени лол қолдиради. Сўз санъати, сўзларнинг фикрларга, рангларга йўғрилиши ёқади.
- ХХ1 асрда ҳам қайси ўзбек шоирлари ижоди ўқувчилар ардоғида бўлади, деб ўйлайсиз? Боиси?
- Буни башорат қилиш қийин. Аммо ҳеч шубҳасиз, Рауф Парфи, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева дея айта оламан. Шунингдек, Ойдиннисо, Гўзалбегим шеъриятида ўзига хослик борлигини тан олиш керак.
Шеъриятда муҳими, фикр ва шаклдир. Улар дунёни ўзига хос кўрадилар ва кўнгил кечинмаларини янги-янги иқтибос, маъжоз ва ўхшатишлар орқали ифодалай оладилар.
- Жаҳон бадиияти тарихида қайси ижодкорларни устоз деб биласиз? Уларнинг таъсирини нималарда кўрасиз?
- Улар жуда кўп. Рей Брэдбери, Айзек Азимов, Урсула Ле Гуин, Клиффорд Саймак, Альфред Бастер, Альбер Камью, Акуттагава. Ўзимизнинг адиблардан Тоҳир Малик, Мурод Тоғай, Омон Мухтор, Шукур Ҳолмирзаев, Назар Эшонқул, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Абдулла Қаҳҳор, Ҳожакбар Шайховни устоз, деб биламан.
Мен фантастика жанрида ижтимоий муаммоларни ёритишни Рей Брэдберидан, образ яратишни, унда қабул қилинган қолиплардан чиқишни Камьюдан, динамика ва сюжет қурилишини, маъжозий фикрлашни Акуттагавадан ўргандим. Шунингдек, Хитой, ҳинд файласуфлари асарларини чуқур ўрганганман. Ницшени яхши кўраман.
Чунки адибнинг вазифаси онгни, таффакурни ўстириш ва шу орқали инсонни тарбиялаш, деб биламан. Агар китобхон бир асарни ўқигач, унинг руҳияти, дунёқараши ўзгармаса, маънан юксалмаса, демак, ундай асарнинг ҳеч қандай қиммати йўқ, деб ҳисоблайман.
“...ЁЗУВЧИ РУҲИЯТ ШИФОКОРИДИР”
- Эркак кишида, аёлларда (шу жумладан ижодкор шахсиятида) шаклланган қайси хислат-фазилатларни алқайсиз? Қайси қусурларидан тезроқ фориғ бўлишларини хоҳлайсиз?
- Меҳнатсеварлик ва хожатбарорликни, раҳмдиллик ва беғараз ёрдам қила оладиган, фақат ўзини эмас, ўзгаларни ҳам ўйлайдиган олижаноб инсонларни қадрлайман. Ижодкорда ўзга киши қалбини, дардини тушуна оладиган, ҳис эта оладиган қобилият бўлиши керак, деб ўйлайман. Чунки ёзувчи руҳият шифокоридир.
Молпарастлик, иккиюзламачилик ва дангасаликдан қутулишларини истайман. Қўл учида иш қиладиган одамларни ёқтирмайман. Атайин кимларнингдир чирмандасига ўйнайдиган кишиларни, ўзгарувчан одамларни хушламайман.
- Илк муҳаббат ва унинг ижодга таъсири ҳақида нима дея оласиз?
- Ҳеч нима! Балки бу шоирлар учун бошқа бир маънога эгадир, лекин назаримда насрда бу катта аҳамиятга эга эмас. Одамларни осон қизиқтириш усули, деб биламан. Аммо насрни ҳам бу мавзусиз тасаввур қилиш қийин. Муҳими, ундан кўзланган мақсад.
- Ижодда ақл ва ҳис-туйғунинг роли ҳақидаги фикрингиз?
- Иккиси ҳам муҳим. Қуруқ ҳис-туйғуни ифодалаш одамларга ҳеч нима бермайди. Ақл барибир устувор!
- Сизнингча, ёмон одам деганда қандай аломатлар кўзга ташланади? Одамнинг оласи ичида, деганда аниқ бир белгили одамлар тоифасини кўрсата оласизми? Қандай одамни ва қайси гуноҳни кечирмаслик керак?
- Ҳаммамизда ёмонлик ва яхшилик мужассам, деб ўйлайман. Фақат кимдадир бири кўп, бошқаси озроқ. Умуман, ҳар бир одамни шароит, муҳит ва вазият тарбиялайди. Жиноятчилардан ташқари одамлар ана шу ўсган муҳити, вазият тақозоси билан ўз феъл-атворларини намоён этадилар. Менинг бир иборам бор: “Орамизда айбдорлар йўқ, ҳаммамиз ҳам вазиятнинг қурбонимиз!”. Чиндан ҳам вазиятни чуқур ўргансангиз, ёмонликлар илдизини топасиз. Инсондаги энг катта қусур жоҳиллик, илмсизлик. Фалон одам ёмон, манави гуноҳни кечириб бўлмайди, деб айтолмайман. Гуноҳи кабиралар Қуръони Каримда ёзиб қўйилган. Буни Аллоҳ билади. Мен ўзим комил бўлмай туриб, бошқа одамни қоралай олмайман.
- Ҳеч ёлғон гапирганмисиз? Умуман, инсон ҳаётида ёлғон қанчалик ўрин тутади?
- Албатта, ёлғон гапирганман. Баъзида вазиятдан чиқиш учун, кимнидир кўнглини оғритмаслик учун. Аммо ёлғон гапиргандан сукут сақлаган афзал. “Ҳеч қачон ёлғон гапирмаганман!”, дейдиганларга ишонмайман. Барибир ўзимиз истамасак ҳам ёлғон ишлатамиз. Аммо унинг қандай ниятда ишлатилиши муҳим. Кимнидир инсофга чақириш учун, тарбия қилиш учун ишлатилган ёлғон олижаноб ёлғондир. Биз ёзувчилар ҳам аслида “ёлғончимиз”. Ахир тўқима воқеалар орқали инсонларни тарбиялаймиз. Аммо айб, гуноҳни яшириш учун, бировнинг уйини бузиш учун ишлатиладиган ёлғон бу гуноҳ ҳисобланади. Инсон ҳаётда одил, олижаноб ва самимий бўлиши даркор. Бировдан яширадиган иш қилмаслиги керак, бироқ бундай яшаш осон эмас. Бунинг учун атрофдагилар ҳам шундай покиза бўлиши лозим.
- Нимадан ташвишдасиз, нимадан ҳадик-хавотир сезасиз?
- Келажакдан! Фарзандларимиз тинч-бехавотир яшашларини истайман. Террорчи ва диний-экстремистик гуруҳлардан, мутаассиб диндорлардан қўрқаман.
- Мукаммал одамни учратганмисиз? Комил инсон тушунчасини қандай тушунтирган бўлардингиз?
- Мукаммал одам деганда авлиёларни назарда тутаяпсизми ёки илмли, маданиятли кишиларними? Мукаммал бўлиш қийин, лекин ўзимдан мукаммал инсонларни учратганман. Бу устозларим Тоҳир Малик ва Хожакбар Шайховлардир. Раҳматли Хожакбар Шайхов “Сирли олам” журналида бош муҳаррир бўлганлар. Ҳам ижодда, ҳам инсон сифатида бизга намуна эдилар. Ҳеч қачон овозларини баландлатиб, кўзимизга тик қараб гапирмаганлар, ҳеч қачон койимаганлар. Аммо биз у кишини қаттиқ ҳурмат қилардик. Биз - фантаст ёзувчиларга отадай меҳрибон эдилар. Кўпчиликнинг биринчи китобини нашр этишга ёрдам қилганлар, ижод қилишимиз учун шароит яратиб берганлар, ҳар қанақасига қўллаб-қувватлаганлар. Тоҳир Малик ҳам бизни аёвсиз танқид қилиб, хом-хатала ҳикояларимизни эринмай ўқиб чиқиб, тарбия қилган устоздирлар. Кўп нарсада у кишидан ўрнак олганмиз.
Раҳмдил, шу билан бирга иродали, одамлар корига ярайдиган, кўплар дардини ўйлайдиган, ўқимишли одамни мукаммал инсон дейиш мумкин.
– Сизга ҳам ўзингиз ҳавас қилган инсонлар йўлини берсин! Қалам, сўз заҳмати ва муваффақиятлари ҳамроҳингиз бўлсин!
Маъпура НАБИЕВА суҳбатлашди.
Манба: "САОДАТ" журнали.
2022 йил.