РОЛЛАРИМДАГИ КАБИ БАҒРИТОШ ЭМАСМАН!


Авазхўжа Қодиров: “РОЛЛАРИМДАГИ КАБИ БАҒРИТОШ ЭМАСМАН!”

   Ҳа, Авазхўжа Қодировни одамлар “Қайтар дунё” сериалидаги Ҳалил роли орқали яхши эслаб қолишган. Ҳалигача уни кўча-кўйда кўриб қолишса, “сомсахонангиз юриб турибдими?” дея ҳазил қилишади. Шундан кейин у театр саҳнасида ҳам, сериалларда ҳам турли-туман ролларни ижро этди. 
   У салбий ролларни ҳам, ижобий ролларни ҳам катта маҳорат билан ижро этади. Айниқса, театр саҳнасида у яратган комик образларга тан бермай иложи йўқ.
   Актёр “Жалолиддин Мангуберди” спектаклида Чингизхон ролини ижро этди-ю, санъатшунослар унинг бу ролига катта баҳо беришди. Биз актёр билан ўзи ижро этган салбий ролларига муносабати ва оиласи ҳақида суҳбатлашдик.

БЛИЦ-МАЪЛУМОТ:
   Авазхўжа Қодиров 1981 йили Тошкентда туғилган. 1999 йили Тошкент Давлат санъати институтининг “Драма ва кино актёрлиги” бўлимига ўқишга кирган. 2003 йили бакалавриятни битириб, магистратурага ўқишга кирган. Ўқиш мобайнида шу олийгоҳда “Актёрлик маҳорати” фанидан дарс берган. 2005 йили магистратурани битириб, институтда штат бўйича ишга олинган. 2014 йилгача талабаларга актёрлик маҳоратидан дарс берган. Шу билан бирга 2003 йилдан бери Миллий академик драма театрида ишлаб келади. Устозлари Мунаввара Абдуллаева, Моҳигул Ҳамроева, Махсума Хожиматоваларга ҳурмати баланд. Бугунги кундаги муваффақиятларида уларнинг меҳнати катта, деб ҳисоблайди.

“ЎЗИМ ЮМШОҚКЎНГИЛ ИНСОНМАН!”

- Сиз билан суҳбатлашаётиб машҳур ҳинд актёри Амриш Пурини эсладим. Амриш Пури кўриниши баджаҳл одамга ўхшагани билан ҳаётда жуда юмшоқкўнгил, меҳрибон инсон бўлган. Сиз ҳам кўпинча салбий ролларни ижро этасиз. Аммо ўзингиз қандай инсонсиз? Юмшоқфеълмисиз, ҳазилкаш ёки жиддий? Қандай одамларни ҳурмат қиласиз ва қандай феълли одамни ёқтирмайсиз?
- Тўғри, сериал ва фильмларда салбий ролларни кўроқ ижро этаман. Лекин ҳаётда ўзим юмшоққўнгил инсонман. Айрим ролларимдаги каби бағритош эмасман, албатта. Шунинг учундир, мен билан суҳбатлашган кишилар, “ҳаётда умуман бошқача инсон экансиз, нега салбий ролларни кўп ўйнайсиз” дейишади. Ҳазилни яхши кўраман. Шу боис театр саҳнасида ижро этган ролларимнинг саксон фоизи комик роллар ҳисобланади. 
   Табиатан камгапман. Лекин яқинларим даврасида ўзимни эркин ҳис қиламан. Ҳаётда бир сўзли, ваъдасининг устидан чиқадиган инсонларни ҳурмат қиламан. Ўзини ақлли қилиб кўрсатадиган, мақтанчоқларни ёмон кўраман. 

“БЎРТТИРИЛГАН ОБРАЗ ТОМОШАБИННИНГ МЕЪДАСИГА ТЕГАДИ!”

- Салбий ролларингизга муносабатингиз қандай? Айниқса, миллий сериалларимизда туллак, хиёнаткор, айёр одамлар образи кўпайиб кетди. Баъзида буларни кўриб, “ошириб юборишибди” дегим келади.  Қайси ролингизни ёқтирмайсиз? Бу ҳақда режиссёрлар билан тортишган пайтларингиз бўладими?
- Ҳозирги кунда миллий сериаллар жуда кўп ишланяпти. Ҳусусий сериал ишлайдиган студиялар ҳам кўпайиб қолди. Улар ичида пухта ишланган, томошабин эътирофига сазовор бўлган сериаллар ҳам бор, шу билан бирга савияси пастлари ҳам бор. Драматургияси кучли сериаллар томошабин олқишига сазовор бўлади. Аммо баъзи сериалларда драматургия, яъни воқеа-ҳодисалар композицияси йўқ. Образлар бўрттириб юборилади ва у томошабиннинг меъдасига тегади. Сериалда мантиқ бузилдими, бўлди, бу сериал томошабин эътиборини тортмайди, деб ўйлайман. Қайси ролингизни ёқтирмайсиз, деб сўрадингиз. Аслида ҳеч қайси ролимдан кўнглим тўлмаган. Сабаби, йилдан-йилга актёрнинг тажрибаси ошиб боради. Масалан, бир йилга улғайдингизми, сиз энди бошқача фикрлайсиз, дунёқарашингиз ҳам ўзгаради, албатта. Шундай экан, илгари ўйнаган ролларим ёқмай қолаверади. “Агар шу ролимни ҳозир ижро этганимда эди, унга бошқача ёндошган бўлардим”, деб ўйлайман.
   Режиссёрлар билан тортишмайман. Агар менга топширилган ролда бирон камчилик ёки мантиқ бузилган жойини сезсам, ижро этишдан олдин режиссёрга, албатта, ўз фикримни айтаман. 
- Актёрнинг унга машҳурлик олиб келган биронта роли бўлади. Сизга қайси ролингиз машҳурлик олиб келди, деб ўйлайсиз? Шу ролингиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз. 
- “Қайтар дунё” сериалидаги Ҳалил образи мени халққа танитди, деб ўйлайман. Буни қарангки, ўшанда, “мени барибир олишмайди” деб ўйлаб, кастингга бормаганман. Сериалнинг иккинчи режиссёри институтга келиб, ёш актёр ва актрисаларни ролга танлаган. Шунда мени кўриб қолиб, “сизга мос бир рол бор, шу образда сизни кўряпман. Ҳозир фотосинов кетяпти, боринг” деган. Аммо мен бормаганман. Иккинчи режиссёр яна институтимизга келган ва мени кўриб, “кастинга бормадингиз-а, унда суратингизни беринг, ўзим режиссёрга кўрсатаман” деган. Мен яна рад жавобини берганман. Шунда унинг ўзи мени суратга тушириб кетган. Орадан бирмунча вақт ўтгач, уларнинг ўзлари телефон қилиб, “фотосиновдан ўтдингиз, энди видеосиновга келинг!” деб чақиришган. Шунда ҳам ишониб-ишонмай борганман. Ўшанда битта ролга уч юздан ортиқ актёр синовга чақирилган экан. Шуларнинг орасидан биринчи бўлиб синовдан ўтганман. Шу куни сериал режиссёри раҳматли Шавкат Жунайдуллаев “Бўлди, Ҳалил ролига актёр топдим!” деб ҳурсанд бўлганларидан мени бағирларига босганлари ҳалигача кечагидай эсимда.   
- ”Жалолиддин Мангуберди” спектаклида Чингизхон ролини ижро этдингиз ва санъатшунослар бу ролингизга юқори баҳо беришди. Бунинг сири нимада? Чингизхон – ўта мураккаб образ. Уни муваффақиятли чиқишига сабаб нима, деб ўйлайсиз? Актёрларда бир гап бор. Агар актёр тарихий шахсни гавдалантирса, унинг руҳи келади ва актёрга ёрдам беради, дейишади. Шу каби мистик ҳолатлар сизда бўлганми?
- “Жалолиддин Мангуберди” спектаклини томошабинлар жуда яхши кутиб олишди. Ҳалигача шу спектаклнинг ўз муҳлислари бор. Аввалбошда менга Чингизхон ролини таклиф қилганларида рад этганман. Биринчидан, Чингизхоннинг ёши катта, мен ҳали ундай улуғ ёшда эмасман. Бундан ташқари юки оғир роль эканини ўша патйдаёқ ҳис қилганман. Спектакль режиссёрига “бу ролни ёши каттароқ устоз санъаткорларимизга беринг” деб неча марта айтганман. Лекин режиссёримиз Асқар Ҳолмўминов: “Ака, сиз бу ролни ўйнай оласиз, сизга ишонаман!” деб менга ишонч билдирган. Шукрки, бу ролим муҳлисларга ҳам, ҳамкасбларимга ҳам бирдай манзур бўлди ва ролим ҳақида яхши фикрлар билдирилди. Бу ролнинг муваффақиятли чиқишида режиссёрнинг меҳнати катта, деб ўйлайман.  
   Актёр тарихий шахс ролини ижро этса, унга шу одамнинг руҳи ёрдамга келади, деган гапга умуман қўшилмайман ва бу фикр хато, деб ўйлайман. Ролнинг яхши чиқиши фақат ва фақат актёрнинг меҳнати, ўз устида тинимсиз ишлаши ва изланишларига боғлиқ.   
- ”Уруш одамлари”да Нормат, “Усмон Носир”да Абдулла Қодирий ролларини ижро этдингиз. Сиз бу даврни қандай тасаввур қилдингиз? Бу давр ҳақида етарли адабиётларни ўқидингизми? Бу роллар орқали сиз қайси ҳақиқатларни билиб олдингиз?
- Агар актёр давр руҳини ҳис қилмаса, буни томошабин ҳам ҳис қилмайди. Ўйнаётган ролингизга ўзингиз ишонмасангиз, томошабин ҳам ишонмайди-да. Қатағон ва уруш йиллари ҳақида илгари ҳам кўп ўқиганмиз. “Усмон Носир”, “Уруш одамлари” спектаклларини қўяётганимизда шу давр муҳитига кириш учун бу китобларни яна қайтадан ўқиб чиқдик. Тўғриси, уруш давридаги қийинчиликларни бутун вужудим билан ҳис қилдим. Бу йиллари ота-боболаримизга қанчалар қийин бўлган, егани бир бурда нон топилмаган. Қанча одам очликдан ўлиб кетганини ўйлаб кўзларимга неча марта ёш келди. “Усмон Носир” спектаклидаги давр ҳам уруш йилларига яқин. Қатағон йилларида бир оғиз сўз инсон умрига зомин бўлган. Буларни ўйлаб одам ич-ичидан эзилиб кетади. Мен англаган ҳақиқат шуки, Тинчлик, Мустақиллик биз учун энг олий неъмат! Бугунги кунимизга минг шукр қилиб яшашимиз керак!  

“УЗР, КЕЧА РОЛИМ ЯХШИ ЧИҚҚАНДИ!”

- ”Саҳна ёруғида нуқсонлар яққол кўринади” деган эди Станиславский. Саҳнада роль ижро этишнинг ўзига яраша мураккаб томонлари ҳақида гапирсангиз. Масалан, кинода нигоҳлар билан ҳам роль ижро қилса бўлади. Лекин саҳнада масофа узоқ бўлгани учун нигоҳларни кўриш қийин, баъзида овоз орқа ўриндиқларга етиб бормайди. Актёрлар айрим сўзларни “ютиб юборишади” ва шу лавҳа тушунарсиз бўлиб қолади. Сизнингча, бу хатоликми? 
- Театр билан киносанъати ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Актёр театрда чархланади ва шу ерда орттирган тажрибасини кинога татбиқ қилади, десам, тўғри бўлади. 
   Саҳнада актёр томошабин билан юзма-юз келади. Томошабин нимани ҳис қилаётганини кўриб туради. Актёрнинг саҳнада хато қилишга ҳаққи йўқ. Ҳар сафар ролини биринчи бор ижро қилаётгандай мукаммал қилиб ижро этиши керак. У томошабиндан “узр, кеча шу ролимни яхши ижро этгандим, бугун сал ўхшамай қолди-да” деб кечирим сўролмайди. Чунки бугун уни бошқа томошабин кутяпти. Театрда роль ижро этар экансиз, ҳар гал камчиликларингизни тўғирлаб, ролингизни бойитиб бораверасиз. Кинода бундай имконият йўқ. Шу куни ролингизни қандай ижро қилган бўлсангиз, у шу ҳолича тарихга муҳрланади. Уни энди ўзгартира олмайсиз. Аммо кинода ролингиз маромига етмагунича қайта-қайта дубль олинаверади. Театрда, аксинча, бир ҳаракатни икки бора қайтара олмайсиз. Кинода бир кичик ҳаракат ҳам қаҳрамон ҳолатини очиб беради. Саҳнада эса бунинг учун акётр кўпроқ ҳис-ҳаяжон қўшиши, ҳолатни ҳатти-ҳаракатлари орқали етказиб бериши керак. Шунингдек, театр актёрининг нутқи равон, овози ҳам жарангдор бўлиши талаб этилади. Акс ҳолда унинг овози охирги қаторда ўтирган томошабинга етиб бормаслиги мумкин. Агар актёр сўзларни чайнаб, тушунарсиз гапирса ёки унинг нутқи орқа ўриндиққа етиб бормаса, бу актёрнинг хатоси, деб ҳисоблайман. Томошабин спектаклга пул тўлаб, маданий ҳордиқ чиқаргани келади. Демак, актёрнинг бундай хато қилишга ҳаққи йўқ!      
- Саҳнада баъзида қийин вазиятлар бўлиб қолади. Масалан, партнёрингиз саҳнага кеч чиқади ёки сўзини нотўғри айтиб юборади. Шундай вазиятлар бўлганми? Улардан қандай чиқиб кетгансиз?
- Албатта, саҳнада ҳар хил вазиятлар бўлади. Қайси бир актёрнинг ролдаги сўзи эсидан чиқиб қолади, кимдир саҳнага чиқиши керак бўлган жойда кечикади. Ахир беайб Парвардигор дейишган, хато қилиш табиий. Бундай пайтларда саҳнадаги актёрлар бир-бирларини қўллаб юборишади. Буни томошабинга сездирмасликка ҳаракат қилишади. Шу жойида ўзи шунақа бўлиши керакдай, импровизация қилинади. Буни институтда ҳам ўқиганмиз. Саҳнадаги актёр ҳамиша турли вазиятларга сергак туриши керак. Демак, у нафақат маҳоратли актёр, лозим бўлганида сўз устаси, тасаввури бой инсон бўлиши керак. 
- Сиз салбий қаҳрамонларни кўп ижро этасиз. Кўчада сизни таниб қолган муҳлислар қандай муносабатда бўлишади? Улардан танбеҳ эшитган пайтларингиз бўладими?
- Чиндан ҳам кўпроқ салбий ролларда чиққаним учун кўча-кўйда одамлар менга барибир ёмон қарашади. Буни нигоҳларидан сезиб қоламан. Аммо суҳбатлашганимиздан кейин фикрлари бутунлай ўзгаради ва “ўзингиз яхши инсон экансиз, нега нуқул ёмон одамлар ролини ижро этасиз. Лекин салбий ролни ҳам синдириб қўясиз-да!” деб эътироф этишади. “Ижобий қаҳрамонларни ўйнанг, сизга ярашади!” деган илтимосларини ҳам кўп эшитганман. 
   Муҳлисларимга театрга боришларини ва мен саҳнада асосан ижобий ролларни ижро этишимни айтаман. Телевидениеда эса акси. Айрим томошабинлардан танбеҳ эшитганман, айрим аёллар ҳатто қарғаб кетишган. Шунда бу шунчаки роль эканини тушунтиришимга тўғри келган.

“ЧУМЧУҚ СЎЙСА ҲАМ, ҚАССОБ СЎЙСИН!”

- Миллий сериалларимиз қандай олинишини истардингиз? Киноларимиз дунё бозорига чиқишига нима тўсқинлик қиляпти, сизнингча?
- Ҳозирги кунда миллий сериаллар сони кун сайин ортиб боряпти. Энди, иш бор жойда, камчилик ҳам бўлади-да! Лекин вақти келиб бу камчиликлар бартараф этилади, деган умиддаман. Сериалларнинг аксариятини ёш ижодкорлар ишлашяпти. Масалан, биринчи иши саёзроқ бўлса, кейинги ишларида анча олдинга силжиганини кўряпмиз. 
   Миллий сериалларимизда сценарийлар кучли бўлишини истардим. Иложи бўлса, ҳаваскор актёрлардан воз кечиш керак. “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин!” деб бежизга айтишмаган. Ҳамма қўлидан келган ишни қилгани яхши. Бизга яхши сценарий, маҳоратли режиссёр ва актёрлар керак. Агар уларнинг ҳар бири сидқидилдан меҳнат қилса, ажаб эмас, миллий сериалларимиз ҳам дунё бозорига чиқса! Бизда яхши ижодкорлар кўп. Дунё бозорига чиқишимизга кўп қолмади, деб ўйлайман. 
- Ҳозир қандай лойиҳаларда бандсиз? Сизни яна қайси сериалларда кўрамиз?
- Ҳозирги кунда ижоддан тўхтаб қолганим йўқ. “Бағритош”, “Икки дунё”, “Афсона”, “Кадр ортида”, “Ташҳис”, “Она сурати” каби ҳусусий ҳамда давлат буюртмалари асосида суратга олинаётган сериалларда бандман. Тез кунларда уларнинг айримлари томошабинлар эътиборига ҳавола этилади. Театр саҳнасида “Андишали келинчак” спектаклида Арслон, “Бевалар”да Озод маклер, “Фариданинг дил дафтари”да Камрон, “Ҳалала”да Шариф, “Келди-ю кетди”да Келдиёр, “Жалолиддин Мангуберди”да Чингизхон, “Усомон Носир”да Абдулла Қодирий ва бошқа ролларни ижро этяпман. 

ОИЛА ҚАЧОН МУСТАҲКАМ БЎЛАДИ?

- Турмуш ўртоғингиз билан қандай танишгансиз? Эр-хотин севишиб турмуш қурса, оила мустаҳкам бўлади, деб ўйлайсизми?
- Мен холамни қизига уйланганман. Ёшликдан бир-биримизни яхши билганмиз. 
   Оила мустаҳкам бўлиши учун севишиб турмуш қуриш, шарт эмас, деб ўйлайман. Муҳими, оила қургандан кейин эр-хотин бир-бирини тушуниб яшаши керак. 
   Мана биз ҳам бахтлимиз, икки ўғил ва икки қиз фарзандларнинг ота-онасимиз.   
- Аёлингизнинг касби нима? Рашкчи эмасмилар? Уларнинг қайси фазилатларини қадрлайсиз? 
- Аёлим тиббиёт ходими. Доим эмасу баъзан, ўйнаган ролимни кўриб, мени қизғанади. Аммо айрим аёлларга ўхшаб, ўта рашкчи эмас. Касбимни яхши тушунади. 
   Мен унинг ростгўйлигини, мен билан маслаҳатлашмай, ҳеч бир ишга қўл урмаслигини, уйда саранжом-саришта эканини қадрлайман. 
- Оилада отанинг ўрни қандай? Ҳозир эркакларга ҳам осон эмас. Аксарият ҳолларда моддий етишмовчилик туфайли оилалар ажрашиб кетяпти. Сиз ёшларга бу борада қандай маслаҳат берасиз?
- Оилада отанинг ўрни бўлиши, айнан ота – оила бошлиғи бўлиши керак. Агар бунинг акси бўлса, ундай оила мустаҳкам бўлмайди. Оилада унинг сўзи сўз бўлиши керак. Бу аёлга ҳам боғлиқ. Агар аёл киши турмуш ўртоғини қадрласа, унинг ҳурматини жойига қўйсагина бу оилада отанинг ўрни бўлади. Тўғри, ҳаёт бир текис эмас. Оилада етишмовчилик ҳам бўлади, тушунмовчиликлар ҳам. Аммо ҳаммасини сабр билан енгиш керак, шукр қилиш керак. Шундагина оила бахтли яшайди. 
- Сизнингча бахт формуласи қандай бўлиши керак? Ҳаётда шиорингиз борми? 
- Бахт деганда мен энг аввало соғлиқни тушунаман. Оила аъзоларим, яқинларим, фарзандларим соғ-саломат бўлса, шунинг ўзи мен учун энг катта бахт. Қолган нарсаларга меҳнат қилиб, сабр билан эришса бўлади. 
   Мен ҳамиша “Нима бўлганда ҳам, ҳаммаси яхшиликка! Бундан ҳам баттар бўлиши мумкин эди-ку!” дейманда, яшашда давом этаман. Ҳар қандай вазиятда шу сўзларни эслайман. Ҳаётдаги шиорим шу!
- Мароқли суҳбатингиз учун раҳмат. Ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ҳаммаси фақат яхшиликка бўлсин!

Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот