СИНОВЛАРДА СИНМАГАН АЁЛ


   Унинг кўзларига қарасангиз, гўё кулиб туради-ю, лекин у кулгунинг остида ғамгин нигоҳ яшириндек...Сиз уни танийсиз. Балки кимгадир севимли ҳамдир...Бир қараганда киброна кўринган, лекин суҳбатлашсангиз ўзбекона лутф соҳибаси, ижобий, кўпроқ салбий образларнинг махоратли ижрочиси кино ва театр актрисаси - Феруза Собитовадир. 

БОЛАЛИКНИ СЎҚМОҚ ЙЎЛЛАРИ 

  Мен қадим Бухоронинг Когон шаҳрида темир йўлчи  Жўра ака ва қурилиш инженери Тўхтабиби Муҳиддиновлар оиласида дунёга келганман. Оилада беш фарзанднинг каттаси бўлибгина қолмай, ҳам отам, ҳам онам томонларидан биринчи набира эдим. Лекин негадир бу менга ёқмасди. Менинг ҳам опам, акам бўлишини жуда хоҳлар эдим. Чунки катта фарзандларнинг ўзидан кичикларга  ўрнак бўладиган мажбуриятлари, маъсулияти, ҳатто  жавобгарлиги борлиги менга ёқмас эди. Аввалига Когон шаҳридаги 7-умумий ўрта таълим мактабида ўқишни бошлаган бўлсам, оилавий  сабабларга кўра Когон Шаҳридаги  9-сонли  рус  мактабида давом эттирдим. Одатда ҳар қандай инсон ўзининг болалик, мактаб даврини бир энтикиш билан эсласа, мени ҳавасим келади. Чунки мен мактаб билан боғлиқ онларимни  ўкинч, баъзан  алам, қалбимда бир оғриқ билан эсга оламан. Ёшлигимда  оғир  босиқ, уятчан, одамлар билан тил топишиб кетишга қийналадиган қиз эдим. Рус мактабида таҳсил олганман.  Синфимизда тўртта ўзбек қизи, қолганлари  бошқа  миллат эди. Синф раҳбаримиз  бизга рус тили-адабиётидан дарсга кирардилар. Улар ўзлари  ўзбек бўла туриб негадир, ўзбек қизларини ёқтирмас эди...(Балки, менинг бола тасаввуримда  шундай туюлгандир)  аммо  унинг бизга  бўлган муносабати  шундай  кўрсатарди. Уларни  рус қизларига  эътиборлари, имконият ва қўллаб-қувватлашлари бизга, ўзбек қизларига  берилмасди. Энг аламлиси,  мактабдаги  бирорта тадбир, мусобақаларга иштирок этолмасдик. Бирор  байрамда  биз ҳам иштирок этишимизни, истагимизни билдирсак, қошларини чимириб, ё эшитмаганга олардилар  ёки  ошкора  “қўлингдан келадиган иш қил” каби аччиқ гапи билан бизни синдириб қўярдилар... Ҳатто дарсларга чин дилдан тайёрланиб, устоздан меҳр ёки озгина эътибор кутганимиз эвазига камситилиш олаверсанг, ўқишдан ҳам совий бошлар экансан. Мактабга ҳам  боргим келмай, ота-онамни қистови, мажбурият юзасидангина  борардим, холос. Ростини айтсам, болаликдаги бу ноҳақлик қалбимда бир умр алам ва ўкинчни мухрлаган.

 КЕСКИН БУРИЛИШ...

   Гарчи  мактаб  тадбирларида  фаол бўлолмасам-да, кўнглимда санъатга бўлган муҳаббатим  ўзгача, қолаверса, мен мусиқа мактабининг фортепиана ва хореография бўлимида  таҳсил олганман. Шунинг учун ҳам ўз қобилиятим, санъатимни мактабдошларимга кўрсата олмаганимдан ўкинардим. 8-синфни битиргач, санъат билим юртига ўқишга кирдим. У ерда ҳам  умумий фортепиано ва хореография бўйича таҳсил олдим. Онам мени қалбимни тушунсалар,  отам “бизнинг авлодимиздан артист чиқмаган” деб кўп ҳам рўйхушлик бермасдилар. Билим юртида ўқиб юрган вақтим, “Актёрлик маҳорати” дарси ўтиларди. Бу менинг энг севимли дарсим эди. Унда турли хил ролларни  мазза қилиб ижро этардим. Бу ёқда эса, энг маҳоратли  ўқувчи эдим. Ижроларимни кўрган устозим  Рита опа “Сен  актриса бўлишинг керак! Чеҳрангда  ўзига тортадиган нимадир бор” дея кўп такрорлардилар. Ҳанузгача  у кишидан  бир умр миннатдорман. 1996-йили  ўқишимизга Тошкентдан бир гуруҳ актёр ва режиссёрлар "Амир Темур" фильмини суратга олиш учун вилоятимизга келишди. Ўшанда турк қизи образи учун билим юртимизда ҳам кастинг эълон қилишганди. Ўнлаб қизлар ичидан мени танлашди. Кутилмаган омад эди бу менга. Ўзимга топширилган ролни жону-дилим билан ижро этиб бердим. Съёмкалардан сўнг, кетар чоқ,  улар мени “Санъат  институти”га ўқишга  боришимни тайинлашди.  Бу ҳаётимга кескин бурилиш ясади.

 ОТА РОЗИ ХУДО РОЗИ

    Билим юртини тугатиб, санъат институтига ўқишга кириш орзуси мени бутунлай ўзига чулғаб олганди. Аммо буни отамга қандай тушунтириш муаммоси ҳам юрагимни кемирарди. Ўқув йили якунланган сари ҳам қувонар, ҳаяжонланардим, ҳам қўрқар эдим. Чунки онам мусиқа мактабига берганларида “бирорта мактаб, боғчаларда мусиқадан дарс берар” деганлари учун ҳам рози бўлгандилар. Агар актриса бўлишимни эшитсалар...минг бир таҳлика, минг бир ўй билан билим юртини тугатдим. Ҳужжатларимни қўлимга  олгачгина, ўзимда куч топиб, мақсадимни айтдим. Кутганимдек катта тўполон бўлди.  Энди орқага қайтиш йўқлигини ҳис қилиб, биринчи марта отамга тик қараб “Дадажон, илтимос, бир марта, бир мартагина имконият беринг. Ўзимни синаб кўрай...агар кира олмасам, қайтиб келиб ишга кираман. Сўз бераман, ҳеч қачон юзингизни ерга қаратмайман. Институт деган гапни унутаман” дея ялинганимдан сўнггина, ноилож (бир қанча шартлар билан) рози бўлгандилар. Отамни розиликларини олиш менга қанот пайдо қилди десам муболаға қилмаган бўламан. Тошкентга менимча учиб келдим гўё. Тўғри, дадам раҳматли кўзида ёш билан оқ фотиҳа бериб йўлга кузатдилар-у, аммо чин дилдан касбимга рози бўлмаганлари аниқ менимча. Буни мен ёшим улғайиб борган сари англаб боряпман. “Ўша пайтлари  отам менга ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмаган. Мени турмушга бериб бахтли аёл, саодатли уй бекаси бўлишимни истаганлар. Ҳеч кимга сир эмаски, ўша пайтларда  аёл санъаткорларга нисбатан  одамлар тасаввури яхши эмас эди. Шунинг учун ҳам раҳматли отажоним ҳам мен билмаган, мен кўрмаган ва англамаган “нималардандир” асрамоқчи, ҳимоя қилмоқчи бўлгандир...

 КАТТА ҲАЁТ ЙЎЛЛАРИДА...

  Ота-онам дуоси, тунлари Аллоҳга илтижоларим сабаб, шукрки институтга биринчи урунишимдаёқ талаба бўлиш бахти насиб этди. Ўттизта қиздан сараланиб учта қиз ўта олдик. Омадим чопиб  устоз Шуҳрат Аббосов курсларига қабул қилинганман. Ўқиш давомида устоз  “Клеопатрия, Кармен” сингари катта ролларни ижро этишимга ишонч билдиргандилар. Ҳаёт биз ўйлаганчалик осон эмас экан... Ўқиш даврида оилавий муаммоларим сабабли ҳам ўқиб, ҳам ишлашимга тўғри келди, ҳатто бирмунча ўқишни тўхтатиб ҳам қўйдим. Маданият вазирлиги қошидаги кичик бир корхонага оддий ҳисобчи бўлиб ишга кирдим. Меҳнатимдан қаноатланишди чоғи, бош директор даражасига кўтаришди. Йигирма олти ёшимда битта корхонани бошлиғи эдим. Тан оламан, анча вақт санъатдан театрдан узоқ бўлдим, ўз ҳаётим билан ўралашиб қолдим. Оилани каттаси сифатида укаларим ва синглимни қўллаб қувватлашим, уларни оёққа турғазиш  маъсулияти елкамда турарди. Бугун ортимга назар ташласам ўша йўқотилган йилларимда ўзим учун яшамаган эканман, ўзимни унутиб қўйган эканман...Лекин инсон елкасига керагидан ортиқ маъсулият ва мажбуриятни юклаб, қайғурмаслиги кераклигини, ҳамма нарсани меъёрини ушлаб, ўз ҳаётини ҳам яшаши кераклигини, бу  йўлда ўзини, ўз орзуларини четга суриб қўймаслик кераклигини англаб етганимда, кўп нарсани бой бериб қўйганимни тушундим...Бир куни тасодифан, ҳам юртим, мактабдошим, раҳматли Алишер Ҳамроев билан учрашиб қолдим. У мени санъатга қайтишга ундади.  Тошкентга аслида не мақсадда келганимни-ю, мен нима қилиб юрганимни айтиб, қўлимга  кўзгу тутди. Ўшанда “Дилхирож” фильми учун кастинг эълон қилинган экан, ўзимни синаб кўришимни тавсия қилди. Уйга бориб, рости, роса йиғладим. Нега йиғлаганимни ўзим унча англамасам-да, тўлиб-тўлиб йиғладим. Менимча ўша қўлдан кетган умрим учун йиғладим...Ўша кундан бошлаб, қаттий қарор билан санъатга қайтишга ва кастингга   қатнашишга қарор қилдим. Кастингдан ўта олмаган бўлсам-да, аммо бу йўл мени ичимдаги Ферузани уйғотиб юборди ва ўз орзуларим сари қадам ташлай бошладим. 

 ОИЛА...

    Мен ҳаддан ташқари масъулиятчиман шекилли. "Оилавий ташвишларимни хал қилишим учун тинмай ишлашим керак" деб ўз ҳаётимни унутдим. Турмуш қуришни ўйламасдим ҳам. Тинмай меҳнатим самараси машина, уйли бўлдим. Укаларимни ўқитдим. Лекин ҳамюртларим орасида менга бошқача кўз билан қараганлар ҳам бўлган. Воҳоланки, улар ширин ухлаб ётганда, мен тунлари бизнес лойиҳалар ишлаб чиқардим. Ҳар ким бошидан ўтганини ўзи билади. Мен тинимсиз ҳаракат, меҳнат ва машаққатларим  ортидан барига эришдим. Минг афсуски, у пайтларда “бизнес леди” деган тушунча бўлмаганди. Бўлмаса, албатта ўзим олган бўлармидим...Онамни кўз ёшлари, одамларни гап-сўзидан безиб, ишдаги ҳамкор опахонимнинг ўғлига турмушга чиқдим. Афсуски, бу турмуш менинг катта хатойим бўлиб чиқди... Ишдаги ҳамкорлик бошқа, оила бошқа экан. Турмушимизни икки йиллик даври  давомида, атрофдагиларим аслида ким эканини ҳис этдим, кўрдим.   Баъзан ўйлаб қоламан. Аслида ҳаётнинг ўзи  ҳам шу йигит билан турмуш қуришимга қарши бўлгандек. Фотиҳа тўйимиздан бир кун аввал бувим оламдан ўтиб, фотиҳа тўй тўхтатилди. Яна нималардир қўшилиб, тўйимиз чўзилгандан-чўзилди, охири кўзимни чирт юмиб  тўйни бошлагандик. Икки йил тишимни –тишимга қўйиб, сабр қилдим. Оиламни тиклаб қолишга роса уриндим, охири кўзим етмагач, ажрашдик. Қўлимда уч ойлик чақалоғим билан  яна бошидан ҳаёт учун кураш майдонига тушдим. 

СИНОВЛАРДА СИНАЛДИМ... 

   Турмушдан  ажрашгач, уч ойлик фарзандим билан катта ҳайбатли шаҳарда ёлғиз қолган бўлсам-да, йиқилмадим. Америка компанияларидан бирига таржимон бўлиб ишга кирдим,  меҳмонхонада менежер бўлиб ишлаш билан бирга, фильмларда суратга туша бошладим. Илк ролларим кўзга ташланмади. Шохруҳхоннинг “Болалигим” клипидаги образим билан томошабинлар ва режиссёрлар  назарига тушдим. “Бахт билан бахтсизликнинг ораси бир қадам” деганларича бор экан. 2009-йили  суянган  тоғим - отамдан айрилиб қолдим... Бу айрилиқни енгиш осон бўлмади, аммо отам қабри совимай, ягона синглимдан ҳам айрилдим...Яна ҳам Аллоҳим  сабр берар экан.  Ҳар гал саҳнага чиққанимда улар кўз ўнгимда гавдаланади. Ролларимда улардан куч оламан гўё...Менимча, ҳаётда йиқилган одам бахтсиз эмас, балки ўрнидан туришга куч тополмаган инсон бахтсиз. Ўша йиқилганларидан ҳикмат топа олмаган одам бахтсиз. Мен йиқилишларда синалиб, озми-кўпми ўзимни яратдим. Мухлис ортирдим. Одамларни севишни ўргандим. Меҳр кўзи билан қарашни ўргандим. Аллоҳимга шукурки, улуғ неъмат билан синади мени. Ўғлим Имронхон ҳаётим мазмуни. Етти  ёшга кирган бўлса-да, анча суянчим, қўриқчим бўлиб қолган (кулади) Лекин баъзида ўғлимни олдида ўзимни айбдордек ҳис қиламан...Унга моддий шароит яратаман деб, кўп меҳримни беролмаяпман. Бирор жойга олиб бораман деб, хизмат юзасидан кетиб, ваъдамни устидан чиқолмай қолган вақтларимда эзилиб кетаман...Биламан, боламга ҳозир мени фақатгина меҳрим керак. Лекин  ҳам  ота бўлиб таъминлашим ҳам шарт эканлигини англаб ҳам қолар...Рости, аёлнинг бахти - оиласида, тинч-хотиржам, фарзанди билан  ҳаловатда яшашида эканини  англаб баорган сарим, кўп нарсага қўл силтаб, фақат фарзандим тарбияси билан шуғуллангим келади, лекин...Ҳаётда энг катта қўрқувим бу - бевақт ўлим. Рости, мен ўлимдан, бевақт ўлимдан  қўрқаман. Ўлим  ҳақ! Аммо, ўғлимнинг бахт-саодатини, улғайиб, яхши одам бўлиб етишганини, набиралар кўришни орзу қиламан. Яна бир орзуим эса пул ишлаб топадиган робот эмас, аёл бўлиш. Оддийгина, бахтли аёл бўлиш...


Севдора Латипова суҳбатлашди.

Манба: "Zo'r Тасвир" журнали.

2019 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот