Айрим томошабинларнинг маданиятсизлигидан ранжийман
Суҳбатдошимиз - Қозоғистондаги Чимкент Ўзбек Драма театрининг латофатли ва истеъдодли актрисаси - Клара Шодибекова.
- Театрингизда бу йил қандай янги спектакллар саҳналаштирилди? Спектаклларнинг мазмуни ва унда кўтарилган масалалар сизни қай даражада қониқтираяпти?
- Театримиз ижодкорлари томонидан бу мавсумда Ш. Пардаев қаламига мансуб "Афандизода" фарс комедияси, А. Вампиловнинг "Фаришта билан 20 дақиқа" комедияси ва Г. Гориннинг "Номинг ўчсин, Герострат" трагикомедияси саҳналаштирилди. Бу учала спектакльнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикрим ижобий. Чунки, ҳар бир асарда ҳозирги кунда долзарб бўлган муаммолар саҳнага олиб чиқилган. Халқ учун тарбиявий аҳамиятга эга. "Афандизода"да давлат солиқлари, мансабдорларнинг айёрлиги, очкўзлиги, хотинларнинг макри ва шунга ўхшаш масалалар очиб берилган.
"Фаришта билан 20 дақиқа"да эса, фарзандларнинг ота-онага беэътибор бўлиб бораётгани, яхшилик қилишни, ёрдам беришни истаган кишилардан ҳар бир одамнинг гумонсираши кўрсатилган.
"Номинг ўчсин, Герострат" спектаклида инсонларнинг ўзини кўрсатиши, арзимаган нарса билан бўлса ҳам ном чиқариш, тарихда номим қолсин деб ҳар қандай бўлмағур ишларни қилиши, хуллас, ҳозирги блогерларни миссияси нима бўлса, шунга ўхшаш воқеалар моҳирона ёритилган. Гарчи, Герострат воқеаси 4 асрда юз берган бўлса-да, ҳозирги замонга ҳам, келажакка ҳам тўғри келади, деб ўйлайман.
"Афандизода" ва "Фаришта билан 20 дақиқа" спектаклларини театримизнинг режиссёри, актёри - Жавлон Сайитов саҳналаштирди.
"Номинг ўчсин, Герострат" спектаклини эса Ч. Айтматов номидаги халқаро мукофоти лауреати - Қуандиқ оға Қосимов саҳналаштирди.
- Раҳматли Отангиз ҳуқуқ соҳаси вакили бўлган бўлсалар-да, санъатни севганларини ва бу муҳаббат сизга ҳам ўтганлигини ижтимоий тармоқларда таъкидлайсиз. Отангиз ҳақида гапириб берсангиз.
- Раҳматли Адажоним - Анормат ака Шодибеков 1946 йили 20 июлда оддий деҳқон оиласида таваллуд топганлар. Лекин бобожоним Шодибек ака Исамухаммадов Улуғ Ватан уруши қатнашчиси, Совет Ҳукумати коммунистлар партияси аъзоси бўлган. Сайрамда саводсизликка барҳам бериб, ёшларни билимли бўлишига улкан ҳисса қўшган инсон. Мактабда директор лавозимида ҳам ишлаган. "Коммунизм" колхозида турли лавозимларда ишлаган. Оналари Ҳалима ойим Исамухаммадова колхозда турли соҳаларда ишлаганлар. Ипак қурти боқиб, пилла етиштирганлар. Адажоним 1954 йили мактабга 1-синфга бориб, 1965 йили мактабни аъло баҳоларга битирганлар. Уларнинг айтишича, ҳуснихати чиройли бўлмагани учун олтин медаль эмас, кумуш медаль беришган экан мактабни битирганларида. Шу йили Тошкент Электротехника Алоқа институтига ўқишга кирганлар. У ерни 1970 йили битирадилар. "Автоматик электр алоқа" муҳандиси мутахассислиги бўйича диплом олган ва шу билан бирга "Лейтенант - муҳандис" деган харбий унвонни олади. Ўқишни битиргач, харбий хизматга чақирилган. Ёш офицер Анормат Шодибеков 2 йиллик харбий хизматни Шимолий Кавказ харбий округи, Озарбайжоннинг Кировобод шаҳридаги №06715 харбий бўлимга тегишли №44307 алоқа батальони взвод командири лавозимида бошлаб, 1972 йили июль ойида хизматни тугатиб, "Катта лейтенант - муҳандис" харбий унвонини олиб қайтганлар. 1972 йилдан бошлаб 1998 йилгача Чимкент вилояти ички ишлар бошқармасида турли лавозимларда ишлаганлар. 1998 йили нафақага чиқдилар, унвони "Милиция подполковниги" эди. Нафақага чиққач, хусусий хавфсизлик агентлигида бирозгача директор бўлиб фаолият юритган. Адажонимни медаллари, орденлари ва бошқа мукофотлари кўп эди. Барчасига ҳалол ишлаб эришган эди. Мен доим Отамни комил инсон деб ҳисоблаганман. Сабаби - кучли, мард, забардаст, бир сўзли, тартиб-интизомли, сахий, оқкўнгил инсон эдилар. Раҳматли адажоним ва умрлари зиёда бўлсин - ойижонимлар бизни халол ва ҳақиқатгўй бўлишга ўргатганлар, шу билан бирга қаттиққўллик билан тарбиялаганлар. Улар ҳар биримизни жудаям яхши кўришарди. Барчамизнинг ўқишимиз, келажагимизга алоҳида эътибор берардилар.. Беш фарзандни ўстириб, ўқитишди. Бизни Инсон қаторига қўшишди. Мен улардан умрбод миннатдорман. Қаттиққўл бўлганлари учун ҳам. Акс ҳолда, бугунги кунга, мана шу ютуқларга эришмаган бўлармидик. Ҳатто санъатга кириб келишимга ҳам Адам раҳматли сабабчи бўлганлар. Аллоҳим ота-онамдан рози бўлсин, икки дунё саодатини тилайман. Адажонимни Аллоҳ раҳматига олиб, Жаннатдан жой ато айласин. Ойижонимни Ўз панохида асрасин. Умрлари зиёда, ризқлари барокатли бўлсин.
Адажоним устоз санъаткор, буюк санъат дарғаларидан бири - Эркин ака Комилов билан бир йилда, бир кунда туғилганлар. Отажоним оламдан 2017 йили ўтдилар. Аллоҳим Ўз фазлига олган бўлсин. Аммо Эркин аканинг умрлари зиёда бўлсин. 100 га кирсинлар, илоҳим. Халқимизнинг меҳри, муҳаббати, дуолари доим улар билан бирга. Соғ-омон бўлсинлар. (Эркин аканинг ўзларигаям бу ҳақда айтганман).
- Сиз актрисаликдан ташқари чиройли рақсга тушишингиз билан ҳам танилгансиз. Рақс санъати бўйича бирор раққоса ё балетмейстердан алоҳида таҳсил олганмисиз ёки рақсга тушиш ўзингизнинг севимли машғулотингизми?
- Рақс - менинг энг севган машғулотим. Болалигимдан рақс санъатига жудаям қизиқаман. Санъатга, айниқса рақсга қизиқиш менга Адажоним ва Ойижонимдан ўтган. Адажонимни "Весна" русумли магнитофони бўларди. Ҳозир ҳам бор уйда. Шу магнитофон билан Адажоним ТВдаги ҳамма концертлар, фильмларнинг қўшиқларини ёзиб олардилар. Ойижоним эса шу қўшиқларга рақс тушишни бизга ўргатардилар. Айниқса, ҳиндча рақс жону дилим эди. Ҳинд оламига шунчалик меҳрим тушган эдики, 5 синфда ўқиётганимда туман мактаблари аро рақс мусобақасида ҳиндча рақс тушиб, танлов ғолиби бўлганман ва ўша пайтда энди урф тусига кираётган катта рангдор чироқлари ўчиб ёнадиган янгича магнитофонга, янги уйчали соат будильник, фахрий ёрлиқларга эга бўлганман. Магнитофонни мактабга совға қилдим. Уйчали будильник ҳалигача уйимизда турибди. Жудаям ширин хотиралар. Ҳинд фильмларини ҳамма каби росаям мириқиб кўрардим ва хаёлан Болливуд оламида сайр қилардим. Ҳаттоки 6-7 синфда ўқиётган чоғимда ҳандча сўзларни ўрганиб, гапиришни бошлаганман. Шунда келажакда албатта Ҳиндистонга, Аграга бораман, Тожмаҳални кўраман, деб ният қилганман. Ҳиндча рақс билан бир қаторда ўзбекча миллий, ҳоразмча, арабча, қозоқча, испанча, туркча, уйғурча, хорижий рақсларни ҳам ижро этардим. Адажоним билан Ойижоним ўзим қизиққан йўналишим бўйича доим шароит яратиб беришарди. Аллоҳ улардан рози бўлсин. Мактаб давримда тадбирларда доим рақсга тушардим. Кейин театрга ишга кирдим. Албатта, концертларда, спектаклларда рақсга тушардим. Театримизда актриса ҳамда хореограф опамиз борлар - Зулкарам Тўғонбоева. Театрдаги рақсларимни кўриб, камчиликларим бўлса айтиб, тўғирлаб берардилар. Ҳозиргача у киши театримизни хореографи. Умрлари узоқ бўлсин.
- Театр томошабинларининг маданиятидан кўнглингиз тўлаяптими? Бу борада сизни хурсанд қиладиган, ўйлантирадиган ва хафа қиладиган жиҳатлар нимада?
- Қувонарли жиҳати мана ўн йилдан ошди-ки, халқимиз ўзлари спектакль кўришни чин дилдан хоҳлаб, излаб театрга келишади. Доимий мухлисларимиз бор, Аллоҳга шукур. Спектаклларни ҳам жудаям ажойиб танқид, таҳлил қилишади, тушунишади. Севиб қизиқиб томоша қилишади. Маданиятга келсак, театр томошабинининг маданиятидан кўнглим 100 фоиз тўлмайди. Негаки, ҳозирда ҳам томоша залига кирганда ўзини қандай тутишни билмайдиганлар, спектакль мобайнида актёрга халақит берганча бақириб, телефонда гаплашиб ўтирадиганлар ҳам, актёрга қараб гап ташлаб ўтирадиган томошабинлар ҳам топилади. Лекин "Москва ҳам дарров қурилган эмас" каби иборалар бежизга айтилган эмас. Ҳамма нарсага бирдан эришиш мумкин эмас. Аста-секин бўлади ҳаммаси. Бироқ ўн йил, ҳатто беш йил аввалги томошабин билан бугунги кун томошабинининг маданиятини солиштирсак, ижобий томонга анча ўзгариш бор. Ўйлантирадиган жиҳати эса, ҳаммамиз ҳам борган сари сабрсиз бўлиб боряпмиз. Буни яширадиган жойи йўқ. Мана ҳозирги кунда одамларнинг театрга атайлаб келиб, ўтириб, телефонига дақиқа сайин қарайвермай, телефонни бир ёки бир ярим соатга ўчириб қўйиб, спектакль томоша қилиши катта куч талаб қиляпти. Келажакда қандай бўлар экан???
- Ўзингиз орзу қилган ролни ижро эта олдингизми? Сизнинг орзуингиздаги асар ва роль қайси?
- Тўғрисини айтсам, мен бошқалар каби "Мана бу ролни ижро этаман", деб орзу қилмаганман. Балки, у даражага ҳали етмаганим учундир. Аммо театрда ҳар бир режиссёрнинг менга ишониб топширилган ҳар қандай ролини чин юракдан, маромига етказиб ижро этишга ҳаракат қиламан. У хоҳ эпизод бўлсин, хоҳ асосий қаҳрамон бўлсин, ёинки иккинчи даражали роль бўлсин, менга фарқи йўқ. Ижро этган ролларимни ҳар бири мен учун қадрли ва севимли.
- Онангиз ютуқларингиздан қувониб, Сизни дуо қилганларида кўнглингиздан нималар кечади? Фарзанд сифатида онангиз олдидаги бурчларингизни бажара олдим деб ҳисоблайсизми?
- Кўнглимдан "Адажоним шу кунларни кўрмади", деган армон ўтади. Лекин Ойижоним ҳаёт бўлганлари, ёнимда эканликлари учун, шу кунларга бирга етганимиз боис алхамдулиллаҳ, Аллоҳга беҳисоб ҳамду санолар бўлсин, деган гаплар хаёлимдан кечади. Фарзанд қачон ота-она олдидаги бурчларини бажара олади? Ҳеч қачон. Кимлардир, балки фарзандлик бурчимни бажардим, деб ҳисоблар ўзини. Бироқ менимча, умримиз давомида фарзандлик бурчимизни тўлиқ адо этолмаймиз. Шу туфайли кўпроқ Ойижонимни хурсанд қилишга, иложи борича ҳаёт ташвишларидан авайлашга ҳаракат қиламан. Барибир эплай олмайман. Оналар юраги билан ҳис этишади. Уларни алдаб бўлмайди. Ойижоним ҳақида гап кетса, Алишер Файзнинг қўшиғи эсимга тушиб кетади. "Яратганим ўзинг бер имкон... Онамни соғ тут, мени ҳам омон, мен Онамни рози қилгунча". Аллоҳимдан Онажоним учун саломатлик, барокатли умр, тўкин ризқу насиба ва узоқ умр сўрайман.
Суҳбатдош - Музаффар МУҲАММАДНАЗАР.
2021 йил.