АЁЛ


Абдулла ОРИПОВ

АЁЛ

Йигитлар мактубин битганда қондан,
Келинлар фироқдан чекканда ёҳу,
Унинг ҳам паноҳи қайтмади жангдан,
Ўн тўққиз ёшида бева қолди у.

Севгидан етиму умрдан ярим,
Қуриган кўксида ёлғиз беланчак.
Абадий фироқни, ҳайҳот, дўстларим,
Абадий висол деб билди келинчак.

Қақраган лабларда оловли нафас,
Кечалар кечмишин айлади кўмир.
Паришон сочлари ёр кўкси эмас,
Муздайин болишда қолди бир умр.

Йиллар ҳам ўтдилар, ҳамон у ёлғиз,
Мунғайиб термулар ботгувчи кунга.
Эй номард табиат, борми сенда ҳис,
Қайтадан бахт берсанг бўлмасми унга?!

Наҳот ишқ қисмати бунча бераҳм,
Бунчалар буюксан вафо шеваси.
Сенгадир ҳурматим, сенга шарафим,
Қаҳрамон жангчининг содиқ беваси.

Сиз-чи эй, садоқат сатридан нолиб,
Надомат комида қолганлар, айтинг.
Ўзини минг битта бозордан олиб,
Минг битта бозорга солганлар, айтинг.

Шу чўлпон кўзларнинг буюк ҳурмати,
Шу ақиқ лабларнинг рост сўзи дея,
Сўйланг-чи, вафонинг надир қиммати,
Сиз ҳам кутганмисиз бирор сония?!

Баъзида тирноқлар безаги учун
Саҳардан шомгача қилурсиз тоқат.
Бироқ ёрингизни кутгали нечун
Топилмас тирноқча сабру қаноат.

Назокат пайтимас, яқинроқ келинг,
Буюк зот қошида айлангиз салом.
Шу содиқ бевага саждалар қилинг,
Шу содиқ бевага айланг эҳтиром.

Ҳатто зеб-зийнатни юлқиб зиёда,
Ҳайкал ҳам қўйингиз бамисли хаёл.
Шундайлар бўлмаса агар дунёда,
Бу қадар муҳтарам бўлмасди аёл.
1965 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот