Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар


   Ўзбекистон Республикасининг 11.03.2025 йилдаги "Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-1047-сон Қонунининг мазмун-моҳияти

   Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 11 мартда қабул қилинган “Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–1047-сон Қонуни суд-ҳуқуқ тизимини рақамлаштириш ва фуқаролар учун одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
    Мазкур Қонуннинг асосий мақсади — суд муҳокамаларида иштирок этиш жараёнини соддалаштириш, айниқса, ҳудудий жиҳатдан узоқда жойлашган ёки муайян сабабларга кўра судга шахсан кела олмайдиган шахслар учун қулай шароит яратишдан иборат. Шу нуқтаи назардан, қонун билан суд жараёнларида видеоконференцалоқа орқали иштирок этиш тартиблари янада такомиллаштирилди.
   Қонунга мувофиқ, фуқаролар, гувоҳлар, экспертлар ва бошқа иштирокчилар суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Бу эса вақт ва маблағни тежаш, ортиқча оворагарчиликларни камайтириш, шунингдек, суд жараёнларининг тезкорлиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
   Шунингдек, қонун ҳужжатлари билан электрон судлов тизимини жорий этиш ва унинг имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Электрон ариза топшириш, ҳужжатлар алмашинуви ва суд қарорларини онлайн олиш каби имкониятлар фуқаролар учун янада қулайлаштирилди.
    Мазкур ўзгартишлар суд органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади. Шу билан бирга, бу ислоҳотлар Ўзбекистонда рақамли технологияларни давлат бошқарувига кенг жорий этиш сиёсатининг изчил давоми сифатида аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур Қонун аҳоли учун судларда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириб, замонавий ва қулай суд-ҳуқуқ тизимини шакллантиришга хизмат қилади.

Матмусаев Сардорбек – 
Андижон туманлараро маъмурий суди судьяси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот