Маъмурий судлов соҳасида ўзгаришлар тўғрисидаги қонун
Маъмурий судлов соҳасида ўзгаришлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти тўғрисида
Кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Маъмурий суд соҳасидаги янгиланишлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоясини кафолатли таъминлаш, одил судлов самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Биринчи навбатда, маъмурий суд соҳасидаги муҳим ислоҳотлардан бири – бу оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган янги суд тизимининг шакллантирилгани, яъни маъмурий судларни ташкил этилгани бўлди.
Ушбу судларнинг асосий вазифалари сифатида давлат органларининг ноқонуний қарорлари ва мансабдор шахсларнинг ҳаракати (ҳаракатсизлик)дан шахсни ишончли ҳимоя қилиш белгиланди. Натижада аҳоли манфаатларига зарар етказаётган минглаб ғайриқонуний ҳужжатлар бекор қилинди.
Давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари маъмурий судларда тикланди.
Маъмурий суд соҳасидаги яна бир муҳим ислоҳотлардан бири – маъмурий судларнинг қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш, такроран ижро қилинмаганлиги учун суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш қоидаси белгилангани бўлди.
Шу билан бирга, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида келишувга эришиш механизми жорий қилинди. Ушбу ислоҳот туфайли тарафларга низони ортиқча вақт ва харажатларсиз тинч йўл билан ҳал этиш имконияти тақдим этилди.
Амалга оширилган салмоқли ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2025 йил 30 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлик) устидан шикоят қилинаётган давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш белгиланди. Шунингдек, маъмурий суд иш юритувида дастлабки эшитув институтларини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Президентининг суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантиришга қаратилган мазкур қарори “Инсон қадри учун” ғояси асосида қабул қилинган бўлиб, у адолатли суд тизимини шакллантириш, халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини суд йўли орқали самарали ҳимоя қилиш ҳамда фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.
Матмусаев Сардорбек –
Андижон туманлараро маъмурий суди судьяси.