«Ўзбекистон – 2030» стратегияси
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.09.2023 йилдаги «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазмун моҳияти
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сон фармонига мувофиқ “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тасдиқланди. Мазкур ҳужжат келгуси 7 йилда Ўзбекистоннинг асосий ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи муҳим ҳужжат ҳисобланиб, 5 та устувор йўналиш доирасида 100 та мақсадга эришишга қаратилган.
“Ўзбекистон — 2030” стратегияси мамлакатнинг барқарор ва инклюзив ривожланишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ривожланиш йўналишларини белгилайди. Унда турли соҳалардаги ислоҳотлар, иқтисодий ўсиш, таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимларининг такомиллаштирилиши, экологик барқарорликни таъминлаш ва давлат бошқарувини замонавийлаштириш каби мақсадлар кўзда тутилган.
Шунингдек, Стратегия халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадларига хизмат қилади.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ўзида қуйидаги асосий ғояларни акс эттирган:
• барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш;
• аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш;
• аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш;
• халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш;
• мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси қуйидаги 5 та устувор йўналишдан иборат:
• ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш;
• барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш;
• сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
• қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш;
• “хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш.
11.09.2023 йилдаги «Ўзбекистон – 2030» стратегияси тўғрисида»ги Президент Фармонига мувофиқ инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида мамлакат ижтимоий ва иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларида чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.
Жумладан:
2023 йил 1 октябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига миқдори 10 миллион сўмдан юқори бўлган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун, агар тадбиркорлик субъекти ҳуқуқбузарликни инкор этса, молиявий санкцияларни фақатгина суд тартибида қўллаш амалиёти йўлга қўйилиши.
2024 йил 1 январдан бошлаб:
• қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга ҳосилни суғурталашда суғурта мукофотининг 50 фоизи миқдорида субсидия бериш;
• Изланиш ва ривожланиш (R&D) марказлари учун улар ташкил этилган кундан бошлаб 3 йил муддатга мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича ҳисобланган сумма миқдорининг 1 фоизини тўлаш, уларнинг ходимлари учун ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз миқдорида ҳисоблаш;
• давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар томонидан ҳар йили амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари қийматининг камида 5 фоизини облигациялар чиқариш орқали молиялаштириш тартиби жорий этилиши назарда тутилган.
Абдуллаев Исломидин Мукимжонович –
Андижон туманлараро маъмурий судининг судьяси.