Маъпура Набиева

Журналист ва таржимон – Маъпура Набиевани таваллуд топган куни муносабати билан чин қалбимиздан муборакбод этамиз!
Маъпура Набиевага энг аввало, мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий парвозлар тилаймиз!
Камоли эҳтиром ила - Muzaffar.uz сайти ва "Ижод чашмаси" журналининг ижодий жамоаси.
Маълумот: Маъпура Нигматовна Набиева 1960 йилнинг 21 ноябрида Тошкент вилояти Зангиота туманида таваллуд топган. У 1968 йили Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 33-мактабда 1-синфда ўқишни бошлади. Бошланғич синфлардаёқ у тиришқоқлиги ва билим олишга чанқоқлиги билан бошқа синфдошларидан ажралиб турарди. 5-синфда ўқиётганида унинг мактабдошларининг Наманган шаҳрида бўлиб ўтган “Гул байрами”да ғолиб бўлганликлари ҳақидаги илк хабари “Тонг юлдузи”(аввалги “Ленин учқуни”) газетасида чоп этилган. Шундан кейин унинг ҳамқишлоқларининг ютуқлари, боғдорчиликда, олма, помидор ва узум теримида олиб бораётган ишлари тўғрисидаги хабарлари Зангиота туман газетаси “Ленин йўли”да ҳам тез-тез чоп этилиб турган.
Ўрта мактабни “олтин медаль” яъни фақат “аъло” баҳолар билан битирганидан кейин 1978 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг "Журналистика" факультетига ўқишга кириш учун ҳужжат топширди, лекин биринчи йили омади келмай, 1 балл етмагани учун талабаликка мушарраф бўла олмади. Шу боис у Республика Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтида лаборант вазифасида ишлай бошлади. Шу билан бирга институт директори Ҳожи Ҳакимов таклифига кўра, радиотармоқ орқали беморларга турли касалликлар, шу жумладан қон хасталиклари тўғрисидаги маълумотлар асосида эшиттиришлар тайёрлади. Ишлаш билан бирга билимларини мустаҳкамлаш учун институтга кириш имтиҳонларига мустақил тайёрлана бошлади.
1979 йилда Тошкент давлат университетининг кечки бўлимига ўқишга кирди. 1-курсни битирганидан кейин, 1980 йилнинг август ойида эса “Гулистон” журналига машинистка(ҳарф терувчи) вазифасига машҳур ёзувчи Асқад Мухтор томонидан ишга қабул қилинди. Ниҳоятда саводхон бўлгани ва топширилган вазифаларга масъулият билан ёндашгани туфайли бир йилдан кейин уни мусаҳҳиҳ вазифасига ўтказишди. Сўнгра бўлим мудири, масъул котиб вазифаларида фаолият олиб борди.
Ушбу журналдаги 22 йиллик фаолияти давомида у ўзини яхши ходим сифатида, ижобий томонларини кўрсатишга муваффақ бўлди. Асқад Мухтор, Мирмуҳсин, Оқилжон Ҳусанов, Сайёр, Эркин Аъзам каби элимизнинг суюкли ижодкорлари билан бирга ишлаш мобайнида унинг қалами янада чархланиб борди.
Ижодий фаолияти давомида республикамизда кўзга кўринган мусаввирлар, санъаткорлар(Ўзбекистон Бадиий академияси Раиси, академик Акмал Нур, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Мирзаев каби мусаввирлар, элимизнинг машҳур санъаткорлари - Озодбек Назарбеков, Юлдуз Усмонова, Ёдгор Саъдиев, Фатҳулла Маъсудов, Саида Раметова ва бошқа ўнлаб санъаткорлар) билан қилган дилбар суҳбатлари муштарийларнинг эътирофига сазовор бўлди.
2002 йилдан у хусусий газеталар (“Ҳумо”, “Сабо”)да масъул котиб, бош муҳаррир лавозимларида фаолият юритди. У қобилиятли ижодкор ва талабчан раҳбар сифатида газеталарнинг ўқимишли чиқишида, адади ошишида ўз ҳиссасини қўшди.
1993 йилдан бошлаб Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзосидир.
2018 йилда эса пенсияга чиқди, лекин шунга қарамай бугунги кунга қадар эркин ижодкор сифатида “Шифо-инфо” ва “Бекажон” газеталари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Маъпура Набиеванинг заҳматли меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. У 2000 йилда “Шуҳрат” медали, 2001 йилда “Мустақиллигимизнинг ўн йиллигига” ва 2021 йилда “Мустақиллигимизнинг ўттиз йиллигига” кўкрак нишонларига сазовор бўлган.