ҲАР БИР СОНИЯ — БИР ТУҲФА…
Ҳалима холамиз бетоб бўлиб, шифохонага тушиб қолди. Қизларим билан у кишини кўргани бордик. Шифохонадан чиқишимизда рўпарадаги бўлим томондан бир йигитнинг қаттиқ бақирганча, дод солиб йиғлаган овози эшитилди… Орадан бир неча сония ўтмай, икки аёл бирин-кетин ҳушидан кетди.
Музлаб қолдим…
Қизларим ҳам ёнимда эди. Ярим соатга яқин ўша жойда туриб қолдик. Атрофдаги инсонларнинг барчаси мен каби саросима ва қўрқув ичида эди.
Қаранг, инсон ҳаёти нақадар нозик! Баъзан биргина сония ичида шундай ҳолатга тушишимиз мумкинки, ҳатто бир-биримизни излашга, овозимизни эшиттиришга ҳам қодир бўлмай қоламиз.
Кичик қизим жуда таъсирчан. Ҳеч нарса билдирмаса-да, лаблари кўкариб, юзи оқариб кетди. Она қалби буни дарҳол ҳис қилади…
Бир оз ўзимни қўлга олиб, қизларимни бу ҳолатдан олиб чиқишга ҳаракат қилдим.
Катта қизим Кумуш эса жуда ақлли! Мени ҳам, синглисини ҳам чалғитиш учун: «Ойи, тезроқ юринглар, менинг ўқишим бор», — деб бизни ҳаракатга ундади.
Шу тариқа бекат томон йўл олдик.
Катта қизим ўқишга боришидан аввал бир манзилга кириб ўтишни таклиф қилди.
Ва мен яна бир бор англадим…
Инсон бир сонияда ҳам кулиши, ҳам йиғлаши мумкин. Баъзан биргина сонияда ҳаётнинг бутун маъноси кўз олдимизда намоён бўлади.
Умр ўткинчи… Инсонлар ғанимат… Ҳар бир нафас, ҳар бир сония — бизга берилган беқиёс туҳфа.
Шу фикрлар оғушида "Чилонзор" метро бекатига тушиб, "Халқлар дўстлиги" бекатида поезддан чиқдик.
Қандай ажойиб манзилга йўл олдик, дейсиз…
Гўё катта бир шаҳарча! Икки томонда дам олиш масканлари, савдо дўконлари, тамаддихоналар, турли миллат вакилларининг миллий ошхоналари…
Қизларим билан ширинликлардан татиб кўрдик, таомландик, атрофни томоша қилиб айландик.
Юриб-юриб, кўзимиз ажойиб бир китоб дўконига тушди. У ерда нафақат китоб харид қилиш, балки мутолаа қилиш ҳам мумкин экан.
Менда бир одат бор: қаерга бормай, албатта, бир китоб билан қайтаман.
Икки қаватли, бошдан-оёқ китобларга тўла бу маскан мени ўзига мафтун этди.
Кумуш детектив жанридаги китобларни яхши кўради. Мен эса тарихий, психологик ва тарбиявий аҳамиятга эга асарларни севаман.
Иккита китоб харид қилдик…
Китоб дўконидан чиқиб, саёҳатимизни давом эттирдик.
Ва ниҳоят, энг гўзал манзарага дуч келдик…
Ўртада анҳор, анҳор бўйида эса мусиқали фаввора…
Сувнинг шовуллаши, мусиқанинг ёқимли оҳанги, атрофдаги гўзаллик ва қизларимнинг ёнимда экани…
Бугунги оғир таассуротлардан сўнг қалбимга бир оз ором кирди.
Ҳаётнинг гўзаллиги ҳам шунда экан…
Баъзан бир воқеа бизга умрнинг қадрини англатади. Баъзан бир манзил қалбимизга таскин беради. Баъзан эса фарзандларимиз билан ўтказган оддий бир лаҳза бутун умрлик хотирага айланади.
Бугун мен учун яна бир бор англаш куни бўлди: ҳар бир сония — ғанимат. Ҳар бир инсон — азиз. Ҳар бир нафас — неъмат. Ҳар бир кун — имконият.
Ҳаётни кейинга қолдирмайлик… Яқинларимизни қадрлайлик… Гўзалликни кўришни унутмайлик… Зеро, ҳар бир сония — бизга берилган бир туҳфа.
Дилноза НАЗИРОВА