МЕН КЕТАМАН


МЕН КЕТАМАН

Мен кетаман.
Мен бошқача бўлолмайман.
Кутманг дилни турланишин,
Мен кетаман.
Чунки сизни севолмайман.
Кутманг мени ўзгаришим.
Мен кетаман.
Севманг.
Кутманг.
Мен қайтмайин,
Мен кетаман.
Севишимни ҳеч айтмайин.
Жазо бўлсин,
Сизсиз яшаш балки менга.
Надоматдир.
Жароҳатдир балки дилга.
Оҳ, нетаман?
Лек кетаман.
Мен қийнадим.
Чунки жоним бир азобда.
Менмас.
Сизмас.
Икки юрак изтиробда.
Ўтаяпти бу умримиз бир саробда,
Мен кетаман.
Мен бу жойда қололмайман,
Тутқун мисол.
Қалбимга ўт сололмайман,
учқун мисол.
Бир кун аниқ топмай завол,
Берманг савол.
Мен кетаман.

21.03.2022 йил.

Кўнгил қушим

Нечун кўнгил қушим кўзёш тўкасан?
Қани у найдаги ширин овозинг?
Нега озорланиб оҳлар ютасан,
Қани у бахтиёр сармаст парвозинг?

Кўнгил қўшим келгин, кўнгин тақдирга,
Чиройингни қайтиб олгин баҳордан.
Вужудингни бўяб рангпар сабрга,
Хайрлисин сўра Парвардигордан.

Кўзларинг қарида беркитма ғамни,
Қуёшда қўним топ, ойда ором ол.
Кетар йўлларингдан ўчирма шамни,
Йўқотган бахтинг топ, кўнгилга қўл сол.

Арзимас дунёнинг дардларин унут,
Дилнинг дафтарига ёзма шикоят.
Кўзёшларингни арт, патларинг қурут,
Ҳар неки Аллоҳдан айла ҳидоят.

Сабримни синама савдоларинга,
Нолима, нолишга бермайман кучим.
Чўктириб мени ҳам дарёларинга,
Йиғлама, йиғлама, эй кўнгил қушим.

Йигит қизни маҳзун ўйлаганидек,
Тоғ ортидан қуёш бўйлаганидек,
Музлаган дарахтлар гуллаганидек,
Менинг ҳам қалбимга келади баҳор.

Оҳулар қалбимда гўзал боқади,
Анҳорлар қалбимда шошқин оқади,
Булбуллар хониши қалбим ёқади,
Менинг ҳам қалбимга келганда баҳор.

Капалаклар ўйнар дилим гулларин,
Майсалар безайди дилим йўлларин,
Аллоҳ силаб бошин маъсум қўлларин,
Менинг ҳам қалбимга келади баҳор.

Меҳмонларим бўлиб кўм-кўк ялпизлар,
Гул сайли қилишиб йигит ва қизлар,
Атроф тўла дўстлар, меҳрли кўзлар,
Менинг ҳам қалбимга келади баҳор.

Юлдузлар ёритар кўксим осмонин,
Қалдирғочлар йўқлар кўнглим айвонин,
Нур билан безайди икки жаҳоним,
Менинг ҳам қалбимга келади баҳор.

Латофат Тошева Набижон қизи










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот