ОНА... МЕН КЕЛДИМ...
Эртага меҳрибоним онам тўқсон ёшга кирадилар. Бу кеча негадир кўзимга уйқу илинмади.
Тўқсон йил...
Бу рақамни тилга оламану юрагим титрайди.
Кўз ўнгимдан онамнинг бутун умри кинотасмадек ўта бошлайди.
Қучоғида чақалоқ, қўлида кетмон...
Ярим кечаси ипак қуртига тут барги солиб бедор, беором юрган аёл...
Касал эрнинг бошида ўтирган рафиқа...
Ўн икки фарзанднинг ризқини деб тандир олдида терга ботган она...
Бугун эса қўлида кичик ҳассаси билан аста юрадилар.
Баъзан узоқдан қараб қоламан.
Ҳатто ўша ҳасса ҳам онамга ўхшаб кетган.
Камтар, сабрли, сокин. Ҳеч кимга оғирлигини солмайдиган...
Эртага мен довон ошиб водийга кетаман.
Дарвозадан киришим билан ҳар доимгидек:
– Она... мен келдим... – дейман.
Қўлларидан ҳассаларини оламан.
Кўк чой қуйиб узатаман.
Ёнларига жимгина ўтираман.
Қайта-қайта айтадиган ҳикояларини яна биринчи марта эшитаётгандек тинглайман.Кўзларига тўйиб-тўйиб қарайман.
Чунки... Ҳаммага ҳам табаррук ёшдаги онасининг қўлини ушлаш бахти насиб этмайди.
Менга насиб этди, шукур!
Тўқсон йил аввал Абдужалил бобо ва Кароматхон аянинг оиласида туғилган қизалоққа Зулфияхон, деб исм беришган. Ҳеч ким билмаган эди, кунлар келиб ўша мунчоқ кўзли қизалоқ ўн икки фарзанднинг онаси бўлишини. Саккиз ўғил, тўрт қизнинг умрига устун бўлишини. Ўнлаб невараю чевараларнинг дуогўйига айланишини... Қизларидан бири унинг ҳаётидан китоблар ёзишини...
Ҳеч ким билмаган. Фақат Яратганимга аён бўлгани рост.
Ота уйимизда эдим.
Ҳовлига чиқиб кетиб ҳаяллаб қолган онамдан хавотирланганимни кўрган укам кулиб:
– Опа, хавотирланманг. Бувим товуқларини тиббий кўрикдан ўтказяптилар, – деди. Ҳовлига чиқсам, онам ҳар битта товуқни қўлларига олиб, қатиқ билан тайёрланган дармондорини мажбурлаб оғзига томизяптилар.
Мен ҳазиллашдим:
– Онажон, маҳаллада фақат сизнинг товуқларингизга касал тегмасмиш. Сирини бошқаларга ҳам айтдингизми?
Онам кулиб қўйдилар.
– Айтдим, болам. Ўзим кириб дори ҳам тайёрлаб бердим. Аммо ҳамма ҳам ҳафсала қилмайди-да!
Кейин товуқни авайлаб ерга қўйдилар-да, секин дедилар:
– Болам, тухумидан жўжа очириб, қисматига шерик бўлганимдан кейин тил-забони йўқ бу жониворларга меҳр кўрсатмасам, Худонинг олдига борганда нима дейман?.. Мен жим қолдим. Бу савол менга эмас, менинг виждонимга берилган эди.
Кун қиялай бошлаганда онамни яна ўчоқ бошида кўрдим.
Катта қозонда овқат қайнаяпти.
– Шунча овқатни ким ейди? – дедим.
У киши худди энг оддий ишни айтаётгандек:
– Бизга эмас, болам. Маҳаллада беморлар, кексалар бор. Бир косадан таом илиниб ҳолидан хабар оламиз, – дедилар.
Кейин сандиқларини очдилар.
– Бу рўмолни Жаннатхон аянгга олиб чиқ. “Тошкентдан атайлаб сизга олиб келдим”, дегин. Қувониб кетади, шўрликнинг қизи йўқ.
Яна бир кўйлаклик чиқардилар.
– Буни Тожихон дугонангга бер. Қизгина бутун умрини онасига, укаларига бағишлади. Сен келгунингча кўп сўрайди, келганингни эшитса ҳам кирмайди. Кўнгли нозик-да...
Мен эса онамга қараб ўтирардим.
Онамнинг сандиғида ўзлари учун йиғилган нарса кам эди.
Аммо бошқалар учун, ҳамиша бир нима тайёр турарди.
Ўшанда илк бор англадим.
Онамнинг сандиғи ҳам юракларига ўхшар экан.
Ичида ўзларидан кўра бошқалар кўпроқ яшайдиган дарё юрагига.
Мен онамдан меҳр ҳақида ҳеч қачон насиҳат эшитмаганман.
Онам меҳрни яшаганлар. Биз эса қараб туриб ўрганганмиз.
Бир куни ток соясида ўтиргандик. Қарасам, онам бир бурда нонни майдалаб, ликопчага соляптилар. “Тишларига оғирлик қилмасин деб нон ивитмоқчилар”, деб ўйладим. Онам нигоҳимни илғадилар.
Кулиб:
– Ҳа, болам, "қайсар кампир яна ўзига нон ивитиб ейди", деб ўйлаяпсанми? Ҳозир бунинг эгасини кўрасан, – дедилар.
Ўринларидан туриб, гуллар орасига бордилар.
Нон ушоқларини бир идишчага тўкиб қайтиб келдилар.
Орадан ҳеч қанча ўтмай, ток шохлари орасидан бир мусича боласи учиб тушди.
Бир оёғи йўқ эди. У оқсоқланиб келиб донлай бошлади. Ҳайрон бўлиб қараб турсам, онам гап бошладилар.
– Бу ҳам Худонинг бир махлуқи-да, болам... Ҳали қаноти чиқмаганида гуллар орасида ётарди. Бир оёғи йўқ. Ерда қолса мушук ейди деб жиянинг билан ток шохига ин қуриб бердик. Бир оз жим қолдилар.
Сўнг ўша мусичага айтган гапларини менга ҳам айтиб бердилар. – Аввалига учолмасди. Бир куни қараб туриб унга дедим:
"Сен билан тенг кўз очганлар аллақачон осмон кезиб юрибди. Сен ҳам урин. Оёғинг битта бўлгани билан қанотинг жуфт яралган. Сени инидан улоқтирганлар учун ҳам улардан баландроқ уч, болажон..."
Онам кулиб қўйдилар.
– Балодек гапимни тушунди. Аввал йиқилди. Яна уринди. Яна қанот қоқди. Охири... осмонга кўтарилди... Мен эса бошимни эгдим. Кўзимга ёш келганини онам кўрмасин, дедим. Ўша куни англадим...
Онам мусичага эмас, бизга яшашни ўргатаётган эканлар.
Дадам раҳматли синиқчи-табиб эди.
Ярим кечаси йиғлаб келган гўдакни кўтариб келишса, онам дархол тухумли иссиқ малҳам тайёрлардилар. Бемор тинчланиб ухлагандан кейин, хонтахта устида қолдирилган "қўл ҳаққи"ни билдирмай онасининг чўнтагига солиб қўйдилар.
Мен бир куни чидаёлмай:
– Она, бойлам учун мато, тухум – ҳаммаси ўзингиздан. Нега пулни қайтариб беряпсиз? – дедим.
Онам менга узоқ қараб турдилар.
Сўнг секин дедилар:
– Кенг бўл, болам... Аёлнинг рангида қон йўқ. Калиши ҳам титилиб кетибди. Шундай одамдан пул олиб бўладими? Ўша пул кимга барака қилади?
Шу бир оғиз гап... Яна юрагимга муҳр бўлиб босилди.
Бу ҳаёт онамни ҳам аяган эмас.
Йўқчилик кўрдилар, заҳматлар чекдилар.
Аммо ер юзидаги энг оғир дард – фарзанд доғини ҳам кўтардилар.
Уч фарзандларини ўз қўллари билан тупроққа қўйдилар.
Мен эса бир куни улар билан қабристонга бордим.
Ичимда битта қўрқув бор эди.
"Энди онам дод солиб йиғласалар нима деб юпатаман?..."
Аммо онам...
Қуръон тиловат қилдилар.Узоқ дуодан кейин секин дедилар:
– Она қабр бошида фарёд урса, берган сутига, нон-тузига рози бўлмаган онадек фарзандининг руҳи чирқирар экан. Борар манзилимиз охират уйи. У ерда яна кўришамиз. Мен улардан розиман. Аллоҳ ҳам улардан рози бўлсин...
Ўша куни сабрни кўрмадим. Мен иймонни кўрдим.
Эртага онам тўқсон ёшга кирадилар.
Мен яна довон ошиб водийга кетаман.
Дарвозадан кириб, ҳар доимгидек:
– Она... мен келдим... – дейман.
Ҳассаларини қўлларидан оламан.
Чойларини қуйиб узатаман.
Қўлларини узоқ ушлаб ўтираман.
Чунки мен энди яхши биламан...
Менинг энг катта бойлигим – ёзган китобларим ҳам эмас,
Топган молу дунёим ҳам эмас, менинг энг катта бойлигим – салкам бир аср яшаган онамнинг "Болам...", деб бошлайдиган овозлари.
Азиз дўстлар, эртага онамнинг таваллуд куни. Меҳрибонимга Яратганим икки дунё саодатини берсин. Биламан, дуодасиз. Аллоҳим Сизларга ҳам онам каби сиҳат-саломатлик, хотиржамлик ва баракали умр берсин.
Ўзимга эса Роббимдан яна кўп йиллар уйимиз остонасидан кириб:
– Она... мен келдим... – дейиш бахтини тилайман.
Мунаввара УСМОНОВА – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журнали Бош муҳаррири, шоира.