НОДИРАБЕГИМ БЎЛИШ АРМОНИ...


Доно Бобохонова хотирасига

     Инсон ҳаётида шундай орзулар бўладики, уларга етишиш учун бутун умр интилади. Айримлари рўёбга чиқади, айримлари эса юракнинг энг чуқур қатламларида армон бўлиб қолади. 
    Санъаткор тақдирида бундай армонлар янада оғирроқ кечади. Чунки актёр ёки актриса учун ижро этилмаган биргина образ ҳам баъзан бутун бир ижодий умрнинг энг катта саволига айланиши мумкин.
    Доно Бобохонова ҳам ана шундай орзуси қалбида қолган санъаткорлардан эди. Унинг Нодирабегим образини саҳнада гавдалантириш истаги бор эди. Аммо бу орзу рўёбга чиқмади... 
     Бугун актриса хотирасини ёдга олар эканмиз, унинг ижодий мероси билан бирга, қалбида яшаган шу армонни ҳам эслаймиз. Зеро, баъзан санъаткорнинг ижро этган ролларидан ташқари, ижро этишни орзу қилган образи ҳам унинг ички оламини англашга калит бўлади.
     Доно Бобохонова — Данисия Даяновна Бабаханова 1946 йил 20 ноябрда Қозоғистонда таваллуд топган. 1970 йили Тошкент давлат Театр ва рассомлик институтининг «Мусиқали театр актёрлиги» бўлимини тамомлаган. Ижодий фаолиятини 1968 йилда «Ёш гвардия» театрида бошлаган. Кейинчалик Ўзбекистон давлат Драма театри саҳнасида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди.
    Унинг актрисалик маҳорати йиллар давомида саҳнада яратган турфа характерларида намоён бўлди. «Дийдор»даги Оймомо, «Ўн саккиз ёшлигим»даги Муҳаббат, «Биринчи бўса»даги Чарос, «Учинчи орзу»даги Вера, «Қайтар дунё»даги Хатира, «Сўнаётган юлдузлар»даги Соня, «Тинмасин соз»даги Раҳима, «Ассалому алайкум, қизлар»даги Анушахоним, «Гуноҳкор авлиё»даги Лиза, «Отасининг қизи»даги Ҳакима — булар актрисанинг саҳнада яратган кўплаб образларидан айримларидир.
    Унинг ижодий йўлида она образлари ҳам алоҳида ўрин тутган. «Чеча», «Нон, қон, инсон», «Аёл», «Аяжонларим», «Ҳаёт барибир гўзал» каби спектакллардаги роллари орқали актриса инсон тақдирининг турфа қирраларини саҳнага олиб чиқди. «Кураш момо»даги Кураш момо, «Маъмура кампир»даги Салтанат, «Аросат изтироби»даги Моҳинисо, «Бир севги ривояти»даги Илдизмомо каби образлар эса унинг ёш, характер ва руҳий ҳолат жиҳатидан бир-биридан фарқ қилувчи қаҳрамонларни ижро этганидан далолат беради.
    Доно Бобохонова фақат театр саҳнаси билан чекланиб қолмади. Кино ва экранда ҳам турфа характерларни гавдалантирди. «Бозор кўрмаган йигит»даги она, «Аразласанг, ўламан»даги қайнона, «Чол ва набира»даги Собира, «Тилим қурсин»даги совчи каби роллари унинг экран ижодидаги изланишларини намоён этади.
     1996 йили унга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» фахрий унвони берилди. Кейинчалик «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. Бу эътирофлар унинг кўп йиллик ижодий меҳнатига берилган муносиб баҳо эди.
   Бироқ санъаткор тақдирининг ҳамма қирраларини унвон ва мукофотлар билан ўлчаб бўлмайди. Ҳар бир ижодкорнинг қалбида фақат ўзига тегишли бир орзу, бир образ, бир айтилмай қолган гап бўлади. 
      Доно опанинг Нодирабегим бўлиш истаги ҳам ана шундай қалб сирларидан бири эди. 
     Биз бу армон ҳақида «Моҳларойим» новелласида ҳам фикр юритганмиз. Унда санъаткорнинг ижодий орзуси, саҳнада гавдалантиришни истаган тарихий сиймо ва инсон тақдирининг мураккаблигига бадиий нигоҳ билан ёндашганмиз. Энди эса актриса ҳаётдан кўз юмгач, ўша орзу ҳақида ўйлар эканмиз, унинг маъноси янада теранроқ сезилади. 
     Нодирабегим образи саҳнада яратилмаган бўлиши мумкин, аммо бу истак Доно опанинг ижодий хотирасида яшаб қолди.
      2026 йилда Доно Бобохонова ҳаётдан кўз юмди. Бугун, 20 ноябрь — унинг таваллуд санасида, биз санъаткорни яна бир бор меҳр ва эҳтиром билан ёдга оламиз. У саҳнада кўплаб қаҳрамонлар тақдирини яшади, турли характерларни гавдалантирди, томошабинлар хотирасида ўз изини қолдирди. 
     Энди эса унинг ўз тақдири, ижодий йўли ва армонлари ҳақида гапириш навбати бизга келди.
    Доно опа, Сиз орзу қилган Нодирабегим образи саҳнада Сизга насиб этмади. Аммо санъаткорнинг қадри фақат ижро этган роли билан эмас, балки санъатга олиб кирган қалби, меҳнати ва инсонлар хотирасида қолдирган изи билан ҳам ўлчанади. 
     Сиз яратган образлар, саҳнадаги меҳнатингиз ва ижодий хотирангиз яшайверади. Руҳингиз шод, охиратингиз обод бўлсин!

Камоли эҳтиром ила – Музаффар Муҳаммадназар.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот