ХОТИРАГА МУҲРЛАНГАН МУЛОҚОТЛАР
Яхшилар ёдиХОТИРАГА МУҲРЛАНГАН МУЛОҚОТЛАР
Элимизнинг ардоқли санъаткори, комик роллар ижрочиси Эргаш Каримовнинг элда эътибор топиши, назаримда, кўп жиҳатдан “Телеминиатюралар театри”нинг ташкил топиши ва ривожланиши билан боғлиқ.
1958 йилда Тошкент давлат театр ва рассомчилик институтининг “Актёрлик” факультетини тамомлаган актёр Сурхондарё вилоят театри, кейинроқ Абдулла Қаҳҳор номидаги Сатира саҳнасида ҳам қатор ролларни маҳорат билан ижро этган бўлса-да, кенг халқ оммаси уни телеминиатюралардаги ранг баранг роллари орқали таниди, чин муҳлис бўлди, чиқишларини интизорлик билан кутадиган бўлди.
1960 йилларнинг охири, 1970 йилларнинг бошларида расман шаклланган мазкур кўрсатув ўзбек телевидениеси тарихидаги энг муваффақиятли, узоқ “умр кўрган”, севимли дастурлардан бири бўлиб қолди. Кўрсатувнинг мақсади жамиятдаги, инсонлар феъл-атворидаги иллат ва қусурларни ўткир сатира ва енгил юмор воситасида фош қилиш, одамлар кулдириш орқали мушоҳадага чорлаш эди.
Кўрсатув халқ орасида катта шуҳрат топди. Бунда шубҳасиз унинг ташкил топишида бош-қош бўлганлардан бири, кейинчалик унинг бадиий раҳбари бўлган маҳоратли актёр, режиссёр Эргаш Каримовнинг ҳиссаси ниҳоятда катта бўлганлигини унинг ҳамкасблари ҳам, оддий томошабинлар ҳам бирдай эътироф этишади.
Эргаш ака содда, самимий инсон эди. Ижролари ҳам табиий, муболаға ва бўрттиришлари ҳам ўзига ярашиб турарди. Сўзлар ва иборалардаги аниқ-тиниқликка эътиборли эди, назаримда. Табиатан ноҳақликларга муросасиз, эзгуликларни тарғиб этувчи, кулдириб ўйлатувчи санъаткор эди. Одамлар уни жиддий ролда кўрса ҳам юзига табассум югурарди.
Хусусан ўша йиллари яратилган “Олиқ-солиқ”, "Имтиҳон", “Синовчи-ичувчи”, "Лампа шиша", "Пахтакор ютганда ва ютқизганда", "Тошкент пиёласи", "Жорж – морж", “Биринчи муҳаббат” сингари миниатюралар халқ ўртасида катта шуҳрат қозонди, уларнинг муаллифлари ва ижрочилари ҳам жамоатчилик назарига тушди.
Телеминиатюралар тўпламидан иборат “Учрашув” фильми унга катта шуҳрат келтирган энг машҳур асарлардан бири. Элга манзур бўлган бу фильм телеэкранларда ҳамон бот-бот намойиш этилади ва кўпчилик севиб томоша қилади.
Эргаш Каримовнинг “Шум бола”, “Еттинчи ўқ”, “Абу Райхон Беруний” фильмларидаги ролларини ҳам томошабинлар яхши эслашади.
Бетакрор истеъдод соҳибининг “Наштар” киножурналидаги роллари, “Табассум” радиожурналидаги чиқишлари ҳам муҳлислар қалбидан жой олган.
Яхши эслайман, Эргаш Каримов 2002 йил баҳорида Абдулла Қаҳҳор номидаги сатира театри актёрлари гуруҳи таркибида институтимизга келган эди. Шу даврда мен Андижон қишлоқ хўжалик институти Маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи эдим. Шу боис ҳам жамоа аъзоларига меҳмон санъаткорларни таништиришимга тўғри келган ва табиийки, чиқишларини ўзим севиб томоша қиладиган устоз санъаткор Эргаш Каримов ҳақида ҳам илиқ фикрлар билдирганман.
Ўшанда кўп сонли талаба ёшлар, профессор-ўқитувчилар ва ходимлар санъаткорларнинг, айниқса Эргаш Каримов ва Роза Каримовларнинг чиқишларини мамнуният билан қабул қилганлар, олқишлаганлар ва узоқ вақт бу унутилмас учрашув таассуротларини эслаб юрганлар.
Ўзим тадбирдан сўнг севимли актёримга ўша йиллари чоп этилган “Тўқайга ўт тушса” китобимни совға қилдим, ижодий ишлар, режалар ҳақида анча суҳбатлашдик. Гапларимиз тугамади шекилли, Эргаш ака эртасига концерт бериладиган манзилда учрашишни таклиф этдилар. Кейинги куни Андижон шаҳридаги “Юбилейний” санъат саройида яна бир бор концерт томоша қилдик, гурунглашдик, эсдалик учун суратларга тушдик. Ҳар икки тадбир давомида халқимизнинг севимли санъаткорига эҳтироми ниҳоятда юқорилигининг гувоҳи бўлганман.
Ўшанда Эргаш ака менга теминиатюраларни янада ривожлантириш учун янги муаллифлар, янги ҳажвия, ҳангома ва интермедиялар зарурлиги таъкидлаган, айрим ҳажвларим билан “Муштум” журнали, “Табассум” радиожурнали орқали таниш эканликларини айтиб, янада фаолроқ ижод қилишга даъват қилгандилар.
Орадан икки йиллар ўтгач Тошкентга йўлим тушиб Эргаш ака билан кўришиш учун Ўзбекистон телевидениесига бордим. Жуда хурсанд бўлдилар, фоедаёқ қисқагина суҳбат қилдик, янги чоп этилган “Бедаво дарднинг давоси” китобимни совға қилдим.
Ўзбекистон халқ артисти Ҳусан Шарипов ҳам бирга эканлар, “Менгачи?” деб сўраб қолдилар. Китобни фақат бир дона олиб келганим учун узр айтиб, кейинроқ етказишни ваъда қилдим. (бироқ бу ваъда бажарилмай қолиб кетди).
Китобдаги ҳажвиялардан телеминиатюраларда фойдаланамиз, дейишди. Кейинроқ айрим асарларим асосида телеминиатюралар намойиш этилди ҳам. Бироқ у даврларда уларни ёздириб олиб қўйиш имкониятлари каммиди ёки ўзимизнинг ҳафсаласизлигимизми сақлаб қўёлмаганмиз.
Ҳамюртим, шоир Мурод Раҳмон, устозим, таниқли адиб Саъдулла Сиёев бу даргоҳда хизмат қилган даврларда ҳам телеминиатюрачилар билан ҳамкорлик қилиб турдим.
Кейинроқ ҳажвчи адиб Саид Анвар, режиссёр Риҳсивой Мирзааҳмедовларнинг таклифи билан “Маҳалла” телеканалида қайта тикланган телеминиатюралар театрида ҳамкорлигимиз анча анча самарали ва баракали бўлди.
Ҳозиргача ўттиздан ортиқ ҳажвия, ҳангома, интермедияларим “Телеминиатюралар театри”да тасвирга олинган, намойиш этилган, ҳамон бот-бот намойиш этиб турилган бўлса, буларнинг барчасида ўша буюк инсон, телеминиатюралар устаси, Ўзбекисон халқ артисти, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Эргаш Каримов билан мулоқотлар жараёнида айтилган фикрлар, маслаҳатлар ва тилакларнинг таъсири бўлган деб ўйлайман.
Халқимиз ўз истеъдодли фарзандларини унутмайди, эъзозлайди. Телеминиатюралар устаси, бетакрор истеъдод соҳиби Эргаш Каримов 2021 йилда (вафотидан кейин) “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
“Бу гулшан ичра йўқдир-ки бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур қолса яхшилик била от”, дейдилар ҳазрат Навоий бобомиз.
Бетакрор истеъдоди, фидокорона меҳнати билан яхши ном ва баракали маънавий мерос қолдирган улкан санъаткор Эргаш Каримовни хотирлар эканмиз, руҳлари шод, охиратлари обод бўлсин, деймиз.
Ҳабиб СИДДИҚ,
Ўзбекистон ва Қирғизистон Ёзувчилар уюшмалари аъзоси,
“Дўстлик” ордени, “Шуҳрат” медали соҳиби.