Инна Чурикова (1943–2023)


     Инна Чурикова — ўзининг ёрқин ва ўткир характерли роллари билан танилган, миллионлаб томошабинларнинг севимли актрисаси, театр ва кино юлдузига айланган. Узоқ ва муваффақиятли ижодий фаолияти давомида актриса собиқ иттифоқ халқ артисти унвонига сазовор бўлган ҳамда иттифоқ ва Россия давлат мукофотлари совриндорига айланган.
    Актриса 1943 йилнинг 5 октябрида Бошқирдистон ҳудудидаги Белебей шаҳрида таваллуд топган. Унинг оиласи санъатдан йироқ бўлиб, бутун умрини ер меҳнатига бағишлашган: отаси Михаил Кузьмич агроном, онаси Елизавета Захаровна эса агрохимик ва тупроқшунос бўлиб ишлаган. Актриса ҳали гўдаклигида-ёқ ота-онаси ажрашиб кетишган ва у онаси билан бирга туғилган шаҳрини тарк этган.
    Инна болалигида онаси билан Москвага кўчиб ўтиб, доимий яшаб қолгунига қадар тез-тез манзилини ўзгартириб туришган. Улар камтарона ҳаёт кечиришар, турмуш тарзи ўша даврдаги бошқа оилалардан алоҳида ажралиб турмасди. Елизавета Захаровна Москва ботаника боғига ишга жойлашди. Онаси бутун борлиғи билан ишга берилиб, болани уйда ёлғиз қолдиришга мажбур бўларди.
    Инна хаёлпараст бўлиб ўсди, у тез-тез ўзини малика ёки онаси овозини чиқариб ўқиб берадиган (ёки ўзи ўқийдиган) ҳикоялар қаҳрамони сифатида тасаввур қиларди. Болалигида у бошқа тенгдошларидан ҳеч нарсаси билан ажралиб турмасди.
     Чурикова илк бор саҳнага болалар ёзги оромгоҳида чиқиб, у ердаги спектаклда иккинчи даражали ролни ижро этган. Ўшандан бери актриса бўлиш орзуси уни бутунлай қамраб олди. 9-синфда Инна Константин Станиславский номидаги театр ҳузуридаги театр студиясига ўқишга кирди. Машҳур актёр Лев Елагин унга устозлик қилиб, актёрлик иқтидорини очишга ёрдам берди. Қиз қунт билан ўқийдиган талаба бўлиб чиқди — у ҳатто кичик ролларни ҳам ўйнашга тайёр эди, фақат оммавий саҳналар иштирокчисига айланиб қолмаслик учун ҳамма нарсага тайёр эди.
     Мактабни тамомлагач, Чурикова бир нечта театр институтларига ҳужжат топширди. МХАТ мактаб-студиясида имтиҳон олувчилар абитуриентдан шеър ўқиб беришни сўрашганида, ёш актриса онаси маслаҳат берганидек кўзларини юмиб, Александр Пушкин шеърларини ўқиб берган. Қабул комиссияси қизни калака қилиб кулишган ва Инна ўқишга кира олмаган. Шундан сўнг у Шчепкин билим юртига борган, аммо у ерда ҳам ўқитувчиларга ташқи қиёфаси ёқмаганлиги сабабли уни қабул қилишмаган.
    Ниҳоят у кетма-кет муваффақиятсизликлардан сўнг, Шчукин билим юртига имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, Леонид Волков ва Павел Циганковнинг актёрлик курсига қабул қилинган. 1965 йилда Инна ушбу машҳур таълим муассасасини имтиёзли диплом (қизил диплом) билан тамомлаган.
     1965 йилда билим юртининг ёш битирувчисини олис Камчаткадаги театрга ишга тақсимлашган, аммо бу ерда онаси аралашган. У ягона қизи Москвада қолиб яшаши учун бор имкониятини ишга солган. Чурикова Москва театрларига саралашларга қатнай бошлаган. Актриса ўзининг севимли санъаткорлари Татьяана Пельтцер ва Виталий Доронин ўйнайдиган машҳур Сатира театрига тушишни жуда хоҳларди. Аммо Иннани у ерга олишмайди, М. Н. Ермолова номидаги театрда ҳам шундай қисматга дуч келади. Ниҳоят, у курсдошлари билан бирга Ёш томошабинлар театрига (ТЮЗ) бориб, труппадан тўлақонли жой олади.
    Ёшлигида актриса фақат иккинчи даражали қаҳрамонларни, жумладан, ҳайвонлар ва Ялмоғиз кампир каби комедик образларни ўйнади. «Қамоқхона девори ортида» психологик спектаклидаги иштироки сабабли театр танқидчилари актрисанинг қобилиятини пайқаб қолишди. Ёш томошабинлар театрида Чурикова 3 йил ишлади, шундан сўнг у кинода фаол суратга туша бошлаб, театр спектаклларида фақат ёндош тарзда иштирок этиб турди.
     Оламга машҳур актриса театрга 1973 йилда, кинода аллақачон муваффақиятли роллар яратиб бўлганидан сўнг қайтди. Москвадаги «Ленком» театри раҳбари Марк Захаров иқтидорли актрисага «Тиль» пьесасида роль таклиф этди ва у 1974 йилда ушбу роль билан театр саҳнасида пайдо бўлди. Вақт ўтиши билан Инна театрнинг етакчи актрисаларидан бирига айланди: у «Уйланиш» саҳна асарида Фёкла Ивановна, «Ҳамлет»да Офелия ва Гертруда, «Чайка»да Аркадина ва бошқа кўплаб ролларни ижро этди.
    Чурикованинг бошқа театрларда ҳам лойиҳалари бор эди. Жумладан, 2003 йилда Москва давлат Эстрада театрида Ричард Баэрнинг шу номли пьесаси асосида «Муштарак туйғулар» (Смешанные чувства) номли нафис комедия намойиш этилди. Актрисанинг саҳнадаги шериги Геннадий Хазанов бўлди. Спектакль Елена Черкасская хотирасига бағишланган эди.
    2017 йилда Миллатлар театрида, 2019 йилда эса Вахтангов театрида Глеб Панфиловнинг «Аудиенция» спектакли премьераси бўлиб ўтди. Унда бош қаҳрамон — Британия қироличаси Елизавета II ролини Инна Михайловна ижро этди. Пьеса сюжети тождор шахснинг 1952 йилдан бошланган ҳукмронлик даврини қамраб олади. Постановка йилнинг муҳим воқеасига айланди. Бунга қадар пьеса Лондоннинг «Гилгуд» театри ва Бродвей саҳналарида намойиш этилган эди.
    Унинг сўнгги жиддий ролларидан бири «Аквитания урғочи шери» (Аквитанская львица) спектаклидаги Алиенора Аквитанская роли бўлиб, у ушбу роль билан илк бор 2011 йилда саҳнага чиққан эди. Спектакль актриса умрининг сўнгги кунларигача томошабинлар орасида жуда оммабоп бўлди. Шунингдек, уни Алехандро Касонанинг «Дарахтлар тик туриб вафот этади» пьесаси мотивлари асосида саҳналаштирилган «Нажот йўлидаги ёлғон» драмасида буви образида кўриш мумкин эди.
     2020 йил октябрь ойида Москва ҳукуматининг пойтахт театрларига 65 ёшдан ошган актёрлар ўз-ўзини изоляция қилишга кетишлари учун репертуарни қайта кўриб чиқиш бўйича берган тавсияси муносабати билан, «Ленком» театри директори Чурикова иштирокидаги сара спектаклларни жорий репертуардан олиб ташлади. Шу билан бирга, Инна Михайловна Вахтангов театри саҳнасида «Аудиенция» спектаклида чиқишни давом эттирди.
     2021 йилда ОАВда Ермолова номидаги театрдан бўшатишлар ҳақидаги маълумотлар муҳокама қилинганда, Инна Михайловна шов-шувли изоҳлар бермади ва бадиий раҳбар Олег Меньшиковни яхши мутахассис деб атади. Аммо артист Лия Ахежакова атрофидаги вазиятга бефарқ қараб тура олмади. Гап шундаки, «Биринчи нон» спектакли намойиш этилгач, у ноанъанавий жуфтликни тарғиб қилишда айбланган эди. Чурикова бунинг ўта адолатсизлик эканини айтиб, ҳамкасбига ушбу оғир дамларни матонат билан енгиб ўтишни тилади.
     Кинода Чурикова илк бор Шчукин билим юрти талабаси бўлган кезларида-ёқ пайдо бўлган. 1960 йилда унга Василий Ординскийнинг суратга олган «Борск тепасидаги булутлар» фильмида Райка ролини ўйнаш таклиф этилди. 3 йилдан сўнг актриса «Москва бўйлаб кезаман» лентасидаги эпизодик исмсиз роли орқали экранда кўриниш берди. Айнан шу лаҳзадан унинг кинематографдаги ижодий таржимаи ҳоли бошланди.
     1964 йилда актриса ўзига собиқ иттифоқ ва хорижда машҳурлик келтирган ролни ўйнади. У болалар учун мўлжалланган «Аёз бобо» фильм-эртагида Марфуша ролини ўйнашга таклиф қилинди. Дастлаб бу роль учун Тамара Носова саралашдан ўтаётган эди, аммо режиссёр афзалликни эндигина ижод бошлаётган актриса Чуриковага берди. Фильмда актриса чўчқа минишига тўғри келди, қаҳрамони олма еб, орқасидан сут ичадиган эпизодда эса зарур маҳсулотлар йўқлиги сабабли бир нечта дубль давомида пиёз ейишга ва сув солинган сутли ичимликни ичишга мажбур бўлган.
     Чурикова телевизорда ўзини илк бор Марфуша қиёфасида кўрганида, ўз ташқи кўринишидан даҳшатга тушди ва ҳатто кинони бутунлай тарк этиш ҳақида ўйлади. Аммо ушбу персонаж туфайли ёш актрисани режиссёрлар пайқаб қолишди ва уни бошқа комедик ролларга таклиф қила бошлашди.
     1966 йилда актрисага ёш режиссёр Глеб Панфиловнинг «Ленфильм»да суратга олинаётган «Оловда кечув йўқ» (В огне брода нет) дебют картинасида бош қаҳрамонни ўйнаш таклиф этилди. Режиссёр марказий образ ижрочисини узоқ қидирди, аммо даъвогарлар тўғри келмасди. Ёш Иннани Панфилов тасодифан телеэкранда кўриб қолди ва уни топдирди. Режиссёр ассистентлари актрисанинг сурати билан Ленинграддаги сара театр студиялари ва институтларини айланиб чиқишди. Қизнинг москвалик экани Панфиловнинг хаёлига ҳам келмаган эди. Кейинчалик, Ролан Биков билан суҳбатда қизнинг исмини билиб олгач, режиссёр унга сценарийни юборди. Чурикова саралашга келишга рози бўлди ва ролга тасдиқланди.
     Суратга олиш ишлари ўша йили бошланди. Панфилов суратга олиш майдончасида импровизацияга бемалол йўл қўярди, баъзи саҳналар кинолента яратилиши жараёнида ўзгартириларди. Шунга қарамай, фильм тайёр бўлгач, у шафқатсиз цензурадан ўта олмади. Сиёсий бюро аъзоларига сўзма-сўз ҳамма нарса ёқмади: бош қаҳрамоннинг ноодатий ташқи кўринишидан тортиб, урушнинг очлик даври ҳаддан ташқари ҳаққоний акс эттирилган саҳналаригача. Премьера бир йилга кечиктирилди ва кенг жамоатчилик лентани фақат 1968 йилда кўришга муваффақ бўлишди.
    1966 йил актриса учун омадли келади. Бутун иттифоқда оммалашган «Тутқич бермас қасоскорлар» (Неуловимые мстители) бадиий фильмини суратга олиш ишлари бошланди. Машҳур картинада унга машҳур Малласоч Жози (Белокурая Жози) роли тегди.
     Аста-секин Чурикованинг Панфилов билан узоқ ва маҳсулдор ижодий иттифоқи бошланди. 1970 йилда экранга режиссёрнинг навбатдаги «Бошланиш» (Начало) фильми чиқди. Актриса бирданига иккита ролни ўйнади: бош қаҳрамон, тўқувчи ва ҳаваскор актриса Паша Строганова ҳамда Жанна д'Арк роллари.
     Чурикованинг ижроси танқидчилар томонидан юқори баҳоланди: ўша йили «Советский экран» журнали уни энг яхши актриса деб тан олди, бир йил ўтиб у ҳар йиллик Венеция кинофестивалида «Муқаддас Маркнинг олтин арслони» совринини қўлга киритди ва Болгарияда энг яхши хорижий актриса деб эътироф этилди.
    Инна Михайловна Панфиловнинг картиналарида суратга тушишни давом эттирди. Унинг иштирокида «Сўз беришингизни сўрайман», «Мавзу», «Валентина» ва бошқа фильмлар чиқди. 1979 йилда актриса Марк Захаровнинг «Ўша ўзимизнинг Мюнхгаузен» лентасида Якобина Мюнхгаузен ролини ўйнади.
    Панфиловнинг Чурикова билан ҳамкорликдаги рамзий картинаси Максим Горькийнинг «Васса Железнова» пьесасининг экранизацияси бўлди. Бош қаҳрамон — бошланаётган инқилоб шароитида ўз оиласи ва савдо ишини емирилишдан сақлаб солишга уринаётган савдогар аёл.
    1983 йилда Инна Михайловна иштирокида яна бир премьера бўлиб ўтди. Пётр Тодоровский томошабинлар ҳукмига «Ҳарбий дала романи» мелодрамасини ҳавола этди, унда Николай Бурляев ва Наталья Андрейченко ҳам ёрқин ролларни ижро этишди. Фильм «Оскар» мукофотига номинация қилинди, Чурикова эса образни нозик талқин этгани учун «Кумуш айиқ» мукофотини олди.
    1993 йилда экранга «Казанова плаши» (Плащ Казановы) чиқди. Бу картина унинг ижодий фаолиятидаги асосий фильмлардан бирига айланди. Сюжет санъатшунос Хлоянинг шўро сайёҳлари гуруҳи таркибида Венецияда ўтказган бир неча кунлик воқеаларини қамраб олади. Бу ролни режиссёр ва сценарий муаллифи Александр Галин дастлаб айнан Чурикова учун ёзган эди. «Аёлга дуо бўлсин» (Благословите женщину, 2003) кинолентасидаги кексаяётган актриса ва «Бурама зина» (Винтовая лестница, 2004) детективидаги генерал беваси персонажлари ҳам  ёрқин ва эсда қоларли чиқди.
    Актриса репертуарида 2000-йиллардаги ишлари орасида сериаллардаги кўплаб роллари мавжуд. Севги ва садоқат ҳақидаги «Тор кўприк» (Узкий мост) фильмида Инна Михайловна Александр Домогаров, Алексей Гуськов, Лия Ахежакова, Мария Шукшина, Гоша Куценколар билан бирга ўйнади. Актриса режиссёр Владимир Бортконинг Фёдор Достоевский романи асосида суратга олинган "Телба" («Идиот») экранизациясида, «Москва достони» оилавий сериалида, Александр Солженицин асари бўйича ишланган «Биринчи айланада» ижтимоий драмасида ўз маҳоратини кўрсатди.
     Актриса фильмографиясидаги сўнгги ленталар қаторига «Куз хотираси» драмаси, Жора Крижовниковнинг «Энг яхши кун!» комедияси ва Василий Сигаревнинг «ОЗ мамлакати» трагикомедияси киради.
   Инна Михайловна тажриба ўтказишдан қўрқадиганлар тоифасидан эмас эди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари «Оддийлик» қўшиғига ишланган клипни кўриб ҳайратда қолишди. Бу композицияни машҳур актриса хонанда Земфира билан биргаликда ижро этди.
   2018 йил май ойида Чурикова ва Панфилов «Кинематографияга қўшган улкан ҳиссаси учун» номинациясида «Олтин рицарь» кинофорумининг бош соврини совриндорлари бўлишди. Ўша йилнинг ноябрь ойида актриса 1-даражали «Ватан олдидаги хизматлари учун» орденини олди. Кремльнинг Екатеринина залида бўлиб ўтган топшириш маросимида актриса мукофотни давлат раҳбарининг қўлидан қабул қилиб олди ва Анна Ахматованинг «Она юрт» (Родная земля) шеърини ўқиб берди.
    2018 йил кузида Инна Михайловна юбилейини нишонлади. Муҳим сана мамлакатнинг етакчи телеканаллари эътиборидан четда қолмади. «Культура» каналида актриса ижодига бағишланган ҳужжатли фильмлар, шунингдек, Чурикова билан бирга экранда Елена Богданова, Светлана Рябова, Мария Голубкина намоён бўлган «Одамнинг қовурғаси» (Ребро Адама) тўлиқ метражли лентаси намойиш этилди.
    2021 йил кузининг охирида Инна Михайловна турмуш ўртоғи билан Локарнодаги Халқаро кинофестивалда бўлди, тадбир суратларини у «Instagram»даги саҳифасида эълон қилди (Россия Федерациясида тақиқланган ижтимоий тармоқ; у РФда экстремистик деб тан олинган Meta корпорациясига тегишли). У ерда Панфиловнинг Александр Солженицин романи асосида суратга олинган янги «Иван Денисович» картинаси тақдим этилди.
    Филипп Янковский ижросидаги сургун қилинган Иван Шохов ҳақидаги драмада Чурикова қайсидир бир кекса аёлнинг эпизодик ролини ўйнади. Унинг фильмдаги образи жуда рамзий эди — чексиз музли саҳро фонида у умид ва шафқат тимсоли эди.
    Эр-хотиннинг фестивалга келиши ҳам рамзий маънога эга эди, зеро 1969 йилда у ерда «Оловда кечув йўқ» фильми тақдим этилган бўлиб, ушбу фильм учун ўшанда эндигина ижод бошлаётган режиссёр «Олтин леопард»ни қўлга киритган эди. Аммо ўшанда хорижга чиқаришмасди, шу сабабли Панфилов мукофотлаш маросимида қатнаша олмаган.
    Актриса фильмографияси 2022 йилда меҳрибонлик уйидаги болалар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи мураккаб лента билан бойиди. «Ялпизли ширин кулча» (Мятный пряник) картинасини режиссёр Андрей Карасов суратга олди, актёрлар таркиби Россия юлдузлари — Алиса Гребенщикова, Елена Яковлева, Юрий Назаровдан иборат эди. Чурикова ота-она қарамоғисиз қолган болалар уйи директори ролини ўйнади. Бош роллардан бирида эса кастинг ҳақида билиб қолган бувиси сабабли лентага тушиб қолган дебютант Матвей Павлов суратга тушди.
    Актрисанинг шахсий ҳаёти бахтли кечди. «Оловда кечув йўқ» кинокартинаси ёш Инна учун профессионал жиҳатдан ҳам, шахсий ҳаётда ҳам тақдир кулиб боқди. Қиз эндигина ижод бошлаётган режиссёр Глеб Панфиловни севиб қолди, тез орада улар турмуш қуришди. Уларнинг туйғулари ўзаро бўлиб чиқди, ҳақиқий муҳаббат қиссаси эса «Бошланиш» фильмини суратга олиш жараёнида бошланганди.
    Севишганлар ётоқхонадаги кичкинагина хонада бирга яшай бошлашди ва тез орада оила қуришди. 1978 йилда уларнинг Ваня исмли ўғли туғилди. Болакай ҳам актёр бўлишни орзу қиларди. Ёш иқтидорнинг экранда илк бор намоён бўлиши 4 ёшида юз берди — у «Васса» фильмида бош қаҳрамоннинг набирасини ўйнади. Аммо ота-онаси унга актёрлик қисматини раво кўришмади ва МГИМОга дипломатликка ўқишга юборишди. Шунга қарамай, 2008 йилда Иван Панфилов отасининг «Айбсиз айбдорлар» картинасида онаси билан бирга суратга тушиб, оилавий ишни давом эттирди. Актёрлик таълими учун ёш йигит Лондон театр ва кино санъати академиясига йўл олди. Машҳур актрисанинг бошқа фарзандлари йўқ эди.
    Телетомошабинлар бир неча бор Инна Михайловнанинг телебошловчи Яна Чурикова билан қариндошлиги ҳақида таъкидлашган. Ҳозир ҳам кўплар журналистни машҳур актрисасининг қизи деб даъво қилишади, аммо бундай тахминлар хато бўлиб чиқди. Актриса ва телебошловчи қариндош эмаслар. Ушбу фамилиянинг икки машҳур вакиласининг илк учрашуви 2017 йил кузида, Яна томошабин сифатида ташриф буюрган «Қабулхона» спектаклида юз берган.
   2016 йил декабрь ойида ОАВда Инна Михайловнанинг шошилинч равишда клиникага ётқизилгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. У тиббиёт муассасасига қўли синган ҳолда олиб келинган, собиқ иттифоқ халқ артисти йиқилиб тушиши оқибатида оғир жароҳат олган эди. Тез орада Чурикованинг ўзи журналистларга аҳволи яхши эканини ва тез орада театрга қайтишга умид қилаётганини айтди.
    Бу каби ҳодиса иккинчи бор такрорланаётган эди, зеро 2012 йилда актриса иккала қўлини синдириб олган эди. Бу ҳодиса у «Ҳамма нарса тўланган» спектакли репетициясига кетаётганда юз берган. Воқеа гувоҳи бўлган «Ленком» директори ўринбосари Сергей Вольтер Россия ОАВ вакилларига айтишича, аёл машинадан тушиб, фойега қараб юрган, аммо бинога кириш олдида йиқилиб, иккала қўлини синдириб олган.
    2019 йил июль ойида Чурикова саҳнадан йиқилиб тушганидан сўнг реанимацияга тушиб қолди. Кейинчалик актриса ўз интервьюсида айтганидек, уни кўзи (кўриш қобилияти) панд берган эди. Бу сафар ҳаммаси жароҳатларсиз ўтди. Қовурғалари сингани ҳақидаги овозалар ўз тасдиғини топмади.
    2022 йил июль ойида ОАВ актриса яна йиқилиши сабабли реанимацияга тушгани ҳақида ёзди. Бир нечта жароҳатлар, жумладан, қовурғалари синиши ҳақида айтилди. Аммо «Ленком» директори Марк Варшавер бу маълумотни рад этиб, актрисанинг аҳволи у даражада ёмон эмаслигини айтди.
    Бир неча кундан сўнг Чурикованинг эри хотини ҳали ҳам шифохонада эканини ва аҳволи ёмон эмаслигини тасдиқлади. Октябрь ойида актриса саҳнага қайтишни режалаштирган, ҳатто у иштирокидаги спектакль эълон қилинган эди, аммо у бекор қилинди. Вахтангов номидаги театр сабабини тушунтирди — Инна Михайловна ҳали тўлиқ соғайиб улгармаган эди.
    2023 йил 14 январда Инна Чурикова шифохонада вафот этди. Маълумотни Марк Варшавер тасдиқлади. «Ленком» директорининг сўзларига кўра, халқ артисти узоқ давом этган хасталикдан сўнг 80 ёшида оламдан ўтган. Ўлимнинг расмий сабаби сифатида юрак тўхташи кўрсатилди. Машҳур актрисанинг Москвадаги Боткин шифохонаси реанимациясида ҳаётдан кўз юмгани маълум. Унинг бош миясида кўплаб ўсмалар аниқланган, операция қилиш эса айнан юрак сабабли имконсиз эди.

    Фильмография:

1963 — «Москва бўйлаб кезаман» (Я шагаю по Москве)
1964 — «Аёз бобо» (Морозко)
1966 — «Тутқич бермас қасоскорлар» (Неуловимые мстители)
1967 — «Оловда кечув йўқ» (В огне брода нет)
1970 — «Бошланиш» (Начало)
1979 — «Ўша ўзимизнинг Мюнхгаузен» (Тот самый Мюнхгаузен)
1983 — «Васса»
1983 — «Ҳарбий дала романи» (Военно-полевой роман)
1986 — «Келишган йигит / Курьер» (Курьер)
1990 — «Одамнинг қовурғаси» (Ребро Адама)
2003 — «Аёлга дуо бўлсин» (Благословите женщину)
2005 — «Биринчи айланада» (В круге первом)
2008 — «Айбсиз айбдорлар» (Без вины виноватые)
2015 — «Энг яхши кун!» (Самый лучший день!)
2015 — «Куз хотираси» (Память осени)
2015 — «ОЗ мамлакати» (Страна ОЗ)
2015 — «Чегарасиз» (Без границ)
2021 — «Иван Денисович»
2022 — «Ялпизли ширин кулча» (Мятный пряник)

    Қизиқарли маълумотлар:

   Кинода суратга тушиш ва театрдаги чиқишлардан ташқари, актриса дубляж (овоз бериш) билан ҳам шуғулланган. Айнан у «Лайлак халифа» (Халиф-аист, 1981) анимацион фильмидаги парига ва «Ўз ҳолича айланиб юрадиган мушук» (Кошка, которая гуляла сама по себе, 1988) мультфильмидаги мушукка овоз берган.
   2000 йилда актриса ўзини сценарийнавис сифатида синаб кўрди. Инна Михайловна Глеб ва Иван Панфилов билан биргаликда «Романовлар. Тождор оила» (Романовы. Венценосная семья) бадиий фильми сценарийси устида ишлади.
    Чурикова келишган, хушбичим қоматга эга эди – бўйи 170 см, вазни 63 кг ни ташкил этарди. Ҳатто 75 ёшдан ошганида ҳам у ёшига нисбатан ёш кўринарди. Инна Михайловнанинг ўзи бунинг бутун сири кўп меҳнат қилганида деб ҳисобларди.
   2008 йилда Иваново вилоятидаги Николо-Шартомский ибодатхонасига борганида, актриса роҳибларга ёрдам беришни хоҳлаб, уларга ибодатхона экин майдонларига ишлов бериш учун зарур бўлган тракторни совға қилган.

Интернет маълумотлари асосида Музаффар МУҲАММАДНАЗАР тайёрлади.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот