Ҳема Малини


    Ҳиндистон кинематографиясининг афсонавий намояндаси, маҳоратли раққоса, кинопродюсер, режиссёр ва таниқли давлат арбоби Ҳема Малини (тўлиқ исми — Ҳемамалини Раманужам Чакраварти) 1948 йил 16 октябрда Мадрас штатининг (ҳозирги Тамилнад) Амманкуди қишлоғида, зиёли ва бадавлат тамил оиласида дунёга келган. Отаси В. С. Р. Чакраварти давлат хизматида масъулиятли инсон, онаси Жая Чакраварти эса жанубий Ҳиндистон киносаноатида танилган кинопродюсер эди. Оиладаги моддий тўкинлик сабаб ота-она нафақат тўнғич ўғилларга, балки ягона қизларига ҳам пухта ва мукаммал таълим беришни мақсад қилган. Бўлажак актриса болаликдан оилавий тижорат — кино санъатига тайёрлаб борилди. У хониш сабоқларини олди, мусиқа ва ҳинд мумтоз рақс санъатининг «бҳаратанатьям», «кучипуди» ҳамда «одисси» каби мураккаб йўналишларини машҳур устозлар раҳнамолигида сидқидилдан эгаллади. Йиллар давомидаги машаққатли рақс машғулотлари қизнинг қад-қоматини келиштирди, ҳаракатларига нафосат, овозига эса шира бағишлади.

Санъатдаги илк қадамлар ва Болливуддаги дебют

    Актрисанинг кинодаги йўли осон кечмаган. У илк бор 15 ёшида «Веннирадай» фильмига синов топширганида, таниқли режиссёр Шридҳар уни «ҳаддан ташқари озғин ва нимжон, сира актрисаликка мос келмайди» деган баҳона билан рад этган эди. Бироқ бу муваффақиятсизлик қизнинг иродасини синдира олмади. 1965 йили у «Панду бу дунёни тарк этмоқда» фильмида эпизодик раққоса ролида илк бор экранда кўриниш берди.
     Маҳаллий киностудиядаги кичик роллардан сўнг, онасининг санъат оламидаги алоқалари ва кўмаги билан Ҳема Болливудга йўл олди. Унинг Болливуддаги ҳақиқий дебюти 1968 йилда суратга олинган, Маҳеш Каул режиссёрлик қилган «Орзулар савдогари» («Sapno Ka Saudagar») фильмида афсонавий Раж Капур билан жуфтликда юз берди. Фильмнинг ўзи кутилгандек катта касса йиғмаган бўлса-да, ёш актрисанинг жозибаси томошабинларни ром этди. Айнан шу суратдан сўнг унга «Dream girl» — «Орзудаги қиз» мақоми берилди ва бу ном кейинчалик унинг мажозий тахаллусига айланди.

Ижодий парвоз, мураккаб образлар ва олтин давр

    1970–1985 йиллар оралиғида Ҳема Малини Болливуд экранларида ягона ва бетакрор юлдузга айланди. Режиссёрлар уни аслида мулойим, содда, меҳрибон, рақс тушадиган ва қўшиқ айтадиган ижобий қаҳрамонлар ролига таклиф этишарди. Бироқ Ҳема ўз тенгқурларидан фарқли ўлароқ, таваккалчиликдан қўрқмайдиган, мураккаб ва кутилмаган амплуаларни танлайдиган маҳоратли актриса эди.
    «Менинг исмим Жонни» (1970): Вижай Ананднинг ушбу блокбастерида Ҳема ўзи учун мутлақо ноодатий бўлган, контрабандачилар тўдасидаги жиноятчи қиз ролини маҳорат билан ижро этди.
    «Ишора» (1971): актрисанинг энг хавфли ва дадил ижодий тажрибаси бўлди. Эгнида оддий сари билан ясан-тусансиз, бева аёл сиймосини гавдалантиришга Болливуднинг бошқа юлдузлари умуман рози бўлишмаганди. Бироқ картина суперхитга айланиб, саундтреги Filmfare мукофотини қўлга киритди.
    «Лал Паттар» (1971): Шу йили у ушбу драмага рашкчи ва салбий феъл-атворли машуқа ролини олиб кириб, томошабинларни лол қолдирди. Ушбу фильм 2000-йилларда Болливуднинг энг сара мумтоз асарлари тўпламига киритилди.
   «Сита ва Гита» (1972): унга жаҳоншумул машҳурлик келтирган фильм бўлди. Қиёфаси бир хил, аммо феъл-атвори, тарбияси ва дунёқараши тубдан фарқ қиладиган эгизак қизлар ролини ўта табиий ва маҳорат билан гавдалантирди. Томошабинлар эгизакларни мимика ва ҳаракатларидан аниқ ажратиб олишарди.
    Шунингдек, унинг «Қасос ва қонун» (1975) фильмидаги чапани ва дангалчи аравакаш қиз Басанти роли кино саҳифаларида абадий муҳрланди. «Алибобо ва 40 қароқчи»даги Маржона, «Самрат», «Севгилим Рожа», «Гўзал ва қайсар», «Санняси», «Дҳарманинг фарзанди» каби ўнлаб картиналар жаҳон кинозалларини тўлдириб, мухлисларга шарқона эртак туҳфа этди.

Дҳармендра билан муҳаббат тарихи ва оилавий ҳаёти

    Ҳема Малинининг шахсий ҳаётини ҳақиқий ҳинд фильмлари сценарийсига ўхшатиш мумкин. Ёшлигида бадавлат оила вакиласи сифатида унга ота-онаси муносиб куёв излашди. Оиласига ҳамкасби, актрисага чин кўнгилдан ошиқ бўлган Санжив Кумар маъқул келди ва совчилик розилиги берилди. Бироқ тўйни Ҳема фильмлардаги роллари боис орқага суришга қарор қилди.
    «Сита ва Гита» фильмини суратга олиш майдончасида Санжив Кумар (доктор Рави) ва Ҳема билан бир қаторда Ситага харидорлик қилган қўпол Рака ролини таниқли актёр Дҳарам Сингҳ Деол (Дҳармендра) ижро этаётганди. Дҳармендра Ҳемадан 13 ёш катта, оилали ва тўрт фарзанднинг отаси эди. Шунга қарамай, икки юлдуз ўртасида аланга олган муҳаббат барча тўсиқларни парчалаб ташлади.
    Ҳема фотиҳани бузди ва Дҳармендранинг иккинчи аёли бўлишга розилик берди. Аммо Ҳиндистон қонунлари ва урф-одатлари шароитида ажрашишга ҳам, иккинчи оила қуришга ҳам рухсат йўқ эди. Саккиз йил давомида қиз ўз оиласи ва жамоатчиликнинг қаттиқ босимига бардош берди. Ошиқларнинг ишқий муносабатлари матбуот саҳифаларидан тушмади. 1980 йилда, Ҳеманинг бу никоҳга тиш-тираноғи билан қарши бўлган отаси вафот этгач, улар никоҳдан ўтишга муваффақ бўлишди.
    Эр-хотин икки қизни вояга етказишди: Эша (1981) ва Аҳана (1985). Қизлар ҳам онасининг изидан бориб, «бҳаратанатьям» рақс санъатини эгаллашди ва актёрлик сулоласини давом эттиришди. Дҳармендранинг биринчи никоҳидан бўлган ўғиллари — Санни ва Бобби Деоллар эса Ҳеманинг ўгай ўғилларидир. 2015 йилда кенжа қизи Аҳана ўғил (Дариен Воҳра), 2017 йилда Эша қиз (Радҳя Тахтани) дунёга келтириб, Ҳема Малинини бахтиёр бувига айлантиришди.

Продюсерлик, режиссёрлик ва кейинги фаолият

    1990-йилларга келиб, Ҳема «Hema Malini creations» продюсерлик компаниясига асос солиб, сериаллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. У («Раққоса», «Нупур», «Тангрим, менга айт», «Жай Мата Ки», «Камини Дамини») каби лойиҳаларда бир вақтнинг ўзида актриса, режиссёр ва продюсер сифатида намоён бўлди.
   2000-йилларда суратга олинган лойиҳалардан Амитабҳ Баччан билан биргаликдаги «Боғбон» («Baghban», 2003) мелодрамаси алоҳида ажралиб туради. Картина йилнинг энг харидоргир топ-5 фильмидан жой олди ва Ҳемага Star Screen Awards, Sports World ҳамда Bollywood Movie Awards мукофотларини келтирди. Умумий ҳисобда актриса 155 дан ортиқ кинокартиналарда суратга тушган.

Ижтимоий ва сиёсий фаолияти, қизиқарли фактлар

   Сиёсий мавқеи: Ҳиндистон халқ Партияси (БҲП) аъзоси, Парламентнинг юқори палатаси (Ражя Сабҳа) депутати ҳисобланади.
   Юксак мукофоти: Ҳиндистон кинематографиясини ривожлантиришдаги хизматлари учун мамлакатнинг юксак давлат мукофоти — «Падма Шри» ордени билан тақдирланган.
   Эзгу ташаббуслари: ҳайвонларни ҳимоя қилиш бўйича PETA India ташкилотининг фаол тарғиботчиси, Kent RO Systems ва Pothys брендларининг расмий элчиси.
   Йўл-транспорт ҳодисаси: 2015 йилда актриса оғир автоҳалокатга учраган: унинг ҳайдовчиси бошқарган автомобиль бошқа транспорт воситаси билан тўқнашиб кетиши оқибатида ёш бола ҳалок бўлган, актрисанинг ўзи эса тан жароҳати олган эди.

Фильмографияси:

1968 — «Орзулар савдогари» (Sapno Ka Saudagar)
1970 — «Гўзал ва қайсар» (Sharafat)
1970 — «Менинг исмим Жонни» (Johny Mera Naam)
1971 — «Ишора» (Andaz)
1971 — «Лал Паттар» (Lal Patthar)
1972 — «Севгилим Рожа» (Raja Jani)
1972 — «Сита ва Гита» (Seeta Aur Geeta)
1974 — «Дўст» (Dost)
1975 — «Қасос ва қонун» (Sholay)
1975 — «Зоҳид» (Sanyasi)
1975 — «Дҳарманинг фарзанди» (Dharmatma)
1977 — «Орзудаги қиз» (Dream Girl)
1978 — «Диллаги» (Dillagi)
1980 — «Икки карра икки — беш» (Do Aur Do Paanch)
1980 — «Алибобо ва 40 қароқчи» (Adventures of Ali-Baba and the Forty Thieves)
1982 — «Самрат» (Samraat)
1985 — «Биз иккимиз» (Hum Dono)
1987 — «Ситапурлик Гита» (Sitapur Ki Geeta)
2003 — «Боғбон» (Baghban)
2004 — «Вир ва Зара» (Veer-Zaara)
2010 — «Чегарасиз муҳаббат» (Tell Me O Kkhuda)
2017 — «Гаутамипутра Сатакарни» (Gautamiputra Satakarni)
2020 — «Шимладаги аччиқ қалампир» (Shimla Mirchi)

Интернет хабарлари асосида Музаффар МУҲАММАДНАЗАР тайёрлади.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот