ЙИЛЛАР ОРТИДАГИ ҚУВОНЧ
ЙИЛЛАР ОРТИДАГИ ҚУВОНЧ Гўзал табассум ортида ҳам оғриқли нуқталар борлигини, бу оғриқлардан устун кела олиш учун эса инсон етарлича сабр-бардош, қатъият ва матонат, ўрни келса кенг билим ва тафаккур зарур бўлади. Дилноза ҳар қандай ҳаёт синовлари, дил оғриқларини гўзал табассум ортига беркита оладиган кучли Инсон!
Дилноза, туғилган кунингиз муборак бўлсин! Илоҳим, ҳаёт Сизга доимо яхшиликлари билан куч-қувват берсин!
ЙИЛЛАР ОРТИДАГИ ҚУВОНЧ
Истеъдодли санъаткор, Ўзбек миллий академик драма театри актрисаси, республика миқёсида ўтказиладиган кўплаб нуфузли тадбирлар бошловчиси Дилноза КУБАЕВАни ҳаммангиз яхши биласиз. Унинг нафақат театр саҳналарида, балки турли кинофильмларда ижро этган ранг-баранг ролларини кўриб таъсирлангансиз, унга қўшилиб гоҳ кулиб, гоҳ йиғлагансиз. Бугунги қаҳрамонимиз ҳар бир ролни юксак даражада, маромига етказиб ижро эта олгани учун ҳам томошабинлар меҳрини қозонган. У «Энг улуғ, энг азиз – 2010» республика танловининг «Йилнинг энг яхши киноактрисаси» йўналишида 2-ўрин соҳибаси бўлган. 2011 йилда «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони, 2012 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
ОҒРИҚЛИ НУҚТА
Болалигимда тортинчоқ, камгап, ҳеч кимга қўшила олмайдиган қиз бўлганман. Мактабнинг 1-синфини зўрға тамомлаганман. Уятчанлигимдан дарсларда жавоб беришгаям қийналардим... Ўқув йили охирида ўқитувчимиз дарслик китобларини рўйхат асосида йиғиб олган. Менга навбат келгунича қўнғироқ чалиниб қолган. Бошқа синфдошларим тез-тез топширишаётганини кўриб мен ҳам секингина бориб китобларимни ўқитувчимнинг столи четига қўйганман. Бир неча кун ўтиб муаллимам ойимни мактабга чақириб, «Қизингиз дарслик китобларини топширмади», деб айтган. Китобларни топширганим ҳақида қанча гапирмай рўйхатда белгиланмаган, дея туриб олишди. Мана уятчанлигимнинг оқибати. Ниҳоят, топширилган китобларнинг ҳаммаси ҳисоблаб чиқилгач сўзларим ростлиги аниқланди...
Ўша пайтда ҳозирги Яшнобод туманидаги 255-мактабда ўқир эдим. Бошқа уйга кўчганлигимиз сабабли 4-синфдан бошлаб Сирғали туманидаги 3-мактабда таълим ола бошладим. Отам ўқитувчи бўлгани учун жуда сипо кийинардим. Доим мактаб формасида, сочларим йиғиштирилган, тартиб-қоидага қатъий амал қилардим. Бу эса синфдошларимнинг ғашини келтирар, мени «ўқитувчи» деб масхара қилишарди. Синфда қизлар гуруҳ-гуруҳга бўлинишганди. Энг ёмони, бу гуруҳнинг ҳеч қайсиси мени яқинлаштирмас эди. Танаффусларда бир ўзим қолардим. Бу аҳвол юқори синфдаям давом этди. Улар билан ҳар қанча дўстлашишга уринмай «янги»лигим учунми, билмайман, менсишмасди. Ҳар куни ойимга, мени уйда бир кунгина олиб қолинг, деб ялинардим. Мактабга боргим келмас, синфдошларимнинг масхара қилишларини эшитгим келмасди...
Бир куни дарсдан сўнг синфдош қизлардан бири атайин ойимга қўнғироқ қилиб, «Қизингизни қаердалигини биласизми? Ҳалиям уйга келмадими? Ахир дарслар тугаганига анча бўлди-ку!» дебди. Онам ҳаяжондан рақс тўгарагида эканлигимни ҳам унутиб, мактабга югуриб келибди. Ранги докадек оппоқ... Ўшанда онам ҳеч кимга – мактаб директорига ҳам, синф раҳбаримизга ҳам шикоят қилмади. «Ҳали улар ўз хатосини тушуниб етади. Парво қилма», деди.
Онам табиатан юмшоқ, оқкўнгил ва сабрли аёл. Шунинг учун ҳам биз — фарзандларига доимо беозор бўлишни, ҳеч кимнинг дилини оғритмай, сабр билан яшаш кераклигини уқтирарди. Ва ҳаммаси яхши бўлади, дея овутарди...
Мактабда ўтаётган ҳар бир куним йилдек туюларди... Қайсидир маънода синф раҳбаримдан ҳам ранжиганман. Чунки ўқувчиларнинг бир-бирига сингишиб, аҳил бўлишида ўқитувчининг ўрни катта деб ўйлайман.
Атрофдагиларга эътибор бермай ўз устимда тинмай изланардим. Мактабимизда қандай тўгараклар ташкил этилган бўлса, барчасига қатнашардим. Шу мактабнинг бошланғич таълим ўқитувчиси Мавлуда Абдуллаева ўз тўгарагида ифодали ўқиш маҳоратини юрагимга чўғ қилиб солди. Шеър ва ғазалларни тинмай ифодали ўқишга, ёд олишга ҳаракат қилардим. Илк ютуғимга ҳам шу мактабда эришганман. Туманлараро ифодали ўқиш танловида Сирғали тумани бўйича биринчи ўринни олганман. Шу сабаб бўлдию, дилимни оғритган синфдошларимдан узоқлашиш мақсадида 7-синфни тугатиб Алишер Навоий номидаги Республика Нафис санъат лицейига таваккалига имтиҳон топширдим ва юқори балл билан 9-синфнинг сухандонлик бўлимига қабул қилиндим.
Лицейда мен гўёки ўзга оламга тушиб қолгандек, бағримга шамол теккандек бўлди. У ердаги синфдошларим бир-биридан меҳрибон, ақлли, билимли... Тенгдошларим ўртасида камситиш, масхаралашни эмас, фақатгина аҳиллик, бирдамлик ва асосийси илм олиш жараёнида ўқувчилар ўртасидаги «рақобат»ни кўрардим. Улардан орқада қолмаслик учун ўз устимда тинмай ишлай бошладим. Ўзимни шунчалик бахтиёр сезардимки...
Ҳозир болалик дамларимни эсласам, биринчи навбатда ўша дилимни оғритган йиллар ёдимга тушади. Бу йиллар болалигимнинг оғриқли нуқтаси бўлиб қолди...
ОҚ ҚОҒОЗГА ГАРД ТУШМАСА...
Лицей директори Сўлмас Султонов, адабиётшунос ўқитувчимиз Ҳошимжон Аҳмедов ва шу маскандаги барча муаллимларнинг юриш-туриши, муомаласи биз учун ибрат мактаби эди. Қўлни кўксимизга қўйиб салом беришдан тортиб муомала маданияти сирларигача ўргата бошлашди. Ҳар бир яхши ишимиз ёки ўқишимиз учун алоҳида эътироф, рағбат олардик. Албатта, бундай муҳитда янада кўпроқ ўқигим келарди. Ҳар куни лицейга қушдек учиб борардим... Дугоналарим билан кимўзарга ижод қилардик. Ёзганларимизни кўтариб таҳририятларга борардик. Бир нечта шеърларим газета ва журналларда чоп этилган. Ҳозир ҳам шеър қоралаб тураман...
Лицейни тамомлаб Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтига юқори балл билан қабул қилиндим. Институтда менга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Мунаввара Абдуллаева устозлик қилди. Шундай инсонга шогирд бўлиш – бу ҳам менинг бир бахтим.
Бир куни устозим Мунаввара опа мени театрда роль ижро этишим учун синовдан ўтишим лозимлигини, белгиланган вақтда етиб боришим кераклигини айтди. Хурсандлигимдан «теримга сиғмай» айтилган вақтдан анча илгари бордим. Театр эшиги ёнида икки соатдан ортиқ кутдим, роса тақиллатдим. Аммо ҳеч ким очмади. Ахийри бир киши келиб, «Бу эшик театрда спектал қўйиладиган вақтда томошабинлар учунгина очилади. Сиз бинонинг ён тарафидан, ходимлар кирадиган эшикдан киришингиз лозим», дея тушунтирган. Ичкарига кириб борганимда устозим мени кутиб асабийлашиб ўтирган экан...
Театр саҳнасига кириб келишим шу тарзда бошланган. Секин-аста бу гўша менинг иккинчи уйимга айланди. Омадим бор экан, талабалик давримданоқ кино ва театр саҳнасида роллар ижро эта бошладим. Менга курсдошларимнинг ҳаваси келарди. Бунинг учун устозимдан миннатдорман.
Нимаики иш қилмай ота-онам ва устозим кўз олдимда туришади. Уларни хурсанд қилишни, доимо мен билан фахрланишларини истайман. Вақтни қадрлайман. Интернет, телеграммдан фойдаланмайман. Булар мен учун ортиқча вақт сарфлашдек туюлади. Бўш вақтим бўлиши билан китоб мутолаа қиламан. Алишер Навоий ва Бобур ғазалларини ёд олиб, ёлғизгина ўғлимга ўқиб бераман.
Фарзандим билан сайрга чиққанимда кўчада ўйнаб юрган болаларни кузатаман. Ёшига мос бўлмаган гап-сўзлар, айёрлик, ҳасад, кибор... Билмадим, булар айнан ниманинг таъсири? Лекин, мен истардимки, бола боладек улғайса. Оқ қоғозга гард тушмаса. Болаларча самимийлик, болаларча беғуборлик умри давомида уларни тарк этмаса.
Суҳбатдош Нилуфар ЖАББОРОВА
Манба: "Гулхан" журнали 2016 йил 7 сон.