ТОШКЕНТДАГИ “ИНГЛИЗЛАШГАН” КЎЧАЛАР БЎЙЛАБ!


21 ОКТЯБРЬ – ЎЗБЕК ТИЛИГА ДАВЛАТ МАҚОМИ БЕРИЛГАН КУН!

ТОШКЕНТДАГИ “ИНГЛИЗЛАШГАН” КЎЧАЛАР БЎЙЛАБ!

   Одамлар бир ёқда қолиб, бугун кўчалар ҳам “инглизлашиб” кетди. Ҳатто Тошкент дарвозаси бўлмиш аэропорт йўлида “Велком ту Узбекистан”дан ташқари “Тошкент юракча (лов маъносида) ю” деган шиорларга кўзингиз тушади. Яъни, “Тошкент сени севаман” дейишмоқчи! Буни инглизча ёзиш шартмиди? Вашингтоннинг марказий кўчаларида ўзбекчасига “Вашингтон сени севаман!” деган ўзбекча ёзув бормикан!? 
    Майли, балки бу юртимизга келаётган сайёҳлар тушуниши учун шундай ёзишгандир, лекин олдин ўзбекчасини ёзиб, ёнига илова-изоҳ тарзида таржимасини ёзишмайдими? Шунда ана она тилимизга ҳурмат кўрсатган ва миллий ғурури баланд миллат бўлардик. 

21 октябрь – ўзбек тилига давлат мақоми берилган кун! Буни биз неча йиллаб кутганмиз. 

   Ўзбек тилига давлат мақоми берилиши учун ўша пайтдаги “Эрк”, “Бирлик” партиялари катта жонбозлик кўрсатишган. Ўша кезлари давлат раҳбарлик лавозимларида ишлайдиган мутасадди кишилар русийзабон эдилар. Шу боис рус тилини ҳам иккинчи давлат тили сифатида сақлаб қолишни истаганлар. Аммо халқ, зиёлилар бунга қаршилик қилишган. Мустақиллик майдонида митинглар бўлган. Ўша кунларни мен яхши эслайман. Аммо бугун кўчаларни кезар эканман, бутунлай бошқа манзарани кўряпман. Ўзбек зиёлилари шунинг учун куйинган эдиларми? Пештахталарда “сити-мити”, “Редбургер”, “Голден хаус”, “Жоспер грилл”, “Айс Коко”ларни кўриш учунми? Ёки Тошкентнинг бош дарвозасига “лов ю Ташкент” деб ёзиб қўйиш учунми?!

БУ ҚАНДАЙ БЎЛГАН ЭДИ?

   Собиқ шўро ҳукумати даврида биз каби “кичик миллат” ҳисобланмиш халқлар жуда қийналган. Техника олийгоҳларида дарслар асосан рус тилида ўқитиларди. Ўқув қўлланмалари, асосий адабиётлар рус тилида бўларди. Биз ўрта авлод рус тилини зўр бериб ўқиганмиз. Ўтган асрнинг 70-йилларида фарзанди яхши ўқишини истаган ота-оналар уларни рус мактабларига ўқишга беришган. Чунки келгусида қийналмасин, дейишган. Аммо вилоятларда рус мактаблар кам эди. Бунинг устига қишлоқ аҳли ўқишнинг асосий қисмини далада ишлаб ўтказар эдилар. Шу боис улар лоақал рус тилида ариза ёзишни билишмасди. Бу эса “катта оғаларимиз” учун бизни камситишга бир баҳона бўларди. 
   Раҳматли холам Зарифа Яминова компрессор заводида муҳандис-лойиҳачи бўлиб ишлаганлар. Илк марта институтни битириб, шу ерга ишга борганларида бир аёл аризани рус тилида ёза олмаганлари учун уларни камситган экан. Кейинчалик Мустақиллик бўлиб, худди ўша аёл холамдан ўзбек тилида ариза ёзиб беришни илтимос қилган ва холам илк заводга келган пайтдаги ҳолатни ўша аёлга эслатиб қўйганлар. Шунинг учун холамдан “Мустақиллик сизга нима берди?” деб сўрашса, “Менга ўз она тилимда арзига ёзиш ҳуқуқини берди!” дер эдилар ифтихор билан. 
   Биз ўзбек тилига давлат мақоми берилишига осонлик билан эришмаганмиз. Ўзбек зиёлиларининг саъйи-ҳаракатлари билан шундай бўлган. Аммо бугун кўчадаги ёзувларни, рекламаларни кўриб, ҳафсалам пир бўляпти. 

“ТОМОҒИНГИЗНИ ОҒРИҚ БОСИБ ОЛМАСИН!”

   Бугун Ўзбекистон телеканалларида томоқ оғриғини босадиган дори қуйидагича реклама қилиняпти: “Оғриққа томоғингизни босиб олишга йўл қўйманг!”. Куласизми-куясизми, билмадим. Бирон давлатни босиб олиш мумкин, оёқни босиб олиш мумкин ёки ерда ётган банан пўчоғини босиб олиш мумкин. Томоқдаги оғриқни микроб ёки вирус қўзғатиши мумкин. Томоқ оғриб қолиши мумкин, бошда-белда оғриқ туриши мумкин. Аммо оғриқ томоқни “босиб” олиши умуман ғалати. Бу ўзбекча жумла эмас. Таржимада сўз семантик маъносига эътибор қилинмаган. Масалан, “юз” сўзининг жуда кўп синонимлари бор. Аммо улар матнга қараб, салбий ёки ижобий маънода қўлланади. “Чеҳра” ижобий маънода, “башара” салбий ибораларда қўлланади. Шунинг учун “томоқни босиб олиш” мумкин эмас. “Томоқ оғримаслиги учун ёки томоқ оғриғининг олдини олиш учун” дейилса, ўзбек тилига анча яқин бўлади. “Томоқ оғриғини қолдирадиган дори” десак ҳам сўзларни анча тўғри қўллаган бўламиз. Менимча, рекламадаги сўзлар оддий ва тушунарли бўлиши керак. Худди Чехов айтганидек. У “денгизнинг энг ажойиб тасвирини мактаб ўқувчисининг иншосида кўрганман. У ”денгиз жуда катта эди!” деб ёзган” дейди. 
    Чехов “битта гапда тасвирларнинг кўп бўлиши одамни чалғитади. Насрий баён оддий ва содда бўлиши керак!” дея таъкидлаган. Бу наср ҳақидаги фикр, реклама роликлари бундан ҳам оддий ва тушунарли бўлиши керак, деб ўйлайман.
    Афсуски, бизнинг ишбилармонларимиз кўпроқ рус тилида тайёрланган матнлардан фойдаланишади. Уни ўзбекча муқобилини яратишга эринишадими ёки бу маблағ билан боғлиқ масалами, билмадим. Аммо таржимани ўзбек тилини мутлақо билмайдиган ва ҳурмат қилмайдиган кишиларга беришади. Энди мана Пепси-коланинг рекламасига эътибор беринг. Кўча-кўйда, автобус бекатларида бунга кўзингиз тушган бўлиши керак. Русчасида “Жаждай большего” дейилган. Матнда “бундан ҳам кўпроғини исташ назарда тутиляпти”. Буни ўзбек тилига “Янада чанқоқ бўл!” деб таржима қилишган. Бу таржима рус тилидаги маънони, ишорани бермаяпти. Ўзбек матнида “Бундан ҳам кўпроқ чанқаб қолгин!” деган маъно англашиляпти. Русча матнда “бу ичимлик сенга куч қувват беради, янада олға интилишингга хизмат қилади!” дейиляпти. Ўзбекчада эса “янада баттарроқ чанқаб қолгин” деган маъно чиқяпти. 
   Шунинг учун у кичкина ибора бўладиган бўлса ҳам, бунинг таржимасини “алифни калтак” дейдиган саводсизларга эмас, билимдон тилчиларга бериш керак. Ахир кўчалардаги бундай реклама ва атамалар шаҳримиз қиёфаси-ку!. Буларни кўриб, юртимизга келаётган меҳмонлар биз ҳақимизда нима деб ўйлашади? 
    Айнан шу аэропорт томонда кўп қаватли турар жойларнинг пастида “Бьютифул Италия” деган пештахтага кўзим тушди. Бьютифул ўзбекчасига “чиройли, гўзал” дегани, Италия – давлатнинг номи. Бу Чиройли Италия дегани. Аммо бу ерда нима билан шуғулланишларини сира тушуна олмадим ва шу ерда яшовчи кишилардан “бу қанақа жой” деб сўрадим. Маълум бўлишича, “бу гўзал Италия” сартарошхона экан! Гўзал Италия билан Гўзаллик салонининг фарқи борми, ахир!?

БУНИНГ ЎЗБЕКЧАСИ ҚАНАҚА БЎЛАДИ?

    Энди пештахталардаги ёзувларни ўқиб, тилингиз айланмайди. Масалан, “Питти ап пласт бургер” ёки “Травел континент девеловепмент”, “Кингсдом эдюкейшн” нима деганини менга тушунтириб бера оласизларми? Ёки бу муассасалар нима иш қилишини билиш учун инглиз тилини ўрганишга мажбурманми? Тил билган яхши, албатта. Аммо мен чет тилини ўз она тилисидан юқори қўйишга мутлақо қаршиман. Аввал ўзбекча атамасини ёзиб, кейин инглизчасини берса бўлмасмикан?!
   Энди атамаларга эътибор қилинг: “Белиссимо пицца”, “Бавария плаза”, “Сити пенюар”, “Жоспер грилл”, “Бриллиант бьюти студи”, “Бютифул косметикас”... Шуларнинг таъсирида, ҳатто “Оқ тепа лаваш”ни “Оптикал лаваш” деб ўқиб юборибман! Ҳартугул орада “Гумма-хоним” деган ўзбекча атамалар учраб қолди. Буни инглизчага таржима қилишолмаганидан суюндим, ҳатто, ишонасизми?!.
    Нега бу қадар инглизлашиб кетганимизга ўзим ҳайрон қоляпман. Яна “Чемпион хот-дог”, “Ред-бургер” деганлари ҳам бор. Хот-догни ўзбекчага ўгирадиган бўлсак “Қайноқ ит” деган маънони билдиради. Хот – иссиқ, дог – ит дегани. Инглизлар (ва балки америкаликлар) бу егуликни нега бундай атаганларини сира тушунолмайман. Егуликнинг итга нима алоқаси бор экан, ҳайронман. Афсуски, бу сўзлар тилимизга кириб, яхшигина ўрнашиб ҳам олди. “Ред-бургер” дегани “қизил бургер” деган маънони билдиради. Шуни ўзбекчасига енгил егулик, пишлоқли нон, гўштли нон деб атасак бўлмасмикан? Ҳар қалай “қайноқ ит” дегандан кўра буниси тузукроқ-ку!?
    Маркет, Супермаркет, Гипермаркет деган сўзларга аллақачон кўникиб бўлдик. “Маркет” сўзи худди ўзбекча сўздай бемалол ишлатяпмиз. Аммо бу сўзларнинг ҳам ўзбекча муқобили бор-ку! Буларни биз “Йирик савдо мажмуаси”, “Савдо уйи” деб атасак ҳам бўлади-ку! Бизга худди “маркет” сўзи бошқача жаранглаётгандай туюлади. Аслида “маркет” – “сотиш”, “тарқатиш”, “савдо қилиш” деган маъноларни билдиради. “Гипер” эса “катта”, “йирик”,” улкан”, “маҳобатли” деганидир. Бир сўзнинг ўзбек тилида уч-тўрт хил муқобил атамаси бор. Шу “маркету” “Хелло бук” деган савдо дўконларини очишга рухсат берган мутасадди раҳбарлар қаёққа қарашяпти? Кўчамизни кезган чет элликлар бу атамаларни кўриб, устимиздан кулишмайдими? Бир кўчада ўзбекча аталган емакхона ёки дўконлар бир-иккита учраб қоляпти. Шунда ҳам “Ньюс ошхонаси” сифатида келяпти. “Ньюс” – янгилик деган маънони билдиради. Туман ҳокимлари нима учун инглизча атамаларга рухсат беришади? Ҳамма нарсани инглизча ёки русча атар эканмиз, ўзбеклигимиз қаёқда қолди? Оддийгина емакхонамизни ўзбекча атолмасак, бизнинг нимамиз ўзбек!?
    Телевидение орқали узатиладиган, бекатлардаги рекламаларни кўриб, йиғлаб юборасиз. Рекламалар илгари ҳам бир танқидга учраган эди. Лекин реклама берувчи ташкилотлар бунга унчалик хафа бўлишмади. Пул сарфлашни истамай, “қўлбола” қилиб таржима қилиб ташлашди. Метронинг Чорсу бекатида қуйидаги реклама бир йилча осилиб турди: “Тандирдан узилган қайноқ чипслар”!!! Чипс – қовурилган картошка дегани. Уни қандай қилиб тандирдан узиш мумкинлигига сира ақлим етмайди. Тўғри, рекламада қўлланадиган ҳар бир сўзга пул тўланади, лекин шундай бўлса-да, улар тил қонун-қоидалари асосида тузилган бўлиши керак, деб ўйлайман.
     Ўзбек тили жуда бой тил. Алишер Навоий ўз асарларида 25 мингта туркий сўзлардан фойдаланган экан. Дунёда ҳеч бир адиб ёки шоир бунчалик кўп сўздан фойдаланмаган. Ўзбек тили шу қадар бой тил. Шундай экан, нега сўзга бой тилимиз бўла туриб, биз “муҳожир” сўзлардан фойдаланишимиз керак? Биз Америка ёки Англияда яшамаяпмиз-ку! Ўзбекистондамиз! Шундай экан, гўзал лисонимиз кўча-кўйларни, метро шоҳбекатларидаги рекламаларни безасин! Тадбиркорлар ҳам реклама пештахталарини тайёрлашда тилшунослар меҳнатидан фойдаланишсин!
     Тил – миллат қиёфаси, шаъни, ғурури эканини унутмайлик!  

Мавлуда ИБРОҲИМОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот