Адабиётнинг таъсирчан кучи ёхуд жон ва тандан азиз ватан


   Муҳтарам Президентимиз "Адиблар хиёбони"ни очишда адабиётнинг таъсирчан кучига алоҳида эътибор қилиб, шундай дегандилар: "Бугунги мураккаб даврда одамлар қалбига йўл топиш, халқимизни эзгу мақсадлар сари илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланишимиз керак." Ўзлари таъкидлаганларидек, ёшлар юрагига адабиёт олиб кириладиган бўлса, маърифат, маънавият ва маданият олиб кирилган бўлади.
   Не бахтки, ана шу мақсадларнинг исботи ва ифодаси ўрнида бизнинг таълим муассасамизда халқимизнинг ардоқли шоири Абдулла Орипов ижодини тарғиботи ва ташвиқоти борасида кенгқамровли фаолият олиб бориляпти. Кези келганда, шуни эътироф этиш жоизки, Институтда ҳам адибнинг ижодини тарғиб қилиш мақсадида йўл харитаси ишлаб чиқилиб шоир ижоди ва ҳаёт йўлига бағишланган кўплаб маънавий-маърифий, бадиий ва ижодий тадбирлар аллақачон бошлаб юборилган. Жумладан, Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига бағишланган музей ташкил қилиш, адибнинг ижоди ва ҳаёт йўлига бағишланган онлайн-вебинарлар ташкил этиш, адиб туғилиб ўсган Қашқадарё вилояти Косон туманига талабалар саёҳатини уюштириш, шунингдек, институтда Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш  ва шу муносабат билан республика миқёсида конференция ташкил этиш, Абдулла Орипов тўғрисида ҳужжатли фильм яратиш, институтда “Абдулла Орипов издошлари” тўгарагини ташкил этиш, Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби билан ҳамкорликда тадбирлар ташкил этиш институт томонидан келгусида амалга оширилиши режалаштирилган. Яқинда Абдулла Ориповга бағишланган онлайн форум ташкил этилди. Унда улуғ шоирнинг рафиқаси ва қизлари, ҳозирда Америкада яшаётган кенжа қизлари Мавлуда Ориповалар иштирок этишди. 
  Шунингдек, адиб ижодиётини, унинг серқирра фаолияти ва ижтимоий-фалсафий қарашларини ёритиш, таҳлил этишга қаратилган "Тафаккур томчилари" рукнидаги туркум кўрсатувларни тайёрлаш ҳам бошлаб юборилди. Улар ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашишни истаган замондошларининг суҳбатларидан талабаларимизни баҳраманд қилиш учун "Интервью бурчаги" видеодастури ҳам ташкил этилан. Абдулла Орипов шеъриятидан таъсирланган талабаларимизнинг ижодий намуналаридан тузилган "Илҳом булоқлари" номли тўплам ҳам алоҳида китоб ҳолида чоп эттирилди.
  2020 йилнинг 24 июль куни соат 11.00.да Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти томонидан Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповга бағишланган “ЖОН ВА ТАНДАН АЗИЗ ВАТАН” мавзусидаги навбатдаги онлайн - тадбир ҳам ана шу ҳаракатларимизнинг узвий  давомидир. 
   Тадбирда сенатор, Қарши давлат университетининг профессори Абдураҳим Эркаев, Абдулла Орипов номидаги ижод мактабининг директори Убайдулла Орипов, "Шарқ юлдузи" ва "Звезда востока" журналларининг бош муҳаррири, иқтидорли шоир Сирожиддин Рауф, шоирнинг қизлари Шоира Орипова, Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети доценти Гулбаҳор Ашуровалар ўз фикр - мулоҳазалари билан қатнашишди. Ижод мактабининг иқтидорли ўқувчилари ҳамда ТИҚХММИ нинг ижодкор талабалари ўзларининг ва улуғ шоир шеърларидан намуналар ўқишди. Абдулла Ориповнинг ватанпарварлик руҳидаги "Ўзбекистоним, сенга" деб номланган шеър асосидаги қўшиқни институтимиз психологи Муҳайёхон Муҳаммедова маҳорат билан ижро этиб тадбирга файз киритдилар.
    Институт ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Рузимурот Чориев онлайн тадбирга якун ясар экан, "бу ҳаракатларнинг барчаси адиб ҳаёти ва ижодиётини атрофлича ўрганиш ва тарғиб-ташвиқ қилиш борасидаги муҳим қадамлардандир", - дея таъкидлади.

                       Институт матбуот хизмати раҳбари - Раҳимбой Жуманиёзов.