Хосият Рустамовага қўшалоқ табрик!


   "Сизни, Хосият, парилар қуршаган, Сиз парилар етагида юрасиз.  Сизга ҳеч қачон итлар яқинлашолмайди. Аммо — шоирлик экан-да... итлар ҳам гоҳо назар-эътиборга тушиб туради..."

Иброҳим ҒАФУРОВ,
“Тафаккур” журналининг
2008 йил, 1-сонидан олинди.

  Ўзбекистон ва Озарбайжон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси, "Китоб дунёси" газетасининг Бош муҳаррири, шоира, таржимон - Хосият Рустамовани Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрида, қозоқ тилида "Муҳаббат анатомияси" деб номланган шеърий тўплами нашрдан чиққани муносабати билан муборакбод этамиз! Аслида, бу табрикни анча аввалроқ, хабар бизга етиб келган пайти қўймоқчи эдик. Бироқ Олма-Ота шаҳрида китоб тақдимоти ўтказилиши кутилаётгани ва бир йўла ўша ердан репортаж олиб қайтиш мақсадида табрик беришни бироз ортга сургандик. Кутилмаганда, карантин боис, тадбир кейинга қолдирилгани туфайли, ушбу табрикни ҳам сийрати сурати сингари гўзал шоирамизнинг туғилган кунида эълон қилишга қарор қилдик! 
   Муҳтарама Хосият Рустамова, СИЗни Қозоғистонда чиққан китобингиз билан яна бир бор табриклашга изн бергайсиз! Бу сингари ютуқларингиз бардавом бўлиб, китобларингиз дунёнинг барча мамлакатларида, ўша халқлар тилларида чоп этилишини тилаб қоламиз!

Камоли эҳтиром ила - Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси.