ҲАҚИҚАТ


Кимнингдир йўлида учрагандирсан, 
 Мен сенга қон йиғлаб етдим  ҳақиқат.
Сувингдан бир ҳавуч ичмоқлик учун,
Бир дарё оғулар ютдим ҳақиқат.
Гулгун ёшлигимни эгди хиёнат,
Аччиқ кўз ёшларда оқдим ҳақиқат.
Юракни нишонга олганда туҳмат
Сен томон умидла боқдим ҳақиқат.
Кимларнидир кутиб толиққандирсан,
Мен сен деб оташдан ўтдим ҳақиқат.
Кимнидир йўлида йўлиққандирсан
Мен сени бир умр кутдим ҳақиқат.
Тоғда гулхан ёқиб аждарлар билан
Сен ҳақда суҳбатлар қурдим ҳақиқат.
Қотил бўлмасин деб, илон парига
Кафтимда шакарлар бердим ҳақиқат.
Мунгли достонимни эшитиб туриб,
Девлар қишлоғимга олов ёқмади.
Қирқ кун  Вахшувордан кўчган илонлар,
Муздай тегиб ўтди, аммо чақмади.
Қашқирлар ўраган  ёлғиз от эдим,
Қорларга тўкилган қоним - ҳақиқат.
 Тирик қолиш учун ҳар кун ёндим,
Сен бунча кечикдинг, жоним ҳақиқат.
Энди йиқилмайман, энди ўлмайман
Ҳайбати ҳақиқат, қудрати ҳақиқат.
                   Сен келдинг,  изингни кўзга сургайман               
Ҳазрати ҳақиқат, ҳазрати ҳақиқат.

Зулфия МЎМИНОВА