“ЖУРНАЛИСТ ЭКАНЛИГИМДАН ФАХРЛАНАМАН”
КАСБИМ – БАХТИМ“ЖУРНАЛИСТ ЭКАНЛИГИМДАН ФАХРЛАНАМАН”
Журналистика...
Бу соҳага қачон ва нима учун, ким сабаб бўлиб меҳрим уйғонган, очиғи, билмайман. Лекин 5 синфда ўқиётган кезларимда “Ленин учқуни”(ҳозирги “Тонг юлдузи”) газетасида илк кичик хабарим чоп этилган. Мактабимизнинг Наманган шаҳрида бўлиб ўтган “Гул байрами”да юқори ўринни олганлиги ҳақидаги хабарим мени янада кўпроқ нарсалар ёзишга ундаган. Шундан кейин туман газетасининг фаол жамоатчи мухбирига айланган эдим.
Ўрта мактабни тамомлаётганимда қайси касбни танлашим аниқ эди. Баъзи қариндошларим “Мактабни олтин медаль билан тамомладинг, Юридикага кир”, дейишди. Баъзилари эса “Сендан яхши шифокор чиқади, ТошМИда ўқи” дейишди. Бундай гап-сўзларга қарамай мен танлаган йўлимдан қайтмадим. Бироқ биринчи йили талаба бўлолмадим. Шунинг учун бир йил мобайнида ҳам ишладим, ҳам университетга кириш учун тайёрландим, адабиётдан анча шпаргалка тайёрлаганим ҳам рост.
Ҳужжат топшириш пайти келганида кечкини танладим. Бир йил ишлаш жараёнида оиламга ёрдам беришим кераклигини ҳам тушуниб етгандим. Ҳар ҳолда ота онамга 7 фарзандни тарбиялаш, едириш, ичириш осон эмас эди.
Ижодий имтиҳонда “Менинг қишлоғим” мавзусини танладим ва яхши балл тўпладим. Оғзаки имтиҳонга топшириш учун эшикдан кираётиб кўйлакларимга беркитган шпаргалкани бехосдан тушириб қўйганимни ҳанузгача ўзгача ҳаяжон билан эслайман. Имтиҳонни устозимиз Мухтор Худойқулов қабул қилгандилар. Улар менинг қизариб кетганимни кўриб, мийиғларида кулганларича далда бергандай бўлиб: “Қани билетни олингчи”, деганлар.
Биринчи курсда ўқиётганимизда “Лекин учқуни” таҳририятини излаб топганман. Ёқут опа Раҳимова, Абдусаид Кўчимов, раҳматли Ҳамза Имонбердиевларнинг қўллаб-қувватлаши туфайли газетага қатнаша бошладим.
1 курсни тамомлаганимиздан кейин “Гулистон” журналига ишга қабул қилиндим. 1980 йилнинг 12 августида 16 қаватли “Матбуотчилар уйи”нинг 3 қаватида машинстка сифатида иш бошладим. Ўша кезларда талабанинг бундай ишга кириши ҳам осон эмасди.
Бир ойда бир марта чиқадиган 32 бетлик журнал таҳририятида 17 киши меҳнат қиларди. Ҳар бир сон режаси олдиндан муҳокама қилинар, ходимларга топшириқлар берилар ва ҳар бир мақола, шеър ёки ҳикоя ўта масъулият билан тайёрланарди. Бугунги кун билан солиштиринг. Янглишмасам, ҳар ҳафтада чиқадиган газеталарда ҳам бунча кўп киши ишламайди.
Ҳам ўқиш, ҳам ишлашнинг ўзига яраша қийинчилиги ва завқлари бор эди. 22 йил мобайнида бу журнал таҳририятида астойдил меҳнат қилдим. Оддий машинисткаликдан то масъул котиб даражасигача кўтарилдим.
Мен ишга кирган кезларда Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Асқад Мухтордай забардаст ижодкор журналга бош муҳаррир эди. Буюк адиб билан оз фурсат бўлсада ишлаш бахтига муяссар бўлдим. Улардан кейин журналга бош муҳаррир бўлиб ўзбек шеърияти ва насрининг кўзга кўринган намояндаларидан бири Мирмуҳсин тайинландилар.
Ўзбек тили орфографиясини яхши билишим мени корректурага ишга ўтишимга замин бўлди.
Бир куни Мирмуҳсин ака бир хатни кўчиришга бердилар. Ўша матнда бир сўзда хато бор экан. Мен уни тўғрилаб ёздим ва хоналарига олиб кирганимда буни айтдим. Мирмуҳсин ака “Сиз ўзингизни ҳақ эканлигингизни қандай исботлайсиз?” дедилар. “Устоз ўзбек тили луғат китобида шундай деб ёзилган”, дедим. Лекин ичимда бир ҳадик бор эди: “Агар мен хато қилган бўлсамчи?”. “Қани бўлмасам ўша китобни менга олиб келинг”, дедилар устоз. Машинисткалар хонасига бироз ғамгин кириб келганимни кўрган катта машинистка Холида опа: “Ҳа, нима бўлди, йиғлаб юборадиганга ўхшайсиз?” деб сўрадилар. “Опа, ҳозир ҳеч нима сўраманг”, дедим ва қўлимга машинка ёнидаги турган луғатни олиб бояги сўзни қидириб топдим ва юзим ёришиб кетди, лабимда қувонч пайдо бўлди. Хурсанд бўлганча устоз хонасига йўл олдим ва китобни устоз столига қўйдим.
Мирмуҳсин ака бу ишимдан жуда мамнун бўлдилар ва эртасигаёқ корректор вазифасида иш бошлашим учун буйруқ бердилар.
Ёдимда, таниқли шоир Сайёр март сони тайёрланаётганда “Синглим сиз ҳам бирон қораламангиз билан қатнашинг”, деб қолдилар. Ўша куни уйга бориб ярим тунгача “Совға” номли кичик қатрани ёзиб, эрталаб уларнинг қўлларига топширдим. Уларнинг таҳрирлари билан шу қатра журналда чиқди.
Мирмуҳсин ака жуда билимли, талабчан ва шу билан бирга адолатли раҳбар эдилар. Улар журналда нашр этилган ижодий ишларга қалам ҳақи қўйилаётганда “Шоир бой бўлмайди, шунинг учун ҳар бир сатр учун бир сўмдан ёзинглар”, дердилар. Таҳририятда меҳнат қилаётган, лекин ойлик маоши оз бўлган ходимларга ҳам бироз оширилган ҳолда қалам ҳақи ёзилишини айтардилар.
Ишга кеч келган ходимларнинг танбеҳ олиши ҳам аниқ эди. Чунки уларнинг ўзлари ҳеч қачон ишга кеч қолмасдилар. Роппа-роса 9.15 да Мирмуҳсин ходимларнинг хоналари калитини олиб кириб кетардилар. Уларнинг хоналарига кириб калит олиб чиқиш учун катта юрак керак эди. Шунинг учун ҳамма ўз вақтида келишга интиларди.
Бир куни Мирмуҳсин акадан “Устоз, ҳар доим ишдасиз, қайси пайтда романларингизни ёзасиз?” деб сўраганман. “Дам олиш кунларим ҳар доим бир вақтда ёзув столимга ўтираман. Агар ўша дақиқаларда юрагимда борини қоғозга туширишга ҳаракат қиламан. Баъзан тайёргарлик кўраман, қаҳрамонларимнинг ҳаётини кўз олдимга келтириш билан ҳам вақтим ўтиши мумкин”, дея жавоб қайтарганлар. “Ижодкор учун ҳар доим бир вақтда ижод столига ўтириши муҳимми?” деганимда, у киши: “Бу ҳар бир ижодкорнинг ўзига боғлиқ. Кимлардир кечқурун ишлашни хуш кўради” дедилар.
Бир куни устоз мени йигирманчи аср ўзбек адабиётининг йирик намояндаси, жаҳоннинг машҳур ҳикоянавислари сафидан муносиб ўрин эгаллаган, сўз заргари — Ўзбекис-тон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳорнинг рафиқаси, Шарқ мумтоз адабиётининг билимдони, йирик матншунос Кибриё Қаҳҳорова билан суҳбатлашишга юбордилар. Опа билан суҳбатдан сўнг ўзимни яна бир қарич ўсгандай ҳис қилдим. Моҳир таржимон Кибриё опанинг “Ҳаммага ҳам кўз ёшингизни кўрсатманг, чунки ҳамманинг ўз дарди ўзига етарли бўлади”, “Мактабларда ўқитувчилар ҳеч бўлмаганда ҳар кун ўқувчиларга тўрт мисра шеър ёдлаб келишни вазифа қилиб қўйса, нур устига аъло нур бўлур эди” деган сўзларини ҳанузгача ёдимдан чиқармайман.
“Тошкент оқшоми” газетаси бош муҳаррир ўринбосари, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» Солиҳ Ёқубовнинг топшириғи билан элимизнинг суюкли ва машҳур санъаткорлари Ҳалима Носирова, Берта Давидова, Саодат Қобуловаларнинг уйларини излаб топганим ва уларнинг дастурхонида бир пиёла чой ичиб суҳбатдош бўлган дамларимни ҳам ҳеч қачон унутмайман. Зеро, уларнинг ҳар бири ўзига хос катта мактабдир.
Бугунги кунда элимизга меҳр билан хизмат қилаётган жуда кўп машҳур ва таниқли санъаткорлар, хонандалар билан қилган суҳбатларим ҳам менга ҳаёт йўлларимда катта сабоқлар берди.
Дарвоқе, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик “Шарқ юлдузи” журналида ишлаётган кезлари хоналаримиз ёнма- ён эди. Тоҳир ака нафақат ижодда, балки рўзғор илмида ҳам жуда чиройли ўгитлар берардилар.
Куз кунларининг бирида кечки таом учун палов пишириш ниятида эдим. Ишдан қайтаётиб турп олишни режалаштирган эдим. Шунинг учун таҳрирдан бироз чарчаганимда, уларнинг хоналарига чиқиб, сўроққа тутдим: “Тоҳир ака, турпнинг қанақаси ширин бўлади? Мени ҳар доим олганларим аллақандай тахир чиқади”, дедим. Улар ана шунда куврак ва мазали турп олиш сирларини эринмасдан айтиб бердилар.
“Шайтанат” асарининг 1 томи чоп этилганида “Синглимга! Икки дунё саодатини тилайман!” дея дастхат ёзиб берганларида кўзимга ёш олгандим. Чунки шу кунгача шоиру ёзувчилардан жуда кўп китоблар олган бўласам-да, бундай чиройли сўзлар учрамаган эди.
Бугунги кунда “Шайтанат”нинг бешта томи китоб жавонимдан жой олган ва унга кўзим тушган лаҳзаларда Тоҳир аканинг ҳақларига “Қуръон” тиловат қилишга тушаман.
Таниқли ёзувчи Оқилжон Ҳусанов, журналист Шомурд Сиддиқов, шоирлар Сайёр, Асқар Маҳкам, танқидчи Маҳкам Маҳмудов, мусаввир Наримон Иброҳимов, техник муҳаррир Анвар Саидумаровларнинг исмларини ҳар доим ҳурмат ва эҳтиром билан тилга оламан. Уларнинг ҳар бирининг менинг тақдиримда катта излари бор. Зеро, юқорида тилга олган устозларимнинг бу дунёдан ўтганларига анча бўлди. Охиратлари обод, ётган жойлари жаннат, фирдавс боғлари бўлсин!
Ҳаёт – энг катта муаллим. Умр йўлимда яхши инсонлар ва устозлик қилганлар жуда кўп бўлди. Уларнинг ҳар бирини исмини тилга олганимда ич-ичимдан миннатдорликни ҳис қилиб, Яратганга шукроналар келтираман ва: “Яхшиям Сиз борсиз азиз одамлар!” дейман.
Умрни бежиз дарёга ўхшатишмайди. Дарё ҳеч қачон ўз ўзанида бир текис оқмайди. Зеро, ҳар қандай журналист, ҳар қандай ижодкор ҳаётида юксалишлар ва пасайишлар бўлади. Бироқ у ҳар қандай вазиятда ижод қилишдан тўхтамаслиги даркор. Мен ҳар доим шундай йўл тутдим.
Мен журналист эканлигимдан фахрланаман!..
“Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни” билан барча ҳамкасбларимни – журналистлар, ноширлар, телевидение ходимлари, сайтларда фаолият юритаётган заҳматкаш инсонларни ва ҳатто блогерларни ҳам чин дилдан муборакбод этаман. Ўзларига касбий ривожланиш, соғлиқ ва фаровон ҳаёт, омад, хонадонларига ҳаловат тилайман!
Маъпура НАБИЕВА,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳибаси.