СЎЗ ЭРКИНЛИГИГА ҚАНДАЙ ЭРИШДИК?
САҲИФАДАН ОЛИБ ТАШЛАНГАН МАҚОЛА ЁХУДСЎЗ ЭРКИНЛИГИГА ҚАНДАЙ ЭРИШДИК?
Аслида бу кунларга эришишимиз осон бўлмаган. Матбуот эркинлиги, сўз эркинлиги ҳақида кўп гапириларди, лекин амалда ундай нарса йўқ эди. Айниқса, собиқ Шўро ҳукумати даврида ҳар бир ёзган сатримиз текшириларди. Ҳатто “худо”, “Аллоҳ” каби сўзларни ишлатсак, уларни олиб ташлаш кераклигини айтишарди. Ёки “матнда “худо” сўзини кўп ишлатиб юборибсизми?!” деган танбеҳларни эшитардик. Матбуот саҳифаларида асосан Коммунистик партия кенгашлари, мажлислари, сессия ва йиғилишлари, беш йиллик режалари эълон қилинар ва у кезлари ўша газеталар жуда зерикарли чиқарди. Ҳамма буни ўзи шунақа бўлиши керак, дея қабул қиларди.
Ўзбекистон Мустақилликка эришганидан кейин бу қарашлар ўзгарди. “Даракчи”, “Бекажон”, “Ҳордиқ”, “Постда” каби бир-биридан қизиқарли газеталар майдонга чиқди ва у босма нашрлар ҳам қизиқарли, ҳаммабоп, ўқимишли бўлиши мумкинлигини исботлаб берди.
Бугун биз Матбуот ходимларининг касб байрами арафасида ибтидоий босма шаклдан рақамли тизимгача бўлган давр ҳақида, шу йиллардаги ўзгариш ва қарашлар ҳақида фикр юритишни жоиз деб топдик.
БУ ҚАНДАЙ БОШЛАНГАН ЭДИ!
Очиғи, мен илк бор касбим бўйича иш бошлаганимда газета-журналлар қандай тайёрланишини билмасдим. Мен иш бошлаган ўтган асрнинг 80-йилларида матбуотимиз ҳали ибтидоий даражада эди. Матнлар аввал босма машинкасида қўлёзмадан оққа кўчирилар, уларнинг ҳажми ўлчаниб, тахминий макет тузилар ва мақола учун олинган фотолар ҳам цехга клишега олиш учун юбориларди. Яъни, фотоқоғоздаги сурат, темир клишега ўтказиларди. Матнлар ҳам қўрғошинга териларди. Кейин бу қўрғошинга терилган, маълум ўлчамдаги матнлар орасига темир маҳкамлагичлар қўйилиб қотириларди. Устидан қора мой суртилиб, газета қоғози ёпиларди. Вёрстка қилувчи – газетани саҳифаловчи мутахассислар қоғознинг устидан чўтка билан уриб, ундаги ёзувни қоғозга ўтказар эдилар. Тайёр бўлган саҳифалар, қайта-қайта ўқилиб, хатолари тузатиларди. Бизнинг давримизда ҳар бир бўлим алоҳида хоналарда жойлашган бўларди. Газета саҳифаланадиган куни айниқса, корректорлар хонасида иш қайнар эди. Саҳифадаги мақола қайси бўлим томонидан берилган бўлса, аввал уни шу бўлим муҳаррирлари ўқиб чиқишар, ундан кейин корректор, техник муҳаррир, масъул котиб, бош муҳаррир, бош муҳаррир ўринбосари ўқиб чиқарди. Газета хатоси қолмагунча, беш-олти мартадан қайта ва қайта ўқилар эди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Тайёр саҳифалар, у газета бўладими, журналми, “Уз.лит” деб аталадиган бўлимга топшириларди. Ана улар газета тақдирини ҳал этар эдилар. Уларнинг “босишга рухсат” деган имзосисиз биронта газета босмахонага топширилмас эди. Улар “Адабий муҳаррир” номи остида газетадаги мақолалар мазмуни билан чуқур танишиб чиқишарди. Уларнинг биронтасида сал ножўяроқ сўз бўлса, ўша жумлани олиб ташлар эдилар. Шундай вақтлар бўлганки, биз матнда “худо”, “Аллоҳ” деган сўзларни ишлата олмасдик. Иш битта иборани олиб ташлаш билан битса майлига, шундай пайтлар бўлардики, саҳифадан бутун бошли саҳифалар олиб ташланарди. Ана унда бизга қийин бўларди. Чунки олиб ташланган мақоланинг ўрнига зудликда бошқа мақола тайёрланиши зарур эди.
Ўзимнинг мақолам билан ҳам бир нохуш воқеа бўлган. Ўшанда мен “Сирли олам” ҳамда “Қалб кўзи” таҳририятида ишлардим. Ўша йилнинг куз ойларида биз таҳририят аъзолари билан бирга Зомин тоғларига экспедицияга борган эдик. Чунки бу таҳририятлар асосан сирли ҳодисаларни ёритиш ва тадқиқ қилиш билан шуғулланарди. Зомин тоғларига НУЖ (учар ликопча)лар кўп келаётгани ҳақида эшитган, шунинг учун Ўзбекистон Уфологлар уюшмаси билан ҳамкорликда Зоминга экспедиция уюштирган эдик. Ўн кун мобайнида тоққа чиқиб, осмонни кузатганмиз. Ўшанда мен Зоминда юз берган туркум мақолалар ёзганман. Аммо мақоламнинг учинчисини Уз.лит ходимлари саҳифадан олиб ташлашган. Сабаби, унда энди мустақил бўлган Ўзбекистонда бўладиган воқеалар, хатарлар ҳақида фикр билдирилган эди. У кезлари ноёб қобилиятли кишилар ўзга сайёра вакиллари билан масофадан туриб, интуитив – ички сезгилари орқали мулоқот қилишарди. Шундай мулоқотларнинг бирида Табобат ва Уфология маркази раиси Тоҳир Солиев Ўзбекистонимизга тегишли бўлган маълумотларни олган эдилар. Унда аниқ эсимда 1999 йилда бўладиган Биринчи Президентимизга суиқасд, террористик қўпорувчилик ҳаракатлари ҳақида ҳам маълумотлар келганди. Бу санани мен яхши эслаб қолганман. Биз ўшанда “майли, аҳолида ваҳима уйғотмаслик учун террористик қўпорувчилик ҳақидаги маълумотларни олиб ташлаймиз” дедик. Лекин Уз.лит ходимлари бу мақоланинг ҳаммасини олиб ташлашни буюришди. Шу билан безарар, қизиқарли маълумотлар ҳам кетди. Мен жуда хафа бўлдим. Ҳамма меҳнатларим зое кетди. Мақоламнинг ўрнига бошқа мақола қўйилди. Мен ҳозиргача, ўша мақолани асраб қўймаганимга ачинаман. Унда ҳозирги бўлаётган урушлар ҳақида ҳам маълумотлар бор эди. Ваҳоланки, бу маълумотлар улар содир бўлишидан ўн йиллар олдин берилган эди. Мен орамизда шундай ноёб қобилиятли инсонлар борлигига ишонаман. Улардан бири раҳматли Тоҳир Солиев эди. Улар инсон ички аъзоларини худди рентгенда кўргандай кўрар эдилар. Кейин маълум бўлишича, бу одамнинг танасидан инфрақизил нурлар таралар экан. Шунинг учун Тоҳир Солиевни рентгенга тушириб бўлмас эди.
Хуллас, кейинчалик офсет босма усулига, ундан кейин бу тизим ҳозирги рақамлаштирилган усулга ўтиб кетди. Бугунги кунда эса босма нашрлар аҳволи унча яхши эмас.
Коронавирус пандемияси туфайли газеталар иши тўхтатилди, одамлар маълумотни интернет орқали, қўл телефонларида ўқишга ўрганиб қолдилар. Босма нашрлар тиражи кескин тушиб кетди, китобга бўлган қизиқиш ҳам сусайди.
МАТБУОТ ЭРКИНЛИГИГА ҚАНДАЙ ЭРИШДИК?
Ҳамма замонларда ҳам Матбуот эркинлиги долзарб масалалардан бири бўлиб келган. Матбуот халқни бошқарувчи энг кучли мафкуравий қурол, деб ҳисобланган. Шунинг учун собиқ Шўро ҳукумати даврида у қандай нашр тури бўлишидан қатъи назар, қаттиқ кузатув остида бўлган.
Мен аслида “Кино” журнали бирлашган таҳририятида иш бошлаганман. Бу ерда ишлаган йилларим, Уз. Лит ходимлари билан деярли зиддиятларга бормаганмиз. Фақат агар ҳужжатли фильмларда эълон қилиниши тақиқланган ҳудуд фотолари бўлса, шуларни олиб ташлар эдилар. Баъзида битта сўз устида баҳс-мунозаралар бўлар, баъзида улар жуда кулгили нарсаларни важ қилиб, мақоладаги ибораларни олиб ташлар эдилар.
Қайта қуриш йиллари “цензурадан ҳоли” деб аталган махсус газета “Ҳуррият” ташкил қилинди. Аммо бу газетада ишлаш осон бўлмаган. “Эркин” дейишга дейилди-ю, лекин бу газета муҳаррирлари жуда тез алмашар ва анча пайтгача йўқ бўлиб кетар эдилар. Аммо ҳар қалай, бу газета анча ботир мақолаларни боса бошлади. Яъни, агар эркинлик берилса, бизда ҳам қобилиятли журналистлар борлигига дунё ҳамжамиятини ишонтира олдик.
Аслида мен кейинчалик иш бошлаган “Сирли олам”, “Қалб кўзи” таҳририяти эркин матбуот сифатида ўша кезлари долзарб бўлган ва одамлар соғинган мавзуларда мақолалар беришни бошлади. Хусусан, “Сирли олам” журналида етмиш йил мобайнида илк марта “Пайғамбарлар тарихи” чоп этила бошланди. Одамлар диний-маърифий мавзуларни шу қадар соғинган эдиларки, ўша йилларда бу журнал икки юз минг ададда босилиб чиқди! Бундай ўйлаб қаралганда ҳаммабоп ва сиёсий-расмий матбуотдан фарқли ўлароқ, бу матбуот нашрлари эркин, қизиқарли йўналишни бошлаб берган эди. Ундан кейин “Даракчи”, “Бекажон”, “Ҳордиқ” каби маърифий-кўнгилочар газеталар матбуот саҳнасини эгаллади. Кимлардир бу ҳафтада бир марта чиқадиган газеталарни “сариқ матбуот” деб атади. Бу борада камситишлар ҳам бўлди. Айрим юртимизнинг муҳтарам кишилари “сариқ матбуотга интервью бермайман!” деган гапларни ҳам айтишган. Аммо ҳафтада бир чиқадиган бу газеталар асосан Мустақиллик тамойилларини, миллий мафкура ва миллий қадриятларимизни тараннум этди. “Турмуш чорраҳаларида” рукни остида бошқаларга ибрат бўладиган мақолаларни эълон қилди. Фарзанд тарбияси, эр-хотинлар аҳиллиги, қийналиб қолган оилаларга, кекса ва ногиронларга ёрдам мавзуси кўтарилган долзарб мақолаларни босиб чиқарди. Шу билан бирга “газета сериали” номли янги жанр пайдо бўлди. Мен уларнинг бадиийлик даражаси ҳақида тўхталиб ўтирмайман. Муҳими, уларнинг воқеалари қизиқарли ва оддий халққа тушунарли тилда ёзилди. Шу боис биз илгари газета ўқимайдиган оддий кишиларга ҳам газета ўқишни ўргатдик. Мухлисларимиз газетанинг ҳар сонини интиқлик билан кутар эдилар. Уларда босилаётган деярли ҳар бир мақола, суҳбатлар юзасидан фикр билдириб мактуб йўллар эдилар. Шу боис ҳам биз журналистлар мухлислар билан бўладиган давра суҳбатларига кўп борардик, чиройли кечалар уюштирар эдик.
Бугун байрамимиз арафасида раҳматли Устозимиз Беҳзод Низомиддинович Зокировни алоҳида бир эҳтиром билан эсламоқчиман. Хусусан, “Бекажон” газетаси мени халққа яқинлаштирди. Илгари ишлаган матбуот нашрларида газетхон билан муаллиф ўртасида каттагина масофа бор эди. Шу билан бирга биз кўпроқ сирли ҳодисалар билан шуғулланар эдик. Шу боис ёзганларимизда мавзудаги чеклов, бирёқламалик сезилиб қоларди. “Бекажон” газетасида ишлаб, халқ дардини яқиндан ҳис қилишни ўргандим. Мақолалар ўқимишли бўлиши учун нималарга эътибор қилиш кераклиги, халқона тил ва услуб, бу алоҳида мавзу!
Айниқса, журналист янгиликлардан бохабар бўлиши кераклиги, ҳамиша халқдан бир қадам олдинда кетиши кераклигини тушундим.
Беҳзод Низомиддинович бизга ҳамиша янги ғоялар берар ва янгиликка интилишга чорлар эдилар. “Сўнгги кун” романининг кейинги китоблари ёзилишида ҳам баҳоли қудрат уларнинг ҳиссалари кам эмас. Аввало, таҳририятга ўша баҳс-мунозарали даврда, “Ҳордиқ” “Сўнгги кун”ни саҳифаларидан олиб ташлаган бир пайтда “Бекажон” уни пешма-пеш босди ва бу билан анча дадил нашр эканлигини исботлади. Асарнинг биринчи китоби тугаганида, раҳматли устозимиз, “Сиз “Сўнгги кун” хотимасини ёзманг, охирига уч нуқта қўйиб тугатинг, уни газетхонлар яхши қарши олишди, балки давомини ёзарсиз” деб маслаҳат берган эдилар. Мана уларнинг маслаҳатлари бугун рўёбга чиқиб турибди.
Афсуски, бугун босма нашрларнинг аҳволи ҳавас қиларли даражада эмас. Шунга қарамай, босма ахборот, бошқа бари матбуот шакллари орасида энг масъулиятли, тилга, стилистика ва имло хатоларга эътиборли бўлган, кўпроқ таҳлилий, долзарб мақолалар бериладиган рейтинги юқори босма нашр бўлиб қолади. Газета саҳифаларида тарбиявий мақолалар, долзарб мавзулар кўтарилади, кўпчиликка қизиқарли бўлган мавзулар ёритилади.
Газеталар аҳволи ёмонлашгач, Беҳзод Низомиддинович биз билан алоҳида мажлис ўтказган эдилар. “Бекажон” аввал-бошдан шарқона одобни тарғиб қилишни ўз олдига мақсад илиб қўйган, биз бу йўлдан оғишмаймиз. Ададимиз қандай бўлишидан қатъий назар, биз ҳамиша миллий қадриятларимизни ва шарқона одобни тарғиб қиламиз!” деган эдилар. Балки шунинг учундир газетамиз ҳамон мухлислар қўлидан тушмаяпти ва севиб ўқиляпти.
Фурсатдан фойдаланиб, ҳамкасбларимизни Матбуот ходимлари куни билан чин қалбимдан табриклайман. Ҳамиша қаламлари ўткир бўлсин, ижодлари қайнасин, мартабалари улуғ бўлсин! Ўтганларимизни Охиратлари обод бўлсин!
Мавлуда ИБРОҲИМОВА.
Манба: «Бекажон» газетаси.