Боболарим ардоғимда


Моҳигул НАЗАРОВА

9 май — «Хотира ва қадрлаш куни» муносабати билан боболарим ҳақида ёзгим келди…

Назар бобом

    Мен Назар бобомни (дадамнинг оталарини) кўрмаганман. Бобом Иккинчи жаҳон урушида иштирок этиб, бир қўллари ногирон (яъни кафтлари юмилиб қолган ҳолда) бўлиб қайтиб келганлар. «Жасорат» ва яна қандайдир медаллари бор эди, раҳматли бувим кўрсатгандилар. Урушдан олдин Катта Фарғона каналига бориб ишлаганларини, урушдан кейин эса Ғиждувонда ғишт заводида бошлиқ бўлиб ишлаганларини ҳам бувимдан эшитганман. Кенг саҳро, чўлларга чиқиб ов қилишни яхши кўрганлар. Яхшигина мерган ҳам бўлганлар.
    1946 йилда бувим Гулбиби Бозорбой қизига яхши кўриб уйланганлар. Бувимнинг биринчи турмуш ўртоқлари Финляндия урушига кетиб, бедарак йўқолган ва бувим якка ўзлари тикувчилик қилиб, фарзандларини (амаким ва аммамни) улғайтираётган бўлганлар. Бобом уйланмаган йигит бўлсалар-да, икки болали аёлга уйланиб, 9 ёшли Тўйбиби аммам ва 7 ёшли Сами амакимни ўз фарзандлари каби тарбиялаганлар. Урушдан кейинги оғир йилларда, бир парча нон топиш жуда қийин бўлган пайтларда бобом уларга оталик қилганлар. Кейинчалик дадам ва иккинчи аммам туғилишган. Бобом катта аммамни яхши бир инсонга турмушга узатганлар, 19 ёшли амакимни ўзлари ёқтириб қолган қизга уйлантирганлар. Аммо урушдан олган жароҳатлари сабаб, дадам ҳарбий хизматда бўлган пайтларида (1968 йил 4 март куни) бобом 50 ёшда вафот этганлар. Яъни, ўз ўғилларини уйлантириш, қизларини турмушга бериш уларга насиб қилмаган.
   Мен амаким ва катта аммамнинг бизга ўгайликларини катта бўлгунимча билмаганман. Чунки бувим ҳам, бобом ҳам уларни ҳеч ажратишмаган. Бизга ҳам «амакинг», «амманг» деб уқтирилган. Ҳеч қачон «булар ўгай» деб айтилмаган.
    Шу ўринда, раҳматли Сами амаким бобом билан боғлиқ бир-иккита воқеаларни айтиб берганлари ёдимга тушди.
   Амаким бир кун ишдан келиб, беллари оғриб қолади (улар автобус ҳайдардилар). Уйларида ҳеч ким бўлмайди. Электр грелка (иситгич)ни белларига қўйиб, ўзлари ухлаб қоладилар. Ухлаганларида, билмасдан у ёқ-бу ёққа ағдарилганларида грелканинг сими узилиб, очилиб қолади ва қисқа туташув бўлиб, кўрпачага ўт кетиб, тутая бошлайди. Шу пайт бобом амакимнинг тушларига кириб: «Сами, тур ўрнингдан!» — деб бақирадилар. Амаким сакраб туриб, грелкани токдан узиб, ёнғиннинг олдини оладилар. Шу воқеани дадамга айтиб бераётиб, йиғлаб юборганларини эшитганман.
    2005 йилнинг март ойларида амакимнинг мазалари ёмонлигини эшитдим. Ўғиллари Тошкентгача олиб бориб, катта шифокорларга кўрсатиб даволатишди, аммо фойдаси бўлмади (жигар циррози бўлган эканлар). Тошкентдан қайтганларини эшитиб, кўргани бордим. Амаким хурсанд бўлиб кетдилар, оилавий альбомни келтириб, болалигимизда тушган суратларни кўрсатдилар. Раҳматли бўлиб кетган укалари (дадам акаларидан беш йил олдин вафот этганлар) ва 25 ёшда автоҳалокат сабаб бу дунёни ташлаб кетган укам Ўткирни, кейин эса бобомни хотирладилар. Адашмасам, ўша куни 3 март эди. Амаким гапларининг охирида: «Моҳигул, жиян, мен кеча дадамни тушимда кўрдим, дадам кетган кун мен ҳам кетаман», — дедилар. Тўғриси, сесканиб кетдим. Амакимга: «Бундай гапларни айтманг, ҳали кўп яшайсиз», — дедим. Аммо эртаси куни амакимни вафот этганлари ҳақидаги хабарни эшитдим…
    Бобом ҳақида дадамдан сўраганимда, дадам доим уларнинг очиқкўнгил, жўрабоз (яъни улфатчиликни, даврани яхши кўрадиган инсон)ликларини, мардликларини, қўли юпунларга доимо ёрдам бериб, озиқ-овқат, кўрпа-тўшак берганларини айтиб бергандилар. Назар бобомни, Сами амакимни Аллоҳ раҳмат қилсин.


Хайриддин бобом


   Онамнинг оталари Хайриддин бобомни жуда яхши кўрардим. Балки мен билган ягона бобом бўлганлари учун шундаймикан, билмадим. Бобом асли тожикистонлик (Душанбе шаҳрида туғилганлар) бўлиб, ота-оналари билан «қулоқ қилинган оила» сифатида Ўзбекистонга, тўғрироғи Бухоронинг Ғиждувонига келиб қоладилар. Бобом асосан тожик тилида гаплашардилар. Ўзбекчани нимагадир «турк тили» дердилар.
    Хайри бобом бутун умр уста-наққош бўлиб ишлаганлар. Ҳалигача Ғиждувонда «уста Хайри» дейилса, кўпчилик танийди. «Ғиждувон тарихи», «Ғиждувон ободдир, Ғиждувоний ҳаёт» китобларига бобом ҳақида маълумотлар киритилган. Бобом уруш хотираларини кўп гапириб берардилар, кўкракларида мина парчаси теккан жой бор эди. Дастлабки мақоламни ҳам бобомнинг хотиралари асосида ёзганман, у «Ленин учқуни»да босилиб чиққанди. Номи ҳалигача ёдимда: «Ветеранлар ардоқда» деб номлагандим.
   Хайри бобом урушда овқат ўрнида хом картошканинг пўстини қайнатиб ейишганини айтиб берганлари ҳам эсимда… Бобом Берлингача борган ўзбек жангчиларидан бири эдилар. Ғалабадан кейин бир неча ой ўтиб уйга қайтганлар. Жуда кўп медаллари бор эди, икки томон кўкраклари ҳам тўлиб турарди. Бобом «9 май — туғилган куним», деб атардилар. Жуда одамий, оддий, яхши инсон эдилар. 1989 йилда 87 ёшда вафот этганлар.
    Жойлари жаннатда бўлсин. Ўтган яқинларимизни Аллоҳ раҳмат қилсин…










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот