ШАҲАР ВА ДИЛЛАР ВАЙРОН
Бир лаҳзада қадим бир шаҳар вайрон бўлди. Яхши ҳам, ёмон ҳам, бой, камбағал ҳам, барча бирдек Аллоҳдан нажот тилаяпди.
Буюк ва раҳмли Аллоҳим мададкор бўлсин. Ер талашамиз, уй талашамиз, арзимаган бир сўз, хато учун бир-биримизга азоб берамиз. Бир лаҳзалик ҳузур учун хиёнатга қўл урамиз. Бу жой меники эди, деб, Аллоҳнинг мулкини талашамиз. Қўшнимиз ўзи билмай уйимизга сув тоширса, ғазабга миниб жанжал қиламиз, таъмирлаб бер, деб арз қиламиз. Бир қизни улғайтириб касбли, маълумотли қилиб узатган қудадан яна тоғоралар кутамиз. Санаймиз, келинчакнинг юзига соламиз. Она минг тўлғоқ азобида дунёга келтирган боласини бағрига босиб, раҳмат айтишини пулга чақамиз. Оқ либос кийиб қора ишлар қиламиз. Тунги навбатчиликда турганимиз учун катта маош оламизу иложсиз, кимдандир қарз олиб келиб, жарроҳлик столига ётган камбағал бемор берган пулни индамай киссага соламиз. Гоҳида кибрга берилиб, мансаб берган Эгамга шукур қилмай, шофёр келиб эшик очиб беришини кутамиз. Кийим жавонимиз тўлиб тошса ҳам, бир муҳтожга биттасини хадя қилишга кўзимиз қиймайди. Сигир соғиб сутига сув қўшиб кўпайтирамиз, қатиққа ун қўшиб қурут қилиб сотамиз. Аллоҳ ҳаром қилган ишларни қилиб ҳеч ким билмади, деб эл ичида бош кўтариб юрамиз.
Ҳаром дейилган хайвон гўштини мусулмон биродаримизга ҳалол деб пуллаймиз. Аллоҳ байрам қилинг, деган муборак кунларда аза очиб йиғлаймиз, йиғламоқ онларида эса куламиз... Боламизни алла айтиб ухлатиш ўрнига тинчиса бўлди, дея қўлига телефон тутамиз.Кимнингдир кўнглига йўл топиш учун, ағёр санаган одамнинг мағлуб этиш учун, юксалганни ер билан яксон қилиш учун ҳасаддан сеҳру жоду қилдирамиз.Тирик одамни гўрга кўмамиз, бегуноҳ гўдакни ахлат қутисига ташлаймиз.
Яхшиям орамизда яхши одамлар бор. Худони таниган, ундан қўрққан, тўғри, деб айтилган йўлдан юрган, ҳалолдан ризқ топиб рўзғор тебратган, бировнинг дардига йиғлайдиган мўминлар бор, минг шукур. Шу боис ер ёрилмай турса керак...
Дуо қилайлик дўстларим. Аллоҳдан юртга, бутун дунёга тинчлик сўрайлик. Сув балосини кўрдик, шамол, бўронлар бинолар томини учирган кунлар ҳам ўтди. Оғир синовларидан, балои офатларидан Ўзи асрасин. Юртимиз тинч, элимиз хотиржам бўлсин! Улуғ Роббим, қардошларимиз мушкулини осон қилсин. Она ер ларзага келди, силкинди, тебранди. Она боласидан, ота оиласидан, уйидан жудо бўлди. Шамолда рўмоли юзини тўсса шошиб, боласини излаган онаизорлар вайроналар орасида қон бўзлаб юрибди...излаб юрибди...
Дуо қилайлик азизлар.Аллоҳим сизни, бизни, барчамизни яхшиликлари билан сийласин.
Мунаввара УСМОНОВА.
7.02.2023 й.
Мусаввир - Сарвар ФАРМОНОВ.