Бахтинисо тирик
Бугун Бахтинисонинг туғилган куни
Атиги бир йилгина аввал шу кун қўнғироқ қилиб табриклаган эдим. У табригимни охиригача эшитиб-эшитмай, бидирлаб кетганди:
– Опажон, борингизга шукур. Авваламбор, Аллоҳ ва сизнинг ёрдамингиз билан шундай азиз жойларга бориб келдим-а. Бурсада авлиёларни, Анқарада Хожам Байрам Пошшони, энг муҳими, Конияда Жалолиддин Румий бобони зиёратида бўлдим. Уларнинг пойида ўтириб, тиловат қилдим, Қуръон ўқидим, дуо қилдим. Энди ўлсам ҳам армоним йўқ, – деди.
Шундай қутлуғ кунда ўлимни тилга олган Бахтижонни уришиб бердим:
– Ўзи охирги пайтдаги фалсафий шеърларингиз ёқмаяпти. Ҳаммасида "кетаман", "келмасам" ва ҳоказолар қалашиб кетди. Яна гапираётган гапингизни қаранг! Профессор чиройли мужда берган бўлса-да, ҳеч шу ишга кўнглим чопмаяпти, сингилжон. Келинг, шу ҳаракатни тўхтатайлик.
Аллақачон акцияни бошлаб юборган Бахтинисо фақат ўзигагина ярашган ялинчоқликка ўтди:
- Опооооо. Илтимос, фақат чекинайлик деманг. Мен ўз ихтиёрим билан операцияга кетяпман-ку. Алпасланни туркчада айтган гапларини ҳам тушундим: "Фақат аҳволи бадтар ёмонмаслик учунгина ҳаракат қиламиз. Шунда ҳам етти ўлчаб бир кесаман", – деди. Нафасим тобора қисяпти, опа. Қўлларим қалтираяпти. Бошим муттасил оғрияпти. Бўйин умуртқам ичидаги иккинчи ўсимтанинг иши экан-ку бу! Опа, жарроҳлик амалиёти бўлмаса, ҳозирги кунимдан бадтар азоб чекаман. Ўзингиз эшитдингиз-ку. Гарчи мендан яширган бўлсангизлар ҳам, буни Тошкентда нейрохирургияда билганман...
Уни тинчлантиришга уриндиму, гапни пўсткалласини айтишдан истиҳола қилмадим:
– Профессорни гапини эшитдингиз-ку, "Юриш эҳтимоли жуда кам. Чунки, қимматли йиллар йўқотилган. Мен оёққа туришига ҳам кафолат бермайман. Фақат аҳволи бир мунча яхшиланади", – деди.
Бир муддат жим қолган Бахтинисо кулиб юборди:
- Эҳ-ҳа....Сиз битикларимда "Юриб кетар эканман насиб қилса" деган гапларимга шама қиляпсизми? Ахир бу яхши ният холос-ку! Балки Фейсбукка мўралайдиган фаришталар "Омин" деворар деб ёздим-да...
Сўнг чуқур хўрсинди:
– Опа, таваккал қиламиз. Пул йиғилса, шунчаки ўлиб кетмаслик учун ҳам ҳаракат қиламан. Мен момомдан узоқроқ яшашим шарт. Менга бир нарса бўлса, у кўтара олмайди. Тиригимни шунча кўтаряптилар, ўлигимни кўтармасин...
Шу суҳбатдан сўнг акция тезлашди. Унга ёрдам берадиганлар кўп эди. Етарли маблағ йиғилди. Жарроҳлик амалиёти ўтди. Хушхабар эшитдик. Амалиётдан сўнг қўнғироқдек овози билан қўнғироқ қилиб суюнчи олган энг биринчи яқини ҳам мен бўлдим:
– Опа... Профессор айтдими ҳолатимни? Зўрман, опоооо. Хеч ким кутмаган экан. Мўъжиза дейишяпти. Мўъжиза! Бош оғриғим йўқолди. Қулоғимдаги шовқин ҳам.. Энг асосийси, оёқларимни ҳис қиляпман. Пачкадаги памперсларим керак эмас энди. Аравачамни эса, ўзим орзу қилгандай вертолётдан Қора денгизга улоқтираман...
Мен уни "Жонлантириш бўлими"дан эртароқ чиқиб олгани учун уришдим. Ортиқча ҳаяжонмаслигини илтимос қилдим. Телефонларини ўчириб қўйишини, бошқалар билан ҳам камроқ гаплашишини тайинладим.
– Хўп опов, хўп. Айтганизни қиламан. Фақат реанимациядан тез чиққанимга уришманг. Аҳволим яхши-да. Момом билан ётгим келди. Аллоҳ рози бўлсин сиздан. Мен жуда бахтлимаааааааааан! Энди ҳақиқий Бахтинисоман!
Шу охирги суҳбатимиз бўлди.
Мана, орадан шунча ойлар ўтиб кетди. Халқ дуо қилди, Худобехабар баъзи одамлар эса унинг ўлимида мени ҳам айблади. Очиқдан очиқ гапириб ҳам юришди. Аввал фейсбукда бу ҳақда ёзмоқчи бўлдим. "Бахтинисо учун йиғилган халқнинг пулига хиёнат этган" деганларга бу мутлақо ёлғон, уйдирма эканини исботловчи асосли далилларим ҳам етарли эди. Шахсан менинг барча харажатларимни турмуш ўртоғим кўтаргани, Бахтинисони ўзига ҳам ёрдам қилганини ёзмоқчи бўлдим. Бироқ акиллаган бир-икки итга аччиқ қилиб, жавоб қайтаргим келмади ва ҳамма гап-сўзни момонинг битта гапи ювиб кетди:
– Агар Бахтижон Туркияга бормаганида, одамлар бефарқ бўлиб, ҳеч бўлмаса тузалиб кетиши учун ҳаракат қилишмаганида, у ҳаммамиздан хафа кетарди. Тушимга хурсанд бўлиб киради. "Момо, йиғламанг, мен яхшиман" деб юпатади....
Менинг тушларимга ҳам киради у.
Бир куни оппоқ кийинган кўпгина малаклар даврасида аравачасиз, жуда бахтиёр кўрдим. У хурсанд эди.
– Опоов, йиғламанг. Қаранг, тирикман-ку! Шу ҳурлар сафига аравачада, памперсда келишга ҳаё қилардим. Беҳисоб шукур, таҳоратим билан, покизагина ўз оёқларимда юриб келдим. – деб юпатди.
Яна бир тушимда эса, олдимга югуриб келиб: "Анави мухбир ҳеч қўймаяпти-да.. ТВ дан экан. Интервью бераверайми? Оёқларимда юрганимни ҳамма билсин, кўрсин", – деб изн олди.
Яна бир куни эса: "Опоооов, кеча биз Конияда, Румий ҳазратларининг олдида эдик. Абдулла бобом (Абдулла Ориповни шундай дерди) билан бирга келганмиз.
Учаламиз тоза гурунг қилдик-да! Қулоғингиз қизидими? Тинмай, бидирлаб гапирдим ўзиям.... Шунақа, хохласам Қашқадарё, хоҳласам Тошкент, хоҳласам Анқара , Конияга учиб боряпман. Туркияга борсангиз ўзим кутиб оламан. Чунки, кабутардай қанотларим бор. Ўзим яхши кўрган қушга айланиб қолдим, опа...
Туркияга бордим. Пойтахтга ўтган чоғ юрагим қаттиқ санчди. Эзилдим.. Уни эслаб йиғлаб ҳам олдим. Чунки, ҳар қадамда кўрардим синглимни.
– Қизингизми? Даволатгани олиб келдингизми?
Шу саволни эшитган раҳматли Бахтижон турк аёлига муғомбирона илжайганди:
– Кизи, кизийим бан. Фақат мен қора бабамга (дадам)га чўх ўхшайман. Қолган гардашларим сариқ....
***
– Қаердан келгансиз, Озарбайжонданми?
– Вай, нега унақа дейсиз? Ўзбекистонданмиз! Оповвв, чамадониздаги байроқни олиб, аравачамни рулига ўрнатиб қўйинг. Тавба, яна адашишди...
***
– Апельсин кач пара?
Опооов, апельсинлари сув текин-ку!
Мен Туркия апельсин етиштиришини, шунинг учун бу цитрус меваси ўзларида арзон туришини айтдим.
У бир нарсаларни хом чўт қилгач бақириб юборди:
– Воооой, апиристлар! Бизга роса қиммат олиб боришар экан, барибир. Савдогарларимиз эсини еб қўймаганми, опа? Йўл харажатлари, бож ҳаммасини қўшганда ҳам нархи Ўзбекистонда ўта баланд-ку! Бизнинг қишлоқни болалари буни йилда бир еса ейди, емаса йўқ.
Бунақа суҳбат, бунақа ҳайратларнинг чегараси йўқ эди. Бир куни совуқ қотгани учун жемпер олиб бермоқчи бўлгандим. Ўзимни пулимга олишимни хоҳламади. Ўша куни бозорни айлана, айлана 20 лира ( 3.5 доллар, сўмда 30 000 га ҳам бормасди) бир иссиқроқ жемперни танлади, арзон шубача хам олди. Ҳазиллашиб, қиммат шляпани рухсат сўраб кийиб кўрди.
Эртаси куни ижтимоий тармоқда ёзди. Совқотганим учун энг арзон кийим олдим демай, шляпани кийиб тушган суратини қўйди. Дарров кимларнингдир маломати остида қолди. "Опа, мен халқ йиғиб берган пулни орқа-олдимга қарамай сарфлаётган эмишман. Шунақа деб ёзибди бири", – деб хафа бўлди.
Бир лиралик чойни ичмай, меҳмонхонадан термосчасидаги қайноқ сувсиз чиқмайдиган синглимни қучоқлаб юпатдим....
Мана кабутарлар тўлиб-тошиб ётган Ота Турк хиёбони. Уни қидирдим. Жарангдор кулгилари беозор қушлар гур-гурига қўшилиб кетгандир, қоришиб кетгандир. Балки мен эшитмаётгандирман деб йиғлаб, қушларга дон сепдим... Уни тополмагач, меҳмонхонага қайтгунча йиғлаб келдим.
Сафаримиз битиб, қайтадиган бўлдик. Мен пойтахтдан тезроқ кетишни хоҳлардим. Уни Бахтижонни "ўлдириб" қўйгани учун ҳам ёмон кўриб қолгандим. "Туркияга келсам ҳам, сенга келмайман, сен ёлғончи экансан! Бахтинисо ҳам алдабди", деб ёзғирдим. Истанбулга учиш учун тайёрагоҳга ҳам шу тахлит кайфиятсиз, эзгин руҳда келдим. Белгиланган жойда учоқни кутиб турган эдик. Каттакон бино одамлар билан гавжум, ҳамма ўз хаёли билан банд. Шу вақт хўжайиним ҳаяжонланиб, юқоридаги шифтга ишора қилди:
– Онаси, анави каптарни қара! Бу ерга қандай учиб кирди?
Шошиб юқорига қарадим. Шундоққина бошим тепасида, учоқ йўлаги ёзилган кўрсаткичга қўнган бир дона кабутар тинмай гуриллаб, нимадир демоқчи бўларди. Унинг митти кўзчаларига қараб, ҳаяжондан қичқириб юбордим:
- Бахти, Бахтижон....
Ҳамма ҳайрон. Чунки улар Бахтижон кимлигини қаердан билишсин.
Кабутарнинг мунчоқ кўзчаларида Бахтинисонинг тийрак нигоҳлари акс этганди. Балки бу шунчаки қуш, балки юрагимни эзган соғинч туфайли уни жудаям кўришни хоҳлаганимнинг инъикосидир. Бироқ шу тушкун ҳолатимда биргина, ёлғон бўлса-да биттагина ўзим кутган мужда менга жудаям керак эди. У билан хаёлан гаплашдим. Қуш калласини у ёқ, бу ёққа қилиб гур-гур қилганча, гапларимни гўёки тасдиқларди.
Одамлар, айниқса тайёрагоҳ ишчилари ҳайрон. Ёпиқ ҳудудга қушлар учиб кирмаслиги учун махсус қўрқитувчи мосламалар қўйилган. Бинога ҳам кириши қийин. Майли, кирибди, аммо тепамда туриб гапларимга қулоқ солаётганидан ҳайратда эдилар.
Шундан сўнг, менга қўнғироқ қилиб, ноутбуким кассада қолиб кетганини айтишди. У кассага ҳам тепамда учиб бориб, сўнг ғойиб бўлди.
Шукур, турли тадбирлар туфайли анча жаҳонгаштаман. Туркияга эса Бахтинисодан сўнг сабаб-бесабаб боргим келаверади. Негаки, у яна қайсидир бир устоз адиб билан Румий ҳазратларининг зиёратига тез-тез бориб туришини биламан. Аданада бўладиган "Чукурова Халқаро шеър ва мусиқа фестивали"га таклиф қилишганида жуда хурсанд бўлдим. Бахтинисо бундай тадбирларни яхши кўрар ва албатта у ерга учиб боради.
Одамзод бошига тушган катта-кичик айрилиқларга чидаб яшайвераркан. Ўлмай яшайверар экан. Момом ҳам яшаяпти. Бахтижонни соғинса менга, Шоира опа ва бошқа кўнглига яқин инсонларга қўнғироқ қилади... Биз – Бахтижонга ёрдам бермоқчи бўлган минглаб дўстлари ҳам яшаяпмиз.
Бахтинисо ҳам орамизда... Фақат, энди унинг чиройли қанотлари ҳам бор. Муҳими, у қалбларимизда, ўзи айтгандай ҳақиқий БАХТИНИСОга айланиб яшаяпти...
Муаззам ИБРОҲИМОВА.
2019 йил.