Волидангиз кўнглини олинг
Топмоқ йўқотмоқдир, йўқотмоқ топмоқ.Сен сўлиб, мен яшнаб тўлишимга боқ.
Сенсиз топганимдан кўпроқ йўқотдим,
Сен мени юпатдинг, сени йиғлатдим.
Сен мени яратдинг, сени тугатдим.
Уялмай она деб келишимга боқ!
Соғинч ҳақда шеърлар ёздим ўзимча,
Мендан пешонангда доғлар тизимча.
Ўғлинг бўлмай ўлай, аттанг, минг аттанг,
Қиз туғсанг нетарди, кўпроқ қиз туғсанг.
Тиргак бўлолмадим битта қизингча,
Уялмай шоирман дейишимга боқ!
Жонингдан айланай тургин жонажон,
Йўл қараб бўлдими жигаргинанг қон?
Боқма кўзларимга бемажол, хаста,
Менинг топганларим гулми бир даста.
Йўқотганим... сенми энди, онажон,
Ўз этимни ўзим ейишимга боқ!
Билсанг... юрагимни бир алам элар,
Буюрсанг қўлимдан келмайди нелар.
Айт, пичан йиғайми, ўтин ёрайми,
Ерни ҳайдайинми, кўк ағдарайми?
Итдек оёғингга суйкалгим келар,
Учиб-учиб, мана, қўнишимга боқ!
Ҳеч нарса керакмас, болам ҳеч дейсан,
Энди кеч дейсан-да, энди кеч дейсан.
Юзимни босаман муздек юзингга,
Онажон, зор қилиб кетма изингга.
Ўлим олдида ҳам ғамимни ейсан,
Мен-чи, жим тақдирга кўнишимга боқ!
Шеърим битди, хайр, дўстлар хуш қолинг,
Бедил яшамакка ўрганманг мендек.
Боринг, волидангиз кўнглини олинг,
Эртага кеч қолиб, ўртанманг мендек...
Муҳаммад ЮСУФ – Ўзбекистон халқ шоири.