ОНА, СИЗНИ КЎРИШИМ КЕРАК
Мадор кета бошлади тандан,Охири йўқ қилар ишимни.
Роҳат топмай ҳатто чамандан,
Ютиб ўтирибман ёшимни,
Она, Сизни кўришим керак.
Оғир экан она бўлмоқ ҳам,
Ёки мендан юз бурди кўнгил.
Тоғ кўринар заррача бир ғам,
Қалдирғочлар бўлмади сингил.
Она, Сизни кўришим керак.
Тонгда турсам қанот ўссайди,
Фалак узра учсам ҳур, озод.
Шунда довон йўлим тўсмайди,
Шунда фитна қилмас одамзод.
Она, Сизни кўришим керак.
Пойингизга етиб олсам бас,
Қайғуларим тўкилар дув-дув.
Яна шум вақт қилмасидан қасд,
Чорлаб туринг, Мунаввархон-у-в-в-в.
Она, Сизни кўришим керак.
Ожизман-да, шоирман холос,
Бу қилмишим бўлмайди оқлаб.
Бўлмоқчиман дардимдан халос –
Тўқсон ёшли онамга юклаб.
Она, Сизни кўришим керак...
Мунаввара УСМОНОВА – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Саодат» журнали Бош муҳаррири, шоира.
8 май, 2026 йил.