БИРОВНИНГ ҲАҚҚИ


«РАМАЗОН ТУҲФАСИ» туркумидан...
I
Бу онгли табиат тузатиб турмиш,
Қорда қолиб кетмас қировнинг ҳаққи.
Адолат Соҳиби кузатиб турмиш,
Бировга юқ бўлмас бировнинг ҳаққи.

Олган қўл, шайтоннинг оёғи ила,
Қочиб қолса агар қайтмас бўлиб ҳеч.
Уларга Аллоҳдан инсофлар тила,
Ва ортига қайтсин бўлмасидан кеч.

Нафсининг қаърига чўккан зотларнинг,
Ваҳки, нақадар шўр пешонаси бор.
Ўзгалар ҳаққидан қўрққан зотларнинг,
Жаннат деб аталмиш кошонаси бор.

Иймоннинг кўзгуси тортмасин хира,
Ёмонлик ҳеч қачон ғолиб кетмайди.
Хиёнат – пашшалар ёпишган шира,
Қилмишлар жазосиз қолиб кетмайди.

I I

Ёзда олов сочмоқ – қуёшнинг иши,
Жон борки, жонини қилар ҳимоя.
Ўрта ёшдан бироз ўтган бир киши,
Нафас ростлаб борар, топилса соя.

Саратон тинкани қуритар ёмон,
Шокиржон уйига қайтар пешиндан.
Гўё ёнаётган ўрмондек осмон,
Мусича эриниб "ку-ку"лар индан.

Сал нарида оқар ариқ тўла сув,
Сочларидан тортиб мажнунтолини.
Бир шу жойда ўйнар шабода сулув,
Шокир хўллаб олар дастрўмолини.

Хумор-хумор оққан сувга қўл солиб,
Қизарган юзига босар кафтини.
Ариқнинг бўйида бироз дам олиб,
Пасайтирмоқ бўлар офтоб тафтини.

Салқинлик югургач унинг қонига,
Кўзига кўрина бошлади ҳар ён.
Ўтирган жойининг чап томонига
Қараса, ётарди ихчам бир ҳамён.

Қўлга олгач билди, ҳамённи очиб,
Ҳамён эгасининг ҳоли хор экан.
Бир бор қўл тиқди-ю сўнг қолди шошиб,
Йигирма минг доллар пули бор экан.

Қаршисида хунук илжайиб шул дам,
Пайдо бўлди иблис – алайҳил-лаъна.
Деди: “ Ол, олавер, ахир эй, одам,
Қизинг узатолмай юргандинг, мана.

Марҳамати чексиз Яратганимнинг,
Қара, сен ғарибга бўлди мададкор.
Кўзларини куйдир, дўсту ғанимнинг,
Тўйлар қилиб яша доим бахтиёр”.

Не қиларин билмай қолди Шокиржон,
У шу пулга муҳтож эди шу чоғда.
Бу ҳолатдан омон чиқмоқлик гумон,
Қаршисида шайтон найранг қилмоқда.

Иблис ҳамласига дош бермоқ мушкул,
Кўп қийин, ундан сал кетмоғинг нари.
Шул дам “Бисмиллоҳ” де, шайтонни буткул,
Йўқ қилар, иймоннинг сонсиз лашкари.

Шуни айта олди, бизнинг қаҳрамон,
Ва бу жангдан жонин қилди ҳимоя.
Нақадар қаттиқдир ушбу имтиҳон,
Бир дунё дарс берди шу салқин соя.

Шокиржон ҳар ёнга овоза этиб,
Эълон ҳам ёздирди манзили билан.
Роса уч ой кутди уйига кетиб,
Эгаси чиқмади, чин дили билан.

Бу орада эшик қоқиб келди кўп,
Жиловин нафсига тутқазган каслар.
Шокир, “Пул миқдорин айтинг, мана, хўп,
Сўнгра олинг.” - деса, қочди нокаслар.

Лаънати шайтоннинг ҳийласи ёмон,
Гоҳ юборди кўзи жиққа намларни.
Аввал учратмаган эди Шокиржон,
Шунчаликка борар муттаҳамларни.

III

Омонат тоғлардан оғир бўлади,
Уни кўтаришга метин бел керак.
Уч ойда бардошнинг жоми тўлади,
Бунга чидамоққа кенг бир феъл керак.

Эгасиз пулларнинг ўйлаб сарфини,
Охир зўр аҳдларни кўнглига терди.
"Саховат" уйига бериб ярмини,
Ярмин "Меҳрибонлик уйи"га берди.

Бу қилган ишидан мамнун бўлгач у,
Дили, гул очилган қир бўлиб кетди.
Аммо Абомурра* чекиб кўп қайғу,
Бундан ҳафсаласи пир бўлиб кетди.

*Абомурра - инкор
этувчиларнинг отаси
IV

Шокиржонга бутун олам нурафшон,
Ушбу кун ёришди кўнглининг туни.
Бироқ, зум ўтмасдан бўлди зимистон,
Бирдан тақиллади эшик зулфини.

Келган икки меҳмон киришиб саф-саф,
“Эълонингиз сабаб келгандик,”- деди.
“Топилдиқ миқдори шунчами?” – ё Раб,
Чиндан булар пулнинг эгаси эди.

Дедилар: - Ўша кун офтобда куйиб,
Ариқнинг сувига жонни берибмиз.
Қўлдаги ҳамённи бир четга қўйиб,
Сўнг юз-қўлни ювиб кетаверибмиз.

Шокиржон ичидан кетса ҳамки зил,
Сўзлади хотиржам, гапни қилиб ўнг.
- Омонат бу ерда эмасди ҳозир,
Эртага келингиз номозшомдан сўнг.

Меҳмонлар кетишгач, Ҳаққа ёлвориб,
Деди: - Мададкор бўл, дилим ўяр чўғ.
Биласан, бисотим жудаям ғариб,
Уйимда бу пулнинг мингдан бири йўқ.

Ташвишга уйқудан топилар паноҳ,
Ким кўнса у ҳақдир, тақдир ишига.
Қаранг, Расулуллоҳ дедилар ногоҳ,
Шу тун Шокиржоннинг кириб тушига.

- Бўтам, қайғурмагин, зинҳор-базинҳор,
Шу янглиғ нафс ўтин ўчиргин ҳар пайт.
Фалон шаҳарда бир фалончи бой бор,
Бориб, Расулуллоҳ юборди, деб айт.

V

Субҳидам уйғонгач, ўқиб бомдодни,
Сўнг ўшал шаҳарга равона бўлди.
Бориб, осон топди ўшал бой зотни,
Бой ҳам унга роса парвона бўлди.

Шокиржон деди: - Эй, азиз биродар,
Ташвишда қолгандим, ич-этимни еб.
Расулуллоҳ кириб тушимга саҳар,
Мени юбордилар сизга учра, деб.

Бой ҳайратдан қолди, кўкси тез уриб,
Туриб: - Хуш келибсиз, дўстим, - дедилар.
Ул зот, оҳ, менинг ҳам тушимга кириб,
Сизнинг келишингиз айтган эдилар.

Мезбон йиғлаб уни бағрига босиб,
Дер: - Кўксим поёндоз, жоним дастурхон.
Хуш кўрдим, боримга сиз ҳам муносиб,
Улуғ зот юборган, эй улуғ меҳмон.

Яратган бой қилиб яратди бизни,
Расули не деса, дейман фақат “хўп”.
Мана, олинг, дўстим, ҳожатингизни,
Сизга керагидан икки ҳисса кўп.

VI

Шокиржон шомдан сўнг, пул эгасига,
Барча воқеани рост айтиб берди.
Аллоҳ шунча берди, деб эвазига,
Йигирма мингини шод қайтиб берди.

Пулнинг эгаси ҳам бой экан асли,
Воқеа таъсири қалбига етди.
Қирилиб кетсин деб, шайтоннинг насли,
Пулларни олмасдан қолдириб кетди.

VII

Ҳақдорлар алданса, бўлсин фарёдлар,
Заиф қалбни шайтон кузатиб турар.
Бировнинг ҳаққидан, ҳайиққан зотлар,
Яратган сизга қўл узатиб турар.

Дил лат ейди иймон қасрин бузсангиз,
Жароҳат тузалмас дунёлар билан.
Бу қиссани ўқиб бўлгач, узсангиз,
Ботирнинг ҳаққини дуолар билан.

Ботиржон Эргашев.