Биринчи ўқитувчимиз ота-онамиздай меҳрибон эди. Эрта баҳорда очилган момақаймоқлардан териб, қўлимизга тутарди:
– Болаларим, қўлимдаги оддийгина гул ёки чечак эмас. Қаҳратон қаҳридан қўрқмай, аёз билан олишиб, совуқ тупроқларга қоришиб, бош кўтариб очилган гулчалар, ердаги хокисор қуёшчалар бу! Сизларга ўхшайди шу гулчалар. Қорлар кечиб, йўллар босиб келган, қўлчалари совуқдан қизариб, ёрилиб кетсаям билим оламан, деб интилган болаларга ўхшайди улар. Томлари тешилган синфхонада бошидан совуқ томчилар чаккилаб томиб турса ҳам, кўмир исидан, таппи тутунидан нафаси бўғилса ҳам саволингизга мен жавоб бераман, деб қўл кўтариб турган мардона болаларга ўхшайди бу гуллар. Кийимидаги ямоғидан уялиб доскага чиқмай қимтиниб турадиган, йиртилган этикда оёғи совуқдан қотиб қолсаям, мактабга келган аълочи болаларга ўхшайди бу гуллар. Шу боис гулнинг пешонасидан ўпаман, кўзларимга суртаман. Ҳали шундай омон-омон кунлар келадики, чиройли иморатлар қад ростлайди. Болалар ёруғ, шинам мактабларда ўқийди. Тумшуғида хас ташиб ин қурган қушчалардек сумкасига ўтин солиб келиб, олов қаламайди. Эски парталарга қоқилган мана бундай михлар сизларнинг танангизга ботиб, жонингизни оғритмайди, қўлчаларини тилиб, кийимини тўзғитмайди. Шамоллаб, иссиғи чиққан болани елкасига опичиб, мен каби ношуд муаллим олис масофага югуриб бормайди...
Мен-ку, кексайиб боряпман, ўша ёруғ кунларни кўрмасам керак, аммо сизлар, насиб этса, кўрасиз. Ўшандаям эрта баҳор йўлингизга пояндоз бўладиган шу митти гулчалар, ердаги қуёшчаларни кўрганингизда мени эсга оларсизлар, – деди устозимиз кўз ёшларини енг учига артиб.
Кейин...кейин...жўр овоз бўлиб устознинг сўзларини такрорладик. “Омонлик, омонлик, сира кўрмайлик ёмонлик”, – дея ердаги қуёшчаларнинг пешонасидан ўпардик.
Муаллиф: Мунаввара УСМОНОВА – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журнали Бош муҳаррири, шоира. Актриса, режиссёр ва сухандон – Насибахоним ИСМОИЛОВА ижросида ўқилди.