ТАРБИЯНИ БОЛАЛАРДАН ЎРГАНАЙЛИК!


   Фарғонадан Тошкентга қайтяпмиз. Водийдан пойтахтга қуруқликдан биттагина йўл бор — довон. Киракашлар билан келишсангиз бўлди, айтилган манзилингизга элтиб қўйишади. Уларнинг феъли турфа. Қўполлари ҳақида гапирмай қўя қолай, яхшилари кўп. Баъзилари узоқ йўлда кайфиятни кўтариб, дилрабо мусиқалар қўйиб берса, бошқалари турли мавзуларда гаплашиб, зериктирмай кетишади. Хайрият, бизга ҳам яхши ҳайдовчи учради. Диний ибратли ҳикоятлари йўловчиларга манзур бўлди. Аммо... Ногоҳ машина йўлдаги чуқур боис қаттиқ силкинди. Кимдир қўрқиб, кимдир калима қайтарди. Ҳайдовчи эса асабий сўкинди:
– Ҳа, она... Йўл қурган қўлларинг синсин илойим! Э палонингни палон қилай...
    Боягина тилидан Аллоҳ тушмай келаётган одам, дабдурустдан сўкинса жуда хунук бўларкан. Ҳамманинг кайфияти бузилди-ю, ҳеч ким индамади. Шу пайт орқа ўриндиқда, онасининг қучоғида ўтириб келаётган ҳали беш ёшга ҳам тўлмаган болакай шарт ўрнидан туриб, танбеҳ берди:
– Беодоб экансиз, амаки! Мосинада ойим ўтийибди. Холалай ўтийибди. Уятмасми?! Қани кечилим сўлангчи!
    Ҳайдовчи қизариб, бошини эгди, Тошкентга етгунча лом-мим демади. Ҳатто кечирим ҳам сўрамади.
   Бугун якшанба. Ҳайвонот боғида одамлар кўп. Айниқса, каттакон айиқполвон кўпчиликнинг диққатини жалб қилганди. Ота-оналар ҳам кичкинтойлар каби завқланиб, чўмилаётган маймоқвойни томоша қилишяпти.
– Қара, ўғлим, маймоқой ойингга ўхшайди-я! Иккаласи ҳам семиз, иккаласи ҳам бесўнақай, бочка...
    Ғала-ғовур бўлса-да, ҳамма ўша томонга қаради. Ўғилчасини елкасига кўтариб олган новчагина эркак на одамларга, на ёнида уятдан қизариб боши ҳам бўлган аёлига эътибор бермай, айиқ томон ишора қилганча шанғилларди.
– Вой юришларига ўлайми? Бунча ўхшамаса. Хотин, қариндошинг эмасми мабодо? Чўмилишларинг ҳам ўхшаркан...
    Шу вақт елкасида ўтирган боласи ерга тушаман деб хархаша қила бошлади. Ота айтганини қилгач, йигитча югуриб бориб онасини маҳкам қучоқлаб олди. Бир пас шу тахлит тургач, дадасининг кўзига тик қараб деди:
– Дада, юлинг энди сизга ўхшаган ҳайвонни ҳам топайлик!
   Ота унинг гапига ҳам, хўрсиниб бораётган аёлига ҳам парво қилмай, хохолаб кулганича шерлар яшайдиган томонга бошлаб кетди.

***

    Автобус тирбанд. Бўш ўриндиқ йўқ. Тўрт ёшлар чамасидаги қизчаси билан аранг илинган ҳомиладор аёл, биров жой бўшатармикан деган умидда қўл телефонларига термилиб ўтирган ёшларга қараб қўярди. Улар парвойи фалак. Кўрса ҳам кўрмаганга олиб, жой беришмади. Шу вақт ёши олтмишдан ўтиб қолган зиёлинамо киши ўрнидан туриб, илтифот қилди:
– Ўтиринг, қизим! Узр. Эътибор қилмабман.
    Аёл рад қилди. Аммо у кескин бош чайқаб, яна болани ўтиришга мажбур қилди. Аёл ҳижолат бўлса ҳам ўтирди, аммо қизча “ўтирмайман” деб туриб олди. 
    Бояги одам чўнтагидан бир дона конфет олиб узатар экан, “нимага ўтирмаяпсан, она?” – деб савол берди:
– Сиз туйганда мен ўтияманми, амаки? Унақа тайбия олмаганман. Катталай туйганда ўтилиб кетолмайман.
   Унинг жавоби жаранглаб чиққани учун ҳамма эшитди. Ўриндиқларга михланиб қолган ёшлар телефонларидан бошини кўтариб, дув этиб ўринларидан қўзғалишди. 
   Яшавор! Миттигина қизча одобсизларни зўр тарбиялаб қўйди. Ана бўларкану! Ўзиям эллик фоиз ўриндиқлар бўшаб қолди. Аммо, бекорга хурсанд бўлган эканман. Эшик олдига келган ёшлар қандайдир олийгоҳ бекатида тушиш учунгина қўзғалишган экан. Уларнинг ўрнига бошқалари чиқди. Бояги зиёли одам ва қизча ҳамон тик, янги чиққанлар эса яхшилаб ўрнашиб, аллақачон телефонларни чиқариб олишганди.

***

    Қайнона янги келинга бақира бошлади. Ишларни чала қилиши, онаси ҳеч нарсани ўргатмагани ва фаросатсизлигини юзига солиб, роса тузлади. Атайин, баланд овозда, қўшниларига эшиттириб, хуморидан чиқди.
    Шу пайт кўчада ўйнаб юрган беш ёшли набираси югуриб келиб, кўрсаткич бармоғини лабига босди:
– Жим, жим бувижон! Бунча бақиласиз? Ахир, ҳаммага эшитиляпти-ку. Ўлтоқлайинг олдида уялади ҳам демайсиза, елга килиб кетай дедим-ку!
    Қайнона ҳар тугул ҳовуридан тушди. Набирасининг жингалак сочларидан силар экан, ҳиқиллаб турган келинга қараб, паст овозда давом этди:
– Қаранг, шу болачалик ақлингиз йўқ. Э, тарбия берган ота-онангизга минг лаънат!

***

   Нозима опанинг бугун кайфияти йўқ. Эрталаб уйида бўлган жанжал туфайли ичига чироқ ёқса, ёришмайди. Ўқувчиларни жеркиб, нари-бери дарс ўта бошлади. Тўполончи Сардор, уйқучи Жамшид, бижилдоқ Мадина, майли, аллақандай қоғозни узатаман деган ювошгина Мунира ҳам гап эшитиб олди. У энг фаол, энг аълочи ўқувчиси. Бугун эса атайин устозини кайфиятини баттар бузишга аҳд қилгандай, шеърни ҳам ифодали айтиб бера олмади. “Она Ватан” номли, кўтаринки руҳда ёзилган шеър худди марсиядай янгради.
– Баланд овозда, юракдан ўқи!..
    Барибир ўхшамади. Устози унга каттакон иккини қўйгачгина, алами босилгандай бўлди. Охирги соат тугаб, болалар нарсаларини йиғиштираётганда, Мунира устозига эрталабдан буён бера олмаган тўрт букланган қоғозни узатди. Нозима опа уни эътиборсизлик билан олиб, тортмага ташлар экан, ўқувчиларини тезлатди. Ҳаммаси чиқиб кетгач, бир оз енгиллагандай, чуқур нафас олди...
    Эртаси куни яхши кайфиятда келди. “Эру-хотин уриши – дока рўмол қуриши” деб бежиз айтишмайди. Минғирлаб, қувноқ қўшиқни хиргойи қилаётган устозга қараб болаларнинг ҳам чеҳраси яшнаб кетди. У дарс яримлагандагина Муниранинг ўрни бўш турганига эътибор бериб, тортмага ташланган кечаги қоғоз ёдига тушди. Уни очиб ўқий бошлади, аммо охирига етмай, қўлидаги бир парча қоғоз сирғалиб тушди.
   Унда: “Устози, бугун Мунирага жавоб бериб юборинг. Ота-онаси тунда автоҳалокатга учрашди. Уларнинг аҳволи оғир”, – деган ёзув турарди.

Муаззам ИБРОҲИМОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот