Ёлғизлик нидоси
Топмоқ йўқотмоқдир, йўқотмоқ топмоқ...Муҳаммад ЮСУФ
Ой тутди ойнасин қора тунларга,
Сукунат чўккан уй — гўё хароба.
Кераксизлик оғир дили хунларга
Ҳар кимда тортишга бордир ароба.
Мен ёлғиз эмасман… бордир оилам,
Соям ҳам ортимдан юрар эргашиб.
Муз ҳислар пойимда мисоли гилам,
Соям жонга тегмас, юрмас гап ташиб.
Кечалар юрагим эшигин қоқар
Ўтмишнинг овози — синиқ ва ҳазин.
Жим тинглайман сасни, қалбимга ёқар,
Эшитаман шунда бахтимнинг сасин.
Кўчада кулгулар… ҳаёт чароғон…
Баъзан қалб ойнаси тортади хира.
Оҳимдан дуд чиқар, ҳамроҳим фиғон —
Аммо тушкунликка тушмайман сира.
Баъзан бир меҳрли нигоҳни истаб
Осмонга тикилиб қоламан узоқ.
Ерда тингловчини юрмайман излаб,
Ҳар кимга етарли ташвиши шу чоқ.
Эй, ёлғизлик, сен ҳам бир тирик дардсан,
Инсонни ичидан кемирасан жим.
Сендан халос бўлсам, асли сен гардсан,
Нега ёлғизликни тусайди ичим?
Бахтни турли ёшда турли тушундим.
Чин бахт шу-фикратга зорман, мафтунман.
«Топмоқ йўқотмоқдир, йўқотмоқ топмоқ» –
Шоир ҳақ: шу ҳикмат ила бутунман.
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР