СЎЗИ ҲИКМАТ, ҚАДАМИ ИБРАТ ЭДИ
Академик Матёқуб Қўшжонов ҳақида ёруғ хотиралар
Теран олим, зукко адабиётшунос, хокисор, вазмин,олижаноб инсон, академик Матёқуб Қўшжонов номи тилга олинган даврада, албатта, жонланиш сезилади. Издиҳомда ҳозир қарийб ҳамма у кишининг бирор фазилати, ўзига ёки бошқа бировга қилган яхшилиги ҳақида тўлқинланиб сўзлайди. Не бахтки, камина ҳам мана шу танти инсоннинг шогирдларидан бири ўлароқ, унинг саховатидан, ўгитларидан баҳраманд бўлганман.
Аслида Матёқуб домланинг ҳар бир қадами, сўзи, хатти-ҳаракати шогирдлар учун беқиёс намуна эди.
Бир куни Ўзбекистоннинг забардаст раҳбарларидан, иқтидорли адиб Шароф Рашидов устозни ҳузурига чорлайди. Ўша пайтлари домланинг “Истеъдод саховати” номли китоби чоп этилган, унда давлат арбобининг ижодига хос баъзи жиҳатлар ҳам қаламга олинган эди. Юрт раҳбари ва олимнинг суҳбати адабий жараён, Матёқуб Қўшжонов раҳбарлик қилаётган Тил ва адабиёт институти фаолияти ҳақида кечади. Мулоқотдан қаноат ҳосил қилган Шароф Рашидов “Биздан нима хизмат, тортинмай айтаверинг”, дейди.
Домла: “Ҳеч қандай хизмат йўқ, соғ-омон бўлсангиз, бас”, дейди камтарлик билан.
Ваҳоланки, ўша кезлари устознинг қизи куёви билан ижарама-ижара сарсон юрган, бир оғиз илтимос билан ёш оила бошпанали бўлиши мумкин эди.
Шароф Рашидов “Муаллифнинг биринчи китоби” рукнида асари чоп этилган ёш шоир-ёзувчиларга давлат ҳисобидан уй-жойлар ажратганини устоз жуда яхши биларди. Кейинчалик уйидагилар: “Бир оғиз квартира масаласида сўз очсангиз, ҳал қилиб бериларди-ку”, деб гина қилганини ҳам эшитганим бор. Устознинг шу биргина хатти-ҳаракати чинакам олим тамадан йироқ бўлиши зарурлиги хусусида биз, шогирдлар учун ажойиб намуна бўлганди.
* * *
Тошкент давлат университети ўзбек филологияси факультетининг охирги курсида ўқирдик. Бир куни Фанлар академиясининг А.С.Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институти (ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти) араб алифбосидаги туркий матнларни равон ўқийдиган талабаларни излаётганидан хабар топдик. Курсда марҳум дўстимиз Ҳабибулло Ўзганбоев билан иқтидорли олим Субутой Долимовдан эски ўзбек ёзувидан, аниқроғи, матншуносликдан сабоқ олар, Дурбек, Навоий, Бобур, Ҳамзанинг қўлёзма асарларини муқояса ва мутолаа қилиш, таҳлил этиш кундалик машғулотимиз эди. “Яхшилаб ўрганиб олинглар, мен ўтиб кетсам, қўлёзма китобларни ўқиш сирларини кимдан ўрганасизлар?” деб куюнарди устоз Субутой домла. У кишининг сабоқлари кейинчалик мураккаб хатда битилган асарларни ўқишимизда қўл келди.
Матёқуб Қўшжонов ўша пайтлари Тил ва адабиёт институтининг директори лавозимида ишларди. Матншунослик бўлимига ишга қабул қилинадиганлар орасида Ҳабибулло ва мен ҳам бор эдик. Ички имтиҳондан ўтгач, иккаламиз ишга жойлашиш учун ҳужжатларни тўплашга киришдик. Устозларимиздан бири, филология фанлари доктори Содир Эркинов матншунослик бўлимига мудирлик қиларди. У киши: “Матёқуб ака ишонч билдирдими, демак, сизларнинг иқтидорингиз бор”, деб бизни яхши қабул қилди.
Ўша кезлари шаҳар пропискасисиз ишга кириш мушкул эди. Боз устига, оиламиз билан ижарада турардик. Рўйхатга қўйдириш масаласида бошимиз қотиб юрган пайтлари қадрдонимиз Ганжа Ёқубов “Матёқуб ака бағрикенг, самимий инсон, албатта, ёрдам беради, бориб учрашгин”, деди. Ийманиб устознинг хонадонига бордим. Рафиқаси Раҳима опа (у киши тажрибали шифокор, ўз соҳасининг етук билимдони бўлибгина қолмай, адабиёт ва санъатни ҳам нозик ҳис этар, устознинг соғлиғини мунтазам назорат қилиб борарди) мени ичкарига бошлади.
Домла навбатдаги илмий мақолалардан бирига материал йиғиш билан машғул эди. Салом-аликдан сўнг уй ҳужжатлари ва розилик хатини бериб, тезроқ рўйхатдан ўтишга кириш, деди.
Кўп ўтмай, доимий пропискага ўтиб, биз ҳам устоз оиласининг аъзоларига айландик.
* * *
Илмий раҳбарим, марҳум навоийшунос олим Абдуқодир Ҳайитметов институтда ўтказиладиган навоийхонлик кечасида ғазал ўқишимни тайинлади. У кишининг топшириғини бажардим. Тадбир тугагач, ҳамкасбларим мени директор йўқлаётганини айтди. Каттакон кўзойнагини тақиб, қандайдир қоғозни кўзига яқин келтириб ўқишга қийналиб ўтирган устоз Қўшжонов ҳузурида ҳозир бўлдим.
— Яхши нутқинг бор экан, менга ёрдамлашмайсанми? — деди домла.
— Тайёрман, нима хизмат, домла? — дедим шоша-пиша.
— Эшитгандирсан, уруш асоратими, билмадим, кўзим хиралашган. Китоб, газета-журналларни ўқишга қийналяпман. Мен берадиган манбаларни ўқиб, магнитофонга туширсанг, девдим.
— Бажонидил, бу — менинг севимли машғулотим, — дедим.
Домла Ҳамза ва Садриддин Айнийнинг асарлар тўпламини стол устига қўйиб, “Чўчима, бу — ярми, ҳали яна бор”, деб мийиғида кулимсиради. “Чўчиганим ўқиладиган матн салмоғи учун эмас, балки уни ёздиргани аудиокассетага сарфлайдиган харажатингиз учун”, дедим. “Майли, бир иложи топилар”, деб қўйди домла.
Устознинг ёнида ҳамиша “Легенда” номли магнитофон бўларди. У ўзбек адабиёти намояндалари асарларининг аудиовариантини эшитиш ва шу асосда тадқиқот олиб бориш учун хизмат қиларди. Тўқсон дақиқалик кассеталарнинг сони юздан зиёд эди. Бир куни домладан: “Оладиган гонорарингиз кассеталарнинг пулини қоплайдими?” деб ҳазиломуз сўрадим. Устоз узоқ гапиришни, сўзамолликни ёқтирмасди. Қисқа қилиб, бундай дегани ҳамон ёдимда: “Тадқиқотлар фақат гонорар учун қилинмайди”. Бошқа ҳеч нарса демадим...
* * *
Кейинчалик домла мени ниҳоятда ўзига яқин тута бошлади. Фахр билан айтишим керакки, камина устознинг хос котибига айлангандим. Кассеталарни тушдан кейин келтириб берсам, устоз уни эрталабгача тинглаб, қоғозга катта ҳарфлар билан нималарнидир ёзиб, чизиб қўярди. Эрталаб соат тўққиздан фикрларни қоғозга туширишга шай бўлиб, боришимни кутарди. Домла айтиб турар, мен ёзардим. Устознинг иш услуби мени ҳайратлантирарди. Умрининг сўнгги дақиқаларигача ижоддан, фикрлашдан тўхтамади ҳисоби. Ҳолбуки, уруш қатнашчисиман, фахрийман, деб юмушларни, ижодни йиғиштириб, кексалик гаштини суриб юриши мумкин эди. Бироқ у киши ўз ибораси билан айтганда “қаттичилиқни кўрган”, меҳнатдан ҳузур-ҳаловат топадиган инсонлардан эди.
Домла баъзи кунлари бир соатга қолмай, ўн саҳифалик мақола ёзиши мумкин эди. Айрим кунлари эса жумла тузиш, фикрни ифодалашга қийналиб ўтирарди.
— Домла, илҳом келган пайтда ёзсак яхшимасми? — деб ҳазиллашардим.
— Йўқ, — дерди устоз. — Чинакам олим ҳар куни беш бет ёзиб туриши керак. Акс ҳолда, қўли қаламдан чиқиб кетади. Фикр равон бўлмаса-да, қоғоз қоралаб туришни канда қилмаслик зарур. Эртаси куни таҳрир қилиш мумкин.
* * *
Домла ўзига ва сўзига талабчан бўлиш билан бирга, шогирдларига ғамхўр ва меҳрибон ҳам эди. Шу ўринда пальто воқеаси ҳеч ёдимдан чиқмайди. Ўша кезлари Оқлон маҳалласида бир хоналик уйда ижарада турардик. Печкага ўт қаласак, эрталабгача совиб улгурарди. Уйда битта эшик бўлиб, тўғри кўчага олиб чиқарди. Мабодо, қалин қор ёғса, эрталаб эшикни очиш амри маҳол эди. Совуқнинг шиддати шу қадар эдики, қаҳратон қиш кунлари тўнғич фарзандимиз Алишернинг бурун катакларида муз қотарди. Қалинроқ, иссиқроқ кийимим бўлмагани сабабли ўзим ҳам сал шамоллаган эканман, шекилли, одатдагидек, беш-олти саҳифа ёзиб бўлганимиздан кейин домла менга юзланиб: “Шамоллабсан-да, ичкари уйда илмоққа илиб қўйилган пальтони ол. Кийиб юргин. Қиш ўтгандан кейин келтирасан”.
Эътироз билдирмоқчи бўлиб, оғиз жуфтлагандим, “Қиш ўтгач, келтириб берарсан”, деб қўйди. Аёз тугагач, пальтони олиб бориб, миннатдорлик билдирай десам, “Қўявер, ҳали кўп қишларда эслаб юрасан”, деди. Шу-шу бўлди-ю, пальто хонадонимизда қолди. Отам ҳамқишлоқларимизга мақтаниб: “Ўғлимнинг устозининг пальтоси. Бу табаррук хирқа — қўшпайғамбар номин олган Муҳаммад Ёқубдан ёдгорлик”, деб умрининг охиригача кийиб юрди.
* * *
Устоз обдон ўйлаб, ҳар бир ишни пухта-пишиқ бажаришни хуш кўрарди. Шошилиб сўзлаган, шошилинч иш қилганни яхши кўрмасди. Шундай ҳолатда тошовузликлар шевасида “Шашилма, шашилма”, деб танбеҳ берарди. Айниқса, кенжа шогирдларидан Аминбой шу даккини эшитишга одатланиб қолганди. Бир куни биз, шогирдлар, Раҳима янга, ўғли Қудрат билан домланинг дала ҳовлисига борадиган бўлдик. Ошга керакли масаллиқларни олиб, иккита машинада йўлга чиқдик. Домла ўтирган машинани Қудрат бошқариб борарди. Ўғли сал тезликни оширган эди, домла сўз қотди:
— Биз шашаётганимиз йўқ, секинроқ ҳайда.
— Ота, яхши ҳайдашимни биласиз-ку, нимадан хавотир оласиз? — деди Қудрат.
— Яхши ҳайдашингга шубҳам йўқ. Лекин йўлда машина ҳайдашни энди ўрганган ёки маст-аласт бошқариб келаётган одамлар бўлиши мумкин. Шунинг учун ўйлаб ҳайдаганинг маъқул. Шашилиш — шайтоннинг иши.
Қудрат жимиб қолди ва тезликни пасайтирди.
* * *
Бир куни домла ўйчан ўтирган ҳолда деди: “Бошловчилик қилган киши нотиқликдан ҳам хабардор бўлиши керак. Вазиятга мос сўзни топиб айта билувчиларни бадиҳагўй, нотиқ, дейишади. Баъзи давраларда бошловчилик қилганингни кўриб айтяпман-да. Даврабоши ёши катта, ҳаётий тажрибага эга бўлса, гаплари ҳам самимий чиқади. Ҳамма ғоялар сўз, нутқ, нотиқлар орқали тарғиб-ташвиқ қилинган. Бизда ҳам сўз хосияти ва нутқнинг моҳиятини тўғри етказа оладиган нотиқлик мактаблари очилса, дуруст бўларди”. Сўнг хўрсиниб қўшиб қўйди: “Афсуски, кўпчилик минбарда қуён, ёзув столида арслон ёки аксинча. Минбарда ҳам, ёзув столида ҳам шердек бўлишга эришиш мумкин. Инсоннинг сўзлиги — ўзлиги учун кўзгу. “Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар”, деган нақл бежиз айтилмаган”.
Кейин билсам, домла шу лутфи билан нутқ маданиятининг ҳар иккала кўриниши — оғзаки ва ёзма нутқ қоидаларига амал қилгандагина, маҳоратга эришиш мумкинлигини таъкидлаган экан.
Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,
филология фанлари номзоди, доцент.
Маълумот: Матёқуб Қўшжонов (1918-2005) - ўзбек адабиётшуноси ва мунаққиди. 1918 йил 5 майда ҳозирги Туркманистон Республикасининг Тошҳовуз вилояти, Ҳалланг қишлоғида туғилган. Филология фанлари доктори (1972), Ўзбекистон Республикаси ФАнинг аъзоси (1979), Ўзбекистон Республикаси фан арбоби (1978), Ҳамза номидаги Давлат мукофоти лауреати (1977).
30-йилларнинг иккинчи ярмида Тошҳовуздаги ўқитувчилар институтида ўқиган.
1941-1945 йилларда урушда қатнашган, мерган бўлган. 1945-1950 йилларда Ўрта Осиё Давлат университети филология факультетида ўқиган, имтиёзли диплом олган.
1950-1954 йилларда Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитаси аппаратида ишлаган.
1954-1957 йилларда Марказий Комитет қошидаги ижтимоий фанлар академияси аспирантурасида ўқиган.
1957-1960 йилларда Ўрта Осиё Давлат университети филология факультетида ўқитувчи бўлган.
1960 йилдан Ўзбекистон ФАнинг Тил ва адабиёт институтида илмий ходим, директор, бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган.
Матёқуб Қўшжоновнинг 90-йилларда ёзган «Ўзбекнинг ўзлиги» (1994), «Абдулла Орипов» (ҳамкорликда, 2000) ва бошқа асарларида машҳур ёзувчилар ҳақида фикр юритилган. Олимнинг «Тепки босилди» (1990), «Алам» (1996), «Дагиш» (1999), «Армон» (2004) каби бадиий-биографик асарлари ҳам бор.
Матёқуб Қўшжонов икки жилдлик «Адабиёт назарияси», беш жилдлик «Ўзбек адабиёти тарихи», икки жилдлик «Ўзбек тилининг изоҳли луғати», икки жилдлик «Русча — ўзбекча луғат», бир жилдлик «Ўзбекча — русча луғат» ва бошқа нашрларнинг яратилишига бош-қош бўлган. Унинг раҳбарлигида 5 та фан доктори, 15 та фан номзоди етишиб чиққан.
Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1977). «Эл-юрт ҳурмати» (1999), «Буюк хизматлари учун» (2003) орденлари билан тақдирланган.
Матёқуб Қўшжонов 2005 йил 16 августда Тошкентда оламдан ўтган.