Саҳна ва экраннинг “ая”си — Лутфихоним Саримсоқова
Лутфихоним Саримсоқова — ўзбек театр ва кино санъатининг йирик намояндаларидан, халқ қалбида “ая” деган самимий ном билан қолган санъаткордир. У 1896 йилда Фарғона вилояти Риштон туманида таваллуд топган. Ижод йўлини Қўқон хотин-қизлар ҳаваскорлик тўгарагида бошлаб, кейинчалик Қўқон, Андижон, Фарғона театрларида, Ўзбек давлат мусиқали театрида меҳнат қилди. 1940 йилдан 1973 йилгача эса Муқимий номидаги мусиқали драма театрида етакчи актриса сифатида фаолият олиб борди.
Лутфихоним Саримсоқованинг Муқимий театридаги ижоди театр тарихининг муҳим ва сермаҳсул саҳифаларидан биридир. У саҳнага халқона табиийлик, самимият, ўткир ҳажв, чуқур драматизм ва мусиқий ифодани олиб кирди. Актрисанинг ижросидаги қаҳрамонлар оддий инсонлар ҳаёти, айниқса, ўзбек аёлининг дарди, орзуси, матонати ва маънавий қудратини ёрқин намоён этар эди.
Муқимий театри саҳнасида у Ҳамзанинг “Майсаранинг иши” мусиқали комедиясида Майсара образини, “Паранжи сирлари”да Мастура сатангни, Комил Яшиннинг “Нурхон” мусиқали драмасида Кимёни, “Офтобхон”да Хайри холани, “Олтин кўл”да Ойижонни, “Муқимий” спектаклида Рисолат чеварни, “Фарҳод ва Ширин”да Ёсуманни маҳорат билан гавдалантирди. Бу образлар актрисанинг ҳам кулги ва ҳажв, ҳам фожиа ва ички кечинмаларни ифодалашдаги катта салоҳиятини кўрсатди.
Айниқса, “Майсаранинг иши”даги Майсара образи Лутфихоним Саримсоқова ижодининг ёрқин чўққиларидан саналади. У Майсара тимсолида зукколик, жасорат ва аёл қадр-қимматини ҳимоя қилиш ғоясини жонли ифода этди. “Нурхон”даги Кимё образида эса актриса она қалбининг изтироби, алами ва адолатга интилишини кучли драматизм билан очиб берди. Шу боис у монолог устаси сифатида ҳам эътироф этилган.
Лутфихоним Саримсоқова Муқимий театрида нафақат рол ижрочиси, балки миллий мусиқали театр анъаналарини бойитган устоз санъаткор сифатида ҳам қадрлидир. Унинг ижросида сўз, қўшиқ, ҳаракат ва саҳна пластикаси ўзаро уйғунлашиб, образнинг ҳаётий ва таъсирчан чиқишига хизмат қилган. Халқ қўшиқлари ва ашулаларини ҳам моҳирона ижро этгани унинг мусиқали спектакллардаги табиийлиги ва жозибасини янада оширган.
Лутфихоним Саримсоқова театр саҳнаси билан бир қаторда ўзбек кино санъатида ҳам ўзига хос из қолдирган актрисадир. У кино ижодини овозсиз фильмлар давридан бошлаб, кейинчалик экранда халқона, табиий ва таъсирчан ижро услубини намоён этди. Унинг кино қаҳрамонлари ҳам театрдаги образлари каби ҳаётийлиги, самимийлиги ва миллий руҳи билан ажралиб туради.
Актрисанинг кино санъатидаги энг эсда қоларли ишларидан бири —“Сен етим эмассан” фильмидаги Фотима хола образидир. Ушбу қаҳрамон орқали Лутфихоним Саримсоқова ўзбек онасининг меҳрибонлиги, бағрикенглиги ва болалар тақдирига бефарқ бўлмаган қалбини катта самимият билан гавдалантирди. Фотима хола образи санъаткорнинг экранда она тимсолини юксак бадиий даражага кўтарганини кўрсатади.
Унинг “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидаги Меҳринисо образи ҳам томошабинлар меҳрини қозонган. Фильмдаги маҳалла ҳаёти, катта авлод ва ёшлар ўртасидаги муносабатлар кулгили, аммо ҳаётий вазиятлар орқали очилади. Лутфихоним ая Меҳринисо қиёфасида соддадил, меҳрибон, айни пайтда анъаналарга содиқ она образини яратди. Унинг табиий ҳазили ва ўзига хос гапириш оҳанги фильмнинг халқчил руҳини кучайтирган.
Лутфихоним Саримсоқова нафақат моҳир актриса, балки ўзбек саҳна маданиятининг катта мактаби, ёш авлод учун ибрат тимсоли эди. Унинг Муқимий театридаги сермаҳсул фаолияти, театр ва кино санъатига қўшган муносиб ҳиссаси миллий маданиятимиз тарихида абадий сақланади. Санъаткор яратган образлар эса келажак авлодлар учун ҳам маънавий мерос, ҳам маҳорат сабоғи бўлиб қолаверади.
Фируза ХАЛИКОВА – Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театр Матбуот котиби, журналист.