УСТОЗ – МИЛЛАТ КЕЛАЖАГИ


     Ўзбекистон Халқ таълими аълочиси, таниқли адабиётшунос олим, “Дўстлик” ордени соҳиби Омонулла Мадаев мана қарийб 57 йилдирки “муаллим”, “мураббий”, “устоз” деган унвонни шараф билан оқлаб келмоқдалар. Омонулла устоз нафақат ибратли олим ва педагог, халқ оғзаки ижодининг чинакам фидойиси, яъни фольклоршунос олим. У киши телевидениеда болалар учун мўлжалланган дастурларда бир неча достонларни мароқ билан ҳикоя қилиб берадилар. Шуни фахр билан айтишимиз мумкинки, домланинг бирорта шогирдлари йўқки, “Алпомиш” достонини ёд олмаган бўлсин. Устоз кўп йилдан бери турли олий ўқув юртларида, лицей ва коллежларда, ўрта мактабларда халқ оғзаки ижодидан дарс бериб келадилар. Учрашувларда Наврўз байрами тарихи, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди, ўзбек тилига Давлат мақомини берилиши ҳақида суҳбатлар ўтказадилар.

БЕРКИТИЛГАН “ҚОРА ХАТ”

   Мен 1942 йилнинг 20 майида Тошкент шаҳрида туғилганман. Дунёга келишимга уч кун қолганида отам Аҳмадали Мадаевдан “қора хат” келган экан. Почтачидан хатни бувим олган ва бу ҳақида ҳеч кимга ҳеч нима демай дардини ичига ютган. Отамнинг ҳалок бўлгани ҳақидаги хабар қанчалик оғир бўлмасин, ўзини қўлга олиб онамга буни съездирмаган. Мен туғилганимдан сўнг, атак-чечак қадам ташлай бошлаганимдагина бувим онамга “қора хат”ни кўрсатган экан. Онам ва менинг соғлиғимни ўйлаб шундай йўл тутган бувим нақадар иродали, сабр-бардошли, меҳрибон инсон бўлган эканлар-а!
    Кейинчалик тақдир тақозоси билан онам Азиза Исомиддин қизи чорсулик Мирзаканъон Акбар ўғлига турмушга чиқдилар. Улар эллик йилдан ортиқ бирга ҳаёт кечиришди. Шу вақт мобайнида уйда бирор марта жанжал бўлганини эслолмайман. Кейинги дадам мени чертиш у ёқда турсин, бирон марта уришмаганлар. Ёшлигимдан менга сизлаб мурожаат қилардилар. Ҳаддан ташқари шўхлик қилсам ёки устозларим шикоят қилишса, фақатгина “Яхши иш бўлмабди-да”, деб қўярдилар...
   1947 йили дадамни Бекобод металлургия заводига қарашли катта қишлоқ хўжалигига бошлиқ қилиб тайинлашди. Биз Бекободга кўчиб бордик. Мен уйимиз яқинидаги 1-мактабнинг 1-синфига қатнай бошладим. Аммо кўп ўтмай катта ерга пахта экиб, сув танқислиги сабабли ҳосил ололмагани учун дадамни узоқ муддатга қамаб юборишди. Биз онам билан Тошкентга қайтиб келдик ва мен 82-мактабда ўқишимни давом эттирдим.
    1950 йилнинг ёз кунларидан бирида тоғам Анвар Ҳожиаҳмедов “Сени бир ерга олиб бораман. Яхшилаб кийин”, деб қолдилар. Шимимни кўрпа тагига қўйиб “дазмолладим”. Оқ кўйлак ва кичкина, оқ брезент туфличамни кийдим. Ана қарабсизки бинойи йигитча бўлдим-қолдим. Тоғам билан трамвайга чиқиб бир неча бекатдан сўнг Бешёғочга тушдик. Озроқ пиёда юрганимиздан сўнг мусиқа асбобларининг овози келаётган бинога кирдик. Бир рус аёли қўлидаги қаламни столга турли усулда уриб, мени синовдан ўтказди. Шу билан мен Р. М. Глиэр номидаги мусиқа мактабига, ғижжак синфига қабул қилиндим. Устозим Абдусамад Илёсовдан сабоқ ола бошладим. Шундай қилиб бир вақтнинг ўзида иккита мактабда таълим олардим. Тўғрисини айтсам, мусиқадан олган сабоқларим кейинги ҳаётимда жуда асқотди...

     ҚОЧОҚ “РОБИНЗО КРУЗО”

     Ёшлигимда Даниэл Дефонинг “Робинзон Крузо” асарини мириқиб ўқиганман. Асар таъсирига шунчалик берилиб кетганимдан ўртоғим Адҳамжон Қосимов билан уйдан қочишни режалаштирдим. Онамдан яширинча бир дунё қотган нон тўпладим. Кейин трамвайга ўтириб вокзалга йўл олдик. Бир кун қаерга борсак экан, дея тентираб юрдик. Ёнимизда пулимиз кам. Ахийри нима қилишни билмай, ўйлаб-ўйлаб, бу ишимиздан фойда чиқмаслигини билиб уйга қайтдик. Уйга келсам тўполон. Ҳамма мени қидиришга жалб қилинган. Ҳаттоки милиция ходимлари ҳам шу ерда экан. Онам мени кўришлари билан йиғлаб юбордилар ва жаҳл билан роса калтакладилар. Ўшанда ҳам дадам қаттиқ гапирмадилар. Фақатгина “Ҳаммани роса хавотирга қўйдингиз”, дедилар...
    Жуда шўх бола бўлганман. Синфда қизларнинг сочи бир-бирига боғланиб қолса, кимнингдир китоби ёки сумкаси йўқолиб қолса, “Омо-о-о-он”, деб бақиришарди. Лекин ҳеч бирида менга нисбатан ғазаб, аччиқланиш бўлган эмас. Сабаби, синфда энг кичкина ўқувчи ўзим эдим. Уруш туфайли синфдан-синфга қолган, мактабга бора олмаганлар билан ўқирдим. Синфдошларим мендан 3-4, айримлари 7-8 ёш катта эди. Шунинг учун бўлса керак, доимо мени укасидек кўришарди. Синфда ҳам, уйда ҳам эрка эдим. Ҳозир ҳам синфдошларим билан кўришиб қолсак, мени ҳали-ҳамон “укажон”, деб эркалашади.
     9-синфда ўқиган пайтимда чизмачилик дарси бўларди. Уч ойда чизмачиликдан тўртта ўқитувчи кирган. Синф бўйича навбат билан учта чизма чизар эдик. Фамилиямиз эълон қилинса, тайёр ишни ўқитувчига кўрсатаверар эдик. Натижада, битта чизма ўқитувчига ўн марта кўрсатиларди. Аммо ҳар хил баҳо олардик. Баҳодан ранжимасдик ҳам. Шунинг учун бўлса керак, чизмачилик дарси шовқин-сурон билан ўтарди. Бирдан Миршоҳид ака Рихсиев деган ўқитувчи кирди. Ўқувчиларни кўздан кечириб чиққач, босиқлик ва ўзига хос салобат билан жиддий оҳангда “Бугун айлана чизамиз. Циркульсиз”, деб доска қаршисида туриб бўр билан қўлини бир айлантирганди, айлана ҳосил бўлди. Доскадаги чизги шу қадар аниқ эдики, ярим синф ўрнидан туриб кетди. Ўқитувчимиз қайси шаклни чизмасин, ҳеч қандай ўқув қуроли ишлатмас эди. Ўша кундан бутун синф ўқувчилари ўзгарди. Ҳамма тартибли, интизомли, дарс вақтида синф сув қуйгандек жим-жит, ўқувчилар циркульсиз айлана чизиш билан банд бўларди.
     Онам мактабда адабиёт фанидан сабоқ берардилар. Дарсга шундай мукаммал, пухта тайёрланардиларки, китобга умуман қарамасдан, шоир ва ёзувчиларнинг асарларини ёддан айтиб берардилар. Ва дарсда қайси ижодкорнинг ҳаёти ва ижоди ўтилса, албатта, ўша инсоннинг ўзи таклиф қилинарди. Жонли тарзда олиб борилган бундай дарслар бошқа фан ўқитувчиларида ҳам қизиқиш уйғотарди. Онамнинг ҳар бир машғулоти “очиқ дарс”дек ўтарди... Умрим давомида онамга, чизмачилик ўқитувчим Миршоҳид акага ҳавас қилиб, шулардек устоз, мураббий бўлишга интилдим.

ОЙНАНИНГ “ЁРДАМИ”

     Умримнинг ярим асридан кўпроғи ўқувчилар, талабалар билан ўтди. “Муаллим”, “мураббий”, “устоз” деган унвонга эришиш, муяссар бўлишнинг заҳмати ҳам оғир...
     Биринчи марта синфга кириш, биринчи марта ўқувчилар билан муомала қилиш осон эмас. Ҳар қанча ўзингизга ишонган бўлсангиз ҳам ички ҳаяжон, руҳий тўсиқ халақит бериб туради. 1958 йили 82-мактабни тамомлаб, Ўрта Осиё Давлат университетининг (Ҳозирги ЎзМУ) шарқ тиллари факультетига ўқиш учун ҳужжат топширдим. Бироқ биринчи ҳаракатим муваффақиятсиз чиқди. Ўқишга киролмагач 1-мактаб-интернатда, 40-ўрта мактабда мусиқадан дарс бера бошладим. Келгуси йили эса давлат томонидан мактабни тугатган ўқувчилар 2 йил меҳнат фаолиятига эга бўлмаса, олий ўқув юртига ҳужжат топшириши ман этилганди. Шунда мен вақтни ўтказмаслик учун филология факультетининг кечки рус журналистика бўлимига имтиҳон топшириб, ўқишга қабул қилиндим. Чунки кечки бўлимга 2 йиллик меҳнат фаолияти бўлмаса ҳам қабул қилинар эди. Ўқишда биринчи марта семинарда жавоб беришга чиқиб, бошим айланиб йиқилганман. Назаримда, курсдошларим, ўқитувчи шифтда учиб юришганди. Ўша куни уйимга зўрға етиб борганман. Мактабда бирга ишлайдиган ўқитувчилар эртаси куни юз-қиёфамни кўриб, аҳволимни сўрашди. Нима гаплигини билишгач, ҳар куни кўзгуга қараб гапиришни ўргатишди. Муттасил рус тилида машқ қилиб, ойнадан фойдаланиб, вазиятдан чиқиб кетганман. Энди шогирдларим мендан маслаҳат сўрашса, албатта, аввало ойнага қараб гапириш усулини ўргатаман.
     1984 йил. Ҳозирги ЎзМУнинг филология факультетида додсент бўлиб ишлардим. 100 га яқин талаба пахта теряпти. Шу пайт тепадан самолёт зув этиб учиб ўтди. Бутун дала ва талабаларнинг усти-боши сепилган дори билан қопланди. Худдики ерга қиров тушгандек. Дорининг ҳиди атрофни тутиб кетди. Нима қилишни билмай пахта даласидан болаларни олиб чиқдим. Қарасам, 3-4 та боланинг тоби қочиб, қайт қила бошлади. Худонинг бизга марҳаматидан айнан ўша куни учта катта идишда қатиқ кўтарган бир хола келиб қолди. Хурсанд бўлганимдан қатиқнинг ҳаммасини сотиб олдим ва болаларга ичирдим. Кейин мени кечқурун штабга чақиришди ва “Сени нима ҳаққинг бор, болаларни кимнинг рухсати билан даладан олиб кетдинг? Бунга керакли чора кўрилсин. Ишдан ҳайдаш масаласи кўтарилсин!”, дейишди. “Ахир, улар бўлғуси она, бўлғуси ота. Дори уларнинг соғлиғига ёмон таъсир қилади-ку. Нега болалар ишлаётган даланинг устидан дори сепишади?” дедим. “Энди бу ишдан ҳамма намуна олиб сабаб-бесабаб даладан болаларни олиб чиқиб кетаверишади”, дея анча музокарали мажлис ўтказишди. Ахийри уларга шундай дедим: “Мана шу бир кунлик белгиланган режани кейинги кунларга қўшиб тўлдириб берсак-чи?” Мени фақатгина шу шарт билан ишда олиб қолишди ва мен болаларга вазиятни тушунтирдим. Ишонасизми, талабалар мени ишдан бўшамаслигим учун кун ботса-да сидқидилдан, тинмай, хай-хайлашимга ҳам, бўлди, етар, дейишимга ҳам қарамай шахд билан пахта теришди... Пахта якунида режадан ортиқ пахта терганимиз учун бизнинг гуруҳ университет бўйича биринчи ўринни олди ва факультетга телевизор совға қилишди...
     Мен ҳаётим давомида шунга бир неча бор амин бўлдимки, болаларга қанчалик меҳр кўрсатсангиз, улар сизга, албатта, муносиб жавоб қайтарар экан.
     “Гулхан” журнали ўқувчиларига тилагим, бир-бирингизга меҳрли бўлинг. Мутолаа қилишдан тўхтаманг. Агар ўқувчи мактабни тугатгунга қадар китобхонга айланса, миллат яшайди. Ўқувчининг китобхон бўлиши учун, аввало, муаллим ҳам китобхон бўлиши керак.

Суҳбатдош Нилуфар ЖАББОРОВА
Манба: “Гулхан” журнали  2016 йил 11-сон.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот