Қўрқинчли Габбар Сингҳ
У яратган қаҳрамонлар ёвузлик, разолат тимсоли бўлиб қолган. Шафқатсиз босқинчи, аёвсиз каллакесар, тутқич бермас жиноятчи образлари ҳозиргача томошабиннинг ёдидан чиқмайди. Бир қараганда бефарқ, лоқайд кўринган, бироқ парда ортидаги манфур қиёфани очиб берган бу тимсоллар ҳинд киносанъатида ўчмас из қолдирди. Мазкур роллар ижрочиси Амжад Хон чинакам истеъдоди, бетакрор иқтидори туфайли ўзидан шундай ўлмас роллар яратган эди. У нафақат актёр, балки режиссёр, мунаққид ҳам бўлган... Амжад Захария Сингх Хон 1940 йилнинг 12 октябрида Ҳайдарободда истеъдодли актёр Жайянта оиласида туғилган. Унинг акалари Имтиёз ва Иноят Хонлар ҳам кино майдонида ўзларини синаб кўришди. Бироқ уларга Амжад каби машҳур бўлиш насиб этмади.
Бўлажак актёр Бандрадаги авлиё Тереза ўрта мактабида ўқиди. Таҳсилдан сўнг Риши Дайарам номидаги миллий коллежда сабоқ ола бошлади. Жамоатчилик ишларидаги фаол иштироки сабабли у талабалар жамиятининг бош котиби этиб сайланди.
Амжад кинода роль ижро этгунига қадар театр актёри бўлган. Бу даргоҳда бир-биридан бетакрор роллар гавдалантириб, кинорежиссёрларнинг эътиборига тушди.
1957 йили ёш Амжад "Деҳли энди яқин” фильмида унча катта бўлмаган ўсмир-рассом ролини ижро этди. 60-йилларинг охирларида эса режиссёр К.Асифнинг "Муҳаббат ва Худо” фильмида хизматкор ролида пайдо бўлди. У бора-бора киноарбоблар, продюсерларнинг ҳам эътиборини қозонди. Устаси фаранг киночилар бу актёр сиймосида салбий қаҳрамонлар тимсолини кўра бошлашди.
1975 йили Амжад "Қасос ва қонун” фильмидаги қароқчи Габбар Синх ролига таклиф қилинди. У ролга тайёрланиш жараёнида ҳақиқий босқинчилар ҳаётига доир турли манбалар билан танишди, тегишли маълумотларни ўқиб чиқди.
"Қасос ва қонун”нинг мислсиз муваффақияти туфайли актёрга кўплаб таклифлар ёғилди ва Амжад Хон кейинги 19 йил мобайнида ҳаддан зиёд меҳнат қилди. У, асосан, Амитабх Баччан, Дхармендра, Зинат Омон ва кўплаб бошқа актёрлар гавдалантирган қаҳрамонларнинг душмани ролини ўйнади. Жумладан, "Қасамлар ва ваъдалар”, "Тақдир ҳокими”, "Самраат” ва бошқа фильмларда эсда қоларли роллар ўйнади.
Ўзининг 20 йиллик фаолияти мобайнида 165 та фильмда суратга тушган Амжад Хон ўзбек томошабинига ҳам яхши таниш.
1976 йили Амжад Хон Шейли Хонга уйланди. Уларнинг оиласида уч нафар фарзанд дунёга келди: қизалоқ Ахлам Хон ва ўғил болалар Шадааб ҳамда Шимааб Хонлар.
1986 йили Амжад Хон Бомбей-Гоа йўлида кучли автомобиль ҳалокатига учради. Бу кўнгилсизлик сал бўлмаса унинг ўлими билан якунланаёзди. Актёрни даволаш учун қўлланиладиган дори-дармонлар жиддий муаммолар келтириб чиқарди. Сабаби, Амжад Хон ҳаддан зиёд семириб кетганди.
Актёр вазни билан боғлиқ муаммо унинг умри охиригача давом этди. Улкан жуссасига қарамай, Амжад Хон фильмларда роль ижро этишни канда қилмасди. Чунки кино унинг ҳаёти, борлиғи эди.
Амжад Хон 1992 йилнинг 27 июль куни юрак етишмовчилиги туфайли 51 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Дафн маросими актёрнинг Пали-Хиллдаги уйидан шарқий Бандрадаги мусулмон қабристонигача бўлиб ўтди. Маросимда ҳинд кинематографиясининг барча юлдузлари иштирок этишди. Амжад Хон ҳаётлигида якунлаган айрим фильмлар эса фақат ўлимидан сўнг — 1996 йилгача экранларга чиқиб турди.
Анвар НАМОЗОВ.