ИККИ ДЕНГИЗ УЧРАШУВИ


ИККИ ДЕНГИЗ УЧРАШУВИ: (Ҳалима Худойбердиева ва Карим Баҳриев суҳбати)

   Карим БАҲРИЕВ: Болалигингиз ҳақида сўзлаб берсангиз. 
  Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА: Туркий дунё даҳоларидан бири Чингиз Айтматовда шундай фикрга дуч келганман: «Инсон тақдирига дастлабки пойдевор у туғилиб ўсган ота юртда қўйилади.
   Муҳими ота юртдан олган ва юқтирган нарсаларни қалб қўри билан илитиб, худди бол тўплаётган асалари мисоли юракка жойлаб олишинг керак.
   Беш-олти ёшларимда бўлса керак, Боёвут туманининг Тараққиёт колхозидаги уйимизга тонготар китобхонликлар бўларди.
   Отам раҳматли Умматқул Худойберди ўғли ўзининг Абдураҳмон бобо, Абдумўмин бобо, Ражабов бобо (негадир шу киши «Ражабов бобо» бўлиб кетганди, исмларини ҳеч ким билмасди), Эшон бобо каби олти-еттита оғайнилари билан тез-тез уйимизда йиғилишар, ҳар хил ишқий, саргузашт достонлар, ғазаллар, насиҳат китобларини бир ўқишга тушишса, тун тонгга уланиб кетадиган вақтлар кўп бўларди…
   Китобларни кўпроқ менинг отам ўқир, у кишининг қироати, овози назаримда ҳамманикидан ёқимлироқ, жарангдорроқдай туюларди. Ўша кечаларда мен отамнинг ёнига кириб, тиқилиб ўтириб оларканман-да, ухлаб қолмагунимча у ердан чиқмас эканман. Ухлаганимдан кейингина онам кўтариб олиб чиқиб, болалар хобхонасига ётқизар эканлар.
   Отам гоҳ паст, гоҳ баланд ширали овозда гуриллаб достон ўқирканлар, мен хаёлимда ўша жанг майдонларида яшар, ёллари қизғиш оловдай ловуллаб, ҳар елкасида бир элни кўтариб бораётган саман отларни кўриб турардим.
Жанг майдонларида Ҳазрат Али ўзи билан «енгсанг – сенга тегаман, енгилсанг – ўлдираман» шарти асосида курашга тушган Зефунун хонимни енгар, хонимни шу музофотга ҳоким қилиб қолдириб, ўзи қўшинини янги жангларга бошлаб, от суриб кетардилар…
   Орадан шунча йиллар ўтиб, умр қуёши балоғат довонидан ошиб бораркан, шу нарсага амин бўлдимки, мен умрбод шу тупроқ билан туташ яшаб бораётган эканман. Сирдарёга, Тараққиёт хўжалигига яқинлашиб борар эканман, юрагимнинг ҳаяжони бошқача тус олиши, ҳар бир дарахт шамолда бошқача тебраниб мени кутиб олиши бежиз эмас экан. Мен баъзан эндигина куртаклаётган ниҳоллардан: «Мени танимадингми?» – саволини эшитаётгандай бўламан.
    Қандай қилиб?! Қандай қилиб сизни танимайин, хаёлимдан ёруғ фикрлар ўта бошлайди. Сув узатар томирларим, илдизим шунда бўлса… Етти ота-боболарим шу кенгликларда суяк суриб, момоларим шу дала-даштларда кийикдай қувлашиб, сочларини майда ўриб ўтган бўлса!
    Болалигим менинг эсимга Ватан ичра кичик Ватан – Сирдарёни, унинг бағридаги мўъжазгина Тараққиёт жамоа хўжалигини, унинг Боёвут хўжалигига туташиб кетган, биз болалигимизда ўртоқларимиз билан қўй боқадиган ям-яшил дарахтзорлари, дараларини (бу бизнинг болалигимиздаги манзара, ҳозир у ерлар пахта даласига, боғларга айланиб кетган) эсимга солади. Раҳматли отам билан онам – Қаршигул Хонназар қизи мени ўша хосиятли тупроқдан Тошкентга кузатишган эди. Кейин… ўзлари ўша тупроққа қўшилиб кетишди. Ва у тупроқни мен бугун кўзларимга суртиб, мана бундай сатрлар битганман:

Бир четида қуёшдай онам ботган Ватаним,
Бир четини қўриқлаб, отам ётган Ватаним.

   Карим БАҲРИЕВ: Сизнинг назарингизда, бугунги ҳаёт билан сизнинг болалик ва ўсмирлик даврингиздаги ҳаёт ўртасида қандай фарқ бор?
   Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА: Кеча бир дугонам ёзғириб қолди: «Интернетхонага кирдим. Хорижга, бир дугонамга хат ёзмоқчи эдим. Кирсам, ишонасанми, бўш жой йўқ, саккиз, тўққиз, ўн ёшлардаги болачалар компьютерларни эгаллашган, қийқириб ўйин ўйнашяпти. «Эй, нечта ўлдирдинг?» «Ўнта. Ўн биринчиси чап бериб қолди, сволоч». Бир бошлаб олишса бўлди, кейин уларни жойидан қўзғатиб кўр».
   Бир қараганда бугунги ёшлар, болаларга яшаш осонлашгандай. Компьютерлар билан бемалол тиллашишяпти. Тўрт-беш тилни билиш муаммо бўлмай қолди. Иқтидорли болаларимиз ҳали тили яхши чиқиб улгурмай, хорижга чиқиб, мусобақаларда қатнашиб келаётган ҳолларига дуч келаяпмиз. Бу – бугуннинг ютуғи. Аммо юқоридагидай ҳолатлар ҳам содир бўлиб турибдики, бундай пайтларда: «Болаларимизнинг болалиги компьютерлар ёнида ўтиб кетмаяптими?» – деб ўйлаб қоласан. Биз бу ёшимизда кўпроқ дала-даштларда мол қувиб, қўй-қўзи қувиб юрган бўлар, қирлар, дараларнинг тоза ҳавосидан тўйиб нафас олар, кўпроқ тирик жонларга, ерга яқин бўлардик. Бу ҳолат уларнинг соғлиғига ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди. Кўпчилигида камҳаракатликдан келиб чиқадиган соғлик муаммолари, кўзлари хиралашганидан шикоятлар…
   Бу муаммоларга компьютернинг алоқаси йўқ. У биз ота-оналарнинг муаммоларимиз. Ҳар қандай ҳолатда меъёрни сақласак, бу муаммолар катта хавф туғдирмайди.
   Карим БАҲРИЕВ: Илк шеърларингиз, Сизни шеъриятга талпинтирган омиллар…
   Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА: Еттинчи синфда ўқиётганимда туман газетасида илк шеърим – «Олақашқа» номи билан чоп этилди. Шеъримни иззатли адабиёт муаллимим Акром Каримназаров синфда, кейин мактаб йиғинида ўқиб, мақтадилар ва кейинги шеърларимни ҳам ўзлари таҳририятларга жўнатиб турдилар. Азиз устозимнинг умрини узоқ қилишини Худойимдан сўрайман. «Олақашқа» онамнинг оти ҳақида эди. (Онам колхозда агроном эдилар). Отнинг ранги тўқ, қорамтир кўк, пешонасида оппоқ қашқаси бор эди. Кейин, умрим бўйи ундай чиройли от кўрмадим. У ҳақиқатан шундаймиди ёки, Абдулла Орипов айтгандай, «болаликнинг кўзи катта» бўладими, билмадим…
   Кейин руҳий ҳаётимга кетма-кет ижодкорлар, шоирлар кириб кела бошлади. Ўзимизнинг суюкли шоирларимиз Ойбек, Миртемир, Зулфия ва бошқалар билан бир қаторда Пушкин, Лермонтовдан қилинган таржима шеърлар… 8-синфда Межелайтиснинг «Инсон»и ва Расул Ҳамзатовнинг «Саккизликлар» китоблари қўлимга тушиб қолди. Китобларни бошдан-охир ёд айтардим. Ҳамзатовга тақлид қилиб, кўп саккизликлар ёзганман. Китоблар ўша мурғак йилларимдан бошлаб то ҳануз устозимга, дўстимга, сирдошимга айланиб қолди.

Мен ҳаракат қилмоғим шарт, менинг ҳар куним
Мангуликни яратишда бўлсин серунум.
Қаҳрамоннинг тимсолидай яшай деб мангу
Тиришаман ва билмайман – тиним нима у…

   Дилбар шоир Лермонтовнинг бу сатрлари болалик хотирамга қўрғошиндай ўрнашган эди.

Қўл билан тиклаб бўлмас ҳайкал қўйдим ўзимга,
Александр қуббасидан ҳам баланд.

   Пушкиннинг бу каби сатрларини уйқуларимда пичирлаб чиқардим. Еттинчи синфда ёзиб бошлаган бўлсам, шундан буён, то ҳануз тунда ишлайман. Ўша пайтлар, кечаси онам мени койиб, чироқни ўчириб чиқиб кетардилар. Мен онамни ухлаб қолишларини пойлаб ётиб-ётиб (ётганда ҳам ўзимча пичирлаб, қофия жуфтлаб), кейин секин туриб чироқни ёқардим-да, яна ишлай бошлар эдим. Онам келиб яна ўчирардилар, отамни уйғотишларини айтиб қўрқитмоқчи бўлардилар. Мен яна кўрпага кириб, мижжа қоқмай, онагинамнинг ухлашларини кутардим…
Ўша йилларда онам раҳматли қўшниларга шикоят қиларканлар: «Қўрқаман шу болам увуз этида куйиб кетмаса деб, муштдай бола тунни тонгга улаб, китобга мук тушиб ўтиргани ўтирган» деб.
   Тун быйи маза қилиб ўзимча «ишлаб», тонгда ҳеч нарса кўрмагандай бир ҳовли (ҳовлимиз 30 сотих эди) атиргул оралаб мактабга жўнардим.
    Карим БАҲРИЕВ: Шеърият ўша пайт Сиз учун нима эди-ю, бугун нима? Тасаввурингиз ўзгардими?
  Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА: Шеърият умрим давомида энг муқаддас нарсам (нима эканини аниқ таърифлай олмайман) бўлиб қолди ва шундай бўлиб қолади. Шунданми, узоқ ишламаган (шеър ёзмаган) вақтларимда чўккан саройга ўхшаб қоламан. Тасаввурим ўша-ўша…
    Карим БАҲРИЕВ: Таҳсил йиллари ҳақида…
   Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА: Талабалик йилларимнинг чақмоқлари кейинги ҳаётимнинг ҳам кунжакларини ёритиб туради. «Илк муҳаббат» китобим 1-курсдалигимда, «Оқ олмалар» 5-курсдалигимда чоп этилган. Шу икки китобни менга Университетнинг 3-ётоқхонасининг сершовқин тунлари берган. Хаёлимга сатрлар қуйилиб келяпти.

Вузгородок томонларда
Ҳур шамоллар эсадими?
Ул ерларда ҳали-ҳануз
Руҳлар эркин ўсадими?

   У кунларни, азиз устозларим Озод Шарафиддинов, Тўғон Эрназаров (жойлари жаннатда бўлсин), талабчан Омонулла Маъдаев ва санъаткорона соҳир нутқлари билан борлиғимизни сеҳрлаб олган Абдуғофир Расуловларнинг сабоқларини унутиб бўладими?
   ТошДУнинг журналистика факультетини тугатгач, Москвада, Горький номидаги адабиёт институтининг Олий адабиёт курсларида ўқидим. Москвада ўтган бу икки йил ҳаётимда сезиларли из қолдирди деб ўйлайман. Ижодий кунларимиз бўлар, ҳар ойда икки –учта адабиётимиз, маданиятимизнинг юлдузлари билан учрашувлар ўтказиларди. Чингиз Айтматов, Евгений Евтушенко, Белла Аҳмадуллина, Андрей Вознесенский, Роберт Рождественский, Сильва Капутикъян каби шеърият, адабиётнинг порлоқ юлдузлари билан ўша пайтда Александр Межиров семинарида учрашганмиз.
    Биз у ерда ғарб адабиёти, рус адабиётига чуқурроқ кириб бордик. Л.Толстойнинг Анна Каренинасини яқиндан кўргандай, Анна Ахматованинг нолаларини бир қадар тушунгандай бўлдик. Билиш – ҳар ҳолда гўзал ҳодиса. Турли халқларнинг бир-бирини билиши, бир-бирига таъсир кўрсатиши, бир-бирига пешвоз юришидай гўзал мақомат қайда бор?! Лев Толстойнинг Ясная Полянадаги қирқ гектарлик оппоқ булутдай тўлқин уриб, гуллаб ётган олмазорини, олмазордаги бир парчагина, устига ақалли битта кичкина тош ҳам қўйилмаган қабрини кўрдик. Ул улуғ одамни ўз отамиздай зиёрат қилдик. Ул улуғ одамнинг «Иқрорнома»сидаги мана бу жумлалари яна бир марта кўнглимиздан кечди: «Сабабки, донолик кўп жойда ғусса кўп бўлар экан, билими кўп одамнинг боши қайғудан чиқмас экан».
  Карим БАҲРИЕВ: Бир устоз шоир ҳазил-рост қилиб: «Бу шоираларнинг кўпчилигини турмушга берсанг, муаммоси ҳам, шеъри ҳам тугайди», – деганди. У, менинг назаримда, аксарият шеърларда фақат ёр орзуси, ишққа ташналик ётганини назарда тутган.
    Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА: Шунга қарамай, ишқ мавзуси – ҳар қандай шоирнинг даражасини белгиловчи мезон бўлса керак деб ўйлайман.
   Робиндранат Тҳакурни эсланг. «Бир аёл ҳасрати» шеъридан:

Қалбингни очгандай эшигидан кирдим мен,
Унда менга ўрин йўқ,
Чиқмоққа боркан эшик.
Мен муҳаббат йўлида интизорни англадим,
Ишқи йўлида поймол, сочи қорни англадим.
Ёки йўлбарс шоиримиз Бобур ҳазратларидан:
Муяссар бўлмаса бошимни қўймоқлик оғига,
Бошимни олиб, эй Бобур, оёқ етканча кетгайман.

Ёки Самад Вурғундан:

Агар сендан тонар бўлсам,
Насибам оҳу зор ўлсин.
Баҳорим қишга айлансин,
Чечаксиз бир диёр ўлсин.

Ёки Рауф Парфидан:

О, ким ҳам етарди менинг додимга,
На ер сарварлари, на сарват, на дин.
Инонмоғим учун одам зотига
Мен сенга инонмоқ истайман олдин.

   Бундай ишқномалардан кўплаб келтириш мумкин. Мен ҳар ҳолда шоирни қудрати – ишқий шеърларда тезроқ кўзга ташланади деб ўйлайман. «Турмушга берса – муаммолари тугаши» эса – бу бошқа масала.
   Карим БАҲРИЕВ: Сизнинг шеъриятингиз эса фақат ўлдим-куйдим эмас, юксак қамровли: аёл қисмати, Ватан тақдири, мардлик, элнинг бўлиш-бўлмаслиги учун ўғлонлар масъулияти…
    Мўлжални бу қадар катта олиш учун нималар керак?
   Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА: Мўлжални катта олиш… Бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман. Машҳур физик олимаси София Ковалевская шундай ёзган экан: «Билганларимни айтаман, қўлимдан келган ишни қиламан. Бу ёғи нима бўлса бўлар». Менинг иш тарзим ҳам шундай кечади. Билганимча айтаман. Қўлимдан келган ишни қиламан. Натижаси –Аллоҳдан.
    Мафкура ҳақидаги суҳбатларидан бирида иззатли Йўлбошчимиз Ислом Каримов шундай дегандилар: «Биз бугун болаларимизга шундай дейишимиз керак: «Ҳой болалар, сизлар ўз тарихингизни биласизларми, кимларнинг авлодисиз, томирингизда кимларнинг қони оқяпти?!
    Айнан шу хил саволларнинг жавобларини биринчи бўлиб ёзувчи, шоирлар айтиши, айтганда ҳам шубҳага ўрин қолдирмай, ишонч билан, болаларнинг кўнглини тўлдирадиган қилиб айтиши керак. Ҳақиқатан ҳам ижодкорлар, зиёлилар халқни уйғотувчи, етилиб келаётган жараёнларга тайёрловчи ҳисобланади. Андрей Вознесенский уларни «жамият қурилишининг прораблари» деб атайди. Уларга тараққиёт машинасини олдинга силжитишда энг фаол кучлар деб қаралса, янада тўғри бўлади, деб ўйлайман. Шу ижодкорлардан бири Чингиз Айтматовнинг адабиётга олиб кирган «манқурт» атамаси нафақат Ўрта Осиё, балким бутун дунёни бир қалқитиб олди. Фикр қиладиган одам борки, унинг «Асрга татигулик кун» асарини ўқигандан кейин айниқса ўзининг қайси илдизлардан ўсиб чиққани, бугуни, эртага қаерга боражагини яхшилаб ўйлаб олади, дейиш мумкин.
    Мен бугунги ижодкорнинг вазифасини нимада кўраман?
   Биз миллий мустақилликка эришдик. Шукур. Аммо шукур қилиб яшайверишнинг ўзи етадими? Менингча, йўқ. Нега? Ҳамон бу хумо қушини осмондан тушиб қолгандай тушуниб юрган айрим болалар, катталар бор. Биз уларнинг ҳар бирининг юрагига кириб бормоғимиз, мустақиллик довонига чиққунча халқимиз босиб ўтган машаққатли йўлларни қадам-бақадам уларнинг қулоғига қуйиб бормоғимиз керакки, улар ҳам бир қарорга келсин.
Бизнинг бу дунёда мустақилликдай қадриятимизни асрашдан улуғроқ ишимиз йўқ. Ёруғ кун учун курашган боболаримизнинг азиз бошларини «жадид», «халқ душмани», «босмачи» аталиб кундага, жодуга, сиртмоққа тутганлари, 40-50 йиллардаги «қама-қама»ларда тўкилган эркаклар, аёллар, яқин ўтмишдаги «пахта иши» қирғинида юзлаб, минглаб юзтубан йиқилганлар, боболаримизнинг тириклигидагина эмас, ўлганларидан сўнг ҳам қувишда давом этганлари (Амир Темур, Шароф Рашидов қабрларининг очилиши), ака-ука бир қавмга кирувчи ўзбек-қирғиз халқлари тарихида қора саҳифа бўлиб кирадиган «Ўш-Ўзган» фожиалари, террор нишоналари акс этган Қўқон, Фарғона, Бўка, Паркентдаги қон тўкишлар, Истиқлол арафасида халқимизнинг ҳарбий хизматга кетган гулдай болаларининг «Юк-200» тамғаси билан самолётда қайтган жасадларини унутиб бўладими?! Булар, яна биз тилга олмаган қанча қора кунларнинг барчаси мустақилликгача, мустақиллик учун содир бўлганлигини эслатиб, айтиб, ёзиб туриш керакки, халқимиз кечаги кунини унутмасин, ҳар лаҳза «миллий озодлик» ҳимояси учун шай яшасин!
   Муайян бир халқ орасида, шу халқнинг иссиқ-совуғига туташ яшар экансан, шу халқ оғриётган дард билан оғримаслик мумкин эмас. Айниқса унинг ёзувчиси, дардкаши бўлсанг.
    Карим БАҲРИЕВ: Адабиётда, хусусан, шеъриятда Сиз қадрлайдиган муаллифлар кимлар? Кимларни тан оласиз?
  Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА: Умуман-ку адабиётда ҳар кимнинг ўз ўрни бор. Нисбатан оладиган бўлсак, интеллектуал фикрда Шавкат Раҳмон, халқчилликда Муҳаммад Юсуф жуда баландлаб кетди. Шавкат бир жойда: «Юртимни кезганда энди ҳар нарса, Эгилган ҳар нарса тегар ғашимга», – деб ҳушёр торттирса, яна бир жойда «Ёвга терс қараган мусулмон эмас!» – деб ердан чапдаст кўксини кўтарадики, бу даъватни эшитиб сиз ҳам кўксингизни кўтараётганингиз, тикланаётганингизни сезиб қоласиз. «Кимда ғам кўп бўлса, у – менинг онам», – дейди Муҳаммад.

От ҳам хуш кўрмайди отнинг зўрини,
Турта-турта қуритади шўрини.
Бу равон, донишманд сатрлар ҳам шу қайнар булоқдан –
Бир арслони ўтди ўзбекнинг,
Оҳи кўкни тутди ўзбекнинг.
Қуёш – йиғла, осмон – аза тут,
Муҳаммади кетди ўзбекнинг.

Ёдимга Анна Ахматованинг қуйма олтиндай нолалари келяпти:

Ҳамма кетди. Ҳеч ким қайтиб келмади.
Фақат Сен такрорлаб ишқий тилакни,
Сўнги муҳаббатим, ортга қайрилдинг
Кўрмоқ бўлиб қонга ботган фалакни.

Илоҳий сўз эмас, янграйди вола,
Муқаддас, пок сўзлар аталди малъун.
Ўттиз еттинчи йил фаррошлари-ла
Қонли йўлкаларни ювмоғим учун.

Мени айирдилар ёлғиз ўғлимдан,
Банди дўстларимга бердилар азоб.
Огоҳ бўлдилар ҳар айтган сўзимдан,
Ҳар бир қадамимни етказди каззоб.

Жумлаи-жаҳонга қаро этдилар,
Соқов бўл дедилар, кўр бўл дедилар.
Оч қолсам, бўҳтону иғво тутдилар,
Чанқасам, сувимни заҳарладилар.

Ва сўнги нуқтага етганда йўлим
Дедилар: «Яшайвер, эй бахти қаро».
Энди кезурман мен шаҳарлик далли
Ўлим нафаси бор майдонлар аро.

    Куни кеча телевизорда кўрсатишди, ўша жой, унинг кўп марталаб борган, авахтадаги эрига, ўғлига овқат ташиб, касал ҳолатида ичи қалтираб, навбатда турган, юзтубан йиқилган қамоқхона эшиги олдига Анна Ахматованинг авахта деразасига термулган ҳолдаги ҳайкалини қўйишибди. Ёраб, дунёга бир марта келадиган тирик жонни, тирик инсонни кеча «далли» ҳолатига келгунча хор этиб, бугун унинг жонсиз темир ҳайкалига таъзим бажо этадилар, пойига гул қўядилар!
    Шундай, менинг ўз табаррук илдизларим, жаҳон шоирлари орасида севиб ўқийдиганларим жуда кўп. Улар улуғ Навоий, Бобур Мирзо ҳазратлари, Бедил, улар русларнинг Тургеневи, Мандельштами, Пастернак ва Марина Цветаеваси, туркманларнинг Маҳтумқулиси, арманиларнинг Нарекациси, Паруйр Севаги, Сильва Капуьтикъяни, тожикларнинг Лойиқ Шералиси… Бу рўйхатни давом эттиришим мумкин.
   «Учмоққа қанот йўқ, вале учгайман», – дейдилар Жалолиддин Румий ҳазратлари. Аллоҳ, мени ҳам шу сулолага мансуб этганинг, ёзув столида қанот чиқариб ишлашга муяссар этганинг шукрини умрим бўйи адо этаолармикинман?!
   Карим БАҲРИЕВ: Сиз севган қўшиқчилар, мусиқачилар, уларнинг асарлари…
   Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА: Менинг дастлабки қўшиқ бўлган шеърим «Онагинам» 3-курслигимда ёзилган ва ўша пайтларда ўзбекнинг катта ҳофизи Шерали Жўраев томонидан қўшиқ қилинган, кўпчилик «бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор» деб хиргойи қилиб юрган эди. Кейин «Муқаддас аёл», «Тилак», «Турким-Туроним» каби шеърларимни қўшиқ қилган бу ҳофиз ўттиз йилдан буён тор симларидай ўз теранлиги, рейтингини баланд сақлаб келяпти. Халқнинг пешонасига вақт-вақти билан шундай сўнмас юлдузлар битса керак.
   Бастакор Абдуҳошим Исмоиловнинг кўпгина дардли мусиқалари, дарё тошқинларидай завқи, шеър танлаш иқтидори ёқади менга. Бу бетакрор санъаткорларни ўзбек санъати юкларини мардона кўтариб бораётган мустаҳкам устунлар дегим келади.
    Замира Суюнова, Зулайҳо Бойхонова, Матлуба Дадабоева, Марям Сатторова, Гулбаҳор Эрқулова – булар ўзбек қўшиқчилигининг жаннат чечакларидай сўлим маликалари. Ҳар бирининг ўз баландликлари, ўз қочиримлари, ўз тортиш усуллари…
    Кейин мен Алла Пугачёвани яхши кўраман. Унинг овозидаги жўмардлик, тантилик, юксаклик, хорлик… ҳаммаси билан яхши кўраман. Унга нисбатан ишлатилаётган «Буюк аёл» ибораси жуда ярашади.
    Карим БАҲРИЕВ: Аввал мактубни кабутарлар ташиган, кеча почтачилар олиб келарди, бугун «электрон почта» бор, мобил телефонда «смс»лар ёзишмоқда.
   Навоий, Бобурлар ва ҳатто Тургеневлар давригача мактублар адабиётдай эди, «нома»лар шеърдай севиб ўқиларди.
Ўзимиз ҳам ҳарбийдаги акаларимиздан келган «Саломдан сўнг етиб бориб маълум ва равшан бўлсинким…» деб бошланадиган хатларни оналаримизга ўқиб берардик.
    Бугун батафсил хат ёзиш йўқ. «Смс»лар қисқа ва ширасиз, тили қашшоқ… Мусиқа ҳам бугун шиддатли ва шовқинли.
    Мен Комилжон Отаниёзов ва Таваккал Қодиров тугул, ҳатто кечаги Ортиқ Отажонов ёки Ғиёс Бойтоевни қўйсам ҳам, болаларим эснайди.
    Гап хориж мусиқасида ҳам эмас. Мен ёқтирган Демис Русос ёки Хулио Иглесиас ҳам уларга суст туюлади. Нега?
    Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА: Ҳақиқатан ҳам сиз айтгандай бугуннинг шиддати олдида улар «суст» туюлади. Биласизми, мен баъзан ўз «тезоблигимиз, шиддатимиз»дан даҳшатга тушаман. Тасаввур қилинг, бир томонда саҳнанинг у бошидан бу бошига ирғишлаётган бир замонавий «реппер», бошқа томонда Алла Пугачёва «Қадимий соатлар» қўшиғини айтяпти… Ёки бир томонда сўзини томошабин тугул ўзи ҳам тушунмаётган ижрочи, бир томонда Камолиддин Раҳимов «Наманган тановори» билан зални қалқитяпти…
    Бу гапларнинг «оталар ва болалар» муаммосига алоқаси йўқ. Болаларимиз оғирнинг остидан, енгилнинг устидан кетмасликлари керак. Ҳар қандай «ас-аса»-ю дабдабали тарақа-туруқлар, «чоп-чоп»лар асли йўқ нарса – мазмуннинг ўрнини боса олмайди. Бунақа чиқишларни кўрганда улуғ ҳофизларнинг кўнгли йиғласа керак.
    «Тезоблигимиз»дан даҳшатга тушишимнинг боиси эса – биз шу «чоп-чоп», «қув-қув»да Навоийга қачон етиб борамиз, қачондир етиб бора оламизми ёки биз ундан тескари томонга от солиб кетаяпмизми?!
    Бир вақтлар одамлар бир-бири билан ҳафталар бўйи суҳбатлашиб тўймаган, бир-бирининг дийдори илинжида ойлаб, йиллаб азият чекиб йўл босишган. Жалолиддин Румий ҳазратлари билан унинг шогирди, жон дўсти Шамс Табризий учрашувини тарихда «икки денгиз учрашуви» деб ном олгани ёдингиздадир? Бу юзлашувда Шамс Табризий ҳушдан кетадилар. Кейинчалик Шамс Табризий бу ҳақда шундай деган эдилар: «У менинг сўзларимдаги балоғатни дарҳол пайқади, мен эсам у сўзини тугатмаёқ унинг юрак мусаффолигидан маст бўлдим».
    Карим БАҲРИЕВ: Шеърият ҳам шундаймикин? Балким бугуннинг шеърияти электрон белгиларда ёзилиши, Интернет форумларида жаранглаши керакдир? Сиз ва биз эски одамлар бўлиб қолмаётганмикинмиз?
    Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА: Эски ва янги ҳақида қозоқ шоири Ўлжас Сулаймоновнинг шундай гапи бор: «Янги ҳамма нарсани янги деб қабул қилиб, эски деб ҳамма эски нарсани ташлаб бўлмайди». Тараққиёт учун хизмат қилаётган нарса ҳеч қачон эскирмайди. Одам Интернетда шеър ўқиганда китобдан ўқигандай завқ ололадими? Шеър – ёлғизликни ёқтиради. Китоб билан ёлғиз қолгандаги мулоқот, севган шоирингнинг китобини ёстиқ тагига қўйиб, ўйланиб ётишлар… Интернет шундай сафоларни бера оладими?!
   Карим БАҲРИЕВ: Адабиётнинг, шеъриятнинг тақдири ҳақида фикрларингизни айтинг. Аввалгидай улкан аудиторилар, дастхатталаб ашаддий мухлислар даври қайтармикин ёки улар эстрада «реппер»чиларига томон абадий кетдимикин?
   Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА: Биз яқинда Низомий номидаги ўқитувчилар тайёрлаш Университетида учрашувда бўлдик. Ва, сизни ишонтириб айтаманки, биз шу ерда ўшандай аудиторияга дуч келдик. Тингловчилар ёзувчи ва шоирлар билан тенг фикрлайдиган, баҳслашадиган, «тайёр» эди. Улар бизнинг дастлабки, бундан 20 ё 25 йиллар олдин чиққан китобларимиздаги шеърлардан ҳам ўқишар, баъзан ўзимиз ҳам унутаёзган шеърларни ёдга солишарди. Суратга тушишлар, қўйвормай дастхат ёздиришлар. Залдаги оммавий кўтаринкилик билим (ҳа, келган ижодкорларни чуқур билиш), шеър айтаётганингда бутун залнинг сен билан қўшилиб айтиши ўша бир вақтлар Евгений Евтушенко, Абдулла Орипов замонларидаги «минбар шеърияти» авж олган даврларни эслатади. Нима демоқчиман? Бугунги болалар ҳам ўз болаларимиз. Меваси дарахтдан узоққа тушмайди, деган гап бор-ку. Бундай аудиториялар ҳушёр торттиради, ўзингга нисбатан маънавий талабингни кучайтиради.
   Карим БАҲРИЕВ: Ўқитувчилар – албатта, ўзига хос тингловчи. Аммо аксарият аҳоли шеърдан, адабиётдан, кутубхоналардан йироқда юргандай туюлади менга… Оилангиз, болаларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз. Бугунги кундаги оила, эр-хотинлик муносабатлари ҳақида кузатишларингиз. Ёш келин-куёвларга истакларингиз, ўгитларингиз… Нимани қадрлашсин? Нимани кечиришсин? Нимани кечиришмасин? Тақчилликда ўзларини қандай тутишсин?
   Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА: Бу дунёга келиб топган бор бойлигим – оилам, икки қизу уч ўғлим ва саккиз набирам бор. Аллоҳга шукур. Қуръони Каримнинг «Бақара» сурасида шундай фикр бор: «Эр-хотинлар, сизлар бир-бирингизга либосдирсизлар». Эътибор беринг, эр-хотин бир-бирини яланғочликдан, обрўсизликдан, яхши-ёмон кўзлардан, иссиқ-совуқдан асрайдиган либос вазифасини ўтаркан. Эр-хотинлик ёруғу қора кунларда, соғу бемор кунларда бир-бирини ёлғизлатмаслик ҳақидаги никоҳдаги сўзлардан бошланади.
   Илойим, ҳар бир жуфтликни худо берган муҳаббат қовуштирган бўлсин. Агар шундай бўлса, муҳаббат йўлида одамзод қандай мардликларга тайёр туради. Бир-бирига қаттиқ кўнгил қўйганлар йўлларидаги ҳар қандай ғовларга беаёв, ҳатто ёш жонларига қасд қилишгача борадилар. Нега мана шундай бир-бирига ловуллаб, ўт бўлиб кўринган ёшлар тўй ўтиб-ўтмаёқ бир-биридан камчилик қидириб бошлайдилар?
   Аввал хеш, кейин дарвеш дейдилар. Сиз аввал ёнгингиздаги, не орзу-умидларда Сиз билан бир ёстиққа бош қўйган одамнинг кўнглини олганингиздан кейингина бошқа кўнгилларга йўл қидиринг. Оиладаги бир-бирини «енгаман» маъносидаги курашлар жарликдан бошқа жойга олиб бормайди. Ҳамиша жуфтингизга пешвоз биринчи қадамни Ўзингиз ташланг. Бундан ҳеч нарса ютқазмайсиз. Ҳаёт имкон қадар фаоллик, сабр-тоқатдан, Бардошдан иборат.
   Карим БАҲРИЕВ: Бугунги аёл ҳақида фикрларингиз… Тилакларингиз.
  Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА: «Замонавий аёл қандай бўлиши керак?» – деган баҳслар бўлиб туради. Гап ким замонавийликни қандай тушунишида. Менга, масалан, меъёрдан ортиқ ишчан, ҳаллослаб «иши кўп»лигини, «уйига боролмаслиги»ни айтиб эрининг ғашини келтираётган, ярим умри гўзаллик салонларида ўтиб бораётган аёллардан кўра ариқ бўйида арғимчоқ учаётган сўлим Кумушбиби замонавийлигича қолаверади. Бугунги кўзлари қаттиқ, ярим яланғоч «малика»лардан кўра шоҳона кўйлаклари ер супуриб юрадиган, жингалак сочлари қулоқларини яширган Наташа Ростова, Наталья Гончаровалар замонавийлигича қолаверади.
   Карим БАҲРИЕВ: Билмадим… Мен бугунги қизларнинг Кумушбибидай тортиниб, қимтиниб турган ҳолда тасаввур қилолмайман. Бугунги йигитлар ҳам Отабекдай савдогар, аммо Отабекнинг «бизнес»и билан бугунги шароит ўзгача… Навоийнинг нашриёт эшиги олдида муҳаррир қабулини кутиб ўтирган ҳолда тасаввур қилиб бўлмагандай, бугунги авлоддан Сиз айтган талабларни сўраш, уларни орқага тортишдай туюлади… Аёлларга ҳам ҳаёт юкини баравар тортишга, журъатли бўлишга тўғри келмоқда.
   Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА: Аёл доно бўлишга – фикрлайдиган бўлишга маҳкум. Чунки оиладаги эркин, мўътадил муҳит кўпроқ аёлга боғлиқ. «Эркинлик – истакларни жиловлаш натижасида эришиладиган энг олий неъматдир», – деганди юнон файласуфи Эпикур. Аёлнинг аёллиги жон-жаҳди билан нималаргадир киришиши, эришишидагина эмас, нималардандир воз кечишида ҳам кўринади.
   Карим БАҲРИЕВ: Бир файласуф – «Мен келажак билан албатта қизиқаман, унинг учун куюнаман, чунки қолган умримни унда яшайман», – деганди.
   Менинг шахсан келажакдан, жумладан шеърият келажагидан собит умидим бор. Энг сўнги ва сара шеърларингиздан илинсангиз.

Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА:

Дашти биёбонман, ҳўлламади ҳут,
Минг йил-ки чил-чилман, бўлмагандай бут.
Мени унутганинг тамоман унут,
Сен томон сузгувчи қайиқ бўлдим мен.
Қадди шамшод эдим тўлган ойлардай,
Менга туюлди ишқ йўлим бойлардай,
Лек сен ёмон отдинг таранг ёйлардай,
Ҳажринг ўқларидан майиб бўлдим мен.
Воҳ, ишқнинг тақдири зумда ҳаллигин,
Мен қайдан билибман тили боллигим.
Қанчалар хуш эди камбағаллигим,
Ғам билан бойитдинг, бойиб бўлдим мен.
Қул бўлиб, кул бўлиб аросат аро
Томчи ишқ сўровдим мен мотамсаро.
Румиймассан, мен деб киймассан қаро,
Кўкингдаги Шамсдай ғойиб бўлдим мен.
Дашти биёбонман. Ҳўлламади ҳут…
х х х
Кетдим, ўйладимки сендан қутулдим,
Энди сенсиз кутгум ҳар тонготарни.
Исмингни кўксимдан чечакдай юлдим,
Ёр-а-б, чечак шундай илдиз отарми?!
Ёр-а-б, ўлим-ку бу ишқ дегани, а,
Наҳот ҳар ҳужайранг эгаллаб борса.
Наҳот ҳар чин ошиқ ишқ деганида
Пешонасин ўлим гурзиси ёрса.
Қаёқданам Сенга кўнглим очдим-у
Ўзимни умрлик ўтга солдим мен.
Ўлимдан қочгандай Сендан қочдим-у
Сенсиз ўларимни сезиб қолдим мен.
Излаб тополмайман бирорта тафтни,
Сенсиз ҳар қадамда урилиб тошга.
Кўксимда ҳеч нарса илдиз отмабти
Эгаллаган ўша чечакдан бошқа…

Абдулкарим БАҲРИДДИН суҳбатлашди.

   Ҳалима опа ҳақида:
   Ҳалима Худойбердиева ижод имкониятлари ғоят чекланган шароитда адабиётга кириб келди ҳамда турли-туман ташқи ва ички тўсиқларни енгиб, мардонавор шеърият яратди. Унинг ижоди ҳам мустақиллик кунларини яқинлаштирган омиллардан бири бўлди.

Озод ШАРАФИДДИНОВ

   Ҳалимани ҳаваскор шоира деб атаганимизни эслай олмайман…
   Ҳалиманинг шеърларини ўқиганда ҳеч кимга ўхшамаган жилва жарангларини эшитасиз, шодлик ва ташвишларни, ранг ва ҳидларни ҳис қиласиз.
   Улар сизни тўлқинни чолғилар кесаётган бўлиғ бошоқлар денгизига, отанинг қуёш ва йиллар жўяклар солган пешонасига ўхшаган шудгорли далаларга, пичан ҳиди анқиган ҳовлиларга, қундуз телпакли, рашкли чавандозлар от ўйнатган қирларга олиб киради.


 ЗУЛФИЯ










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот