Наврўз – тинчлик ва аҳиллик байрами!


   Бутун ўлкамизни гул-чечакларга ўраб яна  баҳор келди. Офтобнинг илиқ тафти бутун борлиқни қайта жонлантира бошлади. Баҳор ва Наврўзнинг тафтини, умидбахш нафасини, илиқ  эпкинларини ҳаммадан олдин бободехқонлар ҳис этадилар. Фасллар алмашинувининг бу йилгидек жума куни келишини хосиятли дейдилар. Бу кунда   одамлар янги-янги орзу-умидлар билан, эзгу ишлар билан  йилбошини қарши оладилар. Зеро, келаётган йилимиз мўл-кўлчилик йили бўлсин, бахт ва омадлар йили бўлсин, дея қарияларимиз дуога қўл очадилар. 
   Наврўзда кун билан тун тенглашади. 12 ойнинг Ҳамал ойи кириб келади. Шу боис халқимиз йил мучалларига, ҳар бир ойларнинг номланиши-ю, уларнинг хусусиятларига алоҳида эътибор билан қараганлар. Мунажжимларнинг башорати шу боис бўлса, ажаб эмас. Айтишларича, Аллоҳ Ерни, сайёраларни, Қуёшни яратган кунданоқ Наврўз бошланган дейдилар. Аллоҳ саҳоватига шукроналар бўлсин!
   “Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан Истиқлолимиз арафасида бу байрамнинг тикланишига катта ҳисса қўшган ёзувчи ва публицист, маҳоратли тележурналист, Ўзбекистон Республикаси Санъат арбоби – Дадахон Ёқубов билан суҳбатлашдик. 
 
   БЛИЦ-МАЪЛУМОТ:

   Дадахон Ёқубов 1954 йил Андижон вилояти Жалолқудуқ туманида туғилган. 
 Тошкент давлат Миллий университетининг «Журналистика» йўналишини тугатган. Иш фаолиятини тележурналист сифатида бошлаб, телевиденияда  «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари»  ва «Наврўз» узлуксиз кўрсатувлари билан халққа танилган.
    1990–93 йилларда Ўзбекистон биринчи Президентининг Муҳим топшириқлар бўйича ёрдамчиси,  1992 йилдан «Наврўз» хайрия жамғармаси раиси лавозимларида фаолият кўрсатган.  У «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари», «Муҳаббат мавсуми» бадиий-публицистик ҳамда, “Раво“ номли шеърий тўплами, шунингдек, бир нечта романлар  муаллифидир..
   У 1990–95 йилларда Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати бўлган. 1999 йилда  «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.
   1990 йили Ўзбекистон Республикаси Санъат арбоби унвонига сазовор бўлган.  

“ҚАДИМДА НАВРЎЗ 10 КУН БАЙРАМ ҚИЛИНГАН!”

– ”Наврўз” умумхалқ байрами ўтмишда қандай нишонланган? Бу байрамнинг қандай удумлари бор?
– Наврўз – бу Шарқ халқларининг, аниқроғи Марказий Осиё халқларининг минг йиллардан буён нишонланиб келаётган қадимий байрамидир. 

Қирқ қиз йигит давра ушлашар,
Бу сайлда дийдор ғанимат.
Наврўз экан барча хушлашар
Одамларнинг истаги ҳиммат.

Қозонларда қайнар сумалак,
Дастурхонлар тўла бўғирсоқ.
Пазандалар юраги ҳалак,
Нонвойлари ёпар бўрсилдоқ.

Болалар чун минг хил томоша,
Ширинликлар ҳаммага етар.
Ўйинчоқлар шунга яраша,
Ҳунармандлар борин улашар.

   Қадимий ёзма манбааларда, айниқса Беруний, Фирдавсий ва Умар Ҳайём асарларида Наврўз жуда катта халқ сайиллари билан  нишонланганлиги ҳақида маълумотлар бор. Ҳатто байрамлар арафасида ўзаро урушлар тўхтатилиб, тинчлик битимлари тузилган, аразлашиб қолганлар ярашганлар. Меҳр-оқибат, хайр-эҳсон, иймон-эътиқод халқ турмушининг асосий масаласига айланган. Наврўз арафасида турар-жой ва маҳаллалар тозалигига алоҳида эътибор берилган. Кўчатлар экиш, гулларни парваришлаш, ота-оналар билан дийдорлашиш, ўтганларни ёдга олиш, бева-бечоралар ва кексалар ҳолидан хабар олиш каби фазилатларга амал қилганлар. Берунийнинг гувоҳлик беришича, одамлар эзгу ният билан Наврўз айёмида  бир-бирларига ширинликлар инъом этганлар, совға-саломлар улашганлар. Оқсоқолларнинг дуолари ила дехқонлар ерга уруғ сепганлар. Аёллар эса табиат туҳфаси бўлган кўкатлардан ўнлаб таомлар пиширганлар.
    Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарида Наврўз тантаналари бутун яйловларда ҳам ўн кун нишонланганлиги қайд этилган. Шу кунда дала ўртасига катта қозон осилиб, одамлар бор-йўғини ана шу қозонга ташлаган экан. Бу эса келаётган йил барокатли бўлиши ва инсонлар ўртасида бирдамлик йўқолмаслиги учун амалга оширилар экан.


“НАВРЎЗ” ТАЗЙИҚҚА УЧРАГАН ДАВРЛАРНИ КЎРДИК!”


– Нима учун Шўролар ҳукумати бу байрамга қаршилик қилган? Эсимда болалигимизда бу байрам жуда кичик давраларда байрам қилинарди. Ҳатто сумалакни қозони билан тўктириб ташланган жаҳолат йиллари ҳам бўлган. “Наврўз”ни биринчилардан бўлиб юзага чиқаришга эришган тарғиботчи-журналист сифатида ўша зиддиятлардан қандай ўтгансиз? Уларни қандай енггансиз?
– Фаласуф олим Карим Маҳмудов, Наврўзнинг хақиқий демократик анъана эканлигини, шу куни барча бойу камбағал, амалдору фуқаро,  ёшу қари теппа-тенг эъзозланганлиги, ҳатто биз байрам куни деб белгилаган 21 март санасида кун ва тун вақт жиҳатидан тенглашиши, инсон ва табиат уйғунлиги белгиси эканлигини қайд этган эдилар.
   Бутун халқни, турли миллат ва элатлардан таркиб топган мамлакатни эзгу ниятлар йўлида якфикрликни таъминлаш Наврўзнинг ўта халқчиллигидан, сиёсий тил билан айтадиган бўлсак, демократик анъаналар мажмуаси эканлигидан далолат беради. 
   Мустабид тузум даврида маънавиятимиз, халқимизнинг бой қадриятлари қаторида миллий Наврўзимиз ҳам камситилди. Халқимизнинг ўзлигини поймол этишга қаратилган бу тузум таг-томиридан узилиб кетди.
   Ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталарида - Қайта қуриш, ошкоралик ва демократия  баҳонаси билан биз – миллий журналистлар халқимиз бошига тушган, етилиб келаётган  муаммоларни дадил кўтариб чиқа бошлаган эдик. Юқоридагилар эса, қандай йўл тутишни билмай, бошлари айланиб қолган эди.
   Шўро ҳукумати раҳбарлари “Наврўз”ни “Навбаҳор” деб ўзгартириш керак, деган талабни қўйиб, сабабини ўзлари ҳам англамас эдилар. Бу байрамнинг Ислом динига алоқаси бўлмаса ҳам, “Наврўз”ни таъқиқлашди ва 1985 йилнинг март ойи охирги ҳафтасидан бошлаб, унинг ўрнига “Хотира куни” деб эълон қилдилар. Негадир бу умумхалқ байрамига диний тус бериб, қозонда қайнаётган сумалаклар ағдариб ташлангани ҳақида мен ҳам эшитгандим. Жуда кўп, ғалати, ақлга тўғри келмайдиган ишлар бўлган, ўша йиллари. Бу бекорга эмас. Чунки мустабид тузумдан кўпчилик қардош республикаларда норозилик кайфияти кучаяётган эди. Собиқ Шўролар тузуми “Наврўз” умухалқ байрами баҳонасида бизда ҳам норозиликлар кучайишидан чўчиган бўлсалар керак-да. 
Наврўз 2009 йилнинг 30 сентябрь куни ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. Қарор Ташкилотнинг номоддий меросни сақлаш ҳукуматлараро қўмитасининг 24 нафар аъзоси томонидан тасдиқланди. 2010 йилнинг 19 февраль куни БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессияси 21 мартни  «Халқаро Наврўз куни»  сифатида нишонлаш тўғрисидаги қарорни бир овоздан қабул қилди. Қабул қилинган резолюцияда мазкур байрам маданиятлараро мулоқот ва ўзаро ишончни рағбатлантириши таъкидланди. Шу тариқа Наврўз бирор бир миллат ёки маданиятнинг байрами сифатида эмас, балки бутун инсоният меросининг бир қисми сифатида нишонланадиган бўлди. Бунда, албатта, Ватан мустақиллигидан кейин Наврўз байрамини, у билан боғлиқ қадриятларни қайта тиклаган, кенг тарғиб-ташвиқ қилган Ўзбекистонимизнинг ҳам ўз ҳиссаси бор.

“НАВРЎЗ” БАЙРАМИГА БАҒИШЛАНГАН ТЕЛЕМАРАФОН 25 СОАТ ДАВОМ ЭТДИ!”

– Мустақиллик арафасида, “Наврўз”га бағишланган бир кеча-кундуз давом этган кўрсатув тайёрладингиз. Бу жуда қийин бўлган бўлса керак? Кўрсатувнинг энг ҳаяжонли дамларини эсласангиз?
– 1990 йили 21 март куни Наврўз кенг миқёсда биринчи бор нишонланди. Майдонлар, кенг далалар, юртимизнинг барча гўшаларида минглаб одамлар Наврўзни нишонлагани сайлларга чиқдилар. Ўзбекистон телевидениесида ўтказилган «Наврўз» телемарафонида  халқимизнинг асрлар оша авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бебаҳо қадриятлари, амалий санъат намуналари, халқ оғзаки ижоди, аския, улоқ ўйинлари, миллий кураш, дорбозлик, тош кўтариш, момоларимиз қайнатаётган сумалаклар, қизларимиз тайёрлаётган миллий таомлар, саховатпешалик, ҳашар, хуллас, Наврўзга хос халқ удумлари кенг тарғиб қилинди. 
    Бутун Ўзбекистонинг шаҳар ва қишлоқларида, хонадонларда байрам шукуҳи давом этди. Юртимиз биринчи марта ҳақиқий байрам қилди. Шу билан бирга, беморлар ҳолидан хабар олдилар, етим-есир, бева-бечораларга кўмаклашдилар. Қариялар зиёрат қилинди. Байрамга тайёргарлик баҳонаси билан бутун республика катта ҳашар майдонига айланди. Миллионлаб дарахт кўчатлари экилди, қишлоқлар обод бўлди, ариқ-зовурлар тозаланди, айтиш жоиз бўлса, ишга яроқли фуқаро борки, бу эзгу ишлардан четда қолмади. Ҳар бир инсон ўз ихтиёри, ўз юрак амри билан Наврўзга пешвоз чиқди. Бу гўёки, совуқ-қаҳратон қишдан эсон-омон баҳорга етганлик шукронаси эди. Маънавий жиҳатдан ёки сиёсий баҳо берадиган бўлсак, Ўзбекистон халқи ҳақиқий маънода руҳан озодлик кунини кутиб олаётганга ўхшарди. Янги кунни ўз овози ва ҳайқириғи билан қўлга киритаётганликларидан дарак берарди.
     1990 йил, 22 март соат тўққизда узлуксиз “Наврўз” хайрия кўрсатуви учун ажратилган вақт ниҳоясига етди. Аммо одамларнинг Ўзбекистон телевидениесига келиб-кетиши тинмасди. Гўё барча ғафлат уйқусидан уйғонганга ўхшарди. Эртаси куни эрталабдан кела бошлаган меҳмонлар “Пахтакор” метро бекати майдонига йиғилиб, телемарказга кириш иштиёқида навбат кутиб туришарди. Кўрсатувни яна бир соат давом эттиришга тўғри келди. Ҳатто техник муҳандислар телевизион ускуналар ишдан чиқиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирдилар. Бу хайрия тадбири 25 соат давом этганидан сўнг тўхтатишга қарор қилинди. Ҳаттоки, телемарафонни олиб борувчиси сифатида менинг якуний гапларимга ҳам имконият қолмаган эди. Барча ташкилотчилар, олиб борувчилар студия ўртасига йиғилдилар. Тадбирга якун ясаш, фикрларга нуқта қўйиш менинг зиммамга юклатилди. Шу пайт юзлаб оналаримиз ўзлари билан менга кийдириш учун олиб келган тўнларини елкамга ташлай бошладилар. Бу илтифотларни нокамтарлик бўлмасин, дея режиссёр Мели Маҳкамов кўрсатишни тўхтатди. Телевизион марказ ўз чироқларини ўчирди. Чунки бунча вақт давомида, Ўзбекистон тарихида бетўхтов кўрсатув олиб борилган эмас эди.  Натижада телевизион жиҳозлар ишдан чиққан эди. Мени эса елкамга ташланган ўнлаб тўнлар босиб қолди. Соатга қарадим, ўндан тўққиз дақиқа ўтган эди. Роппа-роса йигирма беш соату тўққиз дақиқа “Наврўз” узлуксиз кўрсатуви давом этган эди. Бу улкан зафар телевидение тарихида ҳар бир ижодий ва техник ходимларнинг бетакрор ютуғи бўлиб, қалбимизга муҳрланган эди.
    Мен таъзим қилиб, устозларимга, ҳамкасбларимга ва барча ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимни изҳор қилдим. 
   Дарҳақиқат, у кезлари давлатимиз ҳали Мустақилликка эришмаган, собиқ қизил империя қиличини яланғочлаб, талвасага тушганча халқимизни миллатчиликда айблаётган, унинг қадр-қимматини ерга ураётган бир пайт эди. Ҳали Фарғона, Ўш, Паркент воқеаларининг даҳшатлари унутилмаган, бу воқеалар юз берганига бир неча ой бўлган эди, холос. Марказ томонидан Ўзбекистонда Президентлик бошқарувига ўтилиши қанчалар ёмон қабул қилинган бўлса, Наврўзнинг умумхалқ байрами сифатида нишонланиши ҳам ана шундай тайзиққа учраган эди. Ёдимда, зудлик билан КПСС Марказий Комитети секретарларидан бири Тошкентга учиб келди. Мажлислардан бирида Президентимиздан “21 март куни ўтказилган тадбир, у қандай тадбир?” деб сўради. “Яна диний маросимми?” деб таажжубга тушди марказдан келган, минбарда ўтирган секретар. Шунда Биринчи Президентимиз: «Наврўз халқимизнинг минг йиллик байрами, бу байрам энг аввало, табиатга муҳаббат, тинчлик-осойишталик, дўстлик, аҳиллик байрами. Қолаверса, ёрдамга муҳтожларни қўллаб-қувватловчи  меҳр-мурувват байрами ҳисобланади. Ҳар қандай сиёсатлардан ҳоли байрамдир!»-деб жавоб қайтарди. Ҳамда мажлис аҳлига юзланиб,  «Бу ерда унинг ташкилотчилари ўтиришибди. Дадахон Ёқубов, меҳмонга Наврўз байрами ва узлуксиз кўрсатувингиз ҳақида гапириб беринг»-деб қолдилар. Шунда мен  дилимдагиларни айтдим.
   “Бошқа Республикаларда ур-йиқитлар, “ким ҳақу, ким ноҳақ” қабилидаги  тортишувлар кетаётган  пайтда Ўзбекистонда одамлар бир-бирларини қўллаб-қувватламоқда. Шаҳар ва қишлоқларимизда дастурхонлар ёзилиб, сумалаклар тарқатилиб, катта байрамлар ўтказилди. Мамлакатимиз пойтахтидаги майдонда юзлаб дашқозонлар осилди. Аҳолига бепул таомлар — ош, сумалак, ширинликлар тарқатилди. Майдонга халқ бир-бирини эъзозлагани чиқди. Узлуксиз телевизион кўрсатувларимизга бир кеча-кундуз давомида минглаб одамлар ташриф буюрдилар. Улар дилидаги армонларини, орзуларини, баралла айтдилар. Телемарафонимизни бутун Ўзбекистон қўллаб-қувватлади. 50 миллион сўм маблағ етим-есирларга, кўп болали оналарга, ногиронларга ва беморларга ёрдам учун йиғилди. Бу байрамда турли сиёсий қарашларга эга бўлган оқимлар ҳам қатнашдилар. Ҳатто ахлоқни тузатиш жойларидан ҳам вакиллар келишиб, ўз хайрия маблағлари билан байрамга ҳисса қўшдилар. Наврўз ҳақиқий ҳамжиҳатлик ва инсонийлик байрами бўлди. Меҳр-мурувватли халқимиз ўзининг кимлигини кўрсатди»-деб жавоб қайтардим. Ўшанда Мажлисга  йиғилганлар гулдурос қарсаклар билан сўзларимни ¬қўллаб-қувватлаган эдилар. 
  Бу воқеаларни эслашдан мақсад, Наврўз ва унинг удумлари халқнинг ўзига хос донишмандлиги рамзи эканлигини ёдга солишдир. Наврўз байрамининг қайта тикланиши, умумхалқ байрами сифатида нишонланиши, юртимизда тинчлик-осойишталикни, фуқаролар аҳиллигини  таъминлади. Одамларни эзгу ишларга бирлаштирди. Мустақиллик учун ташланган дастлабки одим бўлди. 1991 йилда эса «Наврўз» байрами — умумхалқ байрами сифатида озод ўлкамизнинг биринчи тантанаси бўлиб нишонланди.  

“ҲАЁТ ҚУВОНЧЛАРИ...” ЦЕНЗУРАДАН ҲОЛИ, ПАНАДА ҚОЛАЁТГАН МУАММОЛАР 
КЎТАРИЛГАН ИЛК КЎРСАТУВЛАРДАН БИРИ ЭДИ!”

– Сиз бу кўрсатувдан олдин “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” номли кўрсатувингиз орқали машҳур бўлган эдингиз. Унда қийналган оилалар эфирга олиб чиқилар эди. Бу кўрсатув қандай тайёрланган? 
– Бу дастур ўз вақтида жамиятдаги оддий одамлар ҳаёти, уларнинг қувонч ва дардлари, орзу-умидлари ҳақида сўз юритган илк очиқ форматли кўрсатувлардан бири эди.
   Кўрсатувнинг асосий ғояси — одамлар ҳаётидаги ҳақиқий муаммоларни кўрсатиш, уларнинг овозини эшитиш ва жамоатчиликда ҳамдардлик, масъулият туйғусини уйғотиш эди. Унда оилавий муносабатлар ва ёшлар муаммолари, ишсизлик, меҳнат муҳитидаги қийинчиликлар, қишлоқдаги ҳаёт, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар, инсоннинг маънавий изланишлари каби долзарб мавзулар ёритиларди. Кўрсатувда реал ҳаётий кадрлар, интервьюлар, жонли суҳбатлар ва ҳужжатли парчалар кўп ишлатилган. 
   Кўрсатувнинг ўзига хос томони унда расмий нутқдан кўра, оддий халқ тилидаги самимий суҳбатлар олиб борилган ва шуниси билан у халқимиз ўртасида машҳур бўлиб кетди. Бу кўрсатув айнан ошкоралик сиёсати руҳида яратилган. Илгариги цензурадан озод ҳолда, айрим панада қолаётган муаммолар кўтарилган, шунинг учун у жуда оммалашиб кетди.  
   Ва мен телевидениеда “фуқаролик журналистикаси” асосини қўйган авлод вакилларидан бири эканимдан фахрланаман.
   Бу кўрсатув телевидениени халққа яқинлаштирди, сўз эркинлиги ва жамоатчилик фикрининг кучайишига хизмат қилди.
   Бугун ҳам кўпчилик томошабинлар менга миннатдорчилик билдириб, “Кўрсатувингиз эфирга бериладиган кун оиламизда ўзгача кун бўларди… - деб эслашади. - “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” бериладиган кун эрталабдан кундалик режаларимиз доимгидан ўзгарар эди. Биринчи бўлиб онам бугун кўрсатув бўлиши ҳушхабарини эслатардилар. Демак, шу кўрсатувгача барча юмушларимизни вақтлироқ тугатишимиз керак эди. Яьни, кечки овқат вақтлироқ тайёрланиб дастурхонга тортилиши, бизга юклатилган рўзғор юмушлари тезроқ бажарилиши талаб қилинарди. Мен  дарсдан кела солиб, уйларни йиғиштирар, кечки таомни бошлаб қўярдим.
   Кўрсатув бошланишига саноқли соатлар қолгани сари, биз, болалар тезлашиб кетардик. Бари оила аъзоларимиз телевизор қаршисига ўрнашиб ўтириб оларди. 
   Саноқли дақиқалардан сўнг, “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатуви бошланар эди! Биз бу кўрсатувни шундай интиқлик билан кутиб олардик. Ўша кун гўзал эди. У бизга Ота-Онамиз  тавсия қилган кўрсатув эди!” деб эслайди кўпчилик. 
   Мен ҳам оддий бир ижодкор, шу мамлакатнинг фуқароси сифатида ана шундай хайрли ишларга озми-кўпми, ҳисса қўшганлигимдан, одамлар руҳиятини сеза оладиган журналист эканлигимдан, анироғи, эл-юрт корига яраганлигимдан ҳурсандман.
   Бугунги кун тележурналистикаси ҳақида гапирадиган бўлсам, ҳозирги кунда жанрлар ранг-баранглигига эътибор берилмаяпти. Кўп кўрсатувлар бир-бирига ўхшаб қоляпти. Бизнинг давримизда “телефелътон”, “телемунозара” ва шу каби бир қатор кўрсатувлар бор эди. Ҳозир телевидениеда бундай ранг-барангликни кўрмаяпман. Шу билан бирга бугунги журналистлар Интернет журналистикасидан бохабар бўлишлари керак, деб ўйлайман ва талабим – журналист шеър ёзишни билиши керак!
– Бугунги кунда нима ишлар билан бандсиз? Қандай лойиҳалар устида ишлаяпсиз?
– "O‘zbekkosmos" биринчи ўзбек космонавти учун танлов эълон қилган шу кунларда болалар ва ўсмирларга мўлжаллаб "Мезон"  ва "Бугунги кун эртаги"   деб номланган технологик китобларни нашрга тайёрлаб бўлдик. Бутун  оламни рақамли   визуал оқимлар эгаллаб олган даврда бундай китоб ўқувчилар учун жуда зарур. Китобдан замонавий эртак, топишмоқ, достон ва фантастик асарлар ўрин олган. Технологик китоб деган атама қаердан пайдо бўлди, деб сўрашингиз мумкин. 50x50  мазмуний формат, яъни  ярми матн, ярми тасвирдан иборат. Икки номдаги китобнинг 252 варағига 252 та сурат суъий интеллект ёрдамида тайёрланган. Ношир-талабгорларни кутяпмиз. Ўйчи ўйига етгунча таваккалчи мақсадга етибди, дейишади. Эзгу ишларга интилсангиз, унга албатта, эришасиз. Болаларини телефон балосидан қутқармоқчи бўлаётган ота-оналар ҳам биз билан...
   Шу билан бирга “Бугунги кунлар” номли романимнинг биринчи китоби нашрдан чиқди. Уни “Ўтган кунлар”га муқояса сифатида шундай атаганман. Қодирий романинг бош қаҳрамони Отабек бўлса, “Бугунги кунлар” романининг бош қаҳрамони Дадахондир. Яъни, бу китоб кўпроқ автогбиографик асар бўлиб, унда реал ҳаётдан олинган воқеалар талайгина. Бу китобнинг қолган учта жилдини ҳам босмадан чиқариш ниятидамиз. 
– Бу йил сизнинг мучал йилингиз экан. Мучал йилида инсон ҳаётида қандайдир муҳим ҳодисалар содир бўлишига ишонасизми?
– Тўғри, менинг мучалим от. 1966 йили 12 ёш, биринчи мучал ёшимда отам раҳматли "Смена" деб номланган фотоаппарат совға қилган эдилар. Бу воқеа менинг касбимни белгилади. Фото тўгаракка қатнадим. Расм олишни ўргандим. Учинчи мучалим - 36 ёшда тележурналист, Санъат арбоби унвонига сазовор бўлдим. Бугунги кунда  олтинчи мучалим -72 ёшга киряпман. Шукр! Ҳозирги телефонлар билан йилига ярим триллион дона фототасвир олинар экан. Мен эса ўзимга ҳамкасб қилиб сунъий интеллектни танладим. У менга эски расмларимни қайта ишлаб, рангли қилиб беряпти. Мусаввир бўлмоқчи эдим, бу орзуйимнинг рўёбга чиқишида у ёрдам беряпти. Тажрибаларимни  профессор сифатида  бўлғувси журналистлар билан бўлишяпман. Демак, олтинчи мучалдаман. Наврўз кунлари 72га тўлиб, еттинчи - от мучалимни бошлайман. Аллоҳ ана шундай муборак ёшларга етказсин. Шунда ҳам дилимда иймон, қўлимда қалам, ёнимда фотоаппарат, камера бўлишини Яратгандан сўрайман. Сизларга ҳам шу каби самимий тилакларим. Дуо қиламан. Сиз ҳам дуо қилинг!
– “Наврўз” байрами арафасида юртдошларимизга тилакларингиз?  
– Бу йилги Наврўзнинг шукуҳи ўзгача. Чунки баҳор ойи Рамазон ойига тўғри келди. Наврўзи олам билан Рамазон ҳайити кетма-кет нишонланади.  Шунинг учун бу йил байрамлар бир ўзгача руҳда ўтади, деб ўйлайман.  Инсонни севиш ва ардоқлаш, она юртга ва Ватанга муҳаббат шукронаси сифатида нишонланади. Наврўзингиз муборак бўлсин! Оилавий бахт сизга ёр бўлсин! Умрингизга, ризқингизга барокатлар ёғилсин!

Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.
Манба: «Бекажон» газетаси. 2026 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот