Фирибгар шифокорлар нафақадаги кампирнинг ярим миллионини ўзлаштиришди


 
 
Фирибгар шифокорлар нафақадаги кампирнинг ярим миллионини ўзлаштиришди 

     Москвада нафақадаги кампирнинг ярим миллион рубль пулини фириб йўли билан олган сохта шифокорлар қўлга олинди.
     Иккита гумондор шахс кампирга ўзларини шифокорлар деб таништиришиб, унда таҳлил натижаларига кўра қон касаллигининг оғир шакли бор эканлигини ва унга пуллик даволаниш зарурлигини, акс ҳолда вафот этишини айтиб, уни бу сохта ташхисга ишонтиришган. Шу тарзда нафақадаги кампирни "даволаш" учун ундан 500 минг рубль ва 500 доллар миқдоридаги пулларни олишган, дея хабар бермоқда Россия ИИВнинг матбуот хизмати.
     Ҳадеганда "шифокорлар"дан дарак бўлавермагач, кампир алданганини тушунган ва 69 ёшли бу аёл полицияга мурожаат қилган. Унинг айтишича, унинг уйига нотаниш эркак телефон қилиб, ўзини касалхона шифокори, деб таништирган ва кампир касалхонада топширган таҳлил натижалари ёмон чиққанлигини, даволаниш пуллик бўлганлиги сабабли, бир соат ичида унинг олдига ёрдамчисини юборишини ва унга даволаниш учун зарур бўладиган пулларни бериб юбориши зарурлигини тайинлаган. Кекса аёл ваҳимага тушиб, йиққан-терганини қўшқўллаб, фирибгарга бериб юборган. Шундан сўнг бир неча кун пойлаб, охири ўзи касалхонага қўнғироқ қилганда, унга бундай исм-шфарифли шифокор ишламаслигини маълум қилишган ва унинг таҳлил натижалари ижобий бўлганлигини айтишган. 
     Аммо у кампир касалхонага бориб, таҳлил текширувидан ўтгани фирибгарларга қаердан маълум бўлган. Демак, касалхона ходимларидан бири уларга шерик ё бўлмаса, кампирнинг ўзи қўни-қўшнилардан бирортасига бу борада оғзидан гуллаган, деган тахмин илгари сурилди. Терговчилар шу тафсилотларга аниқлик киритиш учун тергов-суриштирув ишларини жадал суръатларда олиб боришди ва натижада фирибгарлар қўлга олинди. Маълум бўлишича, сохта "табиблар" Москва вилоятининг Люберец туманида истиқомат қилишар экан. Улариннг иккиси ҳам ишсиз - бири 25 ёшда, иккинчисининг ёши 29 да. Уларга нисбатан фирибгарлик бўйича жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирда уларнинг Москва ҳудудида яна бошқа қатор фирибгарликка оид содир этишган жиноятлари аниқланмоқда.
 
Mir24.tv сайтидан Музаффар Муҳаммадназар таржимаси.