Маъмурий судларда суднинг фаол иштироки принципи ҳақида


    Ўзбекистон Республикасининг 26.04.2023 йилдаги 833-сон қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 11-моддасига маъмурий судларда “Суднинг фаол иштирок принципи” институти жорий қилинди.
   Суднинг фаол иштироки принципи – маъмурий суд ишларини юритишнинг энг муҳим ва ўзига хос принципларидан биридир. У фуқаролик ва иқтисодий суд ишларидан фарқли ўлароқ, маъмурий процессда суднинг ролини анча фаол ва ташаббускор қилиб белгилайди. Яъни, суд ўз ташаббуси билан мустақил равишда қўшимча далилларни йиғади, тушунтиришлар талаб қилади ва низони адолатли ҳал этиш учун фаол чоралар кўради. Суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари, аризалари, илтимосномалари, улар томонидан тақдим этилган далиллар ва ишнинг бошқа материаллари билан чекланмасдан маъмурий ишнинг тўғри ҳал қилиниши учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳақиқий ҳолатларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширади.
     Суднинг фаол иштирокининг асосий хусусиятлари:
  Далилларни мустақил йиғиш: Суд маъмурий орган қарори ёки ҳаракатининг қонунийлигини текширишда далиллар етарли бўлмаса, уларни тарафлардан кутиб ўтирмайди, балки ўз ташаббуси билан талаб қилиб олади. Суд фақат ишда иштирок этувчи шахсларнинг ариза ва илтимосномалари билан чекланмайди, балки ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун кенг ваколатга эга бўлади.
   Маъмурий низоларнинг ўзига хослиги: Бу тамойил давлат органи  ва фуқаро ёки юридик шахс ўртасидаги нотенгликни бартараф этиш ва адолатни таъминлаш учун хизмат қилади.
    Масалан, аризачи кадастр йиғмажилди, кадастр паспорти, гувоҳнома ва давлат реестридан кўчирмани ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида талаб қўйилганда, низонинг асл моҳиятидан келиб чиққан ҳолда маъмурий судлар суднинг фаол иштироки тамойили асосида талабга аниқлик киритиш чораларини кўриб, аризани мазмунан кўришлари лозим бўлади.
    Бунда судлар кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш – юридик ва жисмоний шахсларнинг, жумладан битимлар асосида юзага келадиган кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларининг вужудга келиши, бошқа шахсга ўтиши, чекланишини бекор бўлишини тан оладиган ҳамда тасдиқлайдиган ҳуқуқий ҳужжат эканлигидан келиб чиқиб, бу ҳақдаги давлат реестри кўчирмасини эмас, балки кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни ҳақиқий эмас деб топилиши ҳақидаги талабни кўриб чиқади.
Хулоса қилиб айтганда, маъмурий суд ишларини юритиш суднинг фаол иштироки асосида амалга оширилади.
 
 И. АБДУЛЛАЕВ – Андижон туманлараро Маъмурий суди судьяси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот