КАЛТА ЎЙЛАШ ОҚИБАТИ


     Данғара туманида яшовчи Бахтиёр анча вақтдан буён маиший техника воситалари савдоси билан шуғулланадиган Олимхонни кузатиб юрар эди. 
     Олимхоннинг топиш тутишини кўриб,  ич-ичидан унга ҳасад қиларди.
     Ичидаги ана ўша Ҳасад ўти уни тубанлик сари етаклади.  Мақсади Олимхонни чув туширишу мўмайроқ пул ишлаб олиш бўлиб қолди.
    Бир ўзи бундай ишни амалга ошира олмаслигини билгач,  ўзига ҳамкор қидира бошлади. Ўзининг узоқ йиллик танишлари Мақсадбек ва Муроджонларга мақсадини айтди . Бу таклиф иккисига ҳам ёқиб тушди.  Сўнг учовлон  маслаҳатлашиб,  режа тузишди.  Режага мувофиқ, Бахтиёр аввал Олимхоннинг дўконига бориши,   у билан келишиб, маиший техника воситаларини Қўқон шаҳрига олиб бориб беришга кўндириши,  Мақсадбек ва Муроджонлар буюмларга харидор топишлари керак эди. 
     Одамларни алдаб,  ишонтиришга устаси фаранг Бахтиёр ўз ролини қойилмақом ижро этди.  У дўконга келиб,   4 турдаги маиший техника воситалари, яъни  дазмол, вентелятор, чангюткич ва гўшт майдалагичга харидор бўлди. Олимхон билан гаплашиб,   умумий нархи 9.780 АҚШ доллари,(ўзбек сўмига нисбатан қиймати 82.556.500 сўм)  миқдоридаги маиший техника воситаларига буюртма қилди.  Сўнгра Олимхонни техника воситаларини Қўқон шаҳрига олиб  бориб беришга ва  пулни Қўқонда  олиб беришга кўндирди.  
     Келишувга асосан Олимхон ва Бахтиёр маиший техника воситаларини юклаб,  Қўқон шаҳрига йўл олишди. Бахтиёр эса қулай имкониятни қўлдан бой бермай, Олимхонни Қўқон шаҳар кўчаларида роса чалғитиб, айлантириб юраверди. Мақсади қандай йўл билан бўлса ҳам унга юк туширилиши лозим бўлган уйни кўрсатмаслик эди.
     Олимхонни чалғиганидан фойдаланиб, у юкларни Ёдгоржон исмли фуқаронинг уйига вақтинча ташлаб кетишга кўндирди.
     Пулни эса ўзи эртага ўзи дўконга ташлаб келишини айтиб, Олимхонни ортига қайтариб юборди.
     Сўнгра Бахтиёр юкларни Ёдгоржоннинг уйидан шериклари  Мақсаджоннинг уйига олиб келди.
     Осонгина қўлга киритилган ўлжани номаълум шахсларга 7.600 АҚШ доллари (ўзбек сўмига нисбатан қиймати  64.154.336 сўм) баҳосида сотиб,  пулларни ўзаро тақсимлаб олишди.  
     Аммо бировнинг ҳақи бировга юқмаганидек,  учовлоннинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади.  Қилмишлари фош этилиб,  уларга нисбатан суд тегишли жазо тайинлади. 

Муҳсинбек АБДУЛЛАЕВ
Қўқон шаҳар,  ИИО ФМБ 4-сон ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи суриштирувчиси, катта лейтенант. 
Маъруфа СОЛИЕВА, 
"Фаровон юрт" газетасининг махсус мухбири.