Хато қилишдан қўрқаман



— Рихситилла, Сизни кинофильмлар, видеофильмлардаги ролларингиз ва “Ойдин ҳаёт” телевизион кўрсатувининг бошловчиси сифатида таниймиз ва истеъдодингизни юксак қадрлаймиз!  Ўтган йили “Йилнинг энг яхши бошловчиси” кўрик-танлови бўйича ўтказилган мусобақада ғолибликни қўлга киритганингиз билан мухлисларингиз ва ижодий гуруҳимизнинг самимий табригини қабул қилинг!
— Раҳмат! Мен ҳам мухлисларимга ва “Бекажон” газетасининг ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман! Шу унвонга сазовор бўлганимни ўзим ҳам яқинда билиб қолдим. 
—    Таржимаи ҳолингиз?
— Бир минг тўққиз юзу етмиш саккизинчи йилнинг бешинчи апрель куни Тошкент шаҳрида таваллуд топганман. 1995 йил Санъат институтининг “Драма ва киноактёрлик факультети”ни тугатганман.
—    Устозларингиз?
—    Мунаввара Абдуллаева ва Турғун Азизов.
— Билишимизча, Сиз Миллий академик театрининг директори ва элимизнинг суюкли актёри Ёқуб ака Аҳмедовнинг куёвисиз. Оилангиз хусусида сўзлаб берсангиз. 
— Умр йўлдошим – Нодирабегим Шарқшунослик институтини тугатган. Ҳозирги вақтда шаҳримиздаги 110-сонли мактабда ўқувчиларга инглиз тилидан сабоқ беради. Хотинимга уй-рўзғор ишларида ёрдамлашаман. Масалан, ўғлимни ўзим боғчага олиб бориб, ўзим боғчадан олиб қайтаман. Ҳамма ишда кўмаклашаман. Кези келса, таом ҳам тайёрлайман. 
—    Ошпазлик ҳам қўлингиздан келар экан-да?
— Йигит кишига қирқ ҳунар оз! Мақтанишга йўйманг-у овқат пиширишда унча-мунча ошпазларни ортда қолдираман. Айтиш мумкинки, моҳир ошпазман. Бозор-ўчарни ҳам ўзим қиламан. Истайманки, уйимизда ҳамма нарса муҳайё бўлса. Масалан, ишдан келиб, музлаткични очсам, ичида ҳамма керакли нарсалар бўлиши шарт! Фарзандларимиз иккита: ўғлимиз Тожираҳмон бу йил биринчи синфга боради. Қизалоғимиз Аслзода ҳали ёшга тўлмаган, чақалоқ.
—    Қайнотангиз билан ишдаги ва оиладаги муносабатингиз?
— Ишда, яъни театрда раҳбар ҳамда актёр сифатидаги муносабатдан нарига ўтмаймиз. У киши жуда талабчан раҳбар! Бир хил пайтлар саҳнада партнёр, яъни ижодий шерик ҳам бўламиз. Оилада эса жудаям меҳрибон ота ва қайнота. 
—    Ўзингиз ҳақингизда нималар дея оласиз?
—    Ҳаётда хато қилишдан қўрқаман! Одамларнинг кўнглини қолдиришдан қўрқаман. Ҳаммага бир хил муносабатда бўлишни, барча бирдек бахтли бўлишини истайман! Баъзилар мени бойвачча, ўзига бино қўйган йигит, деб ўйлашади. Аслида эса, ниҳоятда раҳмдил, ишонувчан йигитман. Ҳеч кимнинг раъйини қайтара олмайман. Мендан ёрдам сўраб, мурожаат қилганларга ҳеч ҳам “йўқ”, дея олмайман. Инсонларга қўлимдан келганча кўмаклашсам, дейман. Барчага баб-баробар нафим тегишини хоҳлайман.
— Ҳозирги кунда кўпчилик актёр ва актрисалар кино соҳасини афзал билишиб, ўзларини шу соҳага уришга уринишаяпти. Уларнинг наздида кинода тезроқ танилиш осонлашади. Шу йўсинда элга тезроқ танилиш, шуҳрат орттириш пайида бўлишмоқда. Мабодо, Сизда ҳам театрни тарк этиб, кинога ўтиб кетиш фикри пайдо бўлмаганми?
— Баъзилар ўзимга ҳам очиқдан-очиқ “Театрда машҳур бўлолмайсан, телевидение ёки кинога ўтиб кет”, дейишган. Лекин менинг ҳаётдаги шиорим — машҳурликка интилиш ёки шуҳратпарастликка берилмаслик. Ўн йиллик иш фаолиятимда театрнинг аҳамияти жуда катта эканлигини эътироф этишим жоиз. Тўғри, озми-кўпми, эришган ютуқларимда, халқимизга танилишимга телевидения ва кинонинг ҳам улуши бор. Қолаверса, ёшлигим деярли телевиденияда ўтган. Театр ва телевиденияни чамбарчас боғлаган ҳолда шу кунгача иш фаолиятимни олиб бордим. Бироқ санъаткор ва актёр сифатида иш маҳоратимни оширишда, тажриба орттиришимда театрнинг хизмати беқиёс!!!
— Яқин кунлар ичида мухлисларингиз севимли актёрини қайси  роллар орқали кўриш шарафига муяссар бўлишади?
—  Рашод Нури Гунтекин қаламига мансуб “Чолиқуши” спектаклини тайёрлаяпмиз. Унда мен асосий роллардан бири — Комронбей ролини ўйнаяпман.
— Кинода-чи? 
— Режиссёр Баҳром Ёқубовнинг “Ичкуёв” деб номланган фильмида суратга тушаяпман.
— Бугунги кундаги миллий ўзбек киноси тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларингиз? 
— Э, гапирганим билан бирор нарса ўзгариб қолармиди?.. Севги-муҳаббат мавзусидан нарига ўтилмай қолаяпти. Истардимки, фақат севгини тараннум қилиш билан кифояланиб қолмасдан, долзарб мавзулар ёритилса! Масалан, шифокорлар, ўқитувчилар, қурувчилар, фермерларнинг ҳаёти ёритилса, уларнинг муаммолари кўрсатилса. Ҳаётда қийналган одамларнинг оёққа туриб олиши учун нималар қилиши зарурлиги каби ибратомуз, тарбиявий аҳамиятга молик мавзулар ва воқеалар ривожи ҳаққоний кўрсатилса, менимча, нур устига аъло нур бўларди, қолаверса, ёшлар учун ўзига хос даструламал вазифасини ҳам ўтаган бўлармиди...
—    Мухлисларингизга тилакларингиз?
— Аввало, газета ва журнал ходимларига тилакми, маслаҳатми, шунга ўхшаш гап айтсам майлими? 
— Марҳамат.
— Мана, дейлик, сизлар, санъаткорлар билан суҳбатлашасизлар, лекин уларнинг ўзлари ҳақида айтган гаплари билангина кифояланиб қоласизлар. Бошқа одамларнинг ўша актёр ёки актриса ҳақидаги фикрларини ҳам ёритсангизлар. Мисол учун, бирортаси билан суҳбатлашдингиз. Ўша санъаткорнинг суратини қўлингизга олиб, ўтиб кетаётган бирор йўловчи ёки унинг ижод маҳсули бўлмиш — театр ё кино томошасидан чиқаётган томошабинга унинг расмини кўрсатиб, “Шу санъаткор ҳақида фикрингиз қандай?”, десангиз, у одам хоҳ ижобий фикр билдирсин, хоҳ салбий, ўша шахснинг исм-шарифини кўрсатган ҳолда, унинг ҳам фикр-мулоҳазаларини газета саҳифаларида чоп этсангизлар, ҳаётий ва ҳаққонийроқ бўларди.
— Муштарийларга тилакларингиз?
— Энди “Бекажон” газетасининг ўқувчилари ва мухлисларимга тилак билдиришга келсак, хонадонимизнинг Бекалари доим ҳурматда, севимли ва албатта, бахтли бўлишсин!  
— Кўрсатувингизнинг номидан келиб чиққан ҳолда, Сизга айтадиган тилакларимиз — ойдин ҳаёт сари дадил одимлаверинг, йўлингиз ҳамиша ёруғ, келажагингиз порлоқ бўлсин!

Суҳбатдош — Музаффар Муҳаммадназар.
2009 йил.
  Манба: "Бекажон" газетаси. Ушбу суҳбат "Ёнаётган тирик ҳайкаллар" номли китобимдан ҳам ўрин олган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот