ҲУҚУҚШУНОС ВА АКТЁРНИНГ ФАРҚЛИ ЖИҲАТИ


    Дониёр Рихситиллаевич Рихситиллаев 1964 йилнинг 27 сентябрида Тошкент шаҳрида туғилган. У ўз фаолияти давомида ҳуқуқшунослик ва санъат соҳаларида муваффақиятга эришди. Дониёр Тошкент давлат Театр ва рассомлик санъати институтининг кундузги бўлими ҳамда Тошкент давлат Юридик институтининг сиртқи бўлимини тамомлаган.
    Ёшлигидан санъатга қизиққан бўлса-да, Дониёр аввал ҳуқуқшунос сифатида иш фаолиятини бошлаган. У ички ишлар идоралари тизимида, жумладан, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига қарашли бўлинмаларда турли лавозимларда хизмат қилган. 
   Ҳуқуқшунослик соҳасидаги тажрибаси уни етук ва малакали мутахассис даражасида шаклланишига ёрдам берган.
    2019 йили нафақага чиққанидан кейин, таниқли режиссёр – Бахтиёр Мусаев Дониёрга санъаткор сифатида ўзини синаб кўришни таклиф қилган. Бу таклиф унинг ҳаётида бурилиш ясаган воқеалардан бири бўлди. Санъаткорлик дипломига эга бўлишига қарамай, у узоқ вақт давомида фақат ҳуқуқ соҳасида ишлаб келаётган эди.
   Дастлабки дебют ролини «Мардикор аёл» сериалида ижро этди. Ушбу сериалдаги иштироки томошабинлар эътиборини тортди ва Дониёрни кенг оммага танитди. Унинг маҳорати ва ижодий имкониятини етарлича баҳолай олган режиссёрлар уни бошқа лойиҳаларга ҳам таклиф қилишди.
    2021 йилда Дониёр «Бахт овчиси» сериалидаги салбий қаҳрамон ролини ижро этиб, яна бир бор ўзининг драматик актёр сифатидаги салоҳиятини намойиш этди. Бундан ташқари, у «Бой хотин», «Қора бева» ва «Настарин» каби сериалларда турли хил образларни гавдалантирди. Ҳар бир янги роли орқали Дониёр томошабинлар эътиборига туша бошлади.
    Дониёр шунингдек, «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи», «Умр сўқмоқлари», «Буни ҳаёт дейдилар», «Ҳикматли дунё» каби новелла ва клипларда ҳам суратга тушган. Унинг ҳар бир роли ўзига хослиги ва ўзи гавдалантираётган образларни ҳаққоний ўйнай олиши билан ажралиб туради.
     Ҳозирги кунда Дониёр Рихситиллаев ўзбек кино ва телевидениесида фаол иштирок этмоқда.
     Дониёр Рихситиллаев ички ишлар тизими идораларида 27 йил ишлаган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидан нафақага чиққан.
    2014 йил нафақага чиққач, бошқарма бошлиғининг таклифига кўра, яна 5 йил мобайнида 2019 йилгача ишлаган. Бу орада ўғли Рихситиллаев Саидискандарбек ўз кучи билан Ички ишлар Академиясини сержантларни тайёрлаш олий мактабини битиргач, у ҳам бошқармага ишга қабул қилинган.
– Ҳуқуқшуносликдан актёрликкача босиб ўтган йўлингизда қандай муваффақиятни қўлга киритдингизу қанақа қийинчиликларга дуч келдингиз?
– Ўзим бошқармадан кетиб, иккита фирмага юрист сифатида ишга жойлашдим.  Уч йил мобайнида ишлаб юрган кезларим, дўстим, курсдошим, актёр – Бахтиёр Мусаев қўнғироқ қилиб қолди. Мени «Мардикор аёл» сериалига таклиф қилди. Режиссёрга мени тавсия қилган экан. Шу тарзда 2021 йил санъат соҳасига қайтдим. Бахтиёр қўлимдан етаклаб, устозлик қилди ва кино, сериалларда роллар ўйнашимга имкон ва шароит яратди. 
     Аммо кейинчалик, орадан бир йил ўтгач, дастлаб мени сериалга тавсия қилганида, эплаб кетармикан, деган ҳадик бўлганини тан олди. Дастлабки сериалдан кейин бошқа режиссёрлардан турли ролларга таклифлар юзасидан қўнғироқлар бошланди. 
    Шу зайлда «Бахт овчиси» сериалида Азим Шарипович ролини ўйнаш бахтига мушарраф бўлдим. Мазкур сериалдаги ролим орқали халқимиз эътиборига тушдим. Ички ишлар идоралари тизимида ишлаб юрганимда санъат соҳасидан йироқлашгандим. Яна санъатга кириб келгач, юртдошларимиз орасида ролларим орқали танилдим.  Ундан кейин «Фара Ташкентский», «Кўнгил», «Маккора», «Бағритош» сериалларига ҳам чақиришди ва салмоқли ролларни ишониб топширишди. «Қора бева» сериалида Маннонбой образини ўйнадим. Типажим тўғри келгани сабабли, ота, тижоратчилар, жиноий тўда раҳбари ролларига таклиф қилина бошладим. Клипмейкерлар, реклама тайёрловчилар мени клип ва рекламаларда роллар ўйнашга ҳам чақира бошлашди. Юлдуз Усмонованинг «Муҳаббат» деб номланган қўшиғи, Мавлуда Асалхўжаева «Кетдинг» номли қўшиғи, Ўктам Камолов ва яна бошқа хонандаларнинг клипларида ҳам роллар ўйнадим.  
– Санъат соҳасида таҳсил олганингиз сабабли, ҳуқуқ-тартибот тизимида ишлаб юрган кезларингиз кинода роль ўйнаш истаги уйғонмаганмиди?
– Касбим тақозосига кўра, санъат йўналишида ишламаган бўлсам-да, санъатдан йироқлашмадим. Негаки, Чилонзор, Учтепа, Яккасарой туманлари бизга бириктирилганди ва мазкур туманларнинг маданият уйлари, «Халқлар дўстлиги» санъат саройида санъатни севганим туфайли машҳур санъаткорлар билан тез-тез кўришиб турардим. Ўзимизнинг санъат вакилларидан ташқари, хорижий санъаткорлар – «Boney M», «Modern Talking», Анди, Араш, Раж Капурнинг ўғиллари – Рандҳир Капур ва Риши Капур, россиялик – Алла Пугачёва, Евгений Петросян ҳамда бошқалар билан танишиб, суратларга тушганман. Санъат ҳамиша мени ўзига ипсиз боғлаб, оҳанрабо каби тортиб келган.
– Санъатга қизиқишингиз қачон ва қай тарзда бошланганди? Сабаб ва омили нимада эди?
– 1983 йил «Диско раққоси» фильмини кўргандим. Митхун Чакрабортини энг машҳур қилган ва дунё миқёсида оммабоп бўлган бу фильмни кўрмаган, ашула ва рақсларидан баҳра олмаган одам бўлмаса керак. 1982 – 84 йиллар ҳарбий хизматни ўтаган бўлсам, шу даврнинг ўртасида, хизмат чоғида кўрганман. 
     Ўшанда армиядан қайтсам, албатта актёр бўламан, деган орзуни дилимга жо қилгандим. Тошкент давлат Театр ва рассомлик санъати институтига етаклаган ҳавас ҳам шу сабабли бўлган. Ниятим холис экан, актёрлик шоҳсупасига кўтарилиш ёшлик давримда насиб қилмаган бўлса-да, вақт-соати келиб, кўзлаган мақсадимга эришдим.
– Ҳуқуқшунослик ва актёрлик соҳаларида қандай ўхшаш жиҳатлар бор?
– Бу икки соҳанинг бир неча ўхшашлик томонлари бор. 
     Биринчидан, ҳар икки соҳада ҳам инсонлар тақдирига бефарқ бўлолмайсиз. Ҳуқуқ соҳасида, уларнинг ҳаёти учун масъул ва жавобгар бўлсангиз, актёрликда уларнинг турмуш тарзи, феъл-атворини ҳис қилиб, томошабинларга етказиб бериш, акс эттириш масъулияти зиммангизда бўлади. Ҳуқуқшунослар мижозлар, судьялар ва бошқа ҳуқуқий шахслар билан алоқа ўрнатишлари керак. Актёрлар эса, ўз ролларини ижро қилиш учун режиссёрлар билан ҳамкорликда ишлашлари ва томошабинлар билан алоқада бўлишлари зарур.
     Иккинчидан, ҳар икки соҳада ҳам теран фикрлаш ва чуқур мулоҳаза юритиш талаб қилинади. Ҳуқуқшунослар муаммоларни ҳал қилишда қонунларга таяниб, тажрибаларига ёндашишлари, касбий малакаларини амалда қўллашлари керак. 
   Актёрлар эса, ўзлари ижро этаётган қаҳрамонларини жонлантиришлари учун ижодий фикрлашлари ва ҳис-туйғуларини ишонарли тарзда намоён қилишлари керак.
      Учинчидан, ҳар икки соҳада ҳам доимий тайёргарлик ва тинимсиз ўрганиш, ўз устида ишлаш жараёни муҳим аҳамият касб этади. Ҳуқуқшунослар ҳуқуқий кодексларни ва нормаларни, актёрлар эса, сценарийларни, ролларни ва ижодий техникани ўрганишлари, ўзлаштиришлари шарт.
    Ҳар икки соҳа вакиллари ҳам инсонларнинг ҳаётига таъсир қилишлари билан ўхшаш жиҳатларга эгадирлар. 
     Фарқли жиҳати эса, ҳуқуқшуносларнинг ваколати ва имтиёзлари ҳамда маошлари актёрларники билан баробар эмаслигида!
     Актёрлар эса спектакллар, фильм, сериаллардаги роллари орқали элга танилиши туфайли ҳуқуқшунослардан ажралиб туришади.

     Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.
Манба: «Ижод чашмаси» журналининг 2024 йилги № 10 (36-сони).










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот