ЎЗБЕК ШОИРАСИНИНГ ИККИ КИТОБИ ИККИ МАМЛАКАТДА ЧОП ЭТИЛДИ


   Адабиётимизнинг яна бир ютуғи ҳаммамизни қувонтирди. Ўзбекистон ва Озарбойжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Хосият Рустамнинг кетма-кет равишда Вьетнам ҳамда Туркия мамлакатларида китоблари нашр этилди.
   Бу ҳақда Вьетнам ва Туркия Ёзувчилар уюшмаси хабар берди.
   Муаллиф Хосият Рустамнинг “Шамолнинг важоҳати” номли китоби Вьетнам Ёзувчилар уюшмаси томонидан вьетнам тилида чоп этилди. Китобнинг таржимони, таниқли шоир Ву Вьет Хунгнинг шоирнинг ижодига юксак баҳо берган: “Китобда Ўзбекис­тоннинг беқиёс манзаралари, тафти-ҳарорати, ўзбек халки юрагидаги меҳр-муҳаббат юксак руҳ ва бетакрор истеъдод ила тасвирланган. Жаҳон билан бўйлашаётган ўзбекнинг улкан шоири ифодалаган умумбашарий ўлмас ғоялар дунё ўқувчиларини ўзига ром этиши шубҳасиз. Китоб Вьетнам мамлакатида энг юқори деб белгиланган нусхада чоп этилди...”
   Цикада мукофоти соҳиби, вьетнамлик атоқли шоирлардан бири бўлмиш Май Ван Фан эса мазкур китобнинг чоп этилиши муносабати билан қуйидагича фикр-мулоҳаза билдириб ўтади:
– Хосият Рустамнинг ижоди улкан туйғуларни тараннум этган, гўзал ва меҳрибон, самимий ва бетакрор қалбдан далолат берувчи харитадир. Бу жилва китобхонга пурвиқор тоғлари, жазирама саҳролари, азим денгизлари ва чексиз далалари ястанган Ўрта Осиёда яшовчи инсоннинг пок ва сирли ҳиссиётларини англашда кўмак беради. Баъзида ўйланиб қоламан, бир ижодкор ўзининг бу каби ҳақгўй, бетакрор, гўзал асарларини қоғозга тушириш учун қандай яшаши, қандай севиши, қанчалар меҳнат килиши керак? Шундай бўлиши мумкинми? Бу бир инсон учун оғирлик қилмайдими? Хосият Рустам бутун коинотни Адабиёт деб билади ва бутун инсониятда адабиётга меҳр уйғотиш, ўз уйи ва Ватанидай севишга чорлайди!
   Хосият Рустамнинг таниқли шоирлар Оқтой Йилви ва Жўшқин Қорабулут ташаббуси билан Туркияда нашрдан чиққан кейинги китоби эса “Икки қуёш” деб номланиб, китобдан жой олган шеърларни шоир ва таржимон Шермурод Субҳон турк тилига ўгирган.
   Шунингдек, ҳозирда шоирнинг Европа давлатларида ҳам китоблари нашрга тайёрланмоқда.
   Умид қиламизки, севимли шоиримизнинг ушбу китоблари ўзбек адабиётини Вьетнам ва туркия китобхонлари орасида кенг тарғиб қилиб, уларнинг қалбида юртимиз одамлари ва адабиётига меҳр-муҳаббат уйғотади, дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Таниқли шоиримизни ушбу муваффақиятлар ила муборакбод этиб, навбатдаги китоб­лари нашрини кутиб қоламиз! 

Манба: "Китоб дунёси" газетаси.