Эзгулик, шукроналик ва меҳр-оқибат байрами


   Рамазон ойи тугаб, Шаввол ойи бошланганида нишонланадиган Рамазон ҳайити мусулмонларнинг энг улуғ айёмларидан биридир. 
   Рамазон ҳайити “Ийдул фитр” деб ҳам аталади ва рўзанинг тугашини билдиради. “Ийд” сўзи араб тилида “қайта-қайта такрорланиш”, “фойда, манфаат”, деган маъноларни англатади. Ҳайит байрами ҳар йили такрор ва такрор келгани ва унда Аллоҳ таолонинг неъматлари бандаларига сероб бўлгани учун “ийд” деб номланган. “Фитр” эса “оғиз очиш”, “таом тановул қилишни бошлаш” деганидир. Демак, “Ийдул фитр” рўзадан чиқиб, таом истеъмол этишга ўтиш кунидир.
   Ҳайит байрами – улуғ айём. Унинг халқимиз маънавий ҳаётида тутган ўрни ҳамда жамиятимизда сахийлик, шукроналик, меҳр-оқибат каби фазилатларни қарор топтиришдаги аҳамияти беқиёсдир.
   Ҳайит байрами – инсон шаъни ва қадрининг нечоғли юксаклигини кўрсатувчи хайр-саховат, меҳр-мурувват айёми, диллардаги гина-кудуратлар унутилиб, ўрнини дўстлик ва ҳамжиҳатлик эгаллаганча, сўз ва кўз озодалиги, тил ва дил поклигига риоя этиш байрамидир.
   Ҳайит байрами шукрона келтириш ва руҳан покланиш мавсумидир. Инсон ўзига ато этилган неъматларга шукр қилиши баробарида, вужудини рўза чоғи поклагани каби, ўзининг маънавияти, руҳиятини ҳам иллатлардан тозаламоғи даркор.
   Ҳайит кунларида табаррук отахон, мунис онахонларга имон, ёшларга тавфиқу ҳидоят тиланади. Қариндош-уруғлар олдига бориб, ҳолидан хабар олинади, ёру биродарлар зиёрат қилиниб, бева-бечоралар аҳволидан воқиф бўлиш лозим.
   Ҳайит кунларида беморларнинг қариндошларидан қандай дорилар ичаётганини суриштириб, саломатлиги тикланишига кўмак берувчи дори-дармон, табиий дармондориларга бой мевалар, баҳоли қудрат имкони етгунча ҳимматига қараб, озиқ-овқат олиб борилса ҳамда уларнинг ҳам ҳайитни нишонлашларига кўмаклашилса, айни савоб иш бўлади.
   Ҳайит кунлари силаи раҳм қилиш, қариндош-уруғ, кексалар ва беморларни, қуда-андаларни зиёрат қилиш ҳар қачонгидан ҳам кўра зарур, зеро бунинг савоби янада кўпроқ бўлади.
   Рамазон ҳайити – барча мусулмонлар шодлик ва хурсандчилик изҳор қиладиган кунлар ҳисобланади. Ҳайитда сайилгоҳларга чиқиш, қавму қариндошларни зиёрат қилиш билан бу кундаги умумий хурсандчиликлар доираси кенгаяди, уларга совғалар улашиладиган бўлса, ўзаро меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамланиб, шоду хуррамликлари зиёда бўлади.
   Ҳайит жамият аъзолари орасидаги гина-адоватлар ва турли кўнгилсизликларни кетказиш ҳамда улар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлаш сингари эзгу амаллар кунидир.
   Ҳайит – байрам, уни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик керак. Ўтганларни эслаш, уларни руҳларини шод этиб, дуои хайрлар қилиш яхши амал ҳисобланади, лекин булар ҳайит байрамидаги шодликларга, яхши кайфиятга асло таъсир қилмаслиги лозим.
   Ҳайит хурсандчилик, яхши кайфият ва эзгу, савобли ишларни амалга ошириш байрамидир! Барчани Ийдул фитр – Рамазон ҳайити байрами билан қутлаймиз, тинчлик-барқарорлик, қут-барака, бахт-саодат тилаймиз!
   Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот